Ферузшоҳ Неъматуллаев. Шеърлар

0
153
ko'rishlar soni

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ

Ёмғур ёғаётур…

Сен…

Мен…

Йўл…

Айтмаган сўзларим аросатда ˗ ҳур,

Қанотим – қўлларим ушламаган қўл…

Бекмисан, Бек, фикринг баён эт,

Ёмғур осмонданми илоҳий дурждир?

Одам одаммиди, улимаган ит,

Илтифот айлагил жавобга, Гуржи.

Солиҳа, хайр, хўп, розилан, кеткил.

Касмиз хас ушлаган сарғайган хасдек.

Ўлик вақт туғилди, тирик вақт битди,

Айри бўлолмадик, бирга эмасдик.

Ёмғур, нигоҳимни сенга қаратдим,

Кетиб бораётган бардошимми Ул.

Дунёдан чекиндим, дунё яратдим,

Энди ўзим учун ўзим буюк қул!

АБДУРАУФ ФИТРАТ

Билмам, кимга аталган бу дор?

Унда кимнинг боши осилган…

Елга бўйин эгмай ёғар қор

Тусланилган сўнгги босимдай.

Тил айланар, тилимдан қоч, деб,

Мағлуб сўзлар ғолибдек тегар

Танасидан айрилган бошнинг

Тинглаётган қулоқларига.

Оқлик кўмар ерни оҳиста,

Тушлар аро кезинар ҳануз

Айтарини еткармоқ истаб

Сочларида олов ёққан куз.

Бекор…

Кафан ўрайди майса,

Ёмғир янглиғ ёғилади тош.

Ахир, сен ҳеч қачон ўлмайсан,

Дор оғзида қолиб кетган бош!

2021

***

Йиғламоқ ва кулмоқ шартидай шартда

Тирноққа чанг солар беғубор ғубор.

Кўкда ой сингари уйқусиз дардда

Мен борман ва менсиз туғилганлар бор.

Борлиқ борлигининг хиёбонида

Сут келган жувондай турар кўрикда

Жон қўшиб жон тўла жонсиз жонига

Мен билан ва менсиз ўлган ўриклар.

Қай нигоҳ ўғирлаб нигоҳларимни

Нурлаб тикиламан нурга юлдуздан.

Лабга бўса каби ўрайди жимлик

Мен билан ва менсиз туғилган сўзлар.

Уммонга ғарқ бўлиб сув излайди сув,

Тубсизлик қаърида тубланар туб жон.

Пайғамбар эдими, Ҳақ эдими у

Мен билан ва менсиз порлаган осмон.

Ҳавойи ҳар нега шакланар шаклим…

Икки қат қоринда киндигин ямлаб

Туғилганлар каби яшамоқда жим

Мен билан ва менсиз туғилмаганлар…

2021

П.П.ШАРИКОВ

Акилласа итлар дард ёзиб,

Алҳонига поймона тўлди.

Шўрлик қисмат бўлди овоза,

Мен ит бўлдим…

Туғилдим…

Ўлдим…

Ғийбат авждир, тўлишган ой — шам,

Дахшат тутар оқшомни гоҳи.

Сув – кўзимга қуйиладир ғам,

Инсонпарвар ўтли нигоҳим.

Ўтган ўтди, улимадим ҳеч,

Мушукларга алданмадим ҳам.

Отиб ташланг бўлмасидан кеч,

МЕН – ит бўлиб туғилган одам.

Танҳо эдим, қисматим енгди,

Соч-соқолдан тўйинар битлар.

Мен ит бўлиб ўларман, энди,

Одам бўлиб туғилар итлар.

2020

***

Шаҳар

Ёлғиз

Мен

Учинчи қават

Осмон билан тенг

Шу осмонга

Бош қўйиб

Ўйлайман

Тўйиб

Аммо

Жуда тўйимсиз

Худони истарлик ҳис

Бу

Очлик туридир

Беватан

Руҳимни қурутиб

Барини ўзимдан

Этурман жудо

Учинчи қават

Мен

Ёлғиз

Худо

2021

НАВОИЙ ШАҲРИ

Ўткинчилар ўтган йўлаги ҳур деб

Қора асфальт қилиб ётқизилган тан.

Осмон боши эгик,

Ер боши эгик.

Ёлғиз одамларнинг қадлари баланд.

Ҳар ким ўзи чўри, ҳар ким ўзи бек,

Шамоллар жим қолар, қулоқлар сергап.

Ҳаё хаёлингга ташланганидек

Йиртиқ поябзаллар экилган ерга…

Бинолар эътироф этар челаклаб

Булутларга қўнган малакларини.

Сўроғи йўқ қўллар қурар фалакда

Ўзлари сиғинган фалакларини.

Ҳавотир ҳавф ортиқ уфққа тенгдир

Қадам ҳеч кўрмаган йўлак сасида.

Дарахтлар қуёшни излайди энди

Баланд одамларнинг кўланкасидан.

2021

***

Осмон бошимизда мовий аланга,

Ёруғлик доимо ғолибдир жангда,

Борлиқ –аросатда тик қотган танга,

Илоҳий бахт каби туюлар, жоним,

Aччиқ ёшларимни тўксам ярангга.

Тилсизмиз, сўзловга сўзимиз қўлдир,

Кўзимиз манзили фалакка йўлдир,

Мен сенга тўлайин, сен мени тўлдир,

Сассиз лабимиздан сас чиқса, жоним,

Ўлдир, ўзингни ҳам, мени ҳам ўлдир.

Мен бу кун хиёнат, сен бу кун ёрсан,

Мен бу кун диёнат, сен бу кун орсан,

Мен бу кун қиёмат, сен бу кун дорсан,

Умр айролиқсиз ўтармиз, жоним,

Бағрингга ўқ каби суқилиб борсам.

Мақбас деворини бузиб тўрт ёнга,

Жимликни алишиб сарафроз онга,

Яксаржон жонини кўпайтиб жонга,

Шарқироқ сув каби оқармиз, жоним,

Кўҳак томирини тўлдириб қонга.

Сарбасар вужудлар ҳароратга зор,

Хотиралар товши мусаффо азон,

Йироқлик шамшири –даҳшатли жазо,

Руҳимиз кўк сари борадир, жоним,

Нигоҳлар суҳбати – муқаддас азоб…

2019

***

Тескари қарагим келар негадир,

Такрорий ҳаётдан йўқ энди маъни.

Ғурур оёғимга ташлади занжир,

Тескари кузатиб турдим ҳаммани.

Боқарлар кўзларга ёш олиб, секин,

Ёқимсиз мусиқа чалар қадамлар.

Тўхтанг. Жавоб беринг. Aхир кимсиз, ким,

Эй, менга тескари бўлган одамлар?

Охирги манзилда қандай сир-асрор,

Қаердан келдингиз, борурсиз қайга?

Мавжудлик ҳавога бўлса шунча зор,

Самовий ёруғлик – қуёшда не айб?!

Дунё тизгинига тушмас ҳеч ларза,

У босиб ўтади ўз йўлин оқсаб.

Ёқимли – ҳамма тик боққан маҳалда

Ёлғиз мен қуёшга тескари боқсам.

2019

***

Соям, сўз излама безабон тошдан,

Ортимдан эргашиб, айлама тақлид.

Ёнаётган билан иссиқ қуёшдан

Таралиб турибди музлаётган ҳид.

Денгизга ўткинчи қора извошдан

Юлдузлар қулади ўз аксига зид.

Ой – ёруғлик ичра асл маошдир,

Осмон – эгасидан айри тушган ит.

Еллар қуролини дамба-дам ўқлаб,

Япроқлар шивири топгайми тўзим

Инсон қони ила тупроқни тўқлаб.

Овора бўлмасин ўлим ушбу зум

Сапчадек узилган бошимни йўқлаб,

Узилган бошимни элтарман ўзим.

2020

***

Мени пулланг бозорда, ота,

Журъат ёлғиз топилар сизда.

Кун ботмасдан аввал тонг отар –

Офтоб санчар нурларин муздай.

Парчаламанг, сотинг бус-бутун,

Жасорат ёр ўғил пулланган.

Оёғини узатади тун

Кўрпа-тўшак солган кунларга.

Ночор деманг, алқанг, фахрдан

Чор атрофни даллол ўрасин.

Сиз сотишни рад этсангиз ҳам,

Сотиб кетишади… Кўрасиз!

Иккиланманг, ғурурга минманг,

Айирбошланг отга, тақага.

Ахир, осмон пуллайди тинмай

Юлдузларни сариқ чақага.

Билганим бор турмуш ҳолини,

Ул ширинлик – тотилмаган гар.

Бу дунёда ҳеч ким молини

Пулламайди сотилмаганга.

…мени пулланг!

2021

***

Гитарка…

Еттинчи торман жисмингда –

Ҳар чертки из бўлиб

Исмимдай

Бармоғимда қолиб кетаркан.

Кафт – дарахт…

Гриф – харита…

Қўнжимга эврилиб ўтли кибордай…

…хрип –

Баритон –

Хуррак отаётир ҳар мунгли торда.

Ҳуштакка дўнсам

Овози ҳазин,

Куйлама,

Бўғзингни йиртгунча ҳайқир!

Қўшиқ керак бўлса,

Юрак мунтазир –

Кўзимда муаллақ сўз каби қалқир.

Чироқ ўчик хона,

Вақт ўлик…

…оқар –

Бир бош чаноғида дарё иккита.

Ҳаётмиз, Жононам,

Куйла!

Ўлмоққа

Қолган бир сония умримиз етар…

Ги…

Тар…

Ка…

2021

***

Мен қушларга суянаман,

Исмим

Елпинмаган қанотга дўниб.

Улар учмоғимни кузатмайди жим

Одамларнинг бошига қўниб.

Қушман, ҳа, афсуски қушман

Нолиши кўп ҳонишларидан.

Гар ухласам уйғотмас ҳеч ким

Бегонанинг болишларидан.

Ўзим саҳро, ҳам обиҳаёт,

Юлдуз учди…

Ортга қайтмайди…

Нега юрак ухламайди деб

Қулоғимга ҳеч ким айтмайди.

Ҳаа, лабимда бир томчи кўзёш,

У кимнидир унутди,

Ўтди,

Ўз дардингни ичингга ют деб

Тушларимга кирмайди қуёш…

Ахир қушлар бунчалар ғамгин

Кўзларимдан изламас маъни.

Энди асло ухламангиз деб

Уйғотмайди ҳеч ким ҳаммани.

Тўйимлида ташвишлар,

Олинг,

Бир тотининг бу ҳам бир бахтда.

Ўзидан бездирган дунёнинг

Ташвишлари унмас дарахтда.

Шундан оқсоқ оёқларимни

Қанот қилиб кўкка бўйлайман.

Не фарқи бор, энди мен кимнинг

Тушларида кимни ўйлайман…

Ҳа, мен қушларга суянаман…

Нада оро, на бермасдан зеб

Ким ҳам ҳаёт юкини ортар?!

Ахир, қушлар ўлим нима деб

Ўлмагунча қилмас безовта…

2021

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting