СОВҒА

    0
    172
    ko'rishlar soni

    ҳикоя

    — Э, Анвар ака, қаранг анави аёл курсдошингиз-ку.

    — Қани, қайси?

    — Ҳу ана, рўмол илинган ипнинг ёнида турганчи, ўша.

    — Ҳа-а! Кўрдим — кўрдим, Шоҳиста опам! Шу ерда яшашади-да, — Анварнинг кўзларида қувонч пайдо бўлди, лекин қандай тез пайдо бўлган бўлса шундай тез сўнди. Кўз олдидан барча хотиралари ўтди шу сониялар ичида — бошидан охиригача… Хотини эса бир унга, бир таниш аёлга қараб, эрининг ўша тарафга юришини кутарди. Анвар ҳа деб жим туравергач охири хотини сабри чидамай гапирди:

    — Ё тавба, юрмайсизми, бир сўрашиб келайлик. Туришингизни қаранг.

    — Зари, қўй шу, нимаям қиламиз. Тўсатдан бориб сўрашиб кетавермаймиз-ку.

    — Я-а, Анвар ака? — деди-да эрининг қўлидан ушлаб ўша томон етаклади Зарифа. Анвар ҳам ноилож хаёлларини тўзғитган бўлиб, хотинининг қўлидан чиқиб ўзи олдинлаб юрди. Қанақадир кийим ҳарид қилаётган Шоҳиста ҳам уларни кўрди-да пешвоз чиқиш учун бурилди, унинг нариги тарафида эри турганини энди кўрди Анвар. Баттар хижолат тортди, лекин почча бу хижолатликни тарқатиб, хотинидан олдин келиб, очиқ чеҳра билан Анвар билан қучоқлашган бўлиб, бошларини елкаларига ўтказиб кўришди. Шоҳиста Анвар билан қўл бериб кўришди, Зарифа билан эса хотинларнинг одатига кўра лаб тегар — тегмас ўпишган бўлиб сўрашдилар.

    — Опа, яхшимисиз?! — шундай деди-ю, опа дейишим энди тўғримикан деб ўйлади, лекин бошқа нимаям дейди, баттар эриш бўлади-ку унда.

    — Ҳа, раҳмат, шукур. Ўзингчи, ўзинг ях… Ўзингиз ҳам яхшимисиз, Анвар?

    — Шукур, биз ҳам яхши.

    Одатдагидек ҳол — аҳвол сўрашишдан кейин ҳамма жимиб қолди. Суҳбат учун ҳеч мавзу йўқ, хайрлашишни ҳам кимдир бошлаб бермасди. Бу тарафда савдони бўлгани учун Анвар билан Зарифага сотувчи ёмон қараб ўтирибди. Охири ғимирлаган жимликни почча бузди:

    — Қани энди уйга юринглар, би-ир меҳмон бўлиб кетасизлар.

    — Йўғ-э, сизларниям овора қилиб нима қиламиз.

    — Ия-а, бу нима деганингиз шунча жойдан келасизлар-у шундоқ қайтиб кетасизларми?

    — Энди… ноқулайда.

    — Нимаси ноқулай экан? Сен келинни етакла, Шоҳиста. Кетдик уйга. — Анвар иложсиз қолди. Раста бўйлаб юқорига чиқиб, йўл четидаги дарахтлар орасидаги йўлакчадан пиёда кета бошлашди.

    — Хотин аканинг укалари келса-ю биз шундай жўнатиб юборсак, бу кўзни очирмайди-ку кейин, — деб кўзини қисиб, Шоҳистага ишора қилиб қўйди. Анвар поччага қўшилиб зўраки кулди.

    — Бир келибсизлар, хабар бермайсизларми? Ўзи қайси шамоллар учирди?

    — Иш жойимиздагилар билан дам олиб, томоша қилиб кетгани келгандик. Улар кетишди, мен келинингизни бир бозорга айлантирай дегандим.

    — Ҳа, яхши қилибсизлар, лекин барибир хафамиз айтиб қўймаганингизга.

    Уйга етишди. Дастурхон ёзилди, қанд — қурс, мева — чева билан хонтахта усти тўлди. Қанча қаршилик қилишмасин ош дамланди. Шоҳиста билан Зарифа бир тарафда, Анвар билан почча бир тарафда гурунглашиб ўтиришди. Гурунг ҳам одатдаги гаплар. Шоҳистанинг икки ўғли ҳам кўп ўтиришга сабри етмай ҳовлига чиқиб кетишди. Ўтириб оёғи увишган Анвар уйнинг тўрида турган шкафнинг ойнаванд қисмини эгаллаган китобларни кўриш баҳонасида ўрнидан турди. Китобларнинг битталаб номини ўқиб чиқди. Баъзиларини олиб, варақлаб кўрди. «Ўн — ўн беш йиллик китоблар ҳам бор экан. Демак, қаердадир…». Хиёл бурилиб уни кузатиб турган почча Анварга изоҳ бериб кетди:

    — Ўзи мен кўпам китоб ўқимайман, буларни ҳаммаси Шоҳистаники. Ўқиб, йиғиб юради. Насиб бўлса, болаларимизам ўқийди-да.

    — Албатта. Лекин… Ўткир Ҳошимовнинг китобларини кўрмадим, йўқми?! – Ҳеч нарсадан бехабар почча хотинига «Борми, йўқми?» деган савол назари билан қаради. Анвар ўзини нотўғри савол бергандек ҳис қилди. Шоҳиста ҳам ўзини ноқулай ҳис қилиб, жавоб берди:

    —Ҳа, бизда йўқ, — кейин шивирлаб қўшиб қўйди: — ҳеч олмаган эканман.

    Анвар уйга қайтгунча бир аҳволда бўлдики, хотини хавотирдан ўлай деди, эрини бундай аҳволда кўрмаган эди ҳеч. Йўлда ҳам, уйга етишганда ҳам бир оғиз сўз демади, фақат сезилар — сезилмас қўллари титраб, асабийлашаётгани билинарди. Хотини барибир уни тушуна олмас эди.

    «Ҳошимов энг севимли адибларидан эди. Наҳотки, совға қилган китобларимни олиб қўймаган бўлса! Турибди-ку бошқаларники. Ёмон иш қилмаганман…» «Бўлди, опа — ука бўлиб юришлигимиз ноқулай, поччанг ҳам қандай тушунади…» деганда юрак — бағри минг эзилиб, лекин хўп деб кетганди-ку. Бир умрлик ришталар ҳақидаги ваъдалар унутилган, унинг фарзандлари Анварни «тоға» деб чақириш ҳақидаги гапларчи, ҳамма — ҳаммаси бекор бўлиб кетганда ҳам фақат опасининг хоҳишини устун қўйиб, бир оғиз таъна қилмаган-ку… Нега?! Нима учун?! Жавондаги хотирда қолишга ҳам арзимаган бўлса-я…

    Шаҳобиддин Луқмон

    Javob yozing

    Izoh yozing
    Ismingizni kiriting