Аржумандбегим. Кичик ҳикоялар

13
493
ko'rishlar soni

Рўмолча

Мактабда дарслар тугаган, ҳаммаёқ жимжит. Қиз стол устига бошини қўйиб, кўзларини бир нуқтага қадаганча чуқур ўйга толди. «Кўринмас одамга айланиб қолгандекман. Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ. Эрталаб нонушта қилдимми, йўқми? Ишим қачон бошланиб, қачон тугайди? Қаерга боряпман, кимлар билан кўришяпман?.. Одамзод Яратганнинг ижод маҳсули— санъати. Санъат эса эътибор билан тирик. Нимани… Йўқ! Кимни истаяпман ўзи?! Йиллар давомида ташна қалбимни суғориб келаётган меҳр дарёси ҳам таъмсиз туйиляпти. Нималар ўзгарди? Кимдир қўлимдан маҳкам ушлаб бағрига босишини ва тўйиб-тўйиб йиғлаб дардларимдан йироқ бўлмагунимча қўйиб юбормаслигини хоҳлаяпман… Ўша инсон ким? Ўзлари билан овора бўлиб мени кўрмаётган яқинларимми ёки… Қанийди… Қанийди сукунатимни парчалай оладиган шодлик бўлса! Ё Раббим…» — хона эшиги очилиб биров кириб келди.
— Ҳалиям кетмадингизми? — сўради ҳамкасб йигит ўз ҳужжатларини жавонга жойлаштирар экан.— Ифторликка ҳам оз қолди.
— Назорат дафтарларини текшираётгандим, — қиз столи устида турган дафтарларини тартибга келтирган бўлди гўё.
— Ҳа, шунақами, яхши, — йигит қизнинг ёлғон гапираётганини пайқаб, ўзига сездирмай унга синчковлик билан қаради. — Биласизми, устоз ўқувчилари учун туйғулари ўта барқарор, руҳи метиндек кучли шахс бўлиб кўринади. Aслида эса ҳар бир юракнинг ўз кемтиклари бор.
Қиз ҳайрон бошини кўтариб йигитга юзланди. Aммо томоғига нимадир тиқилгандек бўлиб, гапиролмай яна кўзларини бошқа томонга олиб қочди. Йигит қизнинг столига яқинлашиб сўзида давом этди:
— Юпатиқ ҳамиша кўнгилга малҳам бўлолмайди. У баъзан имконсизлигимиз иқроридек туйилиши мумкин. Олинг, — қўлидаги нарсани қиз томон узатди. — Бундан ортиқ садоқатли сирдошни топа олмайсиз.
У дарров хона эшигини ёпиб чиқиб кетди. Қиз киприк қоқмай миясидаги жавобсиз саволларига бардош беришга уринарди. Шартта ўрнидан турди-ю, кетишга ошиқди. Эшикка етгунича ҳеч қаерга қарамади. Хонадан чиқиб кетар экан, кимгадир ишонгиси келди, йигит айтган энг яхши сирдошни кўриш учун орқасига ўгирилди ва беихтиёр кўзи ёшланди.
Стол устида турган рўмолча гўё қизга ўз қучоғини очгандек турарди…

Хавфсиз ёрдам

«Топиб бер деяпман, бола!»
Бир қўли билан дарахт шохини ўзига томон тортиб турган Салимнинг олма узишга чоғланган иккинчи қўли қўшнининг девор ошган дағдағали хитобидан бир зум ҳавода муаллақ қолди.
ㅡҲа, кўнглидан ўтказди ㅡ демак, Шокир ака яна ичиб олиб уйида жанжал қиляпти. ㅡ Дарахт шохини секин қўйвориб, қўшни девор ёнига туриб олди.
«Пичоқни ташланг, дада!»
ㅡВой тавба, ана холос! ㅡ бирдан сесканиб кетиб ёқасини ушлади. ㅡ Нимадир қилиш керак, лекин нима?
Тортишув узоқ давом этди. У гоҳ лабини тишлади, гоҳ оғзини қўли билан беркитди, гоҳ бош чайқади. Лекин елкасига оғир юк ортилган одамдай энгашганча қимир этмай эшитиб тураверди.
Йўқ, Салим ҳам анойилардан эмас, чорасини топади. Ахир у маҳалланинг фаол вакили! Жамоатчи! Туйқус хаёлига келган фикрдан муаммонинг ягона чорасини топган кишидай ҳис этди ўзини ва содир этилажак жиноятга гувоҳ сифати бориб айтадиган гапларини бирма бир ўйлай кетди:
«Қотил – Шокир Худойбердиев…»

Ортда қолдирилган бекат

Кўзгудан тушаётган ёруғлик қанчалик кўзни қамаштирмасин, у ёруғлик манбаининг акси, холос.

Мактабга кираётиб, тонгги сафланишни — Уни кўрди-ю, айланма йўл орқали хонасига чиқиб кетди. Кун бўйи унга рўпара келмаслик йўлларини излади.
— Табриклайман, — дарсларини ўтиб ўқитувчилар хонасига апил-тапил журнални қўйиб чиқар экан, ўша қадрдон овоздан тўхтаб қолди. —Табриклайман, — такрорлади, йигит. — Турмушга чиқаётган экансиз…
Қизнинг юраги бир зум тўхтаб қолгандек бўлди. Ўзини қўлга олишга ҳаракат қилиб, нимтабассум билан зўрга оғиз жуфтлади:
— Раҳмат…- кечагача ҳислари ваъдаларсиз боғланган бу хокисор икки қалб бугун тамоман бир-бирига бегона.
— Бу янгиликни ҳаммадан аввал мен эшитсам керак деб ўйлар эдим. Ҳар бир ишингизни маслаҳатлашардингиз, энди эса қочиб юрибсиз?!
Йигитнинг саволчанг овозидан кесатиқнинг аччиқ таъми келиб турарди. Бундай муносабатдан қизнинг кўнгли дарз кетгандек бўлди. Aйниқса, бу ҳодисанинг «Янгилик» деб баҳоланиши уни эсанкиратиб қўйди.
— Янгилик?!
— Ҳа, яхши янгилик!
— Нима демоқчисиз, — энди унга ҳаммаси фарқсиз бўлса ҳам, йигитнинг гапини бееътибор қолдиролмасди. Йиллар давомида ичига ютган ҳиссиётлари қалбини ёндира бошлади.
Йигит хаёлига келган жавобдан орланди:
— Ҳеч нарса…
— Ҳаммасини ўзингиз бошлайсиз-у, биринчилардан бўлиб чекинувчи ҳам ўзингиз бўласиз. Худди…
Йигит чидаб туролмади. Қандай қилиб келиб қизнинг билакларидан маҳкам тутиб олганини иккиси ҳам англамай қолди.
— Мени айбдор қиляпсизми? Мен ахир сизни…
Қиз бор аламини тўплаб йигитнинг кўзларига боқди:
— Нима мени?!
— Ҳаққим йўқ энди… -Йигит қизнинг қўлларини бўшатди-ю, хона эшиги томон бурилди.
— Ҳаққингиз борида ҳам индамагансиз… Бир оғиз сўз… Инсонларнинг бахтсизлигига хизмат қиладиган ғурурингиздан нима наф?! — Йигит жавоб қайтармай чиқиб кетди. Қиз ерга тиззалаб ўтириб, ҳўнграб йиғлаб юборди.
— Севардим… севардим… севаман! Сўнгги сўзни айтди-ю, кўнгли бирдан совиди. Ортиқ кўз ёш тўкишни истамади. Бир оғиз сўзни йиллаб кутганлари, ўзига сездирмай соатлаб тикилганлари, қадамларини босиб ўтиш учун ортидан юрганлари… Ҳаммаси бир зум хаёлидан ўтиб ўзига ачиниб кетди. Юрагидаги севги ўрнини нафрат эгаллади. Шартта ўрнидан турди-да, афсусланиб турган қарори тўғрилигига қалбан ишонди. Хонадан чиқиб, ўзи учун энг қисқа йўлдан дадил қадамлар билан равона бўлди.

13 Izohlar

  1. Aslida qisqa hikoyalar o’qishni juda yoqtiraman. Ular qisqa bo’lsada, ma’nosi olam qolaversa, xulosa qilish kitobxon ixtiyoriga havola etiladi. Sizning ham hikoyalaringiz menga judayam yoqdi. Kelgusida bundanda ajoyib ijod namunalarini kutib qolaman.. Muvaffaqiyat yor bo’lsin Ilohim

  2. Juda ajoyib, omad ishlariyizga, hikayalaringiz qandaydir hayotiy, rostan òzingiz guvoh bòkgan yoki sodir bòlgan narsamikan deb òylab qolaman, Ortda qoldirilgan bekat hikoyaga rosa mos tushibdi nomi

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting