Хотира шеърлари

0
181
ko'rishlar soni

Хотира бор экан, тирикдир миллат,
Тирикдир ифтихор, тирикдир ғурур.
Хотира — элни халқ этгувчи қудрат,
Хотира — эртани ёритгувчи нур.

Ҳатто майсанинг ҳам хотираси бор,
Майса хотираси — нурга интилмоқ.
Кўкарса — иккига бўлиб ташлайди
Йўлининг устида турса ҳатто тоғ.

То қуёш осмонда порлаб тураркан,
Осмондай мангусан, эй, она халқим!
Ҳар бир фожиага, ҳар бир шарафга,
Баҳо бермоққа ҳам ёлғиз сен ҳақли!

Хуршид Даврон

УРУШ

Уруш тугаб кетган аллақачонлар,
Босилмиш тўзонли жангларнинг чанги.
Тинчлик деб тупроққа тўкилган жонлар
Она Ер қалбидан жой олмиш мангу.

Уруш тугаб кетган,
У энди тарих,
Сарғиш мактубларда қолмишдир доғи.
Оловли йилларнинг шонли ҳам тахир
Ёдидан сўзлайди Ғалаба Боғи.

Уруш тугаб кетган…
Эсланар элас,
Гўё тўзғигандай тонгда ёмон туш.
Лек, дўстлар… у буткул кўмилган эмас –
Ҳандақда пайт пойлаб ётибди Уруш.

Қонсираб, жонсираб тўлғонади у,
Ўлим майдонида саргузашт излар.
Онгларга қуяркан томчилаб оғу,
Алаҳлар: “Туғилсин янги фашистлар!”

Занглаган рамзларни сайқаллаб яна,
Чириган байроқни ямасам, дейди.
Пайҳон гулзор узра қилиб тантана,
Гўдаклар қонини яласам, дейди.

Иноқ кўнгилларга солиб қутқу, кин,
Минг йиллик дўстларни пинҳон қайрагай.
Чиқолмас – тўрига тушиб қолса ким,
Ўргимчак мисоли ямлаб, яйрагай.

Минали далада юрган аскардек
Мажбурмиз ҳар лаҳза бўлмоққа ҳушёр.
Худо, деган элни Ўзи асрар, лек
Қисматнинг беомон савашлари бор.

Биз ерга бир ниҳол қадаган дамда
Қай зотлар минг ажал уруғин экар,
Кўпкари ҳолига тушган оламда
Талашиб ётибди хунхўрлар эгар.

Зангори экранга тикилиб гоҳо,
Инграйсиз қора ғам исканжасида.
Гўё босиб келар ёвуз аждаҳо,
Эзғилаб дилларни кир панжасида.

Зулмат шарпасидан чўчиган қизим
Пинжимга суқилиб, маҳкам ачомлар:
Қучаман: “Қўрқмагил, сен – кулар кўзим,
Уруш тугаб кетган аллақачонлар!»

Жажжи юрагини асрамоқ учун
Қалқонман – қалбини тилмасин хуруж.
Лек… кўз-кўз қиларкан разолат кучин,
Биз учун ҳеч қачон тугамас уруш!

Жангчимиз…
Шунчаки шеър тизганим йўқ,
Жанггоҳдан сўзларни битталаб тердим:
Сизнинг кафтингизга тўкар экан ўқ,
Сизнинг қўлингизга бир шамшир бердим!

Нодир Жонузоқ

ОНАЛАР БОР ЭКАН
…Беш нафар фарзандини Урушда йўқотган Зулфия ая Зокирова хотирасига

Сени ҳеч тупроқдан яратган эмас,
Тошдан бино этган балки танингни.
Бериб ўн саккиз минг оламга бир дарс,
Матонат сувига чайган жонингни.

Шундай бўлмаганда кўзинг ёшидан
Эриб кетар эдинг аллақачонлар.
Тоғлар бошин эгиб турар қошингда,
Оҳингга урилиб тинар суронлар.

Оналар, келинлар, ёрлар суюкли —
Қаноти таланган қушларим ночор.
Урушлар аямас, бағри куюкнинг
Қалбига чўғ босиб ўйнайди озор.

Ўқ теккан кўксини яшар ғижимлаб,
Жангдан олисда ҳам жангга назари.
Билмадим, бир иқрор унар ичимда,
Аёлга очилган урушлар бари.

Қайда кўрган эдим ўлмаган жонни,
Устухон ўрнида сўнгсиз ирода?!
Эрлар ер тишлатар манфур душманни,
Оналар бор экан токи дунёда.

Фахриддин Ҳайит

Медалён

Беш юлдуз ўртада ўроқ ва болға
Бобомнинг кўксида турар медалён
Урушдан эсдалик, фелдчердан совға
Ўралган қоғозда зангори бир ўқ…

Бирида ўнг қўлим, бирида ҳасса
Иккисин хам дадил тутганлар бобом
Гўёки туюлар хали ҳам аскар
Дахшатли урушни ютганлар бобом.

Дейдилар аланглаб, кўзлари яйраб
-Эшитяпсанми а, тинчлик куйини
Асли шу мукофот менга олий бахт
Эгаллаган роҳат ўзбек уйини!

Гуллар олиб келар, ака-опалар
Хар тўққизинчи май, шундай ўтарди
Бобом ҳурсанд булиб, юзин ўпарлар
Кейин улар билан, суҳбат қурарди.

Менга эса қизиқ биргина савол
Нега гапирмайди уруш ҳақида
Оқсоқланиб юрар, базўр, бир аҳвол
Оғриқни ҳис этиб ҳар қадамида.

Бир куни…
Ярим кеч. Уйғониб кетдим.
Бобомнинг алаҳлаб айтган гапидан
Кўзлари очиғу, ухлайди лекин
Ҳуддики келгандай уруш давридан.

Менга қараб дейди: прапорщик Юрич
Душманлар пистирма қўйипти йўлга.
Менинг ҳамқишлоғим Абдуллаевич
Бўлиниб кетибти мина деб ўнга.

Сталинград фронти ғазабга минган
Чекинсак ўламиз очликдан аниқ.
Еб бўлган совуқни, рухимиз синган
Генираллар ҳам йўқ, бўлмайди таниб.

Немислар келарди ҳотиржам бироқ
Қирилиб бўлган деб, қизил армия.
Советнинг ерлари босарди титроқ
Немисларга қарши сўнгги жамият…

Менинг ҳамқишлоғим, Абдуллаевич
Бўлиниб кетибти мина деб ўнга.
Қасдини оламан, прапорщик Юрич
Гранаталар отиб душман қўшинга.

Оёғим остида зангори гилам
Бурним ҳам танимас порхнинг ҳидини
Чунки бугун қоним сизар порх билан
Милтиқ ҳам тинчимас ўқларнинг ини.

Ана ёнимда бир Қозоқ «шиши» лаб
Динамит қўлида югурди танкка
Отарди мерган ҳам ўқин битталаб
Прапорщик ҳам кирди, «в перёд» деб жангга.

Ўнг оёғим бирдан қолди ишламай
Тешиб ўтибти ўқ сонимни чархлаб
Окопларга ётиб отдим тўхтамай
Устимдан ўтарди Тожиклар сакраб.

Эмаклаб юрардим мен ҳам олдинга
Прапорщик ётарди оғзи тўла қон.
Тутқазиб байроқни мени қўлимга
«толька в перёд солдать» дея берди жон.

Ён тарафдан фелдшер бақириб менга
«оёғингга» дея оппоқ бинт отди
Жарохатни боғлаб қайтгандим жангга
Ҳудди шу он яна ўқ мени топди.

Душман чекинарди мен эса ерда
Судралиб қувардим ўликлар билан
Бугун мен айландим ярадор шерга
Оғриқ ҳам чекинди бу ғалабадан.

Победа деган сўз эштилди охир
Кимлардир табассум қилганча ўлди
Тириклардан кўпроқ ўликлар ахир
Жанг майдони шаҳид кетганга тўлди.

Мен эса ўрнимдан турдим амаллаб
Қизил қон байроқни илдим милтиққа
Кўксимдаги ўқни ўзимча алдаб
Хурсандчилик қўшгим келди ютиққа…

Бу алаҳсирашми, ёки оддий туш
Бобомни эшитиб жойимда қотдим.
Яхшиям тугаган ўшанда уруш
Жимгина қайтдиму жойимга ётдим.

Беш юлдиз ўртада ўроқ ва болға
Бобомнинг кўксида турар медалён
Урушдан эсдалик, фелдшердан совға
Ўралган қоғозда зангори бир ўқ.

Фарҳод Эшон

УРУШ ЙИЛЛАРИДАН
ХОТИМА…

Уруш йилларидан,
Сўзлади бобом:
-Отамнинг дўстига,
Келди қора хат.
Маҳаллада тарқаб,
Кетди бу фиғон.
Онаси жон берди —
Қаттол мусибат.

Қўшни кўчамизда
Нормат тоғага
Ўғли ёзган экан
Соғинч саломин.
Аммо бу севинчлар
Узоққа бормай,
Шаҳид бўлган экан,
Жасур ўғлони.

Урушга борганлар,
Ҳақиқий ботир.
Уларнинг шаънига,
Тарифлар бекор.
Ҳар қайси миллатни
Буюк давлатни
Уруш деган иллат
Қилгайдир абгор.

Анави Зарифа,
Қўшнимиз бор-ку.
Ўша ёрин кутди
Садоқат билан.
Отаси, онаси —
Тўй қилмоқ бўлди,
Аммо ёрин кутди,
Сўнгги кунда ҳам.

Биров отасидан,
Биров ўғлидан.
Айрилганди ўша,
Уруш йилларин…
Лекин сен билмайсан,
Ўйлаб кўрмайсан.
Жуда қийин эди,
Халқнинг кунлари.

Зулматда қоларди
Ҳар қандай ҳовли.
Ўғлининг номига
Келса қора хат.
Ярадор қайтганлар,
Эди бир нави,
Кимдир оёғидан
Айрилган солдат.

Урушнинг энг сўнгги
Кунлари эди.
Тоғамдан хабар йўқ,
На яхши — ёмон.
Бувим шўрлик ўтди,
Эшигин очиб.
Ўғлим қайтиб келар
Ўлмаган дебон.

Урушда болалар
Келди бизларга.
Бағрин очди Ўзбек,
Ўғил — қизларга.
Энг қисқасин айтай,
Сўнгги сўз айтай,
Даврон келди, болам,
Даврон сизларга.

Бироз чалғиб кетдим,
Кексалик қурсин.
Дунёда урушлар
Бўлмасин, болам.
Доимо порласин,
Мусаффо осмон,
Қушлар озод учсин,
Тинч бўлсин олам.

Бир умрга мажруҳ
Бўлганлар ҳам бор.
Миллат қаҳрамони —
Ном ҳам бердилар.
Унут бўлмасин деб,
Нишон қолсин деб,
Кутган онамга сўнг
Ҳайкал қўйдилар…

Абдувоҳид Сувонов

ОНAМ

Бир даста гул терди тонгда саралаб,
Йўл солди сўнг соғинч, азоб оралаб.
Гулзорда қолганди жони тўкилиб,
Бир қирга тирмашди толиб, эгилиб.

Ортидан судралиб келарди умри,
Пойига ёмғирдай ёғарди кўнгли…
— Ҳаёт, кўзларингни этиб тур пана…
Ўғлининг қабрига гул қўяр она.

Наргиза ОДИНАЕВА

2-Жаҳон уруши. 1939-йил

Бир қарор ёзилмиш, остига унинг
Нокаснинг имзоси тегмиш муҳрга.
Балки бу қарорнинг қисмига бирор
Битилган жой бордир: «Олға! Ҳужумга!!! »

Ҳар бир сонияни таъқиб этар жанг,
Одимлаб боради немис қўшини.
Бутун ер – икки ён – кўтариб олган
Қўрғошин тиғини.
Қарғиш тиғини.

Нокаснинг боласи, ит эмган Гитлер,
Кўзёшдан қурибсан абадий дорни.
Эй малъун, айт-чи, ё бу дунёда тинч
Яшашнинг Берлинга сояси борми?

Бобомнинг миясин ўйиб ўтган ўқ
Келиб санчилади менинг қонимга.
Йўлга сололмаган бир боласин деб,
Лаънат ўқиб ўтгум немис номига!!!

Бир қарор ёзилмиш…

Достон Раҳмат

Уруш даврин одамлари

Ғалабанинг 76 йиллигига

У замонлар Одамларда
Садоқату вафо бўлган.
Йигитларда ору- номус,
Қиз қалбида ҳаё бўлган.
Дунёлар ҳам гўзалликка
Ташна ўзга дунё бўлган.
Улар жони арзон эмас,
Ватанга жон арзонлари.
Улар асли она юртнинг
Етмиш йиллик ҳижронлари.

Уруш кетган… Қайтгани ҳам
Оёғини ташлаб қайтган.
Бўш қайтмаган ёшлик деган
Қирғоғини ташлаб қайтган.
Қайтганда ҳам етмиш миллат
Боласини бошлаб қайтган.
Уй тўрини дўсту- ёрон
Меҳмонига бўшатган эл.
Йиғлаб турган ҳар бандани
Дилбандига ўхшатган эл.

Кутавериб гуллаб кетган
Кетмонлари асо унда.
Эр йигитга Ватан учун
Ўлмай қайтмоқ жазо унда.
Ўпич кўрмай кетганларнинг
Кўкламлари жавзо унда.
Мусофирга етти тишлам
Нондан сиқим тупроқ азиз.
Шу тупроқда ҳар мўминга
машҳаргача ётмоқ азиз.

Саратонда чўллаб қолсанг
Лабингга сув тутган эл бу.
Ёшин ичга оқизган эл,
Дардин ичга ютган эл бу.
Худо берган синовлардан
Имони соғ ўтган эл бу.
Ватанда шод яшамоққа
Барчамиздан ҳақли кўпроқ.
Уруш даврин Одамлари
Одамлардан одамийроқ…

Эй қуёшга қариндош юрт,
Қаро қош эл, офтобрўйим…
Менку битта майда боланг
Сенинг билан баланд бўйим.
Сен бутун Халқ бўлган кунинг-
менинг етмиш йиллик тўйим!
Шу кунларда ёнгинангда
боланг бўлиб турмоқ азиз.
Ўзинг учун яшамоқдан
Ватан учун ўлмоқ азиз!
Ватан учун ўлмоқ азиз!!
Ватан учун ўлмоқ азиз!!!

Самариддин Саййидзод

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting