РОМАН ВА БУГУНГИ ДАВР

0
1066

адабий-танқидий мақола

2020-йил романлари деганимиз шартли бир тушунча бўлиб, гарчи ўтган йили чоп этилган бўлса ҳам айрим асарлар, жумладан, М.Мирзонинг “Шам ва шамшир” романи олдинроқ ёзилган. Шунингдек, пандемия сабабли ўтган йили режалаштирилган нашрлар кечикиб, масалан, “Шарқ юлдузи” журналидаги Х.Дўстмуҳаммаднинг романи 2021 йилнинг март ойида ҳам китобхонларга тўлиқ етиб бормади. Шу боис биз қўлимизда мавжуд материаллар асосида фикр-мулоҳазаларимизни баён этамиз.

Музаффар Мирзонинг “Шам ва шамшир” (Навоий ва Байқаро) романида Алишер Навоийнинг ёшлик йиллари воқеалари ҳикоя қилинади. Ёзувчи услубан ўзбек адабиётида Ойбек, О.Ёқубов, П.Қодиров томонидан яратилган тарихий роман анъаналарини давом эттиришга интилган. Улуғ мутафаккирнинг ёшлик йиллари тўғрисида ҳазрат Навоий ва замондошлари томонидан ёзилган тарихий маълумотлар роман сюжетига асос бўлган. Асарнинг ҳар бир боби Алишер Навоийнинг устози Сайид Ҳасан Ардашерга ёзган шеърий мактубидан келтирилган парчалар билан бошланади. Гарчи бу шеърий мактуб кейинчалик ёзилган бўлсада, улуғ шоирнинг ёшлик йилларидаги машаққатли ҳаёти ва руҳий изтиробларини ёрқинроқ очиб беришга хизмат қилган. Ёзувчи мавзуга оид тарихий манбаларни ўрганиб чиққан, бир қатор сюжет воқеалари, эпизодлар чиндан ҳам  муаррихлар қайд этган воқеа-ҳодисалар асосида бадиийлаштирилган. ХV асрда айғоқчи ва хуфяларнинг иш тартиби, Алишер Навоийнинг ўсмирлигида ночор яшаганлиги, касалга йўлиққани, болалигида Язд саҳросидаги кечмиши кабилар шулар жумласидан.

Романтик асарларда тарихий воқеликдан кўра ижодкорнинг ифода этмоқчи бўлган поэтик ғояси муҳимроқ ҳисобланган. Масалан, “Садди Искандарий” каби асарларда. Бироқ реалистик асарлардаги бадиий ҳақиқат тарихий ҳақиқатга зид келмаслиги зарур. Алишер Навоий 16-17 яшарлигида Машҳадда бетоб бўлиб ётганда Шайх Камол Турбатий ва Паҳлавон Муҳаммад билан учрашади. Алишер Навоий, замондош тарихнавислар, С.Айний, Е.Бертельс ҳам шу маълумотларни асарларида келтириб ўтишган. М.Мирзо Алишер Навоийнинг Машҳадда кечган ўсмирлигидаги воқеаларни негадир Самарқандга кўчириб тасвирлайди. Аслида Навоий илк бор Самарқандга 1466 йил 25-26 ёшларида келади. Назаримда ёзувчи Машҳадни кўрмаганлиги, яхши билмаганлиги боис воқеа жойини ўзгартирган кўринади. Асарда, албатта, ёзувчи бадиий тўқимадан фойдаланади, бироқ бу тўқима бадиий ёлғонга айланмаслиги керак.

Жумладан, Алишер Навоийнинг Абдураҳмон Жомий ва Абдураззоқ Самарқандий сухбатларига бостирма остидан хуфялардек қулоқ солиши, Мирзобек Сипоҳийнинг ўзидан тўрт аср кейин яшаб ўтган Ҳувайдо байтларини ўқиши, ҳазрати Жомийнинг фарзандини Кўркибой дея талқин этилиши каби қатор масалалар роман мазмун-мундарижасини ниҳоятда бачканалаштирган. Муаллиф бугунги одамларнинг юриш-туриши, муомаласи, дунёқараши, маиший ҳаёт тарзини ХV аср кишиларига бахш қилиб юборади. Айрим саҳифаларда чой ичиш эпизодлари мавжуд. Ваҳоланки, Навоий замонида чой деган тушунчанинг ўзи бўлмаган. XVIII асрнинг иккинчи ярмида ёзилган манбаларда “чой” атамаси учраб қолади ва бу ўша пайтда эндигина удумга айланаётганди.

Бугунги замонавий романлар учун қаҳрамонларнинг ҳаётий тарихлари унча ҳам муҳим ўрин тутмаётган бўлса-да, бироқ ҳали ҳам анъанавий романчилигимиз услубига яқин асарлар яратилаяпти. Зулфия Қуролбой қизининг “Машаққатли ҳаёт сўқмоқлари” романи шундай асарлар сирасидан. Асар тадбиркор Назира Шодмоновага бағишланган экан.

Давр ўзгариши баробарида кайфият, интилиш, орзу ҳаваслар ўзгаради ёки шу тушунчаларнинг янгиланиши давр иқлимини янгилайди. Аниқроқ айтганда, ҳар бир замоннинг модаси бўлади, масалан, кечаги “шляпа”ни бугун кийса, ғалати туюлади. Адабий ҳаётда ҳам шундай ҳолни кузатиш мумкин. Романчиликда салкам бир аср давом этган давр услубини, шунингдек, воқеанависликни бугун қўлласак ҳозирги ижтимоий, руҳий-психологик жараёнларни кўнгилдагидек акс эттириш мушкул. Давр услуби индивидуал услубдан кўра кенгроқ тушунча бўлиб, замона об-ҳавосини белгилаб турадиган барометрдир. Гарчи бугунги роман мазмунан теран ва салмоқдорлигини сақлаб қолган бўлса-да, композицион жиҳатдан сиқиқ, ҳажман ихчамлашди.

Ёзувчи қаҳрамоннинг машаққатли ҳаёт йўлини кўрсатиши учун унинг ота-боболари билан боғлиқ давр воқелигига ҳам батафсил тўхталади, натижада керак-нокерак, муҳим-номуҳим масалалар, ҳодисалар, эпизодлар аралашиб кетади. Ваҳоланки, бу мақсадни амалга ошириш учун керакни нокеракдан, муҳимни номуҳимдан ажратиб олиш кифоя қиларди.

Бадиий асарларда қаҳрамонларни оилавий мансублигига қараб талқин қилиш анъанавий усул. Агар бу усул сюжет воқеаларининг табиий оқимидан келиб чиқса, асарнинг ютуғи, бироқ ёзувчининг кўрсатмасига мувофиқ ҳаракатланса, эътирозга сабаб бўлади.

Сюжет марказидаги икки оила вакиллари сифатида Назира, Ҳамро буви бир қутбда, Жалил, унинг онаси иккинчи қутбда жойлашган. Ҳаёт мураккаб, фақат оқ ва қора ранглардан иборат эмас. Асар бошида салбий тасвирланган оилавий характерлар охиригача қора бўёқларда акс этади. Қаҳрамон, характер деганимиз, китобий тушунча эмас, онгли мавжудот, вақт, кечаётган ва ўзгараётган воқелик унда янгича сифат ва хислатлар пайдо қилиши, феъл-атворига муайян бир ўзгаришлар киритиши, шубҳасиз. Айниқса, характер романдай муҳташам жанрда ўзининг динамиклигини намоён этади. Янги характернинг пайдо бўлиши – янги асар яратилганлигини ангилатади.

Мазкур асарда Назира, оиласи, маиший ҳаёти, характерининг шаклланиши ва уларни қуршаб турган кишиларга берилган тавсифномалар, баён шунчалар кўп саҳифани эгаллайдики, булардан бемалол кўп қисмли телесериаллар яратиш мумкин. Чунки асар асосига қўйилган мазмун романдек жиддий жанргамас, кўрганда бир қадар қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган телесериалларга хос ва мос.

Бугунги замоннинг тезкорлиги ва шиддати роман структурасини янгилади. Йирик ҳажмли асарларнинг ўқувчиси камайди. Романнинг романлигини унинг ниҳоятда “семизлиги” эмас, балки мазмуннинг универсаллиги тайин этади.

Назар Эшонқул  жаҳон адабиётининг тажрибаю ютуқларнинг адабиётимизга дадиллик билан жорий этаётган ёзувчи. У “Мендан менгача” асарида фолклор, мифология ижод аҳли учун битмас-туганмас манба эканлигини таъкидлар экан, турли жанрдаги насрий асарлари билан буни амалий далиллаб беряпти. Унинг “Тақиқ меваси” романи ҳам шу йўналишдаги етук асарлардан бири.

Маълумки, Одам Ато ва Момо Ҳавонинг жаннатдан қувилиш мотиви жаҳон адабиёти ва санъатида кўп бор мурожаат этилган мавзулардан. Ҳар бир ижодкор ўзининг замонаси, руҳий-психологик ҳолати, воқеликка бўлган муносабатидан келиб чиқиб ушбу мавзуни турлича талқин қилади. Ёзувчи масаланинг моҳиятига, жумладан муҳаббат туйғусига кенг ва кўламдор фалсафий муносабатда бўлади.

“Одам Ота билан Момо Ҳавонинг асли гуноҳи тақиқ мевасини татиб кўришда эмас. Балки аршу аълонинг муҳаббатини  ер  юзига ўғирлаб тушганида ва уни ўз наслига мерос қолдирганида. Одамнинг хатоси шундаки, у шу танлови биланоқ фалак тартибига қарши энг катта исён қилди. Чунки муҳаббат одамга эмас, фаришталарга хос ҳиссиёт эди. Муҳаббатдан одам эмас, аслида фаришталар яралади. Одам эса уни жўн туйғусига айлантириб катта хато қилди. Одамнинг муҳаббатдан бошқа ҳамма нарсаси оддий гел, лой, оёқларинг остидаги тупроқ. Фақат муҳаббатгина уни аршу аъло билан боғлаб туради. Агар муҳаббат бўлмаганда одам деганимиз бошқа жониворлар каби оддий бир йиртқич маҳлуқ бўлиб қоларди”.

Романнинг “Малак. Ҳол.” аталган иккинчи фасли гўёки гўзал бир ғазалнинг насрга ўгрилган вариантига ўхшайди. Муҳаббат туйғусининг рангин ҳолатлари моҳир мусаввирнинг мўйқаламида турфа бўёқларда нақшланганидек, мумтоз шеъриятдаги “ёр”, “ағёр”, “мен” учлиги мунозарасига йўл очилади. Бу Момо Ҳаво тимсолидаги малак, Иблис тимсолидаги Маъбуд, Одам Ато қиёфасидаги “мен”ликдир. Энг муҳими шундаки, ёзувчи бугунги инсон ҳақида  айтмоқчи  бўлган фикр-кечинмаларини одамзоднинг яралиш тарихига тасаввуфона саёҳат қилиш билан рамзийлаштиради ва ўзигача яратилган мазкур  мавзудаги асарлардан фарқли, янги бир талқинни юзага келтиради.

Гарчи шайтон бир восита бўлса-да, иблису шайтонликка қарши хатти ҳаракатлар моҳиятан абсурд масала. Уни отиш, осиш, ўтда ёқиш мумкиндир, лекин у қайта тирилади, турли қиёфаларда  пайдо бўлади. Мазкур асарда ҳам у гоҳ “Жаннатдан қувилиш”  томошасини саҳналаштираётган режиссёр, гоҳ донолиги билан талабаларнинг ақлу ҳушини шошираётган муаллим қиёфасида намоён бўлади.

Аслида иблис қилни қирқ ёрадиган маккор ва уддабурон. Турли асарларда унинг зиммасига турлича вазифалар юкланади. Бу гал у танлаган аёл инсониятнинг сўнгги зурриёдини дунёга келтириши керак…

Умуман олганда, Назар Эшонқул шоир  айтганидек, шайтоннинг  ҳаддан ташқари  шайтонлигини кўрсата олган.

Улуғбек Ҳамдамнинг “Ота” романига сўз боши ёзган профессор Умарали Норматов асарга юқори баҳо беради. Чиндан ёзувчининг услуби, тили сержило, мавзу оргинал. Узоқ йиллар қамалганлиги, анча муддат тирноққа  зор  бўлганлиги, ниҳоят отаси каби у ҳам ёлғиз фарзанд кўрганлиги каби жиҳатлари билан Хайриддин Султоннинг Адаш Карвонини эсга солувчи Пўлат ота янги давр воқелигига дин ва хурофот борасидаги чалкаш қарашлари билан кириб келади. Тинчлик замонида йўқотганлари уруш пайтида йўқотганларидан қимматга тушди. Ўзининг орияту номус, иймон ва бурч тушунчалари билан оиласининг – аввал қизининг, сўнг хотинининг ҳаётига зомин бўлди. Ёзувчи бош қаҳрамоннинг ўша воқеадан кейинги руҳий-психологик ҳолатини, қалбида кечган азобли туйғулар силсиласини батафсил тадқиқ этади.

“Улуғбек Ҳамдамнинг  “Ота”  романида ўзбек оталарининг чинакам умумлашма образи акс этган”, – дея таҳририят томонидан китоб муқовасида берилган таъриф асосли эмас. Чунки, биринчидан қаламга олинган характернинг ҳаёт йўли типик ҳодиса эмас, иккинчидан, унинг кўпларга ибрат  бўладиган  сифатлари  ярқ  этиб кўзга ташланмайди. Назаримда, ноширлар китобни реклама қилиш учун шундай йўл тутишган кўринади.

Ушбу асарнинг сюжет ва композицияси, шакл ва мазмун кўлами “Исён ва итоат”, “Мувозанат” романларидагидек унча кенг ва мураккаб эмас, кенг аудиторияга мўлжаллангани учун ёзувчи соддароқ ифода усулини танлайди.

Қўйилган масаланинг  ҳал этилиши, қамров доирасининг якка шахс ҳаёти билан боғлиқлиги, шунингдек, асарнинг бир ўтиришда ўқиб чиқилиши каби хусусиятлари билан асар ўқувчига қиссадек туюлиши мумкин. Лекин бугунги роман табиатида қатор миқдор ва сифат ўзгаришлари кечаётганлиги, замон ва макон категорияларининг кенг объектив кўлам касб этаётганлиги мазкур асарнинг романлигини қонунийлаштиради. Бу ҳақда адабиётшунослар яна муносабат билдиришар. Гап асарнинг қайси жанрга мансублигида ҳам эмас, муҳими, қўйилган масалани бутун мураккабликлари ва қарама-қаршиликлари билан санъаткорона тасвирлай олинишида. Улуғбек  Ҳамдам  буни  уддалай олган.

Ўтган йилги романчилигимизда анча баҳсларга сабаб бўлган асарлардан бири, шубҳасиз, Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма” асаридир. Асарда оламни поэтик идрок ва ифода этишнинг лирик, насрий, драматик усуллари бирлашиб, янги бир индивидуал услубни юзага келтирган. Ўтган асрнинг 20-йилларида Германияда таҳсил олиб қайтган ватандошларимизнинг фожеали қисматига бағишланган бу асарда кечаги кунимиз, бугунги воқелик, келажак ўй-хаёллари тасаввурлар, туш манзаралари, галюцинация ҳолатлари реаллик билан боғланиб, эркин ифодага тортилади.

Муаллиф гўёки сайёҳларга йўлдош моҳир гидлардек ўқувчини ёруғ онгдан нимқоронғи онг остига, ундан оммавий онгсизликнинг зулмат босган манзилларига етаклаётгандек тасаввур уйғотади. Қадимий дардларнинг бу янги талқини халқ достонларидан руҳий озуқа олган, асар бошида Тоғай Мурод услубига эргашиш сезилса-да, ёзувчи тез орада ўзининг ифодалаш манерасини топиб олади.

Миқёсни кенг олганлиги боис бўлса керак, Жавлоннинг ифода усули ўз йўлида нима учраса оқизиб кетаётган стихияли тошқинга ўхшайди.

“Она ўлимини эрмак қиларди бир бахтиёр бола туғмоқлик учун. Аммо мен дунёга бахтли бўлиш учун келмаганман…

 …Азалдан йўқ эди насибам бахтдан, толедан. Фақат билардимки, тирик эдим ўзгалар қони, жони ва гарданига илинган лаънатлар учун.  Эскидан қолган бир капкир қарғиш бадалига ҳаво ўтиб турар эди томоғидан қум сизгани каби чанқаган саҳройи танасига. Аммо бу ланъат эгасининг қабри қани, қаердан келмоқда балолар? Ҳеч билмас эдим, топа олмасдим қанча қидирмай!”

Бу – сағир болаликнинг дунёи дунга маломати, ўзлигини излаётган, англаётган қайсар ва бедор руҳнинг ингроқлари, ёлғон ва қўрқувга асосланган муҳитга эътиқоду иймоннинг исёни, азобу уқубатларга тўлиб кетган қалбнинг мусибатномаси… Роман шундай мусибатларга тўлиб кетади, дурустроқ разм солинса, қаҳрамонларнинг ўтмишида ҳам, бугунида ҳам бир чимдим рўшнолик, бир қатим зиё кўринмайди. Гўёки атроф-муҳитнинг, мавжуд жамиятнинг зуваласи қора бўёқлардан таркиб топгандек.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, асарнинг айрим ўринларида, баъзан бутун бошли саҳифаларида миллий менталитетга мувофиқ келмайдиган тасвирлар учраб қолади. Масалан, ота-онасидай бўлиб қолган бобонинг оқшом момони, амакисининг янгасини чорлашлари, чақалоқнинг ҳожатхонага ташлаб кетилиши, сўкинишу – ҳақоратлар, тупуришлар, болалигидан  буён севиб келган, ҳаётининг нурли лаҳзалари бўлиб қолган Лоланинг охир-оқибат шармисор бўлиши ва шу билан боғлиқ туш манзаралари… Эҳтимолки, ҳаётда шундай ҳодисалар учраб қолар, аммо уларни бу даражада типиклаштириш  шарқона ахлоқ талабларига тўғри келмайди.

Ҳар қандай натуралистик тасвирда ҳам адабий меъёрга амал қилиш – асарнинг ғоявий-бадиий баркамоллигини таъминлайдиган бош мезонлардандир. Борхес таъкидлаганидек, модомики наср миллат тафаккурини тарбиялайдиган восита экан, ижодкорларимиз масаланинг айни жиҳатларига жиддий ёндошишлари зарур.

Хуршид Дўстмуҳаммад навбатдаги “Ўйин” романида олтмиш йиллар олдинги Тошкент ҳаёти манзараларини қаламга олади. Бу воқеалар бўлиб  ўтган вақт тахминан муаллифнинг болалик  йилларига тўғри келади. Синчковлиги, кузатувчанлиги, уйда уйдагиларнинг, кўчада болаларнинг ўйинларидан зерикиши, ёлғизликда хаёл суришга мойиллиги, китобсеварлиги ва ҳоказолардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Фазли образи ёзувчининг протатипи бўлса, ажаб эмас.

Сюжетнинг асосий қисмини болаларнинг ўйини ташкил этади. Энди у болалар ҳам, у ўйинлар ҳам йўқ, ўша пайтлардаги Тошкент ҳам йўқ. Романда таъкидланганидек, “Ланди-ланди, янги ўйин бошланди”. Воқеалар кечган маҳалла, гузар номлари сақланиб қолди, бироқ цивилизация аталган катта ўйинчи барча ўйинларни ўзгартириб ташлади: маҳаллалар бузилди, удумлар, дунёқарашлар, ўйинлар ўзгарди.

Кўпчилик учун болалар ўйинининг ҳеч ажабланарли жойи йўқдек туюлиши мумкин. Бироқ бу ўйинлардаги тўғрилик, самимийлик, ғирромлик, қитмирлик эртага бу болаларнинг ким бўлиб етишишидан дарак беради. Ёзувчи бу  борада фалсафа сўқиб ётмайди ёки лирик чекинишлар қилиб изоҳ ҳам бермайди, балки тасвирланган воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятидан шундай хулосалар табиий равишда келиб чиқади.

Асарда фавқулоддаги ҳодисалар, китобхонни шошириб қўядиган кескин бурилиш, мураккаб композицион комбинациялар ҳам йўқ. Сюжет гўёки секин ва сокин оқаётган дарёдек, нишаблигу гирдоблари ҳам ярқ этиб кўзга ташланавермайди. Романда бир-бирига ўхшамаган, бир-бирини такрорламайдиган бир қатор янги характерлар яратилган. Уларнинг нутқи, гапириш манералари, ҳаётий интилишлари асар тилининг жозибадор ва мазмунининг серқатламлигини таъминлаган.

Муҳими – ўқувчига тайёр хулоса тақдим этилмайди, кечани бугунга, бугунни эртага қиёслаш китобхоннинг ҳукмига ҳавола этилади.

Бугунги роман ўзининг универсаллиги боис халқимиз ҳаётининг турли даврларда босиб ўтган ҳаёт йўлини, турмуш тарзини ва улардан келиб чиқадиган хулоса ҳамда сабоқларини бадиият қонунлари асосида акс эттираётганлиги билан эътиборни тортади. Бугунги замондошларнинг орзу-интилишлари, ўй-хаёллари, дунёқараши, руҳий оламини ифодалашда узоқ ва яқин ўтмишимиз, ҳозирги ҳаётимиз, тирикчилигимиз бирдек тадқиқ этилмоқдаки, бу борада роман жанри объективлиги, кўламдорлиги, имкониятининг кенглиги билан муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шавкат Ҳасанов,

филология фанлари доктори

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting