Энг аҳамиятли давр

0
205
ko'rishlar soni

эссе

Одатда жаҳон адабиётида ўчмас из қолдирган шоирларни кўз олдимга келтирсам, уларнинг аксарияти ёш, навқирон, айни кучга тўлган ҳолда қаршимда гавдаланишади. Мисол учун Пушкинни олcак, Александр Сергеевич жингалак сочларига оқ тушмаган, бакенбардлари силлиқ тарошланган, томирларида жўшган бадавий аждодларига хос бўлган эҳтирос кўзларида зоҳир бўлган, орзуларга юраги лиммо-лим тўлган; Лорд Байрон  ташриф қоғозига айланган буюк тушкунлиги билан навқиронлиги уйғунлашган ҳолда, оқсоқ оёғини сездирмай, қаддини алп тутиб, нигоҳидаги кишилик жамиятига нисбатан сўнмаган улкан нафратни яширишни ўзига эп кўрмай, уни атрофга майдалаб сочиб ташлаётган ва муроса нималигини билмаган юрагидаги қаҳр алангаси осмон қадар чўзилган; Лермонтов ҳарбий кийим ўзига муносиб ярашган, чиройли мўйлаби ва сочи силлиқ таралган, адабиётга ошуфта кўнгли нигоҳидаги маъюслик билан уйғунлашган; Есенин нафаси қайтаётган ёшликни танасига сиғдиролмай, қувноқ кайфиятда одамларга табассум улашаётган,  Москва кўчалари ва қовоқхоналарида шеър ўқиётган, оқ қайин дарахтига суяниб хаёлга чўмган алфозда намоён бўлишади.

Қанчалик узоқ мулоҳаза қилмай, уларни кекса одамларга хос бўлган кўринишда- айтайлик сочлари бутунлай оқарган ёки тўкилган, таналари тўлишган ёки эт олган, кучдан қолиб ҳассага таянган ёки шалвираган қўлларидан тутиб, кимдир етаклаб юрган ҳолатда кўрмайман. Истасам-да кўрмайман. Ҳеч қачон бундай бўлмайди. Тасаввуримни алдай олмайман.

Тасаввурим Томас Дилан борасида ҳам шундай. Томас Дилан- инглиз шоири. 1914 йилда Уэлльснинг денгиз бўйида жойлашган Суонси шаҳрида туғилган. “Ўн саккизта шеър” , “Йигирма бешта шеър”, “Муҳаббат харитаси”, “Ўлимлар ва ечимлар” каби шеърий китоблар муаллифи. У ҳам юқоридаги шоирлар каби қирқ ёшгача ҳам яшамаган ҳаётда. Ўттиз тўққиз ёшида Нью-Йоркда оламдан ўтган. Бор йўғи ўттиз тўққиз йил умр кўрган. Худди поляк бастакори Шопен каби.

Ижодкор қанча яшамасин, ҳаёти давомида фақат биргина энг аҳамиятли даврни бошидан кечиради. У ўттиз йил яшайдими ёки саксон йилми-фарқи йўқ буни. Ҳаёти давомида шахс сифатида ўзига ва ижодига жиддий таъсир кўрсатган битта даври бўлади. Шу давр уни шахс ва ижодкор сифатида ўсишини таъминлайди ва уни кейинги бутун фаолиятини белгилаб беради. Бу давр бир неча йилнигина эмас бир неча ойни ҳам ташкил қилиши мумкин. Бу ерда муддат роль ўйнамайди. Шунчаки оралиқ, давр бўлади-тамом.

Мисол учун Пушкиннинг ҳаётидаги энг аҳамиятли давр уни Кавказга сургун қилиниш бўлган. У ўша ердаги фусункор табиат манзаралари ва мўътадил иқлим қўйнида ўзининг йирик асарлари учун энергия ва қувват манбаини топган. У табиат билан ҳамнафасликда метин иродасини шакллантирган, ижодкор сифатида балоғатга етиб, янги даражага чиққан. Бу эса кейинчалик  “Евгений Онегин” каби шеърий романини тугатишига ва бир қанча насрий асарларини ёзишига туртки берган.

Лорд Байрон учун энг аҳамиятли давр уни Юнонистондаги фаолияти бўлган. У бир умр она замини ёки Венеция каби Оврўпонинг гўзал масканларидан топа олмаган роҳат-фароғатни ва кўпчилик англамай бу дунёдан ўтиб кетадиган нарса-яшашдан мақсади нима эканлигини ўзи тилларини ҳам билмайдиган юнонларга қўшилиб эрк учун курашишдан топган. У ижодкор сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам айнан қадимий Эллада заминида юқори босқичга кўтарилган.

Лермонтов ҳаётидаги бундай давр 1837 йили Пушкиннинг дуэлда отиб ўлдирилиши бўлган. Назаримда шундай. Шу пайтгача жамият ҳаётига фаол аралашмаган, хилватни хушлаган, казармаларда сиқилиб, имкон топилди дегунча табиат томон югурган шоир шундан сўнг ўз шеърлари билан жамиятнинг бир қисмига ва катта овозига айланган. Қаламига мансуб “Шоирнинг ўлими” шеъри марионетка жамият ва ундаги мунофиқ, разил, пасткаш кишиларга қарата ёзилган қоралов билдиришномаси бўлган. Ҳаётидаги бу давр кейинчалик “Замонамиз қаҳрамони” асарини яратилишини таъминлаган.

Есенин Айседора Дунканга уйланиши ортидан ўзи учун энг аҳамиятли давр остонасига қадам қўйган. Ўзидан ўн беш ёш катта бўлган анча зеҳнли ва зукко, фаросатли ва билимли раққоса аёл шоирнинг дунёқараши ва турмуш тарзига ўткир таъсир ўтказишидан ташқари уни Европа ва Америка бўйлаб катта саёҳатга олиб кетган. Бунинг натижасида Есенин ижодида янгиланиш кузатилган, бошқа менталитет ва маданиятлар билан яқиндан танишиш, тили ва дини бошқа бўлган одамлар билан кундалик мулоқотларга киришиш унинг кейинги шеърларига сермулоҳазалик ва гуманизмни янги қирраларини сингдирган. Шундан сўнг улар бирин-кетин ранг-баранг мавзуларда ёзилишни бошлаган. Бу ерда биргина “Форс тароналари”ни эслаш кифоя.

Томас Дилан учун энг аҳамиятли давр бўлганми? Шундай ҳақли савол туғилади. Менимча, бўлган. Иккинчи жаҳон уруши унинг учун шундай давр тоифасига киради. У Суонси каби кичик шаҳарда, табиатга ошно бўлиб, хаёллар ва орзуларга чўмиб, ёшликнинг қайноқ қучоғида мумдек эриб, лирик шеърлар ва қисқа ҳикоялар битиб юрган, ҳаёт тароватидан том маънода баҳра олиб умр кечираётган пайтида ногаҳон уруш бошлангани ва бу урушга Уинстон Черчилль бошчилигидаги Британия ҳам қўшилгани уни зудлик билан ҳарбий сафарбарликка лаббай деб боришига сабаб бўлади. Британия ҳам АҚШ билан биргаликда бошқа давлатларни ўз домига тортган Иккинчи жаҳон урушига қўшилади. Гитлер бошчилигидаги фашистлар юзага келтирган глобал хаосни жим кузатиб туришдан маъно йўқлигини, бу хаос охир-оқибат уларни ҳам ўзига юзага келтирган пўртанада қурбон қилишини Черчилль ҳам, Рузвельт ҳам тушунишади. Шу тариқа Британия заминида ҳам уруш йиллари бошланади ва оммавий тарзда бошланган сафарбарлик халқнинг турмуш тарзини пароканда қилиб, издан чиқариб юборади.

Диланда соғлиғи билан боғлиқ кичик муаммо юзага келгани боис ҳарбий комиссариат томонидан уни урушда қатнашишга яроқсиз деб топилиши шоирни бир муддат тушкунликка тушириб қўяди. Қандай тушкунликка тушмасин, ахир. Эркак киши учун бу -маломат, кўникиши қийин бўлган синов-ку. Худди шундай. Ҳар бир эркак руҳиятига бу салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Ҳарбий хизматга ёлланиб, урушга кетиш ва у ерда ҳақсизликка қарши бош кўтариш  учун йўл бўйи ўз ўйлари билан банд бўлган, фашистларга қарши курашишни, балки шу йўл орқали инсониятни қутқазишни истаган, кейин эса эҳтимол “Қутқазилган Қуддус”ни ёзган улуғ итальян шоири Торкватто Тассо каби катта бир достон ёзишни кўнглига туккан ёш йигитга рад этилиши,  яроқсиз деб  топилиши албатта катта руҳий зарба бўлади.

У дастлабки лаҳзаларда бу қарорга кўниколмайди. Қандай қилиб уни рад этишлари мумкин?! Ўзи ихтиёрий кетишни, қўлига қурол олиб жанг қилишни, юраги ёниб курашишни истаб турган инсонни урушга дарҳол юборишлари керак эмасми (қолаверса, бу статистика учун ҳам керак-ку)?! Ахир, Ремарк айтмоқчи “урушда статистика муҳим, урушдаги ҳамма нарса-статистика” эмасми?! Шундай саволларни у гўё очиқ осмон остида тик турганича ҳар бир олаётган нафасида ўзига беради. Бир сафда туриб, навбат билан рўйхатдан ўтаётган-оммавий ҳарбий сафарбарликка чақирилган ёш-у қарига (кўпроқ ёш йигитларга) назар соларкан, шу оғриқли саволлар унинг кўнглидан дам-бадам ўтади. Ҳатто, улар бирин-кетин яқинлари билан қучоқлашиб ва ўпишиб, қуюқ ва астойдил хайр-хўшлашаётган пайтларида ёки тўрва халталарини елкаларига осиб, юк машиналари бортига сакраб чиқишаётганларида ўзини қандайдир жамиятдан ажралиб, четга чиқиб қолган кишидек ҳис қилади. Одамларнинг кўзларидан оқиб тушаётган шашқатор ёш, бўй кўрсатган қўрқув, чорасизлик тубида жон беришга тушган умидсизлик, бўсағада ҳомуз тортиб турган айрилиқ ва ҳижрон кабиларни танасига кўчириб, ўзини бу ерда улар билан бирга қолишга ҳаққи йўқдек, урушдан кўпи қайтмаслиги пешонасига битилган йигитларга қўшилиб фронтга кетишни азбаройи истайди. Юк машиналари ортидан ҳаллослаб чопгиси, ҳеч бўлмаганда ярим йўлгача ҳайқириб чопиб боргиси, уларга қўшилиб даҳшатли фронтга кетгиси келади. Аммо чорасизликдан жойидан тош қотади. Худди ҳайкалдек на қўлларини, на оёқларини қимирлата олмай қолади.

Шунга қарамай у ўзини қўлга олади. Шу кундан бошлаб урушга тортилган ва фашизм билан юзма- юз келиши тақдирига битилган ватанига қурол билан бўлмаса-да, лоақал қалами билан кўмаклашишни ният қилади. Жанггоҳларда қазилган окопларда уйқусизлик ва совуқдан панд еганча тонг оттириб, куйиб кулга айланган шаҳар ва қишлоқларда қон кечиб, душман пулемёти ва автоматларидан ёғилган ўқлардан баданлари илма-тешик бўлганча бирма-бир даст йиқилиб, шафқатсиз танклар остида оёқ-қўли мажағланиб, само узра турнақатор бўлиб учиб юрган аэропланлар ташлаган бомбалар остида қолиш оқибатида тана қисмлари парчаланиб ва ичак-чавоқлари ташқарига отилиб, тенгқурлари жон беришаётганида у ватанида бу урушни қораловчи, унга лаънат ёғдировчи, уни инсониятни айни узоқ кутилган тамаддун асрида жар ёқасига бошлаб бориб, глобал маънавий фожеани келтириб чиқаришини башорат қилувчи, шунингдек халқ ва одамларни руҳини кўтарувчи, уларни руҳан синмасликка ва иродани бўшаштирмасликка чақириб, эртанги  саодатли кунларга ҳамда инсонийлик тантана қилишига ишонтирувчи шеърлар билан мақолалар ёзади.

Шу номи ўчгур уруш йилларида у баракали ижод қилади. Ундаги шоирона дард инсоний дард билан мувофиқлашган тарзда ўзининг юқори нотасида атрофга таралади. Ҳар куни фронтдан келаётган ваҳимали хабарлар, қора хатлар, умидсизликка йўғрилган янгиликлар уни синдиролмайди. Аксинча, у мана шулар ичида ўзлигини йўқотиб, иродаси мўртлашаётган халқни уйғотишга, бир он ҳам мудрамасликка, охирги томчи қонигача курашишга, фашизм устидан ғалаб қозониш учун жонини жабборга беришга чақиради. Охири у шеърлар ва мақолалар қолиб, ташвиқот матнлари ҳам ёзиб, ёппасига тарқатишни бошлайди. Матнлари айнан халқни иродасини тоблаб, уни енгилиш ҳақида ўйламаслигини таъминлашга қаратилади.

Дилан тунлари қовоқхоналарда қўшиқ хиргойи қилиб, сармаст ҳолда виски ичиб, бошқа шинавандалар билан фикр алмашиб ўтирса-да, кундузлари ижодидан ва ташвиқот дастуридан бўшамайди. У ҳам худди Ер юзи бўйлаб тарқаб кетган жанггоҳлардаги аскарларга ўхшаб жанг қилаётгандек туюлади ўзига ўзи. Жанггоҳларда аскарлар душман аскарлари билан қурол ёрдамида ҳаёт-мамот жангига киришишган бўлса, у душман ташвиқоти билан қалам ёрдамида ҳаёт-мамот жангига киришади.

Хулоса шуки, Иккинчи Жаҳон урушининг 1943-1945 йиллари оралиғи Дилан ҳаётидаги энг аҳамиятли давр эди. У бу даврда нафақат ижодкор, балки инсон сифатида ҳам обдон ва тўлақонли шаклланди. Бу давр нафақат уни кейинги ижодий фаолиятини, балки бутун ижодий фаолиятини белгилаб беради, худди Пушкин ўлими Лермонтовнинг ёки Айседора Дунканга уйланиши Есенининг бутун ижодий фаолияти негизини ташкил қилиб, уларни ҳам инсон, ҳам ижодкор сифатида янги босқичга олиб чиққани каби.

2021 йил, май

Шерзод Ортиқов

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting