Ўз элида қадр топган шоира

0
113
ko'rishlar soni

Жорий йил 17 май кунида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиеванинг 74 йиллик таваллуд куни давлатимиз, халқимиз, ижод аҳли томонидан кенг нишонланди.
Сирдарё вилоятидаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида бўлиб ўтган адабий тадбир шоирага бўлган чин эҳтиром ва эътироф намунаси бўлди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, уюшманинг Сирдарё вилояти бўлими, ижод мактабининг ўқитувчи ва ўқувчилари, адабиёт ва шеърият мухлислари иштирок этишди.
Сўзга чиққанлар Ҳалима Худойдердиева қолдирган адабий мерос, унинг бетакрор шеъриятига тўхталиб ўтишди. Шоира ҳаёти ва ижодига бағишланган кўргазмалар ташкил этилиб, ўқувчилар томонидан шоиранинг шеърлари ёд этилди. Атоқли ва ардоқли шоира умрининг ҳар лаҳзасини шеъриятга бағишлади. Унинг сўзлари юракдан отилиб, вулқон бўлиб ёнадиган сўзлар эди. У сўзга суянди, сўзга ошно бўлди, сўз орқали ўз қадрини топди. У ватан, адолат, садоқат куйчиси эди. Биргина «Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл» шеъри орқали ўзбек аёлини тимсолини ярата олди.
2017 йил Ҳалима Худойбердиева 70 ёшида давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра «Эл-юрт хурмати» ордени билан тақдирланган.

Ҳилола Иброҳимова

Муқаддас аёл
Ҳалима Худойбердиева

Ошиқларинг пойингга гул отиб ҳам бўлди,
Хилватларда лабингдан бол тотиб ҳам бўлди.
Ва бу ҳақда кимларгадир сотиб ҳам бўлди,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Аввал: “Кел-ей. Қучоғимга тўл, балқ”, дедилар,
Унамадинг, аёл ўзи терс “халқ” дедилар.
Ичолмагач юз ўгириб, шўр, талх дедилар,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Сен дарёсан, ўпганини қирғоқ яширар,
Жуфтим бўл,- деб чопганини ҳар тоқ яширар,
Жаннатим,- деб қувонмасдан қумлоқ яширар,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Асли бу бор эрмакларнинг борар ери Сен,
Росту ёлғон эртакларнинг борар ери Сен,
Асов ўтдай эркакларнинг борар ери Сен,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Чорлашганда сен келсанг, гоҳ бекор келсанг-да,
Маст даврада бир сарин ел, бир тор келсанг-да,
Хор келсанг-да, номардларга гоҳ хор келсанг-да,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Қимтинасан, астагина кўтарасан бош,
Минг йилликдир кўзингдаги жовдираган ёш,
Гуноҳкорлар мингу битта Сенга тегар тош,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор,
Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор,
Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

******

Лоладек кетдингиз, қайғузорлардан…
Мана, улуғ ва Ҳазрати аёл Халқ шоири Ҳалимаи жаҳон мангу қўним топган сокин манзил… Эй Худо, қалби ва руҳияти нечоғлик гўзал бўлса қабриям ўшандай, маъюс ва лекин фусункор. Ҳайратда қоласан одам… Тириклигу ҳаётдан айроликда ҳам манзил макони обод бўлганим, маликам, Султон хонимим, жоним, жаҳоним, шу қабр ичида, ўғли Умидбек билан ёнма ён ором топганми? Ишонолмайман… Йиғлама, ҳеч кимга кўз ёшингни кўрсатма, дердилар, лекин ҳузурларида, ҳажри азобидан қандай йиғламаслик мумкин? Қандай? Чиройли яшашни ўргатардилар доим, виқорли, шоҳона ҳаётни севардик иккимиз ҳам. Ҳеч ғариб кўрсатма ўзингни, дердилар. Қаттиқ ўрганибман устозимнинг қоидаларини. Турмуш ўртоғи Мавлон ака ва фарзандлари гулзору чаманистон қилишибди устозимнинг оромгоҳини. Худо рози бўлсин. Мен билан маслаҳатлашишганида қабртошларига «Лоладек кетарман қайғузорлардан», деган сатрларини ёзишларини илтимос қилгандим. Шу сатрлар муаззам бир шоирнинг умрига чизги бўла олади, деб ўйлайман. Сувратларида озод ва ҳур руҳиятлари акс этган, гўёки бу дунёда нурдек енгилгина яшаб ўтган аёлдек бахтиёр турибдилар. О, унинг бечора жони, о, ўтган 22 йиллик зимистон ҳаёти, о, азиз жисмининг мен тинглаб йиғлаган оғриқлари… Ва, шу қабртошдаги нафис ва улуғвор суврати… Зиддиятни қаранг? Мен Ҳалима опам ҳақида ёднома китоб деб биламан ўзимни. Қоғозга тушади иншааллоҳ ҳаммаси. Энди номларида мактаблар, муаззам бадиий сиймоси-ҳайкаллар, чаманзор қабр… Худдики, ором олақолай энди, деяётгандеклар.
Устози жоним, виқор ўлкасининг маликаси, руҳим яралишидаёқ таниганим, буюгим! Ором олинг, оғриқлардан зада бўлган жонингиз тин олсин. Сизни ҳеч қачон кўксимиздан аритмаймиз, доим қалбимизда бўласиз! Жойингиз жаннатда бўлсин! Дийдоргача ором олинг, тушларимда йўқлаб туринг, маликам.

Гулжамол Асқарова

БЕГИМ, СИЗНИ ХУДОЙИМ…
Ҳалима Худойбердиева

Бегим, Сизни Худойим расо қилиб яратган,
Кимларнидир ўйчану сизни кулиб яратган.
Ногаҳон бериб қўйиб бу ақлни, камолни,
Ўзи ҳам рашк, ҳасадда тўлиб-тўлиб яратган.

Қия тушган нигоҳни армонга йўймагайсиз,
Қиз қалбига севмоқни осонга йўймагайсиз,
Қийнамангиз, у ўзи ўртангувчи бир бағир,
Бу бағирни кенгликда осмонга йўймагайсиз,

Сиз худдики Фарҳодсиз, Ширин қайдадир, бегим,
Орзуларим дилда-ю нолам найдадир, бегим.
Сиз десам бар тутқазмай сочилган ўйларимдай,
Бу тонг қаро сочларим майда-майдадир, бегим,

Сизни мен ўзимга ҳам лойиқ кўрмам, рости гап,
Ўзгага бермоқ эса тушимга кирмас ухлаб.
Ўзга билан кетсангиз, равон йўллар қолмасин,
Бегим, иккиланмасдан ер юзин ташланг михлаб.

Михнинг, тиғнинг заҳрини сезмай ёниб бораман.
Ишқ зардобли шаробдир, қониб-қониб бораман.
Ҳеч ким билан сирлашмай, ҳеч кимсага тутмай май,
Ўз қоним билан ўзим алвонланиб бораман.

Ҳайратларда қотгайсиз мени кўрганда ул дам,
Ёнингиздаги совуқ сулувдан совурсиз ҳам,
Сизни обдон музлатгач, ўзим қайтарман, чунки
Бунгача йўқ садоқат, бундан сўнг ҳам бўлур кам.

Ўзга тортмам, чексам ҳам шунча жv абру жафони,
Ўзгага ҳам бермасман, сиздек бир бевафони!

Бегим, Сизни Худойим расо қилиб яратган…

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting