Фреке Рейхе-швед шоири. 1978 йилда Швеция пойтахти Стокгольмда таваллуд топган. 2010 йилдан бери Дегеберг шаҳрида истиқомат қилади. Шеърий китоблари 18 та тилга таржима қилиниб, нашр этилган.
Меҳмонхона орқа томонига олиб чиқадиган йўлакка яқин ошхона
(Tне kitchen closed to the hallway which closed back to the living room)
Автобуслар олиб кетган
Танамнинг оғриқли қисмларига
Авом ҳидини эргаштириб, пиёда юрдим уй сари.
Тугмалар ва занжирсифат тўғноғичлар гиламлар устида,
Барча хоналар поллари устида,
Кирхонадаги барча бурчакларда.
Макарон устида Борнҳолм данаблу-соуси* тағин.
Робин Гуд (Андерсон 1973 ), социализм.
Диванлар.
Орзулар каби илиқ идеаллар.
Кўзларда шўрсув… кўзларда.
Барча бу ажойиб ҳикоялар устида ва
остида айланарди стол.
Газета.
Бир бурчакка аллақачон улоқтирилган.
У ҳозир кетди.
«Ҳеч бўлмаганда у бутун эди»,
Густавcсон каби.
*Борнхолм данаблу-соуси — Даниядаги Борнхолм оролчасида қаймоқ ва пишлоқдан тайёрланадиган соус тури.
Сенинг ётоқхонанг
(Your bedroom)
Бирлашмоқ учун патқаламга боғланган ирода,
“Сен саҳнада ярата олмайдиган нарса” –
Иродамга қарши ўзлигимдан чиқдим отилиб
Ва энди вужудингда менман, менинг забоним ва сўзларим.
Ўзимни бошқаришга интилмоқни севаман ҳануз
Воқиф бўлмасам-да буни қандай амалга оширилмоғидан.
Биз кашф қилдикми ҳеч сен сўзлашадиган тилда алдамоқни?
Бир иштон ичидаги булутлардек*, биргаликда
Сувга баданни чаймоқ орқали тез-тез.
Сен мени ўргатдинг “мен” демоқликка
Мен тушмаганманми шундай алфозга ҳеч:
Атрофингда сени ўраб турган шу буюмлар сийратига?
«Агар шу ерда қолишга қарор қилсанг,
Ўшанда менга ўргат хонани қандай забт этмоқликни”…
Фурсати келганда.
*Сўз ўйини. Бу ерда Маяковскийнинг 1917 йилда ёзилган шеъри ғоясига ишора кетяпти.
Сенинг хатларинг
(your letters)
Хафсаланг пир бўлди
Ботичелли картинасидаги ёш йигит тасвири туширилган
Откриткада фақат қуруқ тасвирнинг ўзини кўриб.
Бу сенда намоён қилди хасталик аломатларини,
Ҳар доим шундай бўлган азалдан:
Тозалаб келганмиз зиддиятларимизни қум билан,
Имкон берганмиз сўзларимиз етарлича тош босмоғига
Улар муттасил нафас олмоқликлари учун.
Билмайман улар қойил қилишганмиди буни ё йўқ
Худди сени севганим каби, сув ёқалаб борганга ўхшаб.
Сен мудом бўлишдинг мен билан қўрқинчли тушларингни,
Гурунг қилдинг бир куни қандай қилиб ишқ
Ўзгартира олганин ҳақда
Сен келмоғига кўз тиккан одатларни батамом,
Сўнг чиқдинг уддасидан буни.
Лунд шаҳри
(Lund city)
Мен қора байроқли майдон тасвири туширилган фотосуратдаман,
Ундаги тиниқликда эрк мужассам,
Атрофдаги шакл билан қиёсланса ҳам шундай,
Марҳамат кўрсатилган маълум миқдорда гарчи.
Бундай марҳамат яна кўзга ташланади
Йўл тошлари, коллекциялар ва жамланмаларда,
Текинга аъзолик бадали билан сайланганда,
Манбаалар келиши тўхтаб,
Ҳеч нарсага қарам бўлмаган ирода сўнганида.
Ёзилмаган қоида қуриб қолган
Қандай қочмоқ кераклиги ҳақдаги
Тасаввур майдонлари ўртасида.
Орзулардан бири эртанги кундан яхшироқ,
Яна бири ишдан,
Яна бири ўзидан барпо қилади иш йўлларингни.
Мен сенда узоқ вақт қола олмаганим учун
Сенга вақтингни қайтара олмайман,
Менда бўлган ҳаммаси- асли ҳеч нарса.
Ҳар бир сўз ёлғонга айланади якунда,
Вақт таъсиридаги буюмларнинг тартиби шундай:
Хотира ишламагани каби махсус дастурга асосан,
Қўлланма қоғоз бўлагига айланганидек.
Кўчалар ичкариси сийрак,
Тирбандликда автобус ва велосипедлар шовқини,
Ҳардебергаспарент*-
Ҳар қандай тўсиқлардан ҳоли оқим ва кесилган чизиқдек,
Ўз сезгирлигига ёки унинг етишмаслигига қараб
Акс садо берар нигоҳлар.
Автобуслар тармоғини кутмоқ…
Олдин уйга пиёда борар эдим, уйга
Ҳар қандай об-ҳаводан қатъий назар,
Ўша кунларда ҳар доим уйга қайтар эдим,
Аслида анча йил аввал шундай эди,
Инсон азобланишидан роҳатланадиган ҳақиқат билан
Бир лаҳзада кўзлар тўқнашганида.
“Мени алдагин, илтимос алда”
Қаҳатчилик пайтидаги очарчилик янглиғ,
Оқ ранг янглиғ,
Муртадлик янглиғ.
Ўша даврни ёдга олдим
Ва қабул қилдим муртадликни
Сиртқи қисмини ҳам, унга элтар йўлни ҳам,
Шартли белгилари-ю силжишларига қўшиб
Шахмат доскасидаги ўйин мисоли.
*бу ерда Стокгольмдаги эски ва узун метро йўли назарда тутиляпти.
Инглиз тилидан Шерзод Ортиқов таржимаси