Мадам Тюссо музейи: тарихи, бўлимлари ва машҳур ҳайкаллар

0
143
ko'rishlar soni

Мадам Тюссо музейи номини эшитмаган одам бўлмаса керак. Ўзининг мум ҳайкаллари билан бутун дунёга донг таратган ушбу антиқа музей нега айнан Тюссо хоним шарафига номланган? У ерда кимнинг ҳайкаллари ўрнатилган? Биз билан ғойибона саёҳатимиз давомида ушбу саволларга жавоб оласиз.

Қаерда жойлашган?

Мадам Тюссо музейи Буюк Британиянинг Лондон шаҳридаги Мэрилебон туманида жойлашган. Дунё бўйлаб 14 та шаҳарда филиаллари мавжуд: Амстердам, Гонконг, Шанхай, Лас Вегас, Нью Йорк, Лос Анжелес, Вашингтон, Вена, Берлин, Токио, Сидней…  

Музей тарихи

Страсбурглик Мария Тюссо исмли қиз шифокор Филип Кёртисдан мум ҳайкаллар ясашни ўрганган. Илк марта Филип 1765 йилда қирол Людовик XVнинг маъшуқаси Марри Жанна Дюбарининг ҳайкалини ясаган. Кёртиснинг илк ҳайкаллар намойиши 1770 йилда ўтказилган ва катта олқишга сазовор бўлган. Кейинчалик намойишлар бошқа шаҳарларда ҳам ўтказила бошланган. 1777 йилда Мария Вольтернинг мум ҳайкалини ясайди, сўнгра уларнинг қаторига Жан Жак Руссо, Бенжамин Франклин қўшилади. 1794 йилда устози Филип вафот этгач, унинг коллекцияси Марияга қолади. 1802 йилда Мария Лондонга келди ва 30 йилдан сўнг бу ерда ўзининг доимий кўзгармасини очади. Ўша даврда кўргазманинг асосий бўлими Қўрқинчли хона эди. У ерда француз революцияси, қотиллар ва жиноятчилар ҳайкаллари ўрнатилган. 1884 йилда ясалган барча коллекциялар музейнинг ҳозирги ўрни бўлмиш Мэрилебонга кўчади. Аммо 1925 йилги ёнғин вақтида кўплаб тарихий ҳайкаллар ёниб кетган. Асраб қолинганлари эса қайта таъминланган.

Мадам Тюссо ҳаёти

Тўлиқ исми Анна Мария Гросхольц бўлган музей асосчиси 1761 йил 12 декабрда Страсбургда офицер оиласида туғилган. Унинг отаси эльзас, онаси эса швейцар миллатига мансуб эди. Мария туғилмасидан аввал унинг отаси урушда ҳалок бўлади. Шундан сўнг бева қолган онаси болаларини олиб Бернга келади. Кун кўриш мақсадида аёл шифокор Филип Кёртиснинг ишхонасига ҳисобчи бўлиб ишга киради. Қизи Мария онаси билан Филипнинг ёнида юришга мажбур бўлади. Шу аснода шифокор ясаган турли анатомик ҳайкалларга қизиқиб қолади. Вақт ўтиб унинг шогирдига айланади.

Устоз ва шогирд машҳур одамларнинг ҳайкалларини ясашга киришиб кетишади. Қироллик оиласи ҳам Мариянинг санъатига қизиқиб, уни ўз саройларига таклиф этишади. Ҳатто машҳур Версаль саройида ҳам Марияни дабдабали кутиб олишади. Француз революцияси даврида Мария бошидан кўп саргузаштларни ўтказади. Аёлни собиқ тузум намойишчиси сифатида ҳисбга олишади. Турмада у Жозефина Богарне билан танишади. Жозефина Наполеон Бонапартнинг бўлғуси рафиқаси эди. Қамоқда кечирган даҳшатларини Мария ўз ҳайкалларида ифодалайди. Кейинчалик кўргазманинг Қўрқинчли бўлими унга катта шуҳрат келтирган.

Қамоқдан чиққач аёл Кёртиснинг устахонасига қайтади. Аммо устози вафот этган, унинг ҳайкаллари Марияга мерос бўлиб қолганди. 1802 йилда аёл инженер Франсуа Тюссога турмушга чиқади. Улар икки ўғил (Жозеф ва Франсуа) кўришади. Тюссолар Парижда яшарди. Оилали бўлсада, Мария ўз ҳунарини тўхтатиб қўймади. Аксинча, унинг қамрови кенг қулоч ёйиб борди. Париж шаҳрида аёл машҳур инсонга айланди. Бироқ турмуш ўртоғининг ичкилликка берилгани унинг бахтига чанг соларди. Франсуанинг қиморга берилиб, хотининг бор топган пулини ютқазиб қўйиши оиланинг моддий танг аҳволга солиб қўйди.

Бундай аҳволда чорасиз қолган Мария тўрт яшар катта ўғли ва жами коллекциясини олдида, эрини ташлаб Буюк Британияга кўчиб кетади. Англия ва Франция муносабатлари ёмонлашгач, Мария юртига қайта олмади. Шу тариқа Англия ва Ирландия бўйлаб саёҳат қилди. 1835 йилга келиб Мария ўзининг катта доимий кўргазмасини очди. Ушбу музейчанинг мухлислари тобора кўпайиб борди ва аёл машҳурликка эришди. 1842 йилда Мария ўзининг ҳайкалини ясашга қарор қилди ва буни уддалади. Ушбу мум ҳайкал ҳозиргача музейда сақланади. 1850 йил 88 ёшида Лондонда вафот этган Мария Тюссодан сўнг ҳам музей иши тўхтаб қолмади. Лондондан ташқари турли шаҳарларда филиаллари очилди.  

Музей бўлимлари

Юз эллик йилдан бери мум ҳайкаллар ясаш билан шуғулланувчи ушбу музей ўзига ҳар йили минглаб саёҳатчиларни чорлайди. Буюк Бртианияга ташриф буюрган ҳар бир сайёр ушбу музейга кирмай кетмайди. Бу ерда тарихий шахслар, юлдузлар, спортчилар ва ҳатто жиноятчиларнинг ҳам ҳайкаллари мавжуд. Бўлимлари:

1. Байрам бўлими. Бу ерда қизил йўлакчадан ўтаётган машҳурлар, папаррация қурбонига айланган юлдузлар ва турли байрам кечаларининг иштирокчилари ўрнатилган. Жумладан, Кейт Уинслет, Морган Фриман, Жонни Депп…  

2. Болливуд бўлими. Ҳиндларнинг машҳур юлдузлари ўрин олган ушбу бўлимда чет элда ҳам машҳурликка эришган юлдузларнинг ҳайкалларига кўзингиз тушади: Амитабх Баччан, Айшвария Рай, Шохрух Хон, Ритик Рошан, Салмон Хон, Мадҳури Диксит…

3. Фильм бўлими. Кино тарихида муҳим из қолдирган ва мухлислар орасида машҳурликка эришган кўплаб Голливуд юлдузларининг энг машҳур образлари акс эттирилган. Масалан, “Шрек”, “Руҳ” фильмидаги фолбин образи…

4.  Спорт бўлимида дунё бўйлаб энг кўп марраларни забт этган турли спорт вакиллари ҳайкаллари ўрнатилган: Муҳаммад Али, Девид Бекхем, Зидан ва ҳакозо.

5. Қироллик бўлими. Ушбу бўлимда Буюк Британиянинг қироллик сулоласи билан танишасиз. Энг биринчилардан бўлиб қиролича Элизаветага кўзингиз тушади. Унинг атрофида эса қолган оила аъзолари йиғилган.

6. Маданият бўлими. Ўтган асрларнинг энг машҳур маданият вакиллари, кашфиётчилар, рассомлар, олимларнинг ҳайкаллари ясалган. Булар орасида Эйнштейн, Шекспир, Пикассо, Ван Гокни учратасиз.

7. Мусиқа бўлими. Ўтган аср ва ҳозирги даврнинг машҳур қўшиқчилари ва бастакорлари шу бўлимда ҳозир. Улар сон жиҳатдан бошқа бўлимдан ажралиб туради: Майкл Жексон, Леди Гага, Элвис Пресли, Бейонс ва бошқалар.

8. Сиёсатчилар бўлими. Бироз зерикарли кўринсада, аммо кўплаб дунё этакчилари сизни бефарқ қолдирмайди. Айниқса, Ганди, Гитлер, Нопалеон, АҚШнинг президентлари ўхшатиб ишланган.  

9. Қўрқинчли бўлим. Тарихий саналмиш ушбу бўлимда жиноятчилар, урушлар ва ўлим билан олишув саҳналари тасвирланган. Унда ўтган асрларнинг энг машҳур қотилларининг ҳайкаллари ҳам мавжуд.

10. Саҳна орти бўлими. Ушбу бўлимда Мадам Тюссо музейининг иш жараёни, ҳайкалларни ясашга оид ҳолатлар акс этган.

11. Лондон бўлими. Бу бўлимда Лондоннинг энг машҳур маконлари, ўйингохлар ва саёҳатчиларнинг завқли онлари тасвирланади.

12. Марвел қаҳрамонлари бўлими. Марвел киностудияси томонидан яратилган турли фильм қаҳрамонлари образи ушбу бўлимда жамланган. Масалан, “Икс одамлар”, “Ўргимчак одам”, “Қутқарувчилар”…

13. 4 Д фильмлар бўлими. Бу бўлимда анимацион фильм қаҳрамонлари билан юзлашасиз. Ушбу образлар ҳам Марвел студиясида ишланган. “Халк”, “Ўргимчак одам” ва “Ажойиб тўртлик” фильмларининг мульткўринишидан баҳраманд бўласиз.   

Кимларнинг ҳайкали энг машҳур?

Саёҳатчилар кўпроқ кино ва мусиқа оламидан Анжелина Жоли ва Бред Питт, Шварцнеггер, Чарли Чаплин, Пресли, Жерар Депардье, Жеки Чан, Женнифер Лопес, Жулия Робертс, Леонардо ди Каприо, Шохрух Хон, Сталлоне, Том Круз ва бошқаларнинг ҳайкали билан суратга тушишга интилишади. Ҳа, албатта, ташриф буюрувчилар истаган ҳайкали билан суратга тушиш ҳуқуқига эгадир. Суратда ҳайкаллар ҳудди ҳақиқий инсондек таассурот қолдиради.

Нодирабегим Иброҳимова.  

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting