Насиба нон

    0
    164
    ko'rishlar soni

    ҳикоя

    Шом қоронғусида чол ўғлини етаклаб дарвозадан кириб келди. Кампирнинг икки кўзи уларда. «Ишқилиб яхши хабар бўлсин» дея кўнглидан ўтказди.
    -Ҳай, нима дейишди?-сабри етмай саволга тутади.
    -Кўнмади… приказ қатъиймиш.
    -Айтмадингизми? Ёш оилали, эрта кузда ўғлига тўй бошлаган деб.
    -Қизиқсанда, кампир, раис буни тушунармиди. Ана, Сайфулланинг кенжасини тўйига бир ой қолганда олиб кетишибди. Шукур деявер, ҳар ҳолда Юсуфинг уйланиб, фарзандли бўлишга ҳам улгурди…
    -Қачон кетар экан энди?
    -Индинга…
    Кампир келини билан эртаси куни тонг саҳардан ўғлига сафар халта йиғади. Эски кийимларни ювади, ямоқ солади. Тўрт невара тўрт томондан саволга тутади: «Буви, дадам қаерга кетяпти?». Келин индамайди, жавоб ўрнига бир хўрсиниб қўяди. Кампир болаларни кўчага ҳайдайди, «Бир ўйнаб келинглар». Эшикдан чол киради. «Турсунмурод келди. Тўқлини сўямиз». Кампир пичоқ қайраётган Турсунмуродга бир қарайди, чолига икки қарайди. «Тўйга аталгулик эди-я…»
    «Хасис бўлма, кампир. Ёлғиз ўғлинг урушга кетяпти. Қайтиб келганидан кейин бунақа тўқлидан юзтасини боқади.»
    Ҳовли ўртасида дошқозон қайнайди. Узоқ-яқин қариндошлар келади. Ҳаммада бир хил гап. «Навбати келса ёши етганнинг бари кетармиш».
    Кечқурун ҳамма тарқайди. Кампир супада ўғлини қучоқлаб ётади. Ўғлининг дийдорига термулиб ўтиради. «Юсуфжон, тур болам, жойингга бориб ётақол». Ўғил индамайди. «Ҳой, болам. Турақол энди. Эртага жўнаб кетасан. Бугун болаларинг билан ухлагин.»
    Кампир чолига супадан жой солиб беради.
    -Эртага нон ёпиш керак. Супрада бир сиқим ҳам ун қолмаган. Гўштни унга алишса бўлмасмикин?
    -Тонг отсин. Турсунникидан алишиб келаман.
    Кампир тонг қоронғусида уйғонади. Бомдод ўқийди. Ўғлининг эсон-омон етиб бориб, эсон-омон қайтишини, уруш балоси даф бўлишини Аллоҳдан тилайди… Чоли гўштга алишиб келган икки товоққина унни элаб, хамир қоради. Майин-майин, юмшоқ-юмшоқ нон ясаб, тандир қизитади. Иссиқ тандир тафтида икки юзи кулча бўлиб нон ёпади. «Буви, нон ёпдингизми?». Неваралар севинганидан қийқириб юборади. «Буғдой нон».
    Поезд сигнал чалади. «Кетамиз, хайрлашинглар». Кампир қаршисида ғоздек турган ўғлининг елкасига қоқади. «Омон бўлгин, болам. Ой бориб, омон қайт. Йўлинг ойдин, ризқинг бутун бўлсин. Ол, болам. Манави нонни тишла, уйингда ризқингни қоллдириб кет, токи шу насиба сени боғлаб турсин.»
    -Хайр, эна, яхши қолинг, хат ёзиб тураман.
    Поезд икки марта сигнал чалади. Ўғил ортига қарай-қарай поездга чиқади. Поезд юриб кетади. Кампир қўлида тишланган нонни маҳкам сиққанича ўғли кетган йўлга термулиб қолади.
    Насиба нон девордаги михга илинади. Кампир нонга ҳар гал кўзи тушганда, ўғлини эслайди. «Яхши юрибдимикин, эсон-омон етиб бордимикин?»…
    Орадан бир йил ўтади. Насиба нон тошдек қотади, ранги униқади, аммо ёлғиз болагинасининг хотирасини ҳамон эслатиб туради. Кампир ўғлидан келган хатларни мана шу нон осилган девор тагида ўқийди. Нега бундай қилишини ўз ҳам билмайди…
    Аксига олиб, ўша йил қаттиқ келади. Қаҳратон қиш, егулик нон йўқ, ҳамма оч. Кунжара еб шишиб ўлганлар қанча. Атала, ёвғон ошга масаллиқ бўлгуликка ҳам ҳеч нарса қолмаган. Чол дарага ўтин йиғишга кетган. Қиш қаттиқ келиб, захира ўтинларнинг ҳам таги кўриниб қолган. Неваралар у ёққа ўтади, бу ёққа ўтади. «Буви, оч қолдик», «Буви, овқат». Кампир эзилади. Бир ҳафтадан бери шу аҳвол. Шўрлик болаларга қийин бўляпти. Шу пайтгача атала билан алдаб келаётувди, уч кун бўлди ун ҳам тугаган. «Буви, нон». Кенжа невара қўлини деворга илинган нонга чўзади. «Буви, нооон». Кампир бир девордаги нонга, бир мўлтираб турган неварасига қарайди… «Кечир мени, ўғлим!»
    Қумғонда сув қайнатиб товоққа солинган насиба нон устига қайноқ сув қуяди. «Озроқ кутиб туринглар, болаларим. Нон юмшасин». Болалар мамнун тамшанишади. Уларнинг кўзидаги қувончни кўриб, кампирнинг шашқатор ёшлари юзни ювади… Ютоқиб нон чайнаётган невараларига термуларкан, ичида ўйлайди: «Кечир, мени ўғлим. Бошқа иложим қолмади. Аллоҳ насибангни шу ерга қўшган бўлса кун келиб албатта келасан ва насибангни ҳам ейсан. Фақат қайтсанг бўлди, болагинам. Илоҳим, эсон-омон қайт. Қайтган кунинг бунақа нондан икки тандир ёпаман. Бир тандирини қўни-қўшниларга тарақатамиз, қолгани ўзимизга бўлади. Насибангни ўшанда ейсан, ўғлим, ўшанда албатта ейсан!»

    Ирода Бекмурадова

    Javob yozing

    Izoh yozing
    Ismingizni kiriting