“Партнёр” лойиҳаси доирасида кичик бир синов ўтказмоқчимиз. Қуйида ўзига хос шоира ва адиба Тилланисонинг бир ижодкор ҳақдаги фикрлари билан танишасиз. Ўқиб бўлгач, унинг кимлигини топишингиз керак бўлади.
1.Партнёрингиз сизнингча қандай инсон ва ижодкор?
Босиқ, объектив инсон ва интилувчан, ўз устида кўп ишловчи, илмли ва албатта истеъдодли ижодкор.
2. Сизнингча у ақл билан яшайдими ё юрак билан?
Юрак хоҳишлари асосидаги ақлий принциплар билан яшайди.
3.Унинг исмини маъносини биласизми?
Тез, шиддаткор дегани.
4.Ундаги қайси хислатларни ҳурмат қиласиз-у қайсиларини ёқтирмайсиз?
Ҳурмат қиладиган жиҳатларим кўп: ҳаммага бир кўзда қараши, хайрихоҳлиги доимий, ҳалим феъл-атвори. Ёқтирмайдиган жиҳатларини пайқаш даражада яқин бўлиб кўрмаган.
5.Унинг ҳозирги адабий жараёнда тутган ўрни…
Ёш ижодкорлар орасида энг пешқадамларидан ва жамият фикрини уйғотиш учун чин дилган уринаётганлардан бири деб биламан.
6.У билан охирги марта қачон гаплашгансиз ва нима ҳақда?
Охирги марта юзма-юз «Дуэл»ни томоша қилгани борганда кўришувдик. Ўшанда гаплашганмиз. Китоб чиқариш, нашриёт иши, китоб дизайни ҳақида бўлган суҳбат.
7.Унга кимларни устоз сифатида тавсия қилардингиз?
Олим Отахон ва Варгас Лёсани.
8.Ундан нималарни ўргана олишим мумкин деб ўйлайсиз?
Ижодидан воқеа баёни, ёндашув услубини ўрганишим керак деб ўйлайман. Шахсиятидан самимиятни (гарчи самимиятни ўрганиш мумкинлигига у қадар ишонмайман).
9.Унинг китобларини шахсий китоб жавонинизда сақлайсизми?
Ҳали олмадим. Олай, албатта сақлайман.
10.Унинг қаламига мансуб сиз севган шеър ёки насрий асар қайси?
Аёллар исми билан бошланувчи бир асари орқали таниганман.
11.Унинг ёзганларида нима кўпроқ кўзга ташланади? Руҳиятми, бадиий тасвир бўёқларими ёки қуруқ сюжет линиясими?
Руҳиятга йўғрилган бадиий тасвир бўёқлари ёрдамида чизилган турли тақдирларни ифода этувчи жонли сюжет линияси.
12.Агар ўхшатиш мумкин бўлса уни қайси машҳур бадиий асар қаҳрамонига ўхшатган бўлардингиз?
Ҳеч кимга ўхшатолмадим. Ўз асарлари қаҳрамонига ўхшайди.
13.Унинг асарлари тарихда қолади, деб ҳисоблайсизми?
У йўлини топиб ва бошлаб олган ижодкор. Камида ўзбек замонавий адабиётини кенг ўқувчилар оммасига яқинлаштирган ижодкор сифатида эсланиши шубҳасиз.
14. У билан дўст бўла оламан деб ўйлайсизми?
Шубҳасиз, яхши дўст бўламиз. Феълимизда уйғун жиҳатлар бор. Қисман қарашларимизда ҳам.
15. Бир лаҳза уни адабиёт кишиси эмас санъатнинг бошқа соҳасида тасаввур қилиб кўринг. Қайси соҳага мос келади?
Олим. Шайхзода сингари олим қиёфасида тасаввур қиламан.
16.Қаҳва ичиш, театрга бориш, сайр қилиш… шулардан қайси бирини у билан амалга оширган бўлардингиз?
Бугун кечга уни театрга таклиф қиламан. Опера театрида «Оққуш кўли»ни тамоша қилиб, кейин бир финжон кофе устида суҳбат қурамиз.
17.Унга битта яхши кинофильм тавсия қилинг.
«Бу дунёда қариялар учун мамлакат йўқ».
18.Унга битта яхши насрий, битта назмий асар тавсия қилинг.
Партик Модиано «Тўй саёҳати» романи. Aйни шу кайфиятда ўқишга мос. Октавио Пас ва Иосиф Бродиский шеъриятини варақлаб кўринг, сизга ёқади. Aсли ўқиб турсангиз ҳам керак уларни…
19.Дунё бўйлаб саёҳат имкони туғилса, унга қайси шаҳарни тавсия қилардингиз.
Лотин Aмерикаси шаҳарларини: Мехико, Бюнос Aйрес…
20.Партнёрингизга дил тилакларингиз.
Aдабиёт орқали дилларни ва дунёни забт этинг. Энг муҳими, ўзингизнинг кўнглингиз қониқадиган, этингиз жимирлаб, сизни ҳар куни қалқитиб юборадиган адабий, ижодий кашфиётлар тилайман.
Javlon-ku 😉
Shubhasiz, Javlon Jovliyev haqida)