Эмин Пири. Шеърлар

0
319
ko'rishlar soni

Эмин Пири – 1986 йилда Озарбойжоннинг Жалилобод туманида туғилган. Озарбойжон Ёзувчилар Уюшмаси ҳамда Ёш Турк Ёзарлар Бирлгининг аъзоси. Озарбойжон Маданият ва Туризм бирламшасида котиб вазифасида ишлайди. Озарбойжон Ёзувчилар Уюшмаси томонидан ўтказилган “Энг яхши шеър” ва “Насимий” танловларининг ғолиби.

ҚОР БОЛА

Шаҳарга қор ёғар,

Инжадан-инжа,

Дўконда топилар кўрилса излаб –

Қорболанинг бурни, қўли, кўзлари…

Кичкина одамман қорболадайин,

Жисмимдан истасанг қор юлиб абас.

Қўлларинг иситмас…

Юмалоқ қилиб,

Отгин,

от кушларга қараб басма-бас…

Сиз яхши танийсиз у қорболани,

Бобосининг ичган шароб шишасин,

Дўконга топшириб олган нон, емак.

Кўзларига боқдим –

Бир ғусса зоҳир,

У энг изтиробли бахт бўлса керак…

Сиз яхши танийсиз у қорболани,

Отасин мактабга берган пулидан,

Ўлиб қолмасин, деб –

Ахир ҳар қалай,

Йиғиб-йиғиб юриб охирда яна,

Бобосига олиб келтиргандир май…

Сиз яхши танийсиз у қорболани,

Кўзгуга қарайди –

Яшил қўллари,

кўзлари олчадан, сабзидан бурни.

Ғамгин туришидан туйдим бир савол:

“Қўлларга муз тутиб ўтарми умрим —

Баҳорга элтмасми қисмат йўллари?..”

*  *  *

Кел энди,

эшикни бир бор чертақол,

Биламан,

йўлимдан йўлларинг олис.

Қалбингда кулган дам изтиробларинг –

Айт ахир,

Сенга ҳеч келмасми малол –

Юрагинг титроқда энтикиб бориш…

Узоқ яшадиму,

Сенга айтарли,

Табассумлар ҳадя этмадимми ё?

Бас,

ахир йўлингга кўз тикиб мудом,

Ўлим кутган каби яшадим гўё…

Ёлғончи аталдим Худо қошида,

Қайтара олмадим бир омонатин.

Сен учун жон таслим қилмадим, энди

Насия дафтарга ёзиб қўй номим…

*  *  *

Кафтларинг кафтимда,

Унда – бир дунё,

У дунёда яшар икки кўнгил бор.

Икки кўнгил ичра ҳамиша –

қўлларингдан

қўлларимга урилиб тирилмоқдир севги…

Долғаланган сочларинг аро

Балиқ мисол сузар бармоқларим ёр.

Кўксингдан то очиқ денгизга қадар

Кўзларингдан қалдирғочлар учишин,

Унсиз кузатмоқ,

Икки денгиз ичра бўғилиб ўлмоқдир севги…

*  *  *

Ён-веримда ҳамон кўклам нафаси,

Қор парчалар ясаб

“айрилиқ” сўзин,

Сочларингга қўнади бир-бир…

Бир баҳона топиб,

Дедим: “Кетамиз…”

Бир ўйин ўйнаймиз, беркинмачоқми…

Яширинган сенсан,

Тополмаган мен.

Зилзиладай қулаб хотираларим,

Ёмғирга тўлгандай дил оёқ ости.

Кўзларингни юм ва

Қочиб кет,

Сен учун яратган лабиринтимдан.

Тамом,

айлан сўнгра бошқа бир қизга –

тамом,

кўзларингни энди ҳеч қачон

(Оч…ма!)

*  *  *

Бўйим етмас бўйингга,

Лек, қалбингга етар қалб.

Ўпсам қулоқларингдан –

Сўнгра кўнглимни очиб,

Десам:

“Сени севаман!”

Секингина шивирлаб…

Ҳар оқшомда ёлғизликнинг бошини,

Қўйдим Тангри тиззаси узра…

Оёқларинг остига боқ, золим қиз,

Эзиб қўяжаксан Малтани…

Менга қарши жанг очган нигоҳларинг,

Дамоқлнинг ҳанжарига айланар,

Бўғзимга тиралган

ёҳуд юракка…

Мен кафказлик Спартак,

Озодликка эмас,

Орқага –

Рим томон қочаман,

Бўлмоққа асир…

Сенинг озодликка очиқ қўлларинг…

Ғойиб бўлмоқ – йўқ бўлмоқ истайман мудом,

Қўлларингдан – ишқ чормихидан…

Суратингга қараганим он,

Уй шифтига ин қуриб олган

Боласига емак келтирган қоронқуш –

Тинглар менинг кўнглимни…

Сайрайверар:

“Нега битмас бу юрак,

Билиб қўйки, кўксим узра юракмас

Тош яшайди, улкан бир тош, золим қиз!”

Елкаларим ўйилиб токи

Таширман Худонинг тобутин.

Кимса йўқ бирон-бир кўмак бермоққа

тобутларнинг остига кириб,

менинг ила елкаламоққа…

Шайтон урган йўлдан даф бўлган ҳамма,

ёлғизликнинг боши қолиб тиззасиз,

Тангрининг тизлари чирий бошлар елкам устида…

Саловат айтаман тасбеҳ ўгириб,

Шивирлайман Оллоҳнинг

99 номини:

Сен,

         Сен,

                   Сен…

Озарбойжон тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting