Бугун, 5 декабрь куни “Янги аср авлоди” нашриётининг Book.uz дўкони тадбирлар залида ёзувчи Шерзод Ортиқовнинг илк китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда ижодкорлар, мухлислар ва китобхонлар иштирок этишди. Тақдимотни нашриёт раҳбари Эркин Абдураҳмонов очиб берди ва ёзувчи фаолиятига омад тилади. Айтиш керакки, “Янги аср авлоди” ўз номига муносиб равишда ёш ижодкорларни китобларини чоп этиш, тақдимотларини ўтказиш, ўқувчиларга етказиб беришда фаолдир.
Тадбир бошловчиси Меҳриноз Аббосова йиғилганларни муаллиф ижодий фаолияти билан яқиндан таништириб ўтгач, сўз шоира Гулжамол Асқаровага берилди:
— Шерзод Ортиқов жонкуяр, сермаҳсул, тафаккури кенг ижодкор. Менга кўпроқ “Отамнинг кабутарлари”, “Баҳор якшанбаси”, “Орзу ортидан” номли ҳикоялари ёқди. Уларда ватан сўзини ишлатмай она юртга бўлган соғинч чиройли очиб берилган, айримлар таъкидлаётгандек ғарбона эмас, аксинча миллий руҳда битилган. Қолган ҳикояларида ҳам характерли инсонлар, уларнинг дарду қувончлари билан танишиш мумкин. Шерзод классик адибларни кўп ўқийди, бу унинг эсселарида ҳам сезилади: улар теран интеллект, юксак тафаккур, хаёлот кучи билан ёзилган. Жаҳонга чиқаётгани эса алоҳида эътирофга лойиқ.
Сўнгра шоир Шуҳрат Ориф муаллифни янги китоб билан қутлаб, ижодини кузатиб боришини айтди. Ёзувчилар орасида ўзи каби банк ходимлари борлигидан мамнунлигини билдирди:
— Ушбу нашриётда китобларимиз кетма кет чоп этилди. Биз иккимиз ҳам Фарғона фарзанди, соҳамиз ҳам бир хил, бунинг устига кузда туғилганмиз. Энг муҳими, кузни севамиз. “Куз симфонияси” ҳикоясига икки қатор шеърим эпиграф қилиб олинганидан хабар топгач қувондим. Кузда чоп этилгани эса янада қувонарли.
Адиба Нодирабегим Иброҳимова ҳам ёзувчи ҳикояларининг ютуғи – унинг умуминсоний мавзуларда битилгани, асосий эътибор қаҳрамонлар руҳиятига қаратилгани ҳақда сўзлаб ўтди. Бир йил давомида 30 га яқин ҳикоя, 50 га яқин эссе, талай таржималарни адабий сайт учун беминнат тақдим этиб келаётгани учун миннатдорчилик билдирди:
— Шерзод ака яратган персонажлар замонавий касб эгалари: мусиқачи, рассом, ҳуқуқшунос, шоира, банкир, раққоса… Улар ён атрофимиздаги тирик инсонлар, сунъийлик йўқ характерларида. “Маркеснинг китоби”ни рус ҳам, инглиз ҳам, испан ҳам, араб ҳам бирдек қабул қилиб ўқияпти ва илиқ фикрлар билдиришмоқда. Бунга сабаб қаҳрамон руҳияти уларга бегона эмас. Ҳикояда кутиш изтироби тасвирланади. Беихтиёр китобхон ҳам қаҳрамонга қўшилиб кута бошлайди… Кутиш яхши, шундагина ўз туйғуларингни таҳлил қила оласан.
Тақдимот охирида сўз муаллифга берилди. Шерзод Ортиқов адабий жараёндаги муаммоларга тўхталиб, ўзбек адабиётининг жаҳонга чиқиш вақти келгани ҳақда куйиниб сўзлади. Ҳар бир ёзувчининг характери, қарашлари, руҳияти ўз қаҳрамонларига кўчиши, адабиётни севган одам ҳар куни қоғоз қоралашдан чарчамаслиги, классик ёзувчиларни мутолаа қилишни ёқтириши, янги ёзаётган романи ҳақда тўхталиб ўтди.
Шундан кейин мухлисларнинг фикрлари ва саволлари тингланди. Биз ҳам вилоятлардан ижодий учрашувга етиб келган меҳмонларни саволга тутдик.
Отабек Бакиров, Ангрендан ёш мухбир: Шерзод Ортиқовнинг «Куз симфонияси» китобига кирган ҳикоялар бошқача. Негаки, улар аввал адабий сайтларда «энг кўп ўқилган» ҳикоялар қаторидан жой олди. Аста секин, таржима қилиниб халқаро миқёсдаги газета-журналларда чоп этила бошланди. Бу ҳикоялар дунё кезиб ушбу китобга жамланди. Назаримда, Шерзод Ортиқовни расман тақдирлаш вақти келди. Бошланишига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинса эди. Шерзод аканинг ижоди йигирмага яқин давлатда қайта-қайта нашр этилмоқда. Ажаб эмаски, меҳнатлари мева бериб, яқин кунларда чет элда адабиёт йўналишида тақдирланиб қолса?! Жаҳонга чиқаётган ёзувчини мутасаддиларимиз албатта, қўллаши лозим.
Ирода Холбекова, Жиззахдан ёш таржимон: Шерзод Ортиқовнинг эсселарини, ҳикояларини, таржималарини Nodirabegim.uz сайтида қолдирмай ўқиб бораман. Мана, бугун дунё кезаётган ҳикояларни китоб ҳолида ўқиш бахтига муяссар бўлдик. Бугунги тақдимотдан кўпгина эсдаликлар билан қайтдим. «Орзу ортидан» номли ҳикоясини рус тилига таржима қилгандим. Китобдаги қолган ҳикояларни ҳам ўгиришга астойдил бел боғладим.
Тақдимот якунида китобхонлар муаллифдан дастхат олишди. Китоб муҳаррири ҳам бизга ўз хулосаларини улашди:
Феруза Кувонова: Ҳамма замонларда адабиёт ва адиб миллат тараққиётининг устуни ҳисобланади. Давр ёзувчиларини ўқувчиларга танитиш, асарларини етказиб бериш эса нашриётларнинг энг муҳим вазифаларидир. «Янги аср авлоди»нинг бу борада аниқ мақсади бор. Жумладан, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Йўлдош Эшбек, Улуғбек Ҳамдам, Қўчқор Норқобил, Рустам Жабборов, Бахтиёр Абдуғафур каби ёзувчиларнинг асарларини китобхонларга тақдим этишдан мамнунмиз.
Янги номларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадидаги лойиҳаларимиз ҳамон давом этмоқда. Чунки адабиётга хизмат, бу миллат маънавиятини юксалтиришдаги энг шарафли хизматдир. Ёш ёзувчи – Шерзод Ортиқовнинг мазкур китобини нашр этиш орқали адабиётимизга янги ном кириб келаётганини эълон қилмоқчимиз. Китоб кенг жамоатчиликка манзур бўлишидан, китобхонлар ҳам адабиётимизга янги адиб қўшилганини эътироф этишидан умидвормиз. Зеро, адабиёт тақдири нафақат адибу шоирлар, балки айнан китобхонлар қўлидадир.
Китоб чоп этилганига икки ҳафта бўлган эсада, дўконнинг ўзида 100 га яқин китоб мухлислар томонидан ҳарид қилиб улгурилибди. Келгусида муаллифнинг эсселар тўплами, назмий таржималар китоби ҳамда янги романи тақдимотларини кутиб қоламиз.
I like this weblog very much so much good information. Saundra Iggy Pigeon