«Партнёр»: Гулжамол Асқарова ва Гулноз Мўминова.

1
1239

1. Партнёрингиз сизнингча қандай инсон ва ижодкор?

Г.А: Гулноз кўпчилик билганидек вазмин, босиқ, маърифатли, тарбияси етук инсон. Унинг оғир-босиқлигини азиз устозим Ҳалима Худойбердиеванинг фазилатига уйғун кўраман. Ҳалима опам айтганларидек: “Ич-ичида йўлбарс ўкириб, сиртдан майин жилмайган аёл” деб шундай аёлларга таъриф берилади-да. Шу икки вазмин инсоннинг ўртасида яшаб ҳам Ҳалима опам айтмоқчи қиличдек кескирлигиму, оловдек сачраб туришимни тарбиялай олмаганимга ҳайронаман (ҳазил). Гулноз талабалик пайтимизда ҳам ўз хаёллари, ўз олами билан юрадиган, лекин биз уч дугона Гулноз, Шарифа ва мен уч оламни бирлаштирган бир олам сифатида кўпчиликни эсида қолганмиз. Яхши ва меҳрибон дўст бўлганмиз. Талабаликдан кейин ўтган 20 йилча вақт ичида кам кўришдик. Ҳамма ўз тақдирини, ўз изтиробларини, қувончларини ўз ҳолича яшади бу даврда. Мана бир дунё йўқотишлар, топишлар, синовлар  аро одамнинг қадри ва кўнгли кўп нарсадан муҳимлигини англаган ёшга келдик, шукр. Ҳозир ўша азалдан Худо мавжлантирган туйғулар тўлқинидамиз. Худо доим биз дўстларни бир-биримизга меҳрибон ва азиз қилсин. Гулнозни ижодкор сифатида давримизнинг ўрта ёш аёл адабий жамоатчилиги орасида энг баланд поғонага қўяман. У мунтазам китобга ошно, ўз устида ишлайди, у ижоднинг қора меҳнатини қиляпти, “яллама ёрим яллоласи” йўқ. Шеърлари, таржималари ва фикрлари унинг Шахс эканини ҳам исботлаб туради.

Г.М: Гулжамол яхши инсон. Албатта, баъзан уни дағал кўрсатадиган чўрткесарлиги, бир оз кибр-ҳавоси бор. Лекин фазилатлари нуқсонларини ёпиб кетади. У ўзидан кўмак сўраган инсонни рад этганини деярли кўрмаганман. Дўстларини яхшию ёмон хислатлари билан бирга қабул қила олади.

2. Сизнингча у ақл билан яшайдими ё юрак билан?

Г.А: У ақл ва юрак уйғунлигида яшайди. Аслида ижодкор учун шу уйғунликка эришиш муҳим. Бу маълум маънода ўз устингдан қозонилган ғалабага ҳам ўхшайди.

Г.М: У ҳам ақл, ҳам юрак билан яшайдиган одамлар сирасидан. Яъни, фақат ақлга суяниб иш кўрадиган даражада юраксиз ёки фақат юракка таянадиган даражада девона эмас. Умуман олганда, яхши ижодкор ва яхши инсон бўлиш учун ҳам ақл, ҳам юрак билан яшаш керак эмасми?!

3. Унинг исмини маъносини биласизми?

Г.А: Гулноз… нозли гул дегани бўлса керак. Мен 18-19 ёшларимда унга бағишлаб ёзган шеъримда Гул деб мурожаат қилгандим. Гулли исмлар чиройли бўлади-да. Гулнинг туришининг ўзи нозку, шу маънодадир.

Г.М: Исмининг маъноси ўзи билан. “Гул юзли, гул чеҳрали” дегани.

4. Ундаги қайси хислатларни ҳурмат қиласиз-у қайсиларини ёқтирмайсиз?

Г.А: Унинг вазминлигини яхши кўраман. Кўзлари билан гапира олишиниям. Оилапарварлиги, ҳазилкашлиги, гапни ҳеч қачон нишонга урмаса гапирмаслиги ёқади. Уни менга ёқмайдиган жиҳати деярли йўқ. Лекин, билмадим нечоғлик ҳақман, одам кўп синовлардан сўнг шунақа “маломатчи” бўлиб қолар эҳтимол, ёки бунга Гулнознинг муносиб сабаби бордир, нима бўлгандаям 2016 йилларда бошимга тушган оғир кунларимда “ҳой яхшимисан” демагани, йўқламагани жуда оғир ботган. Ҳафа бўлиб шеърлар ҳам ёзганман ўшанда. (Балки ҳадеб синовга тушавериб жонигаям теккандирман дўстларимниям (шу жойда кулган смайлкча).

Г.М: Гулжамол жигарларига, яқинларига, кези келганда шогирдларига ҳам ниҳоятда меҳрибон. Укалари, жиянлари учун нафақат опа, балки она даражасида қадрли. “Силайи раҳм” масаласи анчайин унутилган замонамиз учун бу жуда зарур фазилат. Ота-онага мурувватли бўлиш, қондошларига меҳр-оқибат кўрсатиш масаласида ундан ибрат олса арзийди. Салбий хислат дейиш мумкинми-йўқми билмадим, бир оз аразчилиги, гиначилиги бор.

5. Унинг ҳозирги адабий жараёнда тутган ўрни…

Г.А: Аёллар шеъриятида ўзигагина хос бўлган ва шахс сифатидаги фазилатлари каби ёрқин ўрни бор деб ўйлайман. Аввало, Худо берган истеъдоди, “Фасллар шивири”, “Сайёҳ қушлар”, “Дил синиқлари”, “Чиғаноқ”, “Комета”  китоблари, турк, рус, эрон, поляк, хитой, болгар ва бошқа халқлар адабиётидан қилаётган таржималари, салоҳияти, билими ва халқнинг муносиб фарзанди сифатида ҳамда аҳлоқий мезонлари билан у бугунги ўрта ёш аёллар авлоди орасида мен учун энг биринчи ўринда туради. Назаримда адабиётшунослар холис баҳоласаям натижа шундай! Бир шеъридан икки мисра келтираман ва шунинг ўзи унинг ижодий қуввати ва поэтик маҳоратининг даражасини кўрсатиб қўя олади деб ўйлайман:

Эгилган бошларни унутар қилич,

Мангу ёдда қолар эгилмаган бош!

Г.М: Ишонч билан айтаманки, ҳозирги шеъриятда, хусусан аёллар шеъриятида Гулжамолнинг муносиб ўрни бор.

6. У билан охирги марта қачон гаплашгансиз ва нима ҳақда?

Г.А: Яқинда, бир ой ҳам бўлмади. Ҳамма мавзуда гаплашиш мумкин бўлган инсонларим сафида у ҳам. Кўпроқ адабиёт ҳақида…(баъзан фойдали адабий ғийбатлар ҳам қилиб турамиз).

Г.М: Икки-уч кун аввал кўришиб, жуда кўп нарсалар ҳақида (албатта асосий мавзу адабиёт бўлди) гаплашдик. Дунёнинг бу томонидан кириб, нариги томонидан чиқдик, десам бўлади.

7. Унга кимларни устоз сифатида тавсия қилардингиз?

Ўзимнида! (қўрқманг… ҳазил) Икковмизгаям устозлик қилган, иккимизни ҳам яхши кўриб ардоқлаган Ҳалимаи жаҳонимизнинг руҳлари шод бўлсин! Гулноз ҳаётда устоз излагани йўқ, оиласида ота-онаси ва оилавий муҳити уни асарларни саралаб ўқишга ўргатган. Назаримда, ҳар қандай етук устоз Гулноздек шогирди бўлишини орзу қилади (албатта, бу гапим устоз-шогирд муносабатларини эскилик сарқити ёки паноҳ топиш деб тушинадиганларга тегишли эмас) У ҳам устозлик рутбасига етиб бўлди. Унинг таржимачиликда эришган натижалари кўламини, ёзган шеърларининг бадиият даражасини англаб туриб айтаманки, унга ҳамон китоблар устоз ва ўтиб кетган устозлар руҳи мададкор.

Г.М: Устоз борасида Гулжамол тавсияга муҳтож эмас. У кўп йиллар нафақат шогирд, балки бир фарзанд каби Ўзбекистон Халқ шоираси, 20-аср ўзбек шеъриятининг маликаси — Ҳалима Худойбердиеванинг ёнларида бўлди. Ўйлайманки, Ҳалима опамдан олган ижодий ва ҳаётий сабоқлари, бирга туйган қувончларию бирга чеккан изтироблари унга бир умрга кифоя қилади.

8. Ундан нималарни ўргана олишим мумкин деб ўйлайсиз?

Г.А: Ҳар қандай тақдир туҳфаларига, юксак қувончларга ҳам, дунёни бузадиган даражадаги мислсиз фитналарга ҳам сокинлик ва жимлик билан муносиб жавоб беришни!

Г.М: Ғайрат-шижоатни, қатъиятни.

9. Унинг китобларини шахсий китоб жавонингизда сақлайсизми?

Г.А: Ёмон одатларимдан яна бири… бу – ёқмаган китобларни жовонимдан олиб алоҳида қутига жойлаб ўликлар оламига равона қиламан. (Худо илоҳим бизнинг китобларни бундай фожеи қисматдан асрасин.) Чунки фақат ўзим севган китобларимни, тез-тез ўқисам руҳ бағишлайдиган китобларнигина жавонга қўяман. Гулнозимнинг менда бор китоблари албатта жавонимда туради. Бориб кўришингиз ҳам мумкин.

Г.М: .“Уйғотувчи алла” ва “Эркалик имтиёзи” китоблари китоб жавонимда туради.

10. Унинг қаламига мансуб сиз севган шеър ёки насрий асар қайси?

Г.А: Мен унинг баъзи шеърларини ёддан биламан, талабаликдан айрим мисраларини такрорлаб юраман. Масалан: “…Асли йиғлаш керак, сен эса ўзни тутолмайсан кулгудан”, “Азиз у кунларнинг ҳатто қайғуси”, “Сиз жим қолинг, мен сокин кетай, …Кўзингизнинг гулханларидан, Билдим менга ичикканини. Бир кун йиғлаб англарман яна, Кўнглингизга кечикканимни. Сиз жим қолинг, мен сокин кетай. Яқин кунлардан бери унинг “Ишоралар” шеърини ёдлаб юрибман. Мана ўша шеър:

Давраларда айтилмас исминг.

Одамлар сен ҳақда

Ишоралар ила сўзлашар.

Асли таваллудинг қутлуғ ишора,

Бир ҳур ишорадир борлигинг.

Бир ғамгин ишорадир

Видоларга сазоворлигинг.

Эй гўзал ишора,

Бармоқларим ёд олар сени.

Г.М: Кўргина шеърлари ёқади. Энг севганларим: “Бир ёр топсак эдик жондан кечгулик”, “Майсанинг ҳеч иши йўқми илдиз билан”, “Лайлатул қадрларда суралар ўқиб ётсам” деб бошланадиган шеърлари. Яна “Мажнуннинг боши” деган шеърини ҳам яхши кўраман. (ўзиям билади)

11. Унинг ёзганларида нима кўпроқ кўзга ташланади? Руҳиятми, бадиий тасвир бўёқларими ёки қуруқ сюжет линиясими?

Г.А: Гулнознинг юқорида айтганим каби аввало Худо берган истеъдоди бор. Мана шу истеъдодни ўқиб, ўрганиб, тафаккур ва қалбни бойитиб яшаётгани ва ижод қилаётгани унинг шеърларида табиат ҳам, жамият ҳам, муҳаббат ҳам, руҳнинг тебранишларию ақлнинг реал қарорлари ҳам бадиий бўёқларда чизиб кетилаверади. Унинг бадиий мундарижасининг бойлиги менга ёқади.

Г.М: Гулжамолнинг шеърларида руҳият ва бадиий тасвир воситалари кўпроқ кўзга ташланади. Аксарият ҳолатда шеърларининг таъсир кучи тасвирнинг тиниқлиги ва туйғунинг самимийлигига таянади, дейиш мумкин. Бу айниқса муҳаббат мавзуидаги шеърларида яққол кўзга ташланади.

12. Агар ўхшатиш мумкин бўлса уни қайси машҳур бадиий асар қаҳрамонига ўхшатган бўлардингиз?

Г.А: Шу ўринда мен ўзимни ичимда бир неча йиллардан буён юрган яхши бир туйғуни айтгим келди. Мирзо Абдулқодир Бедилни севиб ўқимайдиган одам йўқдир, унинг отаси ҳарбий бўлгани ва Шаҳрисабзда туғилганини ўқиганимдан буён  Бедил ғазалларини ўқий бошласам Гулнозни чеҳраси кўз ўнгимга келади. Ўзимча бир ажиб боғлиқлик кўраман… Яна бир фикрки, унинг умри илоҳим узоқ бўлсин, билмадим нега кўп ҳолларда “Ўтган кунлар”даги Кумушга, «Замонамиз қаҳрамони»даги Княжна Бэласига ўхшатаман.

Г.М: Айнан битта адабий қаҳрамонга ўхшатолмадим, лекин фидоийлик борасида “Уруш ва тинчлик”даги Соняни, ҳаракатчанлиги ва меҳнатсеварлиги билан “Синчалак”даги Саидани эслатади.

13. Унинг асарлари тарихда қолади, деб ҳисоблайсизми?

Г.А: Ҳеч биримиз сарҳисобчи ёки сараловчи эмасмиз. Лекин аён кўриниб турган ҳақиқатларни англаймиз. Тарихда қолиш деса баъзан кўз ўнгимга шафқатсиз йиллар шамолининг китоблар варақларини чирпирак қилиб ўйнаётган манзараси келади. Юрагида, руҳида абадият қайғуси ва умиди бўлмаган ижодкор йўқдир оламда. Бальзак айтади-ку “Ўзим ўлиб кетсам ҳам майли, илтимос фақат асарларим яшаб қолсин” деб. Мен адабиётдан таъма қилмайман, дейишса энсам қотади. Бир озорсиз илинж борки ичимизда, бу ҳам бўлса унутилмаслик умидидир. Бу умид шами доим милтиллаб туради… Гулнозни ёзганлари ва ёзажаклари инсоният руҳиятининг қайсидир иқлимларини, қалбининг қайсидир манзилларини яшнатиш учун хизмат қилади деб ўйлайман. Қолаверса, омма ҳақиқий адабиётни инкор этиб енгил-елпи, тез ҳазмлик, ўғирланган шеърлар руҳи акс этган қўшиқбоп нарсаларни ва плагиатлик маҳсулларини “шу ҳақиқий ижод” деб тан олиб турган бир пайтда Гулноз шовқинсиз, иддаосиз қаттиқ меҳнат қилаётир. Мен унинг ижоди абадиятдан баҳрадорлигига ва халқимиз адабиётининг тарихида қолишига ишонаман. (Янаям Аллоҳ билгувчироқдир.)

Г.М: Юксак истеъдод эгаси бўлган, минглаб шеърлар ёзган шоир ҳам адабиёт тарихида 10та, нари борса 20та шеъри билан яшаб қолиши мумкин. Гулжамолнинг мухлислари севиб ўқийдиган ўнларча шеърлари борлигига асосланадиган бўлсам, ўзбек адабиёти тарихида албатта қолади.

14. У билан дўст бўла оламан деб ўйлайсизми?

Г.А: Қиёматлик дўстмиз деб умидланаман. Тўғри, доим ёнимда ёки ёнида бўлолмаслик мумкин. Лекин қалбимиз ва тақдиримиз ришталарини Худо боғлаган деб ўйлайман, шундай сезаман.

Г.М: У билан дўстлашганимизга кўп йиллар бўлди. Айтишим мумкинки, чорак аср муқаддам Каттақўрғоннинг чекка қишлоғидан шаҳри азим Тошкентга ўқишга келган, 109-аудиториянинг охирги партасида ёлғиз ўтириб олиб, қишлоғини, ота-онасини соғиниб шеърлар ёзадиган жингалаксоч қизчани қандай яхши кўрган бўлсам, ҳозирги “арбоб” Гулжамолни ҳам шундай яхши кўраман.

15. Бир лаҳза уни адабиёт кишиси эмас, санъатнинг бошқа соҳасида тасаввур қилиб кўринг. Қайси соҳага мос келади?

Г.А: У барибир адабиёт одами! Жуда борса уни адабиёт олий даражада ўқитиладиган хорижий олий ўқув юртининг профессори деб тасаввур қилишим мумкин. Масалан, Аннамарие Шиммел хоним каби олима деб.

Г.М: Адабиёт одами бўлмаганида яхшигина ишбилармон ёки сиёсатчи бўларди, деб ўйлайман.

16. Қаҳва ичиш, театрга бориш, сайр қилиш… шулардан қайси бирини у билан амалга оширган бўлардингиз?

Г.А: Сайр қилиш, суҳбатлашиш ва кетмон олиб тонгда намхуш тупроқда ишлашни У билан бирга бажарган бўлардим.

Г.М: Бирга театрга борган бўлардим. Анчадан бери дўстларим билан “Оққуш кўли”ни кўргим бор. Негадир кам намойиш қилишяпти шу асарни.

17. Унга битта яхши кинофильм тавсия қилинг.

Г.А: “Яшил майдон” (“Девор” ҳам).

Г.М: Бир эмас, учта фильм тавсия қиламан: Тенгиз Абуладзенинг “Орзу дарахти”, Андрей Тарковскийнинг “Солярис” ҳамда эрон режиссёри Мажид Мажидийнинг ҳиндистонлик киноижодкорлар билан ҳамкорликда суратга олган “Булутлар ортида” фильмларини.

18. Унга битта яхши насрий, битта назмий асар тавсия қилинг.

Г.А: Гулжамол Асқарованинг (ҳазил)… Танлаш осонмас. Яхши асарларни ўқиб тугатишга умримиз етармикан. Иброҳим Ғафуровнинг “Ҳаё ҳалоскор”и ва ўзи билган бундан 40 йилча олдин нашр қилинган “Аср шеърияти” (асил таржималар) китобини.

Г.М: Мен ўқиган асарларни у ҳам ўқиган бўлса керак. Шунинг учун Гулжамолга Стефан Цвейг новеллалари, Виржиния Вулф ҳикоялари ҳамда ўзим севиб ўқиган “Поляк шеърияти антологияси”ни тавсия этаман.

19. Дунё бўйлаб саёҳат имкони туғилса, унга қайси шаҳарни тавсия қилардингиз?

Г.А: Ҳамма гўзал юртларга боришини тилайман ва Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Каттақўрғон деган мамлакатлардан сўнг (ҳазил) Яратганнинг нурига чўлғанган юртларни кўрсин. Ўзим Кореяга борганим ва у юртда аёл ижодкорларига бўлган муносабатни озроқ кўрганим учун Кореяга боришини тавсия қилган бўлардим.

Г.М: Венеция ва Афинани.

20. Партнёрингизга дил тилакларингиз.

Г.А: Соғлик энг олий неъмат. Аввало соғ-омонликни, ҳеч қаери оғримаслик бахтини, ҳотиржамликни тилайман. Ва бир марта келадиган дунёда Гулнозга барча инсоний саодатлар насиб этиши истайман!

Г.М: Қодир Аллоҳ ҳамма ниятларинг ижобатини берсин, ўзи камларингни тўлдирсин, Гулжамол. Вужудинг саломат, қалбинг ҳамиша ижодий кайфиятга шай, руҳинг хотиржам бўлсин.

1997 йил, Тошкент

Нодирабегим ёзиб олди

1 izoh

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting