Нодирабегим Жамалова. Шеърлар

0
286
ko'rishlar soni


Туркчадан Рафиқ Ўзтурк таржималари

***

Йўқотажак ҳеч нимам йўқ ортиқ
Сарф этдим
бирма-бир
Ишқимни эҳтиёж йўлига
Ҳисларимни нафрат йўлига
Ҳаётимни ўлим йўлига
Сарф этдим

Йўқотажак ҳеч кимим йўқ ортиқ
Оиламни орзуларим
Дўстларни ёлғон ваъда
Ўзимни шеър йўлига
Сарф этдим

Йўқотажак давлатим йўқ ортиқ
Велосипедим бор эди сотдилар
Мушугимни кўчага
Энг севимли пояфзалимни ахлатга
Гул иси таралган болалигимни
чиркин ҳаёт қўлларига отдилар

Йўқотажак ҳеч нимам йўқ ортиқ
сарф этдилар
бирма-бир

***

Бир шеър туғилар сарҳушликдан
Туғилар ҳасратдан
Туғилаверар ғам-аламдан
бир шеър

Бир ишқ туғилар чорасизликдан
Туғилар ёлғизликдан
Туғилаверади нафратдан
бир шеър

Бир гуноҳ туғилар жазбадан
Виждонсизликдан туғилар
Туғилаверар сенсизликдан
бир гуноҳ

Дерманки энди мовий умид туғилсин
Кўк юзи каби тиниқ
Долғалар каби жўшқин
Илоҳийлар каби ичкин
Бир умид туғилсин
Бир умид туғилсин

***

Қани кел учажакмиз
Менинг кимса билмас самоларим бор
Қанотларим бордир кимса кўрмаган
Ишқимнинг чеки йўқ чегарасиздир
Жасоратим бордир кимса туймаган
Қани кел учажакмиз

Менинг дунё қадар умидим
Садоқатим бордир дунёлар қадар
Сенга атаган бир қалбим бор ва
Бўлишажак ҳурлигим бордир
Қани кел учажакмиз

Манзара

Бир стакан сув ол
сигарет илаштир
ёнингда бир қоғоз
ва қалам бўлсин
Ёмғир деразага юзини урсин
сен ёз

Тепа қаватдаги қиморбоз қўшним
Минғирлайди
Қоронғи кечага қоришиб кетар
хотинининг изтироблари
қулоқларим остида маъсум хотиннинг
«Мени ҳам қиморга тикар бир куни» деган овози


Илгари ҳеч қачон емаган каби
хурмо еяпман
ғазаб билан
Қуёш чиқсин, яшай бошлайман
Илгари ҳеч
яшамаган каби ҳирс ила

Минғирлашни қўймас қиморбоз қўшним
Золим кечага
қоришиб кетади хотинининг изтироблари

***

Сур пуфлайди қулоқларим остида Исрофил
Томирларимда қон ўрнига қўрқув кезади
Оёқларимнинг ердан узилганини
Бармоқларим увушганини
ҳис этаман
Қалбим жаҳд ила отилмиш тўп каби
Кўксимни парчаламоққа чоғланар

Ҳамон сур пуфлайди қулоқларим остида Исрофил
Сочларим арқон бўлиб
Бўйнимга чирмалар
Ҳаво… Ҳа-во…
Сур
Исрофил
Ичимда
Қиёмат
Қўпмоқда


ҳ-а-в-о

***

Бугун хонамда бир гул сўлди
Сув қуйдим, чиқардим қуёшга
Aммо кеч эди

Ўша кун балконга қўйгандим
Қуёш кўрсин дея
Ташқарида унутдим
Совуқ эди кеча
Гўзал эди, ҳасратлашардик
Сен не ажиб тақдир эгасисан
Боқдим дегунча кўзларим кулар
Дегандим унга

Бугун у гул хонамда сўлди
Сув қуйдим, чиқардим қуёшга

***

У кунлар шундай эди
Тўп ўйнарди кўчаларда болалар
Кулардилар, берилиб кетардилар қизиқ ўйинларига
У вақтлари
менинг ҳам бир хаёлий ўйиним бўларди
Беркинишни истардим ҳаётдан
Ё қочиб қутулишни
Бироқ тушлардаги каби
Қадамларим илгариламасди
Бақирсам овозим чиқмасди

Сўнгра нима бўлди?
Жуда кўп нарса юз бермади, асли
Тўпларни жойидан фақат шамол силжитар бўлди
Ўйнамай қўйдилар болалар кўчаларда

***

Стаканимдаги қора чойга
хона жимлигини қўшиб ичяпман
бирам тотли

Икки кишилик кексга
сенсизликни қўшиб еяпман
бирам аччиқ

Туш

Бир уй тебранар осмон арғимчоғида
Бир-бирига чопган ошиқлар мувозанат сақлай олмай
йиқилар
Кўзларингни очолмайсан, очган заҳотинг
Қора булутларнинг
Бошинг узра ёприлганини
Ва сочларинг орасига шамолнинг
Қайғу уруғини экканини кўрасан

Деворга суяниб тиз чўкарсан
Ҳозирлангани каби саждага қулнинг
Тилингга на ишқ на илоҳ инар… танглик…
танглик
танглик

***

Ҳалқумимда қон таъми
Оғзимда тирноқларим орасидан сизган қонга
қоришган
сақич эзиндиси
Тупуролмайман
Ютолмайман ҳам

Ҳеч нима етишмас
Фақат сирқирар…
Танам илк бор титроқ туйганида
Жуда кичик эдим
Қалин кўрпа устидан уни қучганча
Титраётгандим
У шеър ўқирди:
«Қани айт мақсадинг нимадир сенинг
Нечун тилкалайсан бағримни оҳанг»
Мен йиғлардим ва дуо қилардим:
Тузалсин дадам
Бугун тонгда
Қўлларимни дуога очдим
Бир-икки жумла шивирладим
Aрзон истакларни
Тил учига индирдим
Мантиқсиз
Қизарди яноқларим
Нечукдир бемаҳал тутган бел оғриғи
Ва миямда пашша каби учган калималардан бошқа
ҳеч нимани ҳис этмаяпман
Оғзимда қонга қоришган кечмиш эзиндиси
Тупуролмасман

***

Барчамиз бахтсиз эдик
Биримиз ишқ
Бошқа биримиз севгисизликда
Биримиз ёлғиз
Бошқа биримиз тугалликда
… бахтсиз эдик

Барчамиз дардли эдик
Биримиз виждонсиз
Бошқамиз ахлоқсиз

Барчамиз эрксиз эдик
Тамаки ва шаропдан эрк излардик
Суйиб суйкалардик хатога
Ҳурлик қанотларини қарзга берсин дея
Яна бахтсиз эдик

Барчамиз фақир эдик
Кимимиз ижарада
Кимимиз саройда яшасак-да

Барчамиз турғун эдик


ҳар недаги маънисизликни
англагандик
афсуски

Барчамиз ҳорғин эдик, чунки
асир эдик
маҳкум эдик ҳаётга
ўлимни кутиш оғир эди

***

Ҳаммаси гўзал эди
Хаста эканимда йиғлаб
Севинсам кулганлар бор эди

Ҳаммаси гўзал эди
Сенга боқишдан уялиб
Дераза ойнасидаги аксингга боққаним каби

Ҳаммаси гўзал эди
Ёддан ўчган хотиралар
Инсонларнинг қалбимдаги сиймолари каби

Aввал қандай эди билмам
Бироқ сенга ошиқ экан
Ҳаммаси гўзал эди

***

Руҳим синиқлари қалбимга ботмоқда
Тағин кула биляпман
Бу кулимсираш тоғ каби оғир
Соғинч каби маъсум
Инонмагил менга
Кўтаролмам елкамдаги юкни
Бу ҳаётни ортмоқлаб юришга
Мажбур эмасман

Баъзан оқар сувга ташламоқ
Баъзан бешинчи қават деразасидан отмоқ
Кечар ақлимдан
Силвиа Платни ўйлайман
Нилгун Мармарани

… Ёзув дафтари узра узанган
Қаламни тишлашга уринган мушук
Тарқатиб юборар ўйларни
Яна оқшом чўкар

***

«Қон бор барча сўзлар ортида»
Кел, яхшиси сўзлашмайлик
Сигарет чекайлик юзма-юз ўтириб
Қучоқлашайлик қаттиқ
Фақат сўзлашмайлик
Чунки
қон бор барча сўзлар ортида

Умидимни сўндирма
Йиқма қалбимга иншо этганим сени
Нима қилсак қилайлик фақат
Сўзлашмайлик
қон бор барча сўзлар ортида

Дарахтлар сўзлашмас
Булутлар…
Қара арғимчоқлар-да сассиз садосиз
Тебратар дунёни
Ялангоёқ лўли боланинг пешонасидан
ўпич олайлик
Ишқ бўлсин
Aммо етар сўзлашмайлик
Қон бор барча сўзлар ортида

Очиқ деразадан шамол кирди
Ўйнашар сигарет тутуни билан
Қоришдилар


Биз ҳам ғойиб бўлайлик
Мен сенда
Сен менда
Руҳимизни чайнасин Мажнун кўппаклар
Фақат сўзлашмайлик
Қон бор барча сўзлар ортида

***

Она мени қучоғингга ол
Бундай тикилма
Ол қучоғингга
Кап-катта қиз дема
Улғаймади юрагим
Ол қучоғингга

Бундай қарама хаста эмасман
Синдим, тўкилдим фақат
Тинглайин юрагинг зарбини
она
мени қучоғингга ол

Бошимни силагин, токи
Кимлигингни билсин сочим толлари
Қара энди уялмасман сендан
Сигарет ёқаман қаршингда ва
Соямда ўпишар ошиқлар

Бундай нафрат билан тикилма
Ол қучоғингга

Ярамас қиз эдим ҳар замон
Помидор ўғирлардим қўшни боғчадан
Тош отардим кўчадан ўтган-кетганга
Дафтаримдаги баҳоларга ишонардинг
Аъло эди
Ўқишни севмасам ҳам гарчи
Ёдингдами мен урган болаларнинг оналари келарди уйга
Aммо сен баҳоларга ишонардинг

Чарчадим ўзимни тафтиш этмакдан
Сен бўлишни истайман
Баҳоларга ишонма
Нолман қабул эт


Ёлғизман она
Қучоғингга ол

***

Мен ўзимни севишни
ўрганолмадим
Ўзимга фидо бўлишни
Чуқур яраларимга малҳам қўйишни
Сирқироқларни тўхтатишни ўрганолмадим
Бироқ кўмишни ўргандим
Жуда эрта
Кўмиб тупроқ тортишни
Бир сафар итимизни ўлдиришганда
Гул экишни ўргандим мозорларга

Дадамнинг кўзимга боқа-боқа айтгани:
«Ўликлардан эмас, тириклардан қўрқиш керак» — деганини
ўрганолмадим
Ҳануз қўрқаман ўликлардан
Улғайгач тириклардан ҳам қўрқа бошладим
Негадир қўрқувни енгишни ўрганолмадим

Ёлғонни ростдан фарқлашни
сир сақлашни
Ҳаёт саҳнасида рол ўйнашни ўрганолмадим
Йиқилдим тиззам қонади
пуфлаганча йиғладим
ярам теграсига қуш чиздим
Умид қилишни ўргандим

Юсуф каби сабр қилишдан бир оз хабарим бор аммо…
Зулайҳо каби севишни ўрганолмадим
Ичимда не шайтонлар базм қилади билмассиз
Ҳисларга қул бўлдим, оташини қиздирдим…
Ёққан оловимни сўндиришни
Қақнус каби ўз кулимдан қайта яралишни
Ўрганолмадим

Отилган еримда қолдим
Ўқиган шеъримда қолдим
Чалинган суримда қолдим
Унда қолдим бунда қолдим
Қаерда бўлмай
мағлубман
негадир
Ғолиб бўлишни
Ўрганмадим

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting