ҲЕЧ КИМ БИЛМАЙДИ…

0
173
ko'rishlar soni

Ҳикоя

Шервуд Андерсон — америкалик ёзувчи. 1876 йил 13 сентябрда Огайо штатининг Кемден шаҳрида туғилган. Ёзувчининг “Бечора оқ танли”, “Отлар ва Эркаклар”, “Ёқимсиз кулги” ва бошқа асарлари китобхонлар қалбидан жой олган. Унинг асарларидаги характерлар ҳеч бир асарда учрамайди. Шервуд Андерсон 1941 йил 8 мартда Панамада вафот этган. 

Жорж Виллард нозик эҳтиёткорлик билан ўриндиқдан оғир гавдасини кўтарди. “Вайзенбург бургути” таҳририятидаги хонасини тарк қилиб, тўкилиб тушай деб турган бинонинг орқа эшигидан ташқари томон йўл олди. Бу пайт ташқарида ҳаво жуда булутли ва дим эди. Ҳали соат миллари саккизга етмаган бўлса-да таҳририят орқасидаги узун йўлакка зулмат меҳмон бўлганди.

Қаердандир боғлоқли бир неча тулпорнинг асфалтга нафрат билан депсинаётган туёқ товушлари эшитиларди. Жорж Виллард катта йўлга чиққанида қора мушук ўзини бехосдан унинг оёқлари остига ташлаб, зумда кўздан ғойиб бўлди.

Ёш журналист хавотирга тушгандай кўринар, кун давомида ишхонасида руҳи ва кўнглининг оғир зарбаларига чап берган одам каби жуда ҳолдан тойган, айни дақиқаларда эса кўчанинг нақ ўртасида тўхтаб, нимадандир қўрқувга тушиб қўл-оёғини титроқ босганди.

Сўнгра у ҳар доимги нозик эҳтиёткорлиги билан, оҳиста-оҳиста қадам ташлаганича кўчани кеcиб ўтди. Вайзенбург дўконларининг орқа эшиклари ҳамон очиқ бўлиб, бу эшиклардан ичкари қарасангиз, рангдор лампалар нури остидаги одамларни кўриш мумкин эди. Маербаумнинг серфайз дўконида майхона соҳибининг турмуш ўртоғи хоним Вилли қўлига дам бериб пештахтанинг ёнида тўхтаган, сотувчи Сид Грин унга хизмат кўрсатмоқ илинжида пештахтага тирасиги тираб жиддий нарсалар ҳақида сўз қотарди.

Жорж эгилганича юриб борар, эшик ойналаридан ташқарига тушаётган нурлардан сакраб-сакраб ўтарди. Буткул қоронғулик бошланган жойда эса ундан қоча бошлади негадир. Эд Грифиснинг майхонаси олдида соғломлаштириш касабаси уюшмасининг фаҳрий аъзоси Жерри Борд ерга чўзилиб ётарди маст ҳолатда. Жорж зулматдан қочаётиб унинг оёқларига илашиб гандираклай бошлади. Кейин эса бўғиқ овозида баланд кулиб йўлида давом қилди.

Жорж Виллард ўзи учун бир можаро ахтараётганди гўё. У кун бўйи бу ҳақида яхшилаб бош қотирган, эндиликда эса бу можарони излаб қаергадир, ўзи ҳам билмас жойга шошиб кетиб борарди. Тонгги соат олтидан бошлаб таҳририятда ўтириб ҳар нарсани туртиб-суртиб кўрди, натижа йўқ. Бир қарорга кела олмасдан, фақатгина ўриндиқдан секингина турган, қайсидир ёзувни таҳрирлаётган касбдоши Вилл Ҳандерсонга ҳам билдирмасдан кўчага отилганди.

Жорж қаршисига чиққан одамлардан узоқлашишга уриниб кимсасиз кўчалардан одимлаб борар, бир марта ўтган йўлига ҳам қайта-қайта келар, кўча фонусларининг ёнидан ўтаётганида эса қора шляпасини бурнигача бостириб оларди. Ортиқ ҳеч нарса ҳақида ўйлашни истамасди у. Кўксининг қайсидир бурчагида янги бир қўрқув яшириниб олганди. Бу қўрқув жасоратини йўқотиш, орқага қайтиш ва изланаётган бу можарода ютолмаслик қўрқуви эди. 

Ўша куни Жорж Луиз Трунённинг қизини таҳририят тарафдаги уйининг олдида учратиб қолди. У керосин ҳиди анқиётган лампа ёруғида завқ билан оёқ кийим юварди. Унинг уйи болалар боқчасига ўхшаган таҳририятнинг орқасида жойлашган бўлиб, Луиз унинг пардалари бекўрим эшиги остонасида ўз иши билан машғул эди. Жорж уни кўриб, боғ ва йўлни ажратиб турувчи темир панжаранинг бу тарафида тўхтади. Танасининг неча соатларки қалтираётганига маъно бағишлангандай бўлди энди. Қизни чақириш жасоратини ўзида топгунича орадан беш дақиқа вақт ўтди.

— Луиз, эй, Луиз, — дея чақирди. Овози хириллаб, худди шивирлашга ўхшаб қолди.

Қиз қўлидаги оёқ кийим ювгич латтасини ҳам қўймасдан унга томон келди.

— Оҳ, қандай учрашув, Жорж, сен билан кўришмоқчи бўлиб юрувдим ўзи, — нима табассум билан сўради. — Қаердан сездинг-а, қаердан?

Жорж сукунатини бузмади. Ораларида темир панжара, қоронғулик ичра бир-бирларига термулдилар. Луиз:

— Сен ҳозир кет, бу ерда турма. Отам ҳали уйда. Ўзим бораман. Виллемзнинг орқасидаги омборхона ёнида кут мени, хўпми, — деди.

Бу кунлардан бироз аввал Жорж Туиз Трунёндан мактуб олган, бу хат ўша куни тонгда таҳириятга келиб тушганди. Фақатгина бир жумла сўз ёзилганди унга: “Азизим, мени кечир, сеники бўлолмасам керак…”. Айни дамда эса панжаранинг нариги тарафида турган қизнинг гўёки ораларида ҳеч нарса бўлмагандай унга талпинаётгани Жоржни қаттиқ асабийлаштирарди.

— Бу қизнинг аҳволи яхши эмас, ҳақиқатданам яхши эмас, — дея минғирлаган йигит йўлида давом қилиб, ўйлар гирдоби ичида дарага келганини билмай қолди. Даранинг бу бошидан нариги ёғидаги дарёгача қоратол экилган бўлиб, охирги учрашувдан кейин бу толларнинг бўйи ўсиб елкагача етиб қолганди.

Жорж эшик олдида тўхтаб, унинг ким биландир суҳбат қураётганини кўрди. Қизнинг эгнида оёқ кийим юваётгандаги палтони ва бошида рўмоли бор эди. Уни гапга тутаётган одам отаси Жейк Трунён эди. Отасининг қулоқлари яхши эшитмагани учун қичқириб-қичқириб гапирарди. Жорж бироздан кейин эшикнинг оҳисталик билан ёпилган овозини эшитди. Қиз унга қараб қелаётганида сокин кўчадаги тўрт тараф янада баттар сукунга ғарқ бўлган, унинг бадани баттар қалтироққа туша бошлаганди.

Қисқа суҳбатдан кейин сайрга чиққан икки севишган, Жорж ва Луиз Виллемзнинг омбори ёнидаги қуюқ қоронғуликда тин олишди. Йигит ҳам, қиз ҳам бу вақтда гапиришга жасорат тополмасди. Тўғри, қиз унчалик гўзал эмасди, ҳозир эса бурнининг ёнидаги қора доғ кўзга жуда ёқимсиз кўриниб турарди. Жоржнинг ўйлашича, яқиндагина, таҳририят ёнидаги қайсидир қозонни кўтарганидан кейинги совға бу. Ёш йигит унинг юзига боқиб, тушунарсиз ҳолда кула бошлади. Қиз эса ҳеч нарсани тушунмай анграйиб турарди.

— Ҳаво қандай яхшия қара, нима дейсан, тўғрими? — сўз бошлар экан қизнинг қўлларига кўз тикди, нозиқ бармоқларидан ушлагиси келди. “Йўқ, десачи, балки йўқ демас, барибир қўрқяпман. Қошкийди палтосининг енгидан бўлса ҳам бир марта ушласам. Қандай гўзал бўлардия, қандай…” — ўйлади у.

— Биламан Жорж, ҳаммасини жуда яхши тушунаман, сен жуда яхшисан, мендан устунлигингни ҳар лаҳзада сезиб тураман. Фақат, шу сафар сўзимни рад қилма, ич-ичимдан сезяпман буни, — Луиз йигитнинг ичини ўқиётгандай оҳиста сўзлар, сўзлаётиб эса йигитга яқинлашди. Йигит тушунди, қизнинг “рад”ида ҳам “ҳа” деган розилик белгиси бор.

Ниҳоят Жоржнинг тил қулфлари очилди. Қизга яқинлашаркан унинг кўзларида илғаган илиқ ифодани ва қиз ёзган мактубни ўйлади. Шу сабабдан барча шубҳаларни ўзидан узоқлаштирди. Ишхонасида у билан кечган суҳбатларни ёд олди ва бунга яна бир марта ишонч келтирди. Ўзини ҳақиқий эркакдай ҳис қилиб, ташаббусни қўлига олди.

Жоржнинг юрагида қизга нисбатан ҳеч қандай шафқат ҳисси йўқ эди. — Безовта бўлма, сўзларимга қулоқ сол. Ҳаммаси яхши бўлади. Ҳеч ким буни билмайди, — дея Луизни рози қилишга урунди йигит.

Суҳбатни чала қолдириб, қизнинг илтимосига кўра қоронғу қирон келтираётган кўча бўйлаб сайр қилишга отланишди. Ораларидан турли ҳил ўтлар ўсиб ётган ғиштин йўлакдан ўтишди. Бу таъмирталаб йўлак ғалати бўлиб, баъзи жойларида ғиштлар буткул кўчиб тушганди. Йўлак эгри-букри ва совуқ эди. Бироздан сўнг қизнинг қўлларидан ушлади. Қизнинг қўллари ҳам музлаганди. Унинг қўллари ёш боланинг қўлидай майин ва зариф туюлди Жоржга.

— Бу ердан уёғига боролмайман, — деди Луиз. Бу жавобдан овозидаги ажиб бир сокинлик ва раҳмдилликни сезиш мушкул эмасди.

Кичкина дарё устидаги тахта кўприкдан ўтиб, бир қоратол тагида ўтиришди. Чунки, кўча айни шу ерда тугаганди. Йўлнинг у ёғига эса ёнма-ён эмас, орқама-олдин кетишларига тўғри келаганди. Бироз нарида Вилли Овертоннинг боғ ўриндиғи бор бўлиб, ўриндиққа хазонлар тўкилиб ётарди.

— Вилл меваларини сақламоқ учун омборхона қуришини айтганди бир сафар, — деди сўз топмаганидан кўзини омбор қурилиши керак бўлган томонга тикиб Жорж.

Сўнгра хазонлар устига чўзилишди…

Жорж Виллард “Мейн” кўчасига қайтганида соат ўндан ўтган, ёмғир ёғишни бошлаганди. У, “Мейн” кўчасидан уч марта у бошдан бу бошга бориб келди. Силвестр Вестнинг дўкони ҳали ёпилмаганди бу пайтда. Жорж ичкари кириб сигарет олди. Сотувчи билан эшик олдида бироз суҳбатлашишди. Бу суҳбат бироз тинчлантирди уни. Кўпдан бери ким биландир гаплашиш хаёлида юрган йигитнинг кўнгли жойига тушди. Балки, биргина суҳбат сабаб эмасдир бунга… Жорж кўчани кесиб ўтиб, муюлишдан ҳуштак чалганча “Ню Виллард Ҳауз” тарафга йўл олди.

Виннейнинг болалар кийимлари сотиладиган дўкон ёнидаги устига цирк эълони ёпиштирилган девор олдида тўхтаб гўё уни кимдир чақираётгандай ён-верига аланглади. Кейин масрур алфозда жилмайди.

— Ортиқ менга қарши чиқолмагай У. Чунки ҳеч ким ҳеч қачон бундан хабар тополмайди, — ишонч билан гапирди ва йўлида давом қилди.

Бир йилдан кейин қиз вафот этди.

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting