очерк
«Вақтни сарфлашни яхши кўраман. Унда дунёда мен учун азиз бўлган жуда кўп нарса бор — жаз, мушуклар ва қизлар эҳтимол. Китоблар муҳими. Буларнинг барчаси бу ўлгур дунёда омон қолишимга ёрдам беради.«
Харуки Мураками
Ҳеч шубҳасиз Харуки Мураками давримиз адабиётининг ҳозирги кундаги энг таниқли сиймоларидан бири бўлиб турибди. Кўпчилик учун Муракамининг бу даражага қандай чиққани бир қадар қизиқ, албатта. Буни билиш учун эса ёзувчининг ҳаёт тақвимини варақлашимизга тўғри келади. Харуки Мураками 1949 йилнинг 12-январида тимсоли камелия гуллари бўлган қадим япон пойтахти Киотада классик филология ўқитувчиси оиласида дунёга келган. Харуки туғилганидан бир йил ўтар-ўтмас Муракамилар оиласи Хего префектурасининг Кобе порти чеккасидаги нисбатан кичик шаҳар Асиага кўчиб келишади. Бўлажак ёзувчининг болалик ва ўсмирлик йиллари шу шаҳарда кечди. Унинг бобоси буддизм ибодатхонаси руҳонийси, отаси эса мактаб ўқитувчиси эди. У отаси ҳақида эслаганда, шуларни тилга олади: «- Отам Васеда университетини театр санъати бўлимида «мумтоз драма» бўйича таҳсил олган. У менга мактабда япон тили ва адабиётини ўргатган.» Харукида адабиётга бўлган дастлабки қизиқишни шу маънода отаси уйғотган дейиш мумкин, лекин ёзувчи бўлиш фикри бу пайтда туғилмагани аниқ. Чунки унинг асосий қизиқиши мусиқага, хусусан, жазга қаратилганди. У ҳатто ҳозир ҳам роман ва ҳикоялардан ташқари, 40 000 дан ошиқ жаз тўпламларини йиғганлиги билан машҳур. Умр йўлдоши Ёко Такахаси Япониянинг таниқли қўшиқчиларидан бири саналади. Уни Харуки билан жаз, сўнг муҳаббат боғлаб турарди.
Улар 1971 йил турмуш қуришиб Токиога келишади. Харуки 1974 йил Токиода «Piter Cat» жаз бари учун лизенция олишга муваффақ бўлади. Жаз барини мушук номи билан боғлиқлиги ҳам бежизга эмас. Харуки ҳали болалик давридаёқ оилада ёлғиз ўғил бўлгани учун жуда одамови бўлиб ўсганди. У кўпинча ёлғизликни яхши кўрар, овунчоғи уйдаги мушуклар, мусиқа тинглашу ва яна китоблар эди. Кейин мактабда қизларни яхши кўрди, аммо фақат жазни яхши кўргани учун Ёкони танлади. Жаз бари очилгач, Ёко у ерда қўшиқ айтар, Харуки эса одатда мушугини қўлтиқлаганча маъмурий ишларни юритарди. Баъзан кеч оқшомга қадар ўн соатлаб жаз альбомларини тинглар, ёлғизлик соатларида поп маданиятидан завқланарди: «- Роллинг Стоунз, «Дорз» гуруҳи, Дэвид Линг, қўрқинчли фильмлар, Стивен Кинг, Раймонд Чандлер, детективлар барчаси — интеллектуаллар ва юқори малакали эстетиклар томонидан тан олинмаган доиралардир, аммо жаз барини юритган ўша йиллар улар менга жуда ёқарди. Мен шунинг учун ҳам шовқинли дискобарлардаги болалар ва қизларни ҳозирга қадар ҳам бошқалардан кўра ўзимга яқинроқ тутаман.» Мураками яна таъкидлайдики, «мен ёлғизликдан ҳам жуда завқланаман. Жамиятга юким тушиши уларни безовта қилаётганимни англатмайди. Шу боис ёлғиз қолиш жуда яхши. Нимадир қилмоқчи бўлсанг, ҳеч ким сенга маслаҳат бермайди. Бирор нима бузилиб қолса, ҳеч ким ўзини оқламайди. Ахмоқлик таҳдид қилса, ҳазилга буриш мумкин, ҳатто бундан ўзингиз ҳам куласиз. Ҳеч ким ҳақорат қилмайди. Умуман олганда, бу алал-оқибат яхшиликми-ёмонликми билмайман. Ҳар ҳолда мен ёлғиз ҳаётдан аллақачонлардан бери фойдаланаман.» Харукининг бу гапларини эътирозсиз қабул қилиш мумкин. Чунки уни оилада ёлғиз ўсгани етмаганидек, Ёко билан ўрталарида фарзанди ҳам бўлмади. Жаз барини юритган йилларини ва яна университетлардаги тадқиқотчилик даврларини ҳисобга олмаса, асосан уйда ўтириб ишлайди, бегоналар билан деярли мулоқотга киришмайди. Кўплаб шунга ўхшаш омиллар унинг ҳаёти ва ижодини тушунишга қўл келади.
У футбол ёки бокснинг шинавандаси эмас, билъакс бейсболни яхши кўради. Бейсболни нега яхши кўрасиз деб ундан сўрашганда у: — Зерикарли бўлгани учун, -деб жавоб берганди. Муракамининг фикрича, зерикиш инсонни хаёл оламига, адабиётга олиб кириб кетади. Харуки Муракамининг адабиётга кириб келиши айнан шундай кечганди. У шовқинли жаз мусиқаларидан тин олиш учун бейсбол томоша қилгани борганида, америкалик бейсбол ўйинчиси Дейв Хилтон улоқтирган тўп траекториясини кузатаркан, тўсатдан хаёлига «Шамол қўшиғини тингла» романи сюжетлари гавдаланади ва уни ёзиш керак деган ҳис кўнглидан ўтади. Ўшанда 1978 йил эди. У уйига қайтди, роман сюжети эса хаёлида айланарди. Эртасига у жаз барга борди ва уни 24 соатга беркитди. Деразалар пардасини туширди. Қоғоз-қаламни олиб стулга ўтирдида, тўхтовсиз ёза бошлади. Харуки учун бу мутлақо бошқача туйғу эди. Тегишли соатдан сўнг бар очилди, аммо энди Мураками жаз тинглаш соатларини қисқартирган, илк романини ёзиш учун қулай шароит ва ўзига вақт тайин қилганди. Роман шу зайлда ёзиб тугалланди. Бу вақтда у йигирма тўққиз ёшда эди. Тугалланган романни «Гундзо» адабий журналига топширишди. Албатта, ҳеч нарсадан умид қилишмаётганди. Дам олиш кунларидан бирида «Гундзо» журналидан телефон қилишиб, Харукини уйқудан уйғотиб юборишди. Журнал муҳаррири:
— Жаноб Харуки Мураками билан боғланмоқчи эдим?..
-Менман, — уйқусираган кўзларини аранг очди у.
-Жаноб Мураками, сизнинг романингиз жуда фавқултабиий ва ўзгача. Биз уни «Гундзо» журнали адабий мукофотига лойиқ кўрдик.
У нимадир деб ғўлдиради ва гўшакни қўйди. Ювиниб бироз ўзига қарагач, рафиқаси Ёко билан сайрга чиқди. Йўлда яраланган каптарни топишди ва уни маҳаллий полиция бўлимига олиб боришди. Ёзувчи бу ҳақда шундай хотирлайди: «-Ўша якшанба ёрқин ва тиниқ эди, дарахтлар, бинолар ва дўконларнинг деразалари баҳорги қуёш нурлари остида чароғон учқун сочарди.» Шу воқеа Харуки ҳаётида ёзувчилик карьерасини чинакамига бошлаш учун катта туртки берди. Кутилмаганда муваффаққиятли чиққан романни давомини ёзиш кераклигига у бутунлай амин эди. Негаки «Гундзо» адабий мукофоти жиддий япон ёзувчиларига бериладиган нуфузли мукофот бўлганлиги адабий жамоатчиликни Муракамига бўлган эътиборини тортди. Кўп ўтмай яна бир адабий журнал «Бундг-эй»нинг ҳам адабий мукофотига мазкур роман лойиқ кўрилди. Хуллас, Харуки учун муваффаққиятли келган 1979 йилнинг охирига келиб, роман Японияда қаттиқ муқовада 150 000 нусхада босилиб чиқди. Романнинг тез фурсатларда сотилиб кетиши ва фавқулодда муваффаққияти Муракамида нафақат романни давомини ёзишга, умуман, ҳар йили биттадан роман ёзишдек катта мақсадни ўз олдига қўйишга ундади. 1980 йилга келиб, «Каламуш трилогияси» деб аталадиган романнинг иккинчи китоби «Пиндбол-1973» босилиб чиқди. Мукофотлар, эҳтиромлар ва гонорарлар оқиб кела бошлади. Бу молиявий муваффаққиятлар болалиги ва ўсмирлиги урушда мағлуб бўлган Япониянинг оғир йилларида тўғри келган Харукида жаз барини очсам камбағалликда қолмайман деб ўйлаган хаёлларини чилпарчин қилиб, адабиёт уммонига дадил шўнғиб кетишига замин яратди. Баҳаққи, 1981 йилда Харуки жаз барни бошқариш ҳуқуқини берувчи лицензиясини сотди ва ўзини бутунлай ёзувчиликка бағишлашга қарор қилди.
1982 йили унинг учинчи романи «Қўй учун ов» нашр этилди. Роман «Бундг-эй» ва «Нома» адабий мукофотлари Муракамига бирин-кетин топширилди. Шундай қилиб кунчиқар юртда янги романист пайдо бўлди. 1983 йилдан Мураками ўзини ҳикоячиликда ҳам синаб кўра бошлади. Биратўла иккита янги ҳикоялар тўпламини ёзиб тугатди. Улардан бири Хитой мавзусига боғланган бўлса, бошқаси «Кенгуру учун яхши кун» деган ҳикоялар тўплами эди. 1984 йилга келиб, Мураками яна бир ҳикоялар тўпламини китобхонларга тақдим этди ва ҳикоя китобларини романлари қаторига тенглаштириб қўйди. Шунга қарамай, Харуки Муракамининг япон адабий танқидчилигидан кўнгли тўқ эмас эди. Улар бир томондан Муракамини нуфузли мукофотларни қўлга киритаётгани учун тан олишар, иккинчи томондан унинг ёзганлари японлар учун эмас деб баҳолашарди. Замонавий дунёда инсонни излаш ва унинг идентлигига алоҳида ёндошган Кобо Абэнинг машҳурлиги, ўзининг ғаройиб ҳикоялари ва новеллалари билан япон адабиётида тўнтариш қилган Рюноскэ Акутагаванинг ўлимидан кейин ҳам сўнмаган довруғи, Хиросима ва Нагасаки шаҳарларида ташланган атом бомбаси оқибатлари натижасида ногирон туғилган ўғли Ҳикари Оэ ҳақида битмас-туганмас ғамларини қоғозга туширган Кэндзабуро Оэнинг роман ва қиссалари, даврий характерга эга ҳикоялари ва кўп мазмунли эсселарининг шуҳрати ва ғаройиб Ясунари Кавабатанинг юлдузли даврлари ҳали-ҳамон китобхонларнинг оромини ўғирлаган даврда қандайдир Харуки Муракамининг пайдо бўлиши кўплаб таниқли ижодкорлар порлаётган япон адабиётида юксак дидли адабий танқидчиликни бироз ўгай кўз билан қарашига сабаб бўлди. Мураками бу ҳақда хафа бўлиб: «- Мен япон адабий дунёсида бир қора танли қўй эдим,» — деб эслайди.
Танқидчиларнинг Муракамига бўлган асосий эътирозларидан бири у тасвирлаган одамлар япон эмас деган иддаога асосланади. Аввало, ёзувчини танқид қилишдан олдин у яшаган муҳитни тушуниш муҳим деб биламан. Шу маънода Мураками яшаган даврга қарасак, кўп нарса ойдинлашади. Маълумки, урушдан кейинги Японияда америка маданияти кириб келган. Жаз ва америка попларини тинглаб, уларнинг телекўрсатувларини кўриб, китобларини ўқиб улғайган Харукидан асарларида япон характерини кўрсатишни сўраш қанчалик ўринли?! Мураками ёзганларидан қандайдир япон ёки америка услубини излашни эмас, унинг услуби шундай деб қарашларини истайди холос. «-Менинг услубим, менинг кўзойнагимга ўхшайди, — дейди у. — Бу линзалар орқали дунё мен учун мантиқийлик касб этади.»
Танқидчиларнинг яна бир эътирози унинг ёзганлари жуда ғалати деган иддао. Муракамининг китобида айтилганидек, ҳаёт ғалати бўлиши мумкин, аммо даҳшатли тушлар бир куни тугайди. Ўшанда сиз йўқолган мушугингизни топишингиз мумкин. У яна таъкидлайдики, унинг китобларида ҳақиқатан ҳам ғалати нарсалар ёзилган бўлиши мумкин, аммо бу ғалати нарсалардан ташқарида аълороқ дунё бўлиши керак. «-Бу менинг ҳикояларимнинг асосий тузилиши: ёруғликка чиқмасдан олдин зулматни англашимиз ва бунинг учун ер ости орқали ўтишимиз керак». Муракамини асарларини тушунтирувчи калитлардан бири шу. Умуман олганда, танқидчиларнинг фикрлари қандай бўлишидан қатъий назар, Харуки Мураками ўз асарларида ўзи ҳис қилган ва тўғри деб билган ҳақиқатларни ёзишини ҳеч ким инкор этолмайди. 1985 йилда босилган «Тўхтовсиз мўъжизалар мамлакати ва дунёнинг охири» романида ҳам Мураками кўтарган ғоялар ва хулосалар қий-чувли япон адабий танқидчилигининг анъанавий эътирозларига қарамай, роман нуфузли «Танизаки» адабий мукофотига лойиқ кўрилди. Харуки бу билан чеклангани йўқ, роман ортидан қўйларнинг туғилиши ҳақидаги эртаклар китобини ва отларнинг ҳалокатига бағишланган ҳикоялар тўпламини адабий оммага тақдим этди.
1986-йил япон адабий муҳитидан бир қадар толиққан ёзувчи хотини Ёко билан Италия сафарига отланди. Шу даврда Швейцарияда Борхеснинг вафоти ҳақидаги хабар келди. Мураками афсона билан кўришиш имконияти оз қолганда етолмаганидан афсусланди. Улар Италиядан Юнонистонга жўнаб кетишди ва Эгей денгизини бир неча ороллари бўйлаб саёҳатлар қилишди.
Шу вақтда Японияда унинг «Новвойхонадаги такрорий ҳужум» ҳикоялар тўплами нашрдан чиқди. Мураками китобларига қизиқишни катталиги баъзи омади келмаган ёзувчи, шоирларни ҳам ғашини келтирар, улар танқидчилиларга қўшилиб бир бутун оркестр ижрочиларига айланганиб олишган, аммо шунга қарамай ёзувчининг шуҳрати Япониядан ташқарида ҳам тарала бошлади. 1987 йилда Муракамини жаҳоний адиб даражасига кўтарган «Норвег ўрмони» романини ёзилиши ёзувчи ижодига нисбатан аксил фикрловчиларни оғзини ёпди. Нашриёт бир йил ичида романни 3.5 миллион нусхада босиб сотишга муваффақ бўлди. Бу нафақат нашриётга, балки ёзувчига ҳам катта тижорий муваффаққият келтирди. Роман тижорий муваффаққият учун ёзилмаганди албатта. Буни романни ўқувчиларнинг севимли китоблари қаторига кирганлигидан ҳам билиш мумкин. Китобхонлар ўртасида ўтказилган социологик сўровларда энг яхши 25 та япон романи саналганда, Муракамининг «Каламуш трилогияси» билан бир қаторда «Норвег ўрмони» романи ҳам киритилди. Бу борада у билан фақатгина Ясунари Кавабатагина баҳслаша олди, холос. Роман келтирган тижорий муваффаққиятдан сўнг, ёзувчи жаҳон адабиёти марказларидан бири Лондонга кўчиб ўтди. Бу ерда у «Рақс, рақс, рақс» романи устида иш бошлади. Мураками бу романни «Каламуш трилогияси»нинг давоми деб атайди. Умуман, «Норвег ўрмони» романидан сўнг, ёзувчининг шуҳрати кескин орта бошлади. Бу шуҳрат шўъласи яқин йилларда тарқалиш арафасида турган собиқ совет иттифоқига ҳам етиб келганди. Унинг таржимонларидан бири, ёзувчи Виктор Пелевин у ҳақда масалан шундай ёзганди:
» -Мен асосан танишларнинг маслаҳатига таяниб жуда системасиз ўқийман. Мураками менга ёқади, у ҳақиқий уста бўлиб, унга нисбатан, «буюк маҳорат қобилиятсизликка ўхшайди» деган япон матали жуда тўғри. Ҳа, у кўрган ва билган нарсалар ҳақида ёзади. Ҳайронлик шундаки, у жуда кўп нарсаларни кўрган, ҳаётдаги кўп воқейликларга фавқултабиий кўз билан қараган. Яна бир савол шундаки, у Россияда жуда машҳур. Эҳтимол ҳар бир нарсага мультфильм ўлчови билан қараб жуда осон ёзганлиги туфайлидир. Уни асарларини ўқиган ўқувчи ўзини ароматик мия массажи олаётган ва айни вақтда ақлли ҳис қилади.» Албатта, Пелевин бу борада ҳақ. Ҳар ҳолда унинг Россиядек катта адабий анъаналарга эга мамлакатда шуҳрат қозонишини тасодифий деб бўлмайди. Баъзилар айтадики, Мураками асарларини 90- йилларда постсовет мамлакатларда нуфуз қозонганини сиёсий хавотир пайтида мантиқийлигини тўғри тушуниш керак, унинг ўқувчига таъсирчан ва тинчлантирувчи жумлалари ёққан бўлиши мумкин. Мураками буни инкор этмайди: «- Мен 1990 йилларда Россияда жуда машҳур эдим, улар совет иттифоқи ўзгараётган пайтда катта чалкашликларга дуч келдилар. Одамлар менинг китобларимга ўхшаб чалкашиб кетдилар.» Бошқа бир ўринда у Германияда машҳур бўлишини сабабини изоҳлаб шунга яқин гап айтганди: «- Берлин девори қулаб тушганда чалкашликлар юзага келди ва менинг китобларим одамларга ёқди.» Сиёсий хавотир даврида Муракамини ўқувчиларга ёқишини тушуниш учун унинг «Кафка соҳилда» романидан бир этюд келтирсак. Унда балиқлар осмондан худди дўл сингари туша бошлайди. Учрашувлардан бирида ундан: «- У ҳолда нега балиқ тутасиз, ахир улар осмондан тушишмайдими, — деб сўрашди. — Менинг бу саволга жавобим йўқ, — деди Мураками. — Мен шунчаки осмондан нимадир тушиши керак деган фикрга келдим. Ахир осмондан нима тушиши керак ва ўз-ўзимга дедим: -Албатта, балиқлар.» Буни шундай тушуниш керак. Яъни, ёзувчи демоқчики, жамиятдаги сиёсий устқуртмаларнинг ўзгариши даврида одамлар ғайритабиийликка мойил бўлади. Унинг асарлари ана шундай одамлар учун, уларнинг руҳиятини ҳисобга олиб ёзилганлиги билан эътиборни тортарди. Шунга қарамай Мураками бу ғайритабиий ёзган воқейликларини реализм деб атайди. Худди Габриэл Гарсиа Маркес каби. Маркеснинг ғаройибодларга тўла романларига энди ишонмайман деганингизда бирдан сизга ҳайратга қолдириб ёзувчининг ўзи кириб келишини эсланг. Дарвоқе, Мураками Маркес ҳақида эсларкан: «- Менга Габриэл Гарсиа Маркес жуда ёқади, — дейди. — Лекин у ёзганларини фусункор реализм деб ўйламаган деб ўйлайман. Бу шунчаки унинг реализми эди.» Майли, жаноб Мураками, шундай бўла қолсин. Биз эса таржимаи ҳолга қайтамиз.
Хуллас, Мураками Лондонда яшаркан, 1990 йилга келиб унинг «Телебошловчига қарши жавоб» китоби Японияда сотувга чиқди. Замонавий дунё ҳақидаги бу ҳикоялар унинг инсонни тушуниш йўлидаги ўзига хос қадамлари сифатида баҳоланди. 1991 йил Мураками АҚШга кетишга қарор қилди. Бир пайтлар Алберт Эйнштейнни Германиядан чақириб олган машҳур Принстон университетига ишга жойлашиш имкони пайдо бўлганди. Мураками АҚШга келди ва мазкур университетда стажёр-тадқиқотчи бўлиб ишлай бошлади. Бу вақтда Японияда Муракамининг 1979-1989 йилларда ёзилган 8-жилдлик асарларини босиб чиқаришди. АҚШнинг ўзида ҳам унинг исмсиз одамлар, портловчи итлар, қўй пўстинини ёпинган эркаклар ва сирли ўспирин қизлар ҳақидаги асарлари борасида адабий танқидчилик ёза бошлади. 1992 йилда Принстон илмий жамияти Харуки Муракамига доцент илмий даражасини берди. Шу йили Японияда унинг «Чегаранинг жанубида, қуёшнинг ғарбий тарафида» романи нашрдан чиқди. Бу Япониядан ғарбга кетиб, инглиз тилини мукаммал билиб (бундай ёзувчи яна бор, масалан, Кадзуо Исигуро фақат у инглиз тилида ёзиш билан бирга ўзини япон эмас, британ ёзувчиси деб билади), япон адабиёти тарихига ғарбликлар кўзи билан қарай бошлаган ёзувчи нигоҳи ҳақидаги ўзгача роман эди. Ёзувчи бу ҳақда, кейинчалик шундай ёзганди: «- Мен деярли беш йил давомида штатларни кездим. Бу ерда яшарканман, кутилмаганда Япония ва японияликлар ҳақида ёзишни истадим. Баъзан ўтмишга қарайсан ва у ерда ҳамма нарса борлигини кўрасан. У ҳақда ёзиш ҳам осон, ҳам ўзига яраша инжиқлиги бор. Илгарилари Япония ҳақида ёзишни хоҳламасдим, энди эса бу ҳақда сўзлаб бергим келаётганди ва мен ҳисларимни ўша романда акс эттирдим.» Бу роман унинг ёзганларида япон характери йўқ, Япония йўқ дейдиган адабий танқидчиликка ўзига хос жавоб ҳам эди. Мураками штатларни кезаркан, Калифорнияга кўчиб ўтишга қарор қилади. Хуллас, 1993 йилга Принстондаги ҳамкасблар билан хайрлашиб, Мураками Калифорниядаги Уильям Говар Тафт номидаги халқаро адабиёт университетида ўрнашди, ҳамда, замонавий (урушдан кейинги) жаҳон адабиёти бўйича маърузалар ўқий бошлади. Шу орада у Хитой ва Монголияга ташриф буюрди. 1994 йилга келиб унинг «Соат қушининг солномаси» номли янги трилогиясининг икки жилдлиги босилиб чиқди. 1995 йилга келиб эса, трилогиянинг учинчи жилди ҳам нашр этилди. Бу роман ҳам Мураками номини дунё бўйича танилишида навбатдаги қадам бўлди. Энди унга фақат Япониядагина эмас, дунёнинг турли мамлакатларидаги халқаро адабий мукофотларни ҳам лойиқ кўра бошлашди.
Биз бу мукофотларнинг айримлари ҳақида қуйида тўхталамиз. Бу ўринда унинг бир неча йиллардан бери Нобель мукофотига номзод бўлиб келаётганлиги борасида баъзи мулоҳазаларимизни айтсак. У чиндан ҳам номзодлар рўйхатида борми?.. Балки… Масала шундаки, Нобел мукофотига номзодларни Нобель қўмитаси ҳар эллик йилда ошкор қилади. Шунинг учун ҳозир биз буни тасдиқлай олмаймиз. Ҳар ҳолда Мураками ҳозирча бу мукофотни қўлга киритгани йўқ. Балки киритмаслиги ҳам мумкин. Ёки аксинча. Муракамини шуҳрат қозониши унинг асарларини таржимаси инглиз тилида ўгиришни яхши йўлга қўйилганлиги ва шу билан бирга унинг мавзуга кутилмаган ракурсда истеъдод билан ёндоша билишида намоён бўлади. Шуни айтиш ҳам ўринлики, Муракамини чет мамлакатларга кенг миқёсли таржима қилиш бошланган бир даврда, унинг ўзи ҳам баъзи хориж ёзувчиларини япон тилига ўгира бошлади. Масалан, Раймон Карвер, Жером Сэленжер асарларини она тилига маҳорат билан таржима қилди. Баъзи танқидчилар бу ёзувчиларнинг маҳорати таъсири унинг асарларига ўтган деб ҳисоблашади. Масалан, Ричард Бротиган, Чандлер, Курт Воннегут асарларини таъсири Мураками асарларида сезилади деб ҳисоблашади. Менинг фикримча, Мураками ўзининг дунёсига яқин ёзувчиларни ўгиради. Ўхшашликнинг асосларидан бири шу. Чунки таржимон аввало бошқа бировдан нимадир ўрганиш учун эмас, аввало асарни ўзига ёққани учун ўгиради. Шунга қарамай Мураками ва бу ёзувчилар ўртасида умумий бўлган хусусиятлар бор. Булар: сюрреалистик ҳаёт ва чуқур меланхолия, ёлғизлик ва ажралиш мавзуларидир. Аммо Мураками барибир ўзига хос айрича хусусиятларга эга. Бу хусусиятлар ибораларнинг афоризмлар каби ифодалаш, ғайритабиийлик ва мантиқ узвийлиги ва бадиий пропорцияларнинг оригиналлиги ва ўзига тортувчилиги билан белгиланадики, бусиз Муракамини тасаввур қилиш қийин. У замонавий дунёнинг қуруқ рационализмида ўз сюжетлари ва ҳикояларини кўра олади. 1996 йилда чиққан «Лексингтон руҳлари» ҳикоялар тўплами фикримизга асос бўла олади. Унда ёзувчи Япониядаги метрода террорчилар томонидан қилинган ҳужум, унинг қурбонлари ва жаллодлари билан қилинган суҳбатлар асосида ўз битикларини битади. 1997 йилга келиб Мураками бу борадаги ишларини давом эттириб, китобни иккинчи жилдини чиқарди. Буларнинг барчаси ўз даврининг бадиий ҳужжатлари сифатида авлодлар хотирасига қолса ажаб эмас. Кўпчиликнинг ҳайрати шундаки, у тинимсиз ва осон ёзади. Маҳсулдорлик ҳар йили ё ҳикоялар ё роман шаклида ўқувчиларга тақдим қилинади. Бу анъана давом этиб келмоқда. Хусусан, Мураками 1999 йилда роман, 2000 йилда эса, ҳикоялар тўплами ўқувчилар эътиборига ҳавола қилди. 2001 йилда Мураками денгиз бўйидаги Оксо шаҳрига яшаш учун кўчиб ўтди. Шу ерда 2002 йил ўзининг ўнинчи романи «Кафка соҳилда»ни нашр қилдирди. 2003 йилга келиб, унинг таржимасида Сэленжернинг «Жавдар тубсизлиги» романини чоп этилиши Япония адабий муҳитида жуда катта воқейлик сифатида қабул қилинди. Роман аср бошидан бери Японияда чоп этилган барча китоблардан кўра, кўпроқ тиражда босилди ва тезроқ сотилиб кетди. Молиявий ва адабий муваффаққиятлардан руҳланган ёзувчи 2003 йил илк бор Россияга келди. Тўғрироғи, Сахалин оролига ташриф буюрди. 2004 йилда у янги роман устида иш бошлаганини эълон қилди. Умуман ҳар йили унда ё роман, ё ҳикоя ё таржима китоблари чиқарди. Адабий мукофотларни эса, ҳар доим ҳам барчасини эслаб қололмасди. Чунки улар кўп эди. Биз қуйидаги баъзилари ҳақида тўхталамиз. Масалан, 2006 йилда унга Прагада Франц Кафка номидаги адабий мукофот топширилди. Мукофот маросими Прагадаги нуфузли мажлислар залида бўлиб ўтди. Ёзувчига Кафканинг кичик ҳайкалчаси ва 10 000 АҚШ доллари топширилди. 2008 йилда Мураками япон ахборот агентлигига берган интервьюсида у янги жуда катта роман устида иш бошлаганини айтди: «- Ҳар куни беш-олти соат давомида ёзув столида ўтираман, — деди у. — Мен бир йилу икки ойдан бери янги роман устида ишлаяпман.» У бунда Достоевскийдан илҳомланганини айтди: «- У йиллар давомида самарали меҳнат қилиб «Ака-ука Карамазовлар»ни ёзган. Мен ҳам худди шу нарсани қилишни хоҳлайман.» У яна бир жойда Достоевскийнинг бу романи ҳақида шундай деган: «Романларда эришилган якуний мақсад Достоевскийнинг «Ака-ука Карамазов»ларида ётади.» Муракамининг фикрича у: бутун дунёдаги бетартибликни истеъмол қиладиган ва уни ривожланиш йўлини аниқ кўрсатадиган «улкан роман»ни яратмоқчи: «- Шунинг учун мен биринчи шахс тилидан ёзилган дастлабки вариантдаги самимий услубимдан воз кечдим, — дейди у. — Мен бошимда ушлаб турган роман турли одамларнинг фикрларидан умумий бир ҳикояни яратадиган ва турли хил ҳикояларни бирлаштирадиган романдир. Шу боис уни энди учинчи шахс тилидан ёзишим керак.» Мураками айтган бу роман 2009 йилда нашрдан чиққан «1Q84» романи эди. Шахсан мен бу романни илк бор кўрганимда Жорж Оруэлнинг машҳур «1984» романини «аранжировка»симикан деган хаёлга борганман. Роман китобхонлар учун шунчалик катта реклама қилингандики, нашр этилган куннинг ўзида, айтишларича, сотувга чиқарилган барча китобларнинг куннинг охиригача сотиб бўлинган. Китоб етмай қолган китобхонлар китоб дўконларидан норози бўлиб уйга қайтишган. Шу йили Муракамини Исроилга Қуддус адабий мукофотини олиш учун чақиришди. У Исроил қўшинларини Синай ярим оролида олиб борган хунрезлик ишларини ёқламагани учун бу ҳақда узоқ ўйлади. Шунга қарамай ахийри ташриф буюришга қарор қилди. Мукофотни олиш маросимида ўзига берилган ўн беш минутлик стенддан фойдаланиб сўзга чиқаркан, у: «- Ғазо секторига қилинган ҳужум минглаб одамларни, жумладан кўплаб қуролсиз одамларни ўлимига сабаб бўлди, — деб айтди. — Шу маънода менинг бу ерда мукофот олишга келишим ҳарбий куч сиёсатини қўллаб-қувватлаётганим каби таъассурот қолдиради. Лекин мен иштирок этмаслик ва жим туриш ўрнига гапириш имкониятини танладим. Мен роман ёзганимда доимо қалбимда тухум ва унинг деворини ҳис қиламан. «Девор» — танклар, ракеталар, фосфорли бомбалар бўлиши мумкин. «Тухум» эса ҳар доим яланғоч одамлардир, улар бостирилади, улар ўлдирилади. Мен бу курашда ҳар доим тухум тарафда бўламан. «Девор» тарафда турган ёзувчиларни эса ҳеч қачон тушунмайман.» У Исроилнинг Ғазодаги сиёсатини шу тариқа қоралаганди. Юқорида унинг Нобел мукофотига номзодлар қаторига неча йиллардан бери турганини гипотетик чамаладик. Агар Нобел мукофоти сиёсий мукофотга айланган ва асосан яҳудий миллатига мансуб ёзувчиларга берилаётганлиги ҳақ бўлса, ишонтириб айтиш мумкинки, Исроил сиёсатини қоралаган Мураками ҳеч қачон Нобел мукофотини қўлга кирита олмайди. Албатта, номзодлар сафида бўлиб қолавериши мумкин. Мураками бир неча йил Нобел олишини кутиб чарчагач, ҳатто бир гал журналистларга, уни Нобелга номзодлар рўйхатидан бутунлай чиқариб ташлашни ҳам жаҳл билан айтганди. Шунга қарамай букмекерлар уни ҳамон номзодлар рўйхатига турибди деб билишади ва Нобелни ҳар йили бошқалар олади. Мураками балки сиёсий қарашларининг қурбони бўлиши мумкин. Дарвоқе, унинг сиёсий қарашлари нафақат яҳудийларга, балки ўз ватанида ҳам у қадар хушланмайди. У Япониянинг тарихдаги империялистик сиёсатини қоралайди. Хитой ва Корея ярим оролидаги тажовузкор империялистик сиёсат учун Япония бу давлатлардан расман узр сўраши керак деб ҳисоблайди. Аммо япон амалдорлари Муракамининг бу гапларига ҳозиргача қулоқ тутишгани йўқ.
Умуман, унга эътибор қиладиларми-йўқми, номаълум. Лекин унинг асарларига ўз ватанида ҳам, хорижда ҳам катта эътибор қилишларини инкор этиб бўлмайди. Сирасини айтганда 2010 йил Мураками асарлари сайланмаси Россияда чоп этилган бўлса, 2017 йилда Англияда Мураками асарларининг кўп жилдлилиги инглиз тилида нашрдан чиқди. Ўзбекистонда ҳам Муракамининг «Шамол қўшиғини тингла» ва «Пиндбол-1973» асарлари «Жаҳон адабиёти» журналида босилди. Лекин асосий асарлари «Норвег ўрмони», «Соат қушининг солномаси», «Қўмондонни ўлдирилиши», «1Q84» ва бошқа Муракамини ёзувчи сифатида бўй-бастини кўрсатадиган романлари чоп этилмади. «Бугунги кундаги сўнги майсазор», «Токио афсоналари. Тасодифий саёҳатчига» китоблари ва бошқа ҳикоялари ҳақида бизни ўқувчилар эшитишмаган ҳатто. Албатта, вақти келиб эҳтимол Мураками Ўзбекистонда ҳам машҳур бўлар, лекин гап унинг машҳур бўлишида эмас, билъакс, ҳозирги кундаги муносиб романларни ёзаётганлигида деб биламан. У тинимсиз ишлайди. Эрталаб соат роппа-роса 4:00 да уйғонади, соат 10:00 га ёзув столида ўтиради ва асарларини ёзади. Сўнг тамадди қилиб, сайрга чиқади. Югуриш билан шуғулланади, сўнг тушлик, ундан кейин эса бассейнга сузишга боради. Ўзи овқат пиширади, соат кечги 10:00 да эса ухлашга ётади. Унинг бу вақт ритми камда-кам ҳолларда ўзгаради. Катта марафонлар ва сузиш бўйича мусобақаларда доим қатнашишга шай туради. Деярли ҳеч ким билан гаплашмайди ва танишишни истамайди. Бир гал югуриб келаётганда уни таниб қолган китобхон: — Кечирасиз, Сиз Харуки Муракамисиз, тўғрими? — дейди. Мураками: — Ҳа, лекин мен сиз қатори оддий одамман ва мен кетсам, — деб ўзини четга олди. У шунақа ғайриоддий ёзувчи. Шу ўринда Муракамини яшаш тутумлари ҳақида уни ҳозирда Япониядаги денгиз бўйидаги Токиодан унча узоқ бўлмаган тоғлар, ёрқин нурлар ва афсонавий Вайкики соҳилларида жойлашган Гонолули (Харуки Мураками узоқ йиллар чет элда яшаганидан сўнг, ниҳоят шу ерга кўчиб келди) шаҳрига уни излаб борган Германиянинг Die Zent мухбири билан суҳбатидан айрим парчаларни ҳавола қилсам, у ҳақидаги тасаввурлар янада тугал бўларди:
«Die Zent мухбири: — Барча қаҳрамонларингиз ёлғиз одамлар. Сиз ёлғизмисиз?..
Харуки Мураками: — Мен оилада ёлғиз бола бўлганман ва асосан уйда вақтим ўтган. Одатда мушуклар билан суҳбатлашардим. Ёлғизлик мен учун эркинликни англатади. Тасаддуқки, бутун ҳаётим ўзимга берилган.
Die Zent мухбири: — Сиз бундан азоб чекмайсизми?
Харуки Мураками: — Сирасини айтсам булар менга таниш депрессия, ҳатто қийноқ ҳисси.
Die Zent мухбири: — Аммо даволаш усуллари мавжуд. Масалан, психоанализ (ўзбекчада руҳий таҳлил бўлади).
Харуки Мураками: — Мен бунга муҳтож эмасман. Чунки мен ҳали ҳам ёза оламан. Агар мен тушкунликка тушсам ҳикоя ёза бошлайман. У аллақачон менинг ички муаммом учун ечим бўлади. Бундай ҳикояларни бошланиши жуда зерикарли, аммо у кейинчалик ҳаёт йўлингизга айланиши мумкин. Ёзиш жараёнида энг радикал муаммоларга таъсир кўрсатадиган кичик ечимлар излайман. Ҳақиқий ҳаётда эса бунга ҳеч вақт эътибор бермайман. Шу маънода иккига бўлинган шахсга ўхшайман. Видео ўйинни ишлаб чиқувчи ўйинчи ўйнаётганда нима ҳақида ўйлаётганини билмайди. Ёки шахмат ўйнаганингизда рақибингизни ҳаракатларини олдиндан билиш имкони йўқлигини кўз олдингизга келтиринг. Аслида мен шизофрения ёки депрессив психоз билан оғриган беморман. Лекин ёзув столидан турганимда ўзимни жуда яхши ҳис қиламан. Ҳикоялар ёзиш мени депрессиядан даволайди.
Die Zent мухбири: — Орзуларингизни эслайсизми?..
Харуки Мураками: — Мен уларни одатда оқшомги тушларимда эслайман. Аммо ҳаммаси рисоладагидек ҳалол бўлиши учун мен жуда узоқ вақт уйғоқ ўтираман. Туш кўрмаслик учун худди ўликдек ухлайман.
Die Zent мухбири: — Бугунги кун учун югурдингизми?..
Харуки Мураками: — Йўқ, бугун истисно қилдим. Ўтган якшанба куни Гонолули шаҳридаги марафонда иштирок этдим. Шунинг учун бу ҳафта дам оламан. Мен эрталаб 4:00 да уйғонаман, 5 да иш бошлайман, кейин овқатланишга чиқаман. Шунингдек триатлон бўйича сузиш мусобақасида иштирок этаман. Кечқурун соат 10 да ётишим керак.
Die Zent мухбири: — Сиз ҳозирда 65 ёшдасиз (суҳбат 2014 йилда қилинган, ҳозирги йил билан Муракамини айни вақтда неччи ёшдалигини ҳисоблашингиз мумкин). Бу ёшда булар нимага керак?..
Харуки Мураками: — Аслида мен жисмоний машқлар мухлиси эмасман. Ва мен соғлиқни сақлаш учун спорт билан шуғулланмайман. Мен танамни жисмоний жиҳатдан чиниқтириб, руҳан диққатни жамлашни хоҳлайман. Бу ҳол мени жисмимни кучли қўллаб-қувватлайди. Мен метафизик механизм ҳақида гапиряпман. Баҳаққи мен тананинг муаммоларидан озод бўлишни хоҳлайман. Гоҳида ёзаётганимда ўзимни тош деворлар билан ўралган каби ҳис қиламан. Уларни синдириш учун сизга катта миқдордаги қувват керак. Булар мен учун «бошқа» томонга ўтишнинг ягона йўли.
Die Zent мухбири: — Китобларингиздаги қаҳрамонлар кундалик ишлар билан шуғулланади. Биз уларни уй юмушларини қандай қилаётганини, ҳаммом ёки ошхонага борганини кўрамиз. Одатий ва оддий ҳаракатларни доимий такрорланиши гиперреалликка айланади ва у ерда қандайдир фантастик қадам борлигини кўрамиз.
Харуки Мураками: — Мен бир хил ҳаёт кечираман. Оддий кундалик ҳаётда яшайман. Ювиш, пишириш, дазмоллаш — мен буларни ҳар доим яхши кўриб бажараман. Бу мияни фикрлардан озод қилади. Бу юмушлардан бўшаганимда эса, бирор нарса ёза бошлайман.
Die Zent мухбири: -Бу руҳий амалиёт каби кўринмоқда?
Харуки Мураками: — Дазмоллашми? Ҳа, япон анъаналари менга бир қадар таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Худдики тупроқ ёмғир сувини симиргани каби. Лекин бу нарсалар ҳақиқий умумий маънода ўйлайман.»
Албатта, суҳбатни сўнгига қадар бериш ниятимиз йўқ. Шу парчаларнинг ўзи унинг ҳаёти ҳақида сизга муайян тасаввурлар беришга етарли деб ўйлайман. Энди умумий хулосалар қиладиган бўлсак, Мураками нафақат ўз ҳаётида яшамоқда, шунингдек, ижтимоий ҳаётда ҳам фаоллигини унутмаслик керак. У муҳими адабиёт ичида яшамоқда. 2018 йилда у Токио ҒМ даги бир соатлик радио чиқишида мухлисларнинг электрон почта орқали ёзган саволларига жавоб қайтарди. Муракамининг жавоблари китоб кўринишида чоп этилди. Мен унинг Москвада турганимда пандемия шароитидаги дунёда яна бир фаоллигининг гувоҳи бўлдим. 2020 йилнинг 22-май куни Мураками «Stay Home Special» номли икки соатлик махсус радио шоуда Япония аҳолисини коронавирус фонида руҳлантириш мақсадида иштирок этди. Мен бир ёзувчи ўлароқ, Харуки Муракамини давримизнинг катта ёзувчиларидан бири деб биламан ва унинг ҳаёти ва ижоди адабиёт йўлини тутган ҳар бир киши учун ўзига хос мактаб эканига ишонаман. Гап унинг кимдандир паст ёки баландлигида эмас, балки ҳақиқатан ҳам истеъдодли ёзувчи эканлигида. Баъзан баъзи бир олифталар уни хашаки ёзувчиларга қўшиб санаётгани очиғи мени энсамни қотиради. Аслида уларнинг кўпчилиги унинг адабий меросини тузук-қуруқ билмайди, айтаётганларини кўпи шунчаки мағзи пуч гаплар. Агар Мураками улар айтганидай ёзувчи бўлганида жаҳоннинг ҳозирги кундаги топ ёзувчилари қаторида биринчилардан бўлиб тилга олинмасди. Шу маънода у чин маънодаги япон классик ёзувчилари қаторида аллақачон ўз ўрнини топган ва ғимирсилаган гаплар унинг ўрни ва даражасига ҳеч қачон таъсир кўрсатолмайди. Зеро у ўзи таъкидлаганидек, инсонни ичига беркинган зулматнинг жонли манзараси уни қизиқтирган мавзулардир ва бу ҳол сизу бизни қизиқтирмаслиги мумкин эмас. Балки булар бироз ғайритабиий туюлар, аммо булар ҳаётнинг ўзи. Мураками сўзлари билан айтганда, «асарларимда пайдо бўлган ғайритабиий, тушунарсиз ҳодисаларга фақат метафора деб қаранг». Мабодо сиз ҳам ёзувчилик йўлини танлаган бўлсангиз ёки Муракамидек бўлишни хоҳласангиз сиз унинг ҳаёти ва ижод йўлини ҳеч қурса, оз бўлсада билишингиз керак.
2020 йил, ноябрь. Москва — Переделкино.
Шерзод Комил Халил
Харуки Муракамидек бўлишни хоҳлайсизми?..
Мазкур очерк ҳалоллик ва эътиқод ила ёндошилиб чиройли ёзилибди. Мен Мураками мухлиси эмасману, аммо ушбу очеркда унинг ижодий фаолиятига яхши бир ёндошиш, таҳлилий қараш бор. Муракамининг барча асарларини укимаганман айримларини холос уқигандим. Авторнинг куп ўринларда берган қарашлари билан фикран келишган ҳолда холислик борлигини таъкидлаш керак. Шу билан бирга автор Муракамига нисбатан ҳиссий яқинлиги ҳам кўрсатиб ўтади. Бу балки авторнинг биздан кўра Муракамини яхшироқ тушунишини яхшироқ англашини кўрсатар…
Мен Харуки Муракамининг хеч бир китобини укимаганман. У хакда хеч нарса билмас эдим Ушбу очеркни укиб чикиб хам у хакда хеч нарса билолганим йўқ. Ёзувчининг кимлигини унинг асарларига карабгина аниклаш мумкин,асарларидан ташкарида ёзувчи-хеч ким эмас Очеркда эса ёзувчи асарларининг факат номлари, нвшр килинган йиллари, олган мукофотларигина келтирилган. Буларнинг урнига хеч булмаса бир -икки жумла, бирор асар сюжети, ёки асарлардан олинган лавхалар, хаволалар келтирилганда ўқувчида бизда ёзувчи хакида кандайдир тасаввур пайдо булган буларди.