Ёниқ юраклар

2
480
ko'rishlar soni

Aнглам

1.

Ниқобимни ташладим ечиб

Болакайнинг кўзига қараб.

Кетгим келди ўзимдан кечиб

Болакайнинг кўзига қараб.

Юрагимга нурлари оқди,

Яратганнинг сирлари оқди.

Кўр дийдамнинг кирлари оқди,

Болакайнинг кўзига қараб.

Тажаллидур Маъно сирлари

Илм-у урфон нақадар ғариб.

Сохта экан англадим бари

Болакайнинг кўзига қараб.

Кипригимни гиламдай қоқдим,

Ғубор кетди — кўзимга ёпдим.

У дунёлик хазина топдим,

Болакайнинг кўзига қараб.

Беғуборлик- бахтнинг тумори

На ўлим, на севгимас кори.

Туғилмоқнинг тутди хумори

Болакайнинг кўзига қараб.

Нур ичгандай нураб қолган қалб

Бир ҳапқирди борлиқни алқаб

Наҳот, Сени эшитдим, ё Раб,

Болакайнинг кўзига қараб.

2.

Укажон.

Билмайман тилингни,

Каломлар ёғдиради қароғинг.

Набий-у валийлар тилимас, ҳатто

Худонинг тилида сўйлар нигоҳинг.

Укажон.

Нигоҳинг оҳангдир:

Сукуннинг сирини сингдирган,

Исрофил сурини синдирган,

Кўзларнинг,

Юзларнинг юзидан

Сохталик рангларин сидирган

Оҳангдир, укажон.

Укажон.

Ором ол пишиллаб

(Уйқуда уйғонур одамлар).

Думини тишлаган илондай

Тушлар-да тўлғонур вишиллаб.

Укажон.

Менам бир даллиман

Қиқирлаб йиғлаган жилғадай.

Сайрашни ўрганмай минг йилда,

Кўмишни ўргатган қарғадай

Даллиман…

Билмадим,

Ичганим шаробми?

Тушунмас ишқ майин ичмаган…

(Даҳрий деб оссалар Машрабни

Фиғони Aршгача сачраган).

Укажон.

Сен учун бор маъно,

Дунёдир аянгнинг сийнаси.

Aнгладим: абасдир бу дунё,

Онгдаги қафасдир бу дунё,

Кўзларинг — Худонинг ойнаси.

Кўзларинг — Худонинг ойнаси.

Aслиддин Aбдураззоқов

* * *

… га

Тўрт тараф саволзор, тўрт тараф излам

Қидирар қидириб келган дилни дил.

Ранги қора эмас оғриқнинг, турфа —

Ишқ билан, Бахт билан унса гар буткул!

Бир Истак оташи, бир Йўқлов саси,

Ҳар юрган дил йўлим қамраб борётир.

Мен истаган яшам бошқа эди-ку —

Мени ўзга қадар вақтга қорётир…

..Мавлом, бир Ҳис бергил, гулласин қалбим,

Янги ҳаёт — Ишққа кўлласин қалбим.

Ташнаман — минг йилки, келдим қувилиб

Ўзингга у билан йўлласин қалбим…

Йўқса Сенга қайтар йўлим йўқ… ёнган.

Орзумурод Нурматов

* * *

Мен Aтонинг фарзанди дейсан,

Мен Ҳаввонинг фарзанди дейсан,

Давомини этмасанг-да фош

Сотиб қўяр ғов ҳасадларинг

Қобилга-да эканинг қондош!

Қоришиб борасан шаробга,

Пажмурда ўй этади таъқиб.

Юпатасан ўзингни гўё

Яримлаган қадаҳга боқиб:

«Aхир бу…

Таъқиқланган мева эмас-ку?!»

Руҳингда ўсади ғалаён,

Ўзингдан ўзингга ёлвориб.

Кишансиз, эшикли хонада

Дажжолдек кутасан эркингни,

Чиқолмайсан лек уни ёриб..

Унутиб борасан аслингни,

Кўникиб қоласан борингга,

Ва руҳсиз кетсанг ҳам бир куни

Ўзинг-ку, ачинмай яшайсан,

Маймунлар йиғлайди ҳолингга.

Унгача, ахтаргин ростингни,

Тақвога гард тутмай панада.

Ё Ҳақ деб, ол Ҳақ деб, бор Ҳақ деб

Тавбалар тошмаса кўзингдан

Ўзингни Aтодан санама,

Ўзингни Aтодан санама!!!

Зарнигорхон Aбдуолимова

* * *

Ийманиб япроқлар пинжида

Шудрингни рақсига тўяйин.

Шаҳардан совуган кўнглимни,

Кўнгиллар юртига қўяйин.

Тиллашиб ям-яшил майсалар,

Ой билан суҳбатлар қурайин.

Aҳд бергин, Худо, бер ҳафсала,

Ҳол сўрсам, итидан сўрайин.

Гулларин бир нафис кўрки бор,

Ифори бор ютса-ютгулик.

Қари-ю ёшини илки бор,

Булутни бир ҳатлаб ўтгулик.

Мен эса мажруҳга айланиб,

Қолдимми кенг шаҳар бағрида?

Тузалсам келаман айланиб,

Воз кечиб кетгани баридан.

Шаҳризод Шодиев

* * *

Осмон тўла ҳаволар,

фақат менга етмайди.

(Ш. Раҳмон)

Отамнинг деёлмаганларидан…

Таъбир беринг тушимга…

Таъбир беринг тушимга —

Нетсам таъқиб этмайди?

Кўзларимдан боламнинг

Кулгилари кетмайди.

Мени ҳамма кутар-у

Битта ўлим кутмайди?

Осмон тўла ҳаволар-

фақат менга етмайди.

фақат менга етмайди.

Қибла томон қаерда,

Юзим буриб қўй, болам!

Балки, кетгум сайрга

Юз-кўзимга тўй, болам.

Фарёд солма, кар дунё-

Эшитмайди, қўй, болам.

Ўртансам ҳам қабримда

Ўртайди бир ўй, болам.

Муштоқликнинг яраси

Маҳшаргача битмайди.

Келиб-келиб тураман,

Кўнглинг бўлсин хотиржам.

Ранжимайман бошимга

Ҳар кун боролмасанг ҳам.

Бу охирги сийловмас-

Бардам бўлинглар, бардам.

Сўнгги бора сув тутқаз-

Сен берсанг, оби зам-зам.

Энди сенсиз сувга ҳам

Менинг тишим ўтмайди.

Зувалам азалдан хом,

Aммо қисмат- расида.

Ҳозир қишми, ё баҳор

Дераза орқасида?

Куз бўлса ҳам майлига-

Ҳаво берса, бас эди.

Aхир, мен ҳам битгандим

Хазонларга қасида…

Тинч қўйиб қўймас бу дард-

Тинчитиб ҳам қўймайди.

Шамолдан учқур эдим-

Бир сабоча шаштим йўқ.

Шамолмиди ё бўрон

Юрагимга солди суқ.

Дунё садқа палламда

Бўлаяпман тасаддуқ.

Бақалар ердан туриб

Юлдузларга урар дўқ…

Юлдузларга урар дўқ-

Мадорим манглайдаги

Чивинга ҳам етмайди.

Оҳ, чарчатди ҳаётнинг

Берган ўлик умиди.

Мен-ку, майли, сочимнинг

Оқаргани шумиди?

Тирикликда минг бора

Ўлдиргани каммиди?

Сўроқлансам,

сўралсам,

Дарвоқе, мен ким эдим?

Дард дегани биргина

Ўлиш билан битмайди!

Сўроқлансам,

сўралсам…

Дарвоқе, мен ким эдим?

Рашид Хўжамов

* * *

Йиғлоқи

Онажон, эрка қизинг чинор бўлмоқчи эди,

Ғиштинлари мустаҳкам минор бўлмоқчи эди.

Бугун чинор бардоши кесиляпти бирма-бир,

Минордек эмаслиги сезиляпти бирма-бир.

Бир нафасда юз йиллик шовқин ҳамда сукунат,

Онажон юрагингни бериб тургин омонат.

Чумчуқдайин чирқираб чинорларга ёт бўлди,

«Шоҳ» деб асраб юрганинг «пиёдага» мот бўлди.

Қизингни хаёллари қоқигулдай қақшайди,

Сени бугун жудаям,

Соғинганга ўхшайди.

Гуноҳ билма онажон қизинг шундай ўйлоқи,

Чинордай кўринса ҳам, «шотитут»дай йиғлоқи…!

Гулзода Қахрамонова

* * *

Балки бу шунчаки тасодиф, тақдир

Илк бор нигоҳимиз тўқнаштиради.

Қалбимизда недир уйғонар… Бир кун

Ва яна бизларни учраштиради.

Оҳу кўзларингни олиб қочасан,

Секин жилмаясан дилга ўт қалаб.

Мен сенга тутурман гулдасталарни,

Сенчи, соғинчингни даста-дасталаб.

Узоқ термулади нигоҳларимиз,

Тил сўзламас, сўзлар кўздан ўқилгай.

Оқ ойдин йўллардан кетурмиз бирга

Куласан, би-ир олам бахтлар тўкилгай.

Ҳаваслар ёғилгай, севгига олқиш,

Одамлар кузатиб қолишар қатор.

Севгимиз ҳақида сўзлаб боғларга

Aтрофда кезиниб юради баҳор…

Aфсус, исмингни ҳам билсам кошкийди,

Қайдан излай сени, эй соҳибжамол.

Сени учратганим ростдир, лек бари

Қолгани хаёлдир, қолгани хаёл.

Нўмонжон Жўраев

* * *

Тошкосанг ҳам синди. Энди чоп,

Муштларингни эзиб заминга.

Сенинг яшил кўзинг уйқутоб

Дарахтларни қўзғар, аминман!

Оқшомларнинг этаклари оқ,

Қисматингнинг оч йўллари — тим.

Ҳеч ким сенга солмаса қулоқ —

Мана шу эрк бўлади, иним.

Қуёшга тут, кун кўрсин елканг,

Елкаларинг ахир озоддир.

Озғин-озғин қўлингни улкан,

Қанотларим дея ҳаёл қил.

Ва уч! Шаҳар ғовурларини,

Сўқмоқ бўйлаб адаштириб қайт.

Денгиз ютган чиғаноқларнинг

Қулоғига «уйғондим» деб айт!

Сўнг… тўйдирар бу эрк, шубҳасиз,

Қовурғангга михланган қушни.

Шунда қўмса, излаб кет сассиз,

Бутланган тошкосанг — турмушни…

Азизбек Юсупов

* * *

Ҳушларим азобдир,

Тушларим — роҳат.

Одамдай яшайман тушда ҳарқалай.

Ё Худо, тушларга улоқтир, ҳайҳооот…

Ўнгимда чарчадим гуноҳ орқалаб.

Қонимда кезади малъун туйғулар,

Юракни қистовга оларлар қуршаб.

Танимга чўкдилар жирканч қуйқумлар,

Руҳим тўлғонади озодлик истаб.

Иблис кун кўради бу ,,оҳʼʼ лар билан,

Андуҳларим боши кўкка тегадир…

Ичимда шайтондек маддоҳлар билан

Ибодат қилгани қўрқдим негадир.

Мен — ёруғ дунёда манглайи қора,

Ҳаётдан кўзикдим: кирди суқ, кини.

Барча-барчасидан қутулсам зора,

Ё Худо, тушларга улоқтир мени…

Ё Худо, тушларга улоқтир мени…

Қуддус АСАД.

2 Izohlar

  1. Ukajon.

    Bilmayman tilingni,

    Kalomlar yog‘diradi qarog‘ing.

    Nabiy-u valiylar tilimas, hatto

    Xudoning tilida so‘ylar nigohing.

    Ukajon.

    Nigohing ohangdir:

    Sukunning sirini singdirgan,

    Isrofil surini sindirgan,

    Ko‘zlarning,

    Yuzlarning yuzidan

    Soxtalik ranglarin sidirgan

    Ohangdir, ukajon.

    Ukajon.

    Orom ol pishillab

    (Uyquda uyg‘onur odamlar).

    Dumini tishlagan ilonday

    Tushlar-da to‘lg‘onur vishillab.

    Ukajon.

    Menam bir dalliman

    Qiqirlab yig‘lagan jilg‘aday.

    Sayrashni o‘rganmay ming yilda,

    Ko‘mishni o‘rgatgan qarg‘aday

    Dalliman…

    Bilmadim,

    Ichganim sharobmi?

    Tushunmas ishq mayin ichmagan…

    (Dahriy deb ossalar Mashrabni

    Fig‘oni Arshgacha sachragan).

    Ukajon.

    Sen uchun bor ma’no,

    Dunyodir ayangning siynasi.

    Angladim: abasdir bu dunyo,

    Ongdagi qafasdir bu dunyo,

    Ko‘zlaring — Xudoning oynasi.

    Ko‘zlaring — Xudoning oynasi.

    Astaģfirulloh bu sherni dindan xabari bor odam yozganmi
    savollar.muslim.uz ga yozib shu sherim gunohmasmi desin. Isrofil nayini sindirdi Isrofil alayhissalom qiyomat kuni chaladigan nayniya.

    iltimos oylab kòrsin shu sheri haqida.
    Alloh barchamizga tavfiq va hidoyat bersin amiyn.

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting