Партнёр: Шерзод Ортиқов ва Маҳлиё Умрзоқова.

0
1206
  1. Партнёрингиз сизнингча қандай инсон ва ижодкор?

Ш.О: Яхши ижодкор ва самимий инсон. Маҳлиёда инсонни ҳар қандай шароитда  тинглай билиш хусусияти кучли шаклланган.

М.У: Партнёрим ростгўй инсон ва жуда масъулиятли ижодкор.

2. Сизнингча у ақл билан яшайдими ё юрак билан?

Ш.О: Менимча, у ақл билан яшайди. Ҳар ҳолда менга шундай туюлади. Феъл-атворида чўрткесарлик бор озгина.

М.У: Кўпроқ ақл билан яшайди деб ўйлайман.

3. Унинг исмини маъносини биласизми?

Ш.О: Тўғриси, бу ҳақида сираям ўйлаб кўрмаган эканман. Маъноси назаримда инсонларни ўз қалби ва ташқи гўзаллиги маҳлиё қила олишни назарда тутса керак.

М.У: Довюрак, ботирлар авлодидан деган маънони англатади.

4. Ундаги қайси хислатларни ҳурмат қиласиз-у қайсиларини ёқтирмайсиз?

Ш.О: Маъсулиятли ва самимийлигини қаттиқ ҳурмат қиламан. Ижодда дангаса, шу камчилигини ёқтирмайман. Балки оила ва фарзандлардан ортиб шеър ёза олмаётгандир ҳозир. Аммо чинакам ижодкор ҳар қандай вазиятда ёзишдан тўхтаб қолмаслиги керак.

М.У: Ҳаракатчанликларини, масъулиятлиларини ёқтираман, қайсарликлари эса…

5. Унинг ҳозирги адабий жараёнда тутган ўрни…

Ш.О: Мустаҳкам дея олмайман. Лекин интилса, ўз устида ишласа яхши шоиралардан бири бўлиб ўз ўрнига эга бўлиши мумкин.

М.У: Жуда сермаҳсул ижодкор, ҳатто халқаро адабий жараёнларда ҳам фаол.

6. У билан охирги марта қачон гаплашгансиз ва нима ҳақда?

Ш.О: Тўғриси, охирги марта кеча гаплашдим. Унинг илк китоби ҳақида.

М.У: Юзма-юз “Куз симфонияси” китоблари тақдимотида гаплашганмиз.

7. Унга кимларни устоз сифатида тавсия қилардингиз?

Ш.О: Тириклардан тавсия қилмайман, чунки улар кўпи бир тийинга қиммат ва ўзлари устозга муҳтож. Ўлганлардан Шавкат Раҳмон ва Анна Ахматова ижодларини чуқурроқ ўрганишини тавсия қиламан.

М.У: Билмадим, ўз устозларига ва ўз йўлига эга ижодкор деб ўйлайман.

8. Ундан нималарни ўргана олишим мумкин деб ўйлайсиз?

Ш.О: Юқорида айтганимдек инсонни тинглай билишни. Бу борада ундан мастер класс олиш мумкин.

М.У: Жуда яхши китобхон, кўп китоб ўқиганликларига ҳавасим келади.

9. Унинг китобларини шахсий китоб жавонинизда сақлайсизми?

Ш.О: Маҳлиёнинг илк китоби энди чоп этилди. Насиб бўлса қўлимга дастхати туширилган бу китоби келиб тушса, китоб жавонимда албатта сақлайман.

М.У: Албатта, тақдимотда дастхатлари билан олганман.

10. Унинг қаламига мансуб сиз севган шеър ёки насрий асар қайси?

Ш.О: Болалик хотиралари ҳақидаги шеъри ёқади менга кўпроқ.

М.У: “Ёмғир вальси” ҳикояси.

11. Унинг ёзганларида нима кўпроқ кўзга ташланади? Руҳиятми, бадиий тасвир бўёқларими ёки қуруқ сюжет линиясими?

Ш.О: Кўпроқ бадиий тасвирга урғу беради.

М.У: Руҳият кўпроқ кўзга ташланади.

12. Агар ўхшатиш мумкин бўлса уни қайси машҳур бадиий асар қаҳрамонига ўхшатган бўлардингиз?

Ш.О: Ростини айтсам уни Лев Толстойнинг “Уруш ва Тинчлик” романидаги Наташа Ростовага ўхшатаман.

М.У: “Чолиқуши” романидаги Комронга.

13. Унинг асарлари тарихда қолади, деб ҳисоблайсизми?

Ш.О: Ўйлашимча, буни вақт кўрсатади.

М.У: Кўп асарлари яхши ёзилган.

14. У билан дўст бўла оламан деб ўйлайсизми?

Ш.О: Аллақачон яқин дўстман.

М.У: Ҳа.

15. Бир лаҳза уни адабиёт кишиси эмас, санъатнинг бошқа соҳасида тасаввур қилиб кўринг. Қайси соҳага мос келади?

Ш.О: Рассом сифатида кўз олдимга келтираман. Менимча, унинг типажи бунга мос.

М.У: Улардан жуда яхши актёр чиқса керак.

16. Қаҳва ичиш, театрга бориш, сайр қилиш… шулардан қайси бирини у билан амалга оширган бўлардингиз?

Ш.О: Шекспирнинг “Ҳамлет” спектаклини кўриш учун у билан бирга театрга борган бўлардим. Ўзбек Миллий академик драма театрига.

М.У: Менимча қаҳва ичиб суҳбат қурган бўлардим.

17. Унга битта яхши кинофильм тавсия қилинг.

Ш.О: Марта Файнс режиссёрлигида 1999 йил ишланган “Онегин” фильмини тавсия қиламан.

М.У: Бу борада яхши дид эгаси бўлишлари керак. Чунки ижодкор ўз руҳиятидан келиб чиқиб танлов қилади.

18. Унга битта яхши насрий, битта назмий асар тавсия қилинг.

Ш.О: Уильям Фолкнернинг “Авессалом, Авессалом” романи ва Иосиф Бродскийнинг шеърлар тўпламини.

М.У: Шерзод Ортиқов мен билган барча асарларни ўқиб чиққанлар. Шунинг учун бу борада ожизман.

19. Дунё бўйлаб саёҳат учун унга қайси шаҳарни тавсия қилардингиз.

Ш.О: Венеция шаҳрини. Бу шаҳарга ҳар бир киши бориши керак аслида гўзаллик нима эканини тўлиқ тушуниб етиши учун.

М.У: Билмадим. Мен денгизга боришни ҳоҳлайман, улар борганлар менимча.

20. Партнёрингизга дил тилакларингиз.

Ш.О: Оиласи ва фарзандлари бахтига соғ-омон бўлсин. Ижодий ишларига зафарлар ёр бўлсин!

М.У: Доимо руҳиятлари ва шахсиятлари баланд бўлсин. Улардан янги асарлар, янги китобларини кутиб қоламан.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting