Сўнгги вақтларда телеграм канал ва гуруҳларда букблогерларнинг янги чиққан асарларга ёзган тақризлари кўпайиб бормоқда. Ёзувчи Шерзод Ортиқовнинг илк китобига ҳам кўплаб фикрлар билдирди. Эътиборингизга ёзилган тақризлардан айримларини тақдим этамиз. Букблогерларнинг янги тақризлари учун сайтимиз ҳамиша очиқ.
«Нафақат кўп китоб ўқиб турадиган инсонлар қаторида, балки камроқ бўлса-да китоб ўқийдиган, бадиий адабиётга суяги бор одамларимизни кўпчилиги ўзбек адабиётига анчагина паст баҳо беради. Aйниқса, замонавий адабиёт ва янги авлод ҳақида сўз борганда, «биздан чиқмайди, бизникилар ҳалиям ғарбдан кўчиради» кабилар кўп айтилади. Сирасини айтганда, яқин йилларда мен ҳам муҳитимдагиларни ёқлардим, қандайдир замонавий адабиётга кўзим тушиб қолса, «намунча содда, намунча гўл бўлмаса», дердим. Секин аста фикрим ўзгара бошлади. Мен ўз ҳикоямни сўзлаб беришни кейинга қўярдим. Хуллас, мени замонавий ўзбек адабиётига симпатиямни Шерзод Ортиқов ўзининг янги образ ва сюжетлари билан бўяди. Бугун унинг «Куз симфонияси» ҳақида қисқача фикрларимни айтсам дегандим.
«Куз симфонияси» — ҳикоялар тўплами бўлиб, ёш ёзувчининг 20 та ҳикоялари жамланган. Умуман олиб қаралганда, Ортиқовни образларини кўпи ўз дунёсига эга. Кўп адабиётларимизда қаҳрамонларимиз гўл, содда, ҳаддан ортиқ ҳирсли ва ҳоказо, шунчаки ҳаммасига кўниккан авлодни кўрамиз. Зерикибам қоламиз гоҳи. Ортиқовни нафақат образлари, балки насри ҳам ўзгача. Ўзига хослиги бор.
Ҳамма ҳикоялариям мени ҳайратлантиролмаган эса-да, ижобий дея айта оламан. Энг яхшиларидан, «Тушкун шеърлар», «Танго раққосаси», «Қора ноутбук»ларни кўрсата оламан. «Тушкун шеърлар»да давримиздаги янги қон эгалари рамзини кўрасиз: маҳзун, сўлғин. Ва уларни тушунмайдиган ва шундай қонни булғаётган авлодни ҳам. «Танго раққосаси»да сиз бир раққосани ўз санъатини қанчалар билишига ҳайрон қоласиз, кейинроқ қатъиятига, асосийси, Тоҳир Маликдан маънавият ҳақида сўз хотирлаб, кечалари раққосаларга кўзини сузадиганларни кўрасиз. «Қора ноутбук»да эса, аксингизни: қаҳрамонни ҳамма хотираси — қандайдир буюм ичида. Ва у йўқ бўлди дейлик…
Бошқа ҳикоялариям яхши ёзилган ва ғоялар мубҳам эмас. Лекин янги сўзи кам. Ёзиш услуби, ҳикояни ўзани чиройли, аммо охирида оладиганингиз — вау эмас. Лекин сиз оддий ўқувчи кўзи билан ёндашсангиз, бу яхши.
Хотима ўрнида айтсак, яхши наср ва баҳор иси. Мен сизни ижодингизга ҳурматимни билдириб қоламан ва омад тилайман, Ортиқов! Биз сизга ишонамиз ва шахсиятингиз учун ижодингизга баҳо бермаймиз (гарчи сиз биз(мен)дек ўйламасангиз-да)».
Букблогер Самандар Эркинжонов
***
«Aвваламбор, нега айнан шу китобни мутолаа қилиш учун танлаганимнинг сабаблари ҳақида қисқача сўзлаб бермоқчиман. Тўплам муаллифи Шерзод аканинг ижтимоий тармоқ (Телеграм, Фейсбук) даги саҳифаларини доимо кузатиб келаман. Аканинг адабиёт, ижод борасидаги фикрлари билан бевосита танишиб боряпман. Унинг ижодкор сифатидаги баъзи бир фикр-мулоҳазаларини ўқирканман бошқа ёш ўзбек ижодкорларида ўзим кўришни истаган кутувларимни айнан Шерзод акада мужассамлашгандек туюлаверарди. Қолаверса, китоб муаллифининг ҳикоя ва эсселарини ҳам ўқиганман. Бу ҳолат юқоридаги фикримнинг янада мустаҳкаланишига хизмат қилиб бораверган. Шу-шу аканинг ижодига қизиқишим орта бошлади. Иккинчидан, бу янги ва илк китоб учун сўзбоши ўрнида устоз адибимиз, мен кўп ҳурмат қиладиган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Темур Пўлатов томонидан билдирилган илиқ фикрлар ушбу китобга қизиқишимни янада ошириб юборди. Учинчидан, умуман олганда ўзбек китобхони сифатида катта-катта адиблар қаторида ёш адибларимиз ижодини ҳам катта иштиёқ билан кузатиб бораман. Бу жараёнда Нодирабегим Иброҳимова, Меҳриноз Aббосова, Шерзод Комил Халиллар қаторида Шерзод Ортиқовларни ҳам ўзим учун кашф қила олдим, десам муболаға қилмаган бўламан. Хуллас, шу омиллар сабаб ушбу китоб мутолаасига киришдим.
Тўплам адибнинг илк китоби бўлса-да, асарни мутолаа қилган китобхон сифатида уни ибтидо учун юқори баҳоладим. Мутолаа давомида айниқса, диққатимни тортган жиҳат адибнинг инсон қалби, унинг ички кечинмалари, айниқса аёл қалби, унинг руҳий кечинмалари, характери, ҳиссий жараёнларини батафсил ёритиб беришга бўлган интилиш бўлди. Муаллиф кўп ўринларда бунга эриша олган. Aйниқса, тўпламдан ўрин олган «Куз симфонияси», «Октябр романтикаси» каби ҳикоялари шу фикримни яққол исботлашига мутолаа давомида иқрор бўласиз.
Баъзи ҳикояларда муаллиф жамият ҳаётидаги жирканч иллатларни ижодкорга хос тарзда танқид қилишга бел боғлагандай туюлса-да, лекин айнан шу ҳикояга бошқа бир улкан ички дардни яширган бўлиб чиқади. «Тушкун шеърлар» ҳикоясини ўқиган китобхоннинг ўзи бу фикрга қўшилмасдан иложи йўқ. Ҳикоялар орасидан менга айниқса, чуқур мушоҳада этишга ундагани ва шу билан бирга жуда маъқул келгани «Қора ноутбук», «Орзу ортидан», «Премьерадан сўнг», «Олис-олисларда», «Баҳор якшанбаси» ҳикоялари бўлди. Нега биласизми? Чунки уларда адиб ортиқча бадиий тасвирларсиз умуминсоний қадриятларни, ҳар бир инсон туйиши мумкин бўлган қалб оғриғини, фақат инсонгагина хос бўлган ўзгачаликни реал ҳолатларда тасвирлаб бера олган. Уларни ўқир экансиз бехосдан Нодир ҳис қилаётган қалб оғриғини ҳис қиласиз, унинг ўрнида зинҳор ўзингизни тасаввур қилишни эп кўрмайсиз, Қўрқасиз, дунёда ўзингиздан нимадир яхши нарса ёки самимий хотира қолдириш нималигини қалбан ҳис қиласиз, «Баҳор якшанбаси» даги бош қаҳрамон хотиралари ичида сайр қилиб бўлгач, ҳаётга нисбатан, инсонга нисбатан, неъматга нисбатан шукроналик ҳисси сизни чулғаб олади, Aзиза хотирлаётган болалик даврларида ўзингизни топгандек бўласиз, шу онда бутун вужудингизда, қалб-у онгингизда ўша йилларга хос бўлган беғубор ва пок туйғулар жўш уриб кетади гўё. Муаллиф баъзи ҳикояларда ҳал қилиниши лозим бўлган жиҳатларга ечим бермасдан уни ўз ниҳоясига етказиб қўяди. Бу билан унинг ечимини китобхоннинг ўзига қўйиб беради. Уни ўйлашга, фикрлашга ундайди.
Тўғри, баъзи ўринларда сиз муаллифдан бошқа нарсани кутасиз, худди классик адабиётни ўқигандаги каби. Яна баъзи ҳикояларни ўқигач, шу ўринларда нимадир камдек туюлаверади. Лекин, бу жиҳатларга куз юмиш ҳам мумкин. Чунки, бу ёш муаллифнинг илк катта ижод тўплами. Хуллас, баъзи вақтларда адабиёт оламига ўз услуби билан кириб келаётган бундай ёш ижодкорларнинг асарларини мутолаа қилиш керак. Ҳар ҳолда улар ўзимизники. Бу билан мен деярли барчасига кўз юмиб албатта уларни мутолаа қилиш керак, деган фикрга даъволик қилмайман асло. Шунчаки адибни адиб даражасига олиб чиқадиган китобхон бўлади, шундай экан китобхон сифатида балки яқин келажакда дунё эътироф этиши мумкин бўлган ёш адибларни кашф қилиб бориш керакмикан, демоқчи бўламан».
Букблогер Муҳаммадамин Мирсаидов