Орамиздаги ришталар

0
125
ko'rishlar soni

Эндар Холиқ Деринжа

ҳикоя

Ўғлимиз Дарианнинг соғлиғи унинг ҳаётининг дастлабки йигирма тўрт соатида жуда яхши эди. Aммо касалхонадан чиқишимиз арафаси у негадир кўкариб кетаверди. Уни зудлик билан юрак жарроҳлик операциясига тайёрлаш керак эди. Дариан ҳолатининг жиддийлиги бизга аён бўлган пайтдан бошлаб, ҳаётимиз буткул ўзгарди. Ўзгарди; чунки бошқа иложимиз йўқ эди.
Жарроҳ келиб, кўкрагини очишини кутиб ўтирарканмиз, ёрдамга муҳтож кичкина чақалоғимизни қучоғимизга олдик. Биз қатъиятсизлик, қўрқув, умидсизлик ва ғазаб денгизида тобора бўғилиб борардик. Унинг юзларидан қайта-қайта ўпарканмиз, бир-биримизнинг қўлларимиздан ушлаб олгандик. Муваффақиятли операциядан кейин уни яна ўпишимизга умид қилгаётгандик.
Жарроҳлик амалиётини ўтказадиганлар гуруҳи келди. Улар Дарианга ғамхўрлик қилишга ваъда бериб, уни қўлларимиз орасидан олдилар. Жарроҳлик кийимидаги нотаниш кимса Дарианни олиб кетаётганда, юрагимиз эзилиб кетди. Бир-биримизни қучоқлаб йиғлай бошладик.
Бизнинг муносабатларимиз ўша пайтдан бошлаб ўзгарди. Ўша лаҳзаларгача биз бир-биримизга бу қадар кучли эҳтиёж туймагандик. Чақалоғимизга нисбатан ҳис этганларимизни ҳеч ким тушуна олмас, биз ҳис қилган оғриқ ва қўрқувни ҳеч кимса ўзида ҳис қилолмасди. Биз бу болани тарбияламоқчи эдик. Бизни бир-биримиз билан боғлайдиган ришта бор ва у жуда мустаҳкам эди: бу Дариан эди.
Гарчи ўлим бизга узоқдан назар солиб, ўғлимизга соя солса-да, биз Худога ибодат қилишга ва бизни кечиришини сўраб йиғлашга журъат эта олмадик.
Дариан ҳақиқий жангчидек операциядан омон чиқди. Aммо бир неча кундан кейин юрак фаолияти тўхтади. Касалхонадан чиқиб кетишни кутаётганимизда у яна операция қилинди. Шундай қилиб, касалхонада ўттиз олти кун ётдик.
Вақт ўтиб борар, ҳаёт эса тез, вахшийларча ва назоратсиз тарзда эди. Дарианни уйга олиб кетганимиздан уч ой ўтгач, яна ҳомиладор эканлигимни билдим. Одамлар Худо инсонга ўз зиммасига оладиган нарсадан кўпроқ нарсани бермайди, дейишарди, лекин мен юкимнинг кўтариб бўлмас даражага етган деб ўйлай бошлагандим. Худо мени яна бир болани боқишим мумкин деб ўйлаганига ишонмадим. Иккинчи чақалоғимизни дунёга келтиришдан олдин, Дариан яна операция қилинди. У бу операциядан ҳам муваффақиятли ўтди.
Сентябр ойида ўғлимиз Коннор туғилди. Aйни пайтда мен туғруқ таътилида бўлганим сабабли ўқитувчиликдан бир оз вақт танаффус қилдим. Мактабга қайтишимдан бир ой олдин биз Дарианни кардиологга кўрикдан ўтказиш учун олиб бордик. Шифокор бизга Дарианни кейинги ойда яна операция қилиш кераклигини айтди. Докторнинг унинг бошқа жарроҳлик амалиётига кирмайди деган хабари ўзимизни бир оз енгил ҳис қилишимизга сабаб бўлди. Ўн етти ойлик ҳаётида у тўртинчи марта операция қилиниши керак эди.
Биз бутунлай тайёргарликсиз ушбу жарроҳлик амалиётига кириб бордик. Молиявий жиҳатдан биз уч ойлик туғруқ таътилини режалаштиргандик. Энди эса бир ойлик иш ҳақисиз таътилга чиқишим керак эди. Буни ҳал қилиш биз учун жуда қийин эди. Янги туғилган чақалоққа ҳам, Дарианга ҳам ғамхўрлик қилиш биз учун ўта қийин бўлди. Қандай қилиб бу кичкина юрак кўплаб операцияларга дош бера олади?
У бундай синовлардан омон қолиши мумкинми?
Қўрқаётгандик. Ушбу ҳақиқат эса ҳаётимизнинг одатий давом этишига тўсқинлик қиларди. Масъулият ва умидсизлик бизга салбий таъсир кўрсатди.
Биз декабр ойида Рождествога яқинлашиб борардик. Байрам тантаналарида иштирок этмоқчи эдик, аммо Дарианнинг январ ойида операция қилиниши бизни Рождество байрамининг муқаддаслигини эслашга ҳам тўсқинлик қилди. Таътиллар эса ҳар доим бизнинг ҳаётимизнинг муҳим қисми эди. Шундай қилиб Робб Рождествонинг қутловларсиз ўтишини истамади. Ишдан кейин уни Рождество зиёфатига таклиф қилишганда, у дарҳол бу таклифни табиий қабул қилиб, розилик берди. Роббнинг базмдаги иштироки эса мени хурсанд қилди. Қисқа вақт бўлса ҳам, унинг хавотирдан холи бўлишини хоҳлардим.
Ўша кеча Дариан ҳам, Коннор ҳам нисбатан тинч ухладилар. Робб келганида мен ётишга ҳозирланаётгандим. Юзи оқарган, кўзлари саросимага тушган ва титрарди. Мен нима бўлганини эшитишдан қўрқардим.
-Паци, мен сен билан гаплашмоқчиман, — деди у тантанали ва самимий оҳангда. — Уйга қайтаётганда ғалати нарса юз берди. Машинани ҳайдарканман, мен Худо билан гаплаша бошладим. Нафасимни тутиб турдим. Робб билан мен илгари ҳеч қачон Худо тўғрисида гаплашмаган эдик. Жимлик ҳукм сурди. У гапираркан, мен диққат билан тинглардим.
-Паци, мен Худога айтдимки, агар у бизнинг оиламиздан кимнидир олиб кетмоқчи бўлса, у Дариан эмас, мен бўлишим керак.
Эримнинг кўзлари қон тўла идишга ўхшаб кетарди. У кўз ёшларини тиёлмади.
Кейин ўзимни елкамга қўл теккандай ҳис қилдим. Мен фариштанинг юмшоқ ва хотиржам пичирлаганини эшитдим:
-Дариан тузалиб кетади, хавотирланма, — деди у.
Роббнинг сўзлари мени музлатиб қўйди. Мен бир лаҳза унинг кўзларига тикилиб қолдим. Кейин эса биз бир-биримизни қучоқладик ва бир оғиз ҳам гапирмадик.
Бу турмушимизнинг энг муҳим дақиқаларидан биридир. Унинг маънавий ва илоҳий тажрибасини мен билан баҳам кўриш истаги бизни янада яқинлаштирди. У ўзининг руҳий оламига саёҳат қилишимга ва руҳиятини билишимга рухсат бергандай эди. Унинг ўғлимизга бўлган чуқур севгиси мени жуда ҳайратга солди.
Ўғлимиз операциядан муваффақиятли ўтди. Кейинги йилларда Робб билан муносабатларимиз янада яқинлашди ва севгимиз янада чуқурлашди. Биз баҳам кўрган нарсалар нафақат ҳиссий яқинликни, балки маънавий яқинликни ҳам чуқурлаштирди. Бу бизни кучайтирди, бир-биримизга боғлади ва ҳаётга тайёрлади. Роббнинг фариштаси бизнинг турмушимизни янада мустаҳкам қилди. Тез орада биз Дариан бешинчи операцияни бошдан кечирадиган кунга яқинлашиб қолдик.
Ўғлимиз ушбу операциядан муваффақиятли ўтолмади. У операциядан кўп ўтмай вафот этди.
Ўғлимизни йўқотганимиз жуда ачинарли эди, лекин Робб билан бир-биримизга муҳаббатнинг ажойиб совғасини ҳадя эта олгандик. Дариан бизга муҳаббатнинг ана шу ажойиб совғасини инъом этганди. Aзоб чекаётганимизга қарамай, ибодатга, мўъжизага ва Худога ишонамиз. Энг муҳими, энди биз Дариан исмли кичкина фариштадан илоҳий ёрдам оламиз.‌‌

Турк тилидан Жавоҳир ОСМОН таржимаси

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting