Шифтдаги портрет

    0
    400
    ko'rishlar soni

    ҳикоя

    Мен Бруклиндаги унча катта бўлмаган кутубхона эгасиман. Турмуш ўртоғим Мей билан ҳали талабалик пайтимиздан шундай кутубхона очамиз ва бу ерда одамлар барча китобларни бепул ўқишади деб орзу қилар эдик. Мана, йиллар ўтиб мақсадимизга ҳам эришдик. Аммо…

    Бу кутубхонада ҳар доим одам гавжум. Лекин у ердаги сукунат баъзи-баъзида қабристонни ёдга солиб юборади. Китобхонлар орасидаги маданият ва ўзаро ҳурмат хонадаги пашшанинг ҳам ғашига тегса ажаб эмас. Шунинг учун ҳам мунтазам равишда ғунғилласа керакда. Борган сари бундай товушлар одамни безитиши турган гап. Лекин бошқа товушлар сени иш жойингда тутиб туриши ҳам айни ҳақиқат. Масалан — кейинги саҳифага ўтишдаги вароқдан чиқаётган товуш. Буни қандай тасвирлашни ҳам билмайман. Ёқимли ва яна қандайдир ҳисни тугаман шу он.

    Бу ерда бошқа ҳеч қандай қизиқарли ёки саргузаштли воқеа рўй бермайди, тўғри. Қайсидир ёш йигитнинг кўзи китоб ўқиётган дуркун қизга тушиб қолмаса, деярли эътибор тортадиган ёки мириқиб кузатадиган иш йўқ ҳисоб. Чунки одамлар бу ерга қизиқарли саргузаштларни фақат ва фақат китобдан излаш учунгина келишади. Кимдир топади, кимдир эса…

    Қайси стол устида ким ўтирганини билиш учун унинг ўқиётган китоб номига эътибор қаратишнинг ўзи кифоя. Сўзсиз уларнинг аксарияти талабалар. Қолганлари эса, қолганлар…

    Баъзан талаба бўлмаганлардан бири дераза олдида, кўчага қараб, тик турганча фикр юритиб қолади. Бунинг сабаби, муаллифнинг асарини тугатгач, ўқиганларини хаёлан таҳлил қилиши-да. Гоҳида ўнгида гапириб ҳам қўяди ўзига-ўзи. Ўзи билан ўзи гаплашмайдиганлар эса китобни аста ёпади-да, икки кафтлари аро қўйиб, қўлларини юзларининг ўртасига олиб борадилар. Шунда китоб одам пешонасининг ўрта қисмидан бир текисда аввал бурни, сўнг ияги қадар тизилади. Кафтлари билан китоб муқовасини тутиб, бош бармоқларидан бирини вароқлар орасига тиқиб олган ўқувчи, кўзларини юмган ҳолда хаёлга чўкади.

    Агар кутубхоначи бўлмаганимда унда фақат ва фақат «Бармен» бўлишим кераклиги ҳақида ўйлаб қоламан. Ахир ана бу дераза олдида турган ва китобнинг ичидаги битикларга куюнаётган одам дардини менга эмас, ана ўша барменга бориб айтади. Олган таассуротларини тун бўйи мусаллас устида ўртоқлашади-ю ва сархуш бўлиб, базўр уйига кетади…

    Бугунги иш ҳар кунгидан оғир ўтди. Ҳаддан зиёд кўп ва майда нарсаларга эътибор бериб юбордим шекилли. Гўё кутубхоначилик жон-жонимдан ўтиб кетгандай тутардим ўзимни. Уйга йўл олдим. Якуний хулоса эса, юмшоқ ўриндиққа курагим теккан он кўз ўнгимда пайдо бўладиган шифтдаги расмни кўргач пайдо бўлади.

    — Мей, нима қиляпсан, азизам?

    — Бу сурат сенга доим мени эслатиб туради.

    — Ҳа, лекин нега шифтга, одатдагидек деворга эмас?

    — Терри, агар мен бу суратни деворга илсам, сен қачондир унинг олдидан бефарқ ўтиб кетишинг мумкин. Унга кўникиб қолишинг ва уни мавжудлигини уйдаги қолган жиҳозлар каби нисбийлаштириб қўйишинг турган гап. Шунинг учун ҳам шифтга маҳкамлаябман. Ҳар куни уйқуга кетишингдан аввал, у сенга далда бериб туради, у сенга мени…

    Ҳа, Мей.

    Ҳа, азизам. Сен қанча курашма, қанча дуода бўлма, барибир дард биздан устун келди. Ҳатто ўлимингни била туриб ҳам, мени ёлғизлатиб қўймаслик учун қўлингдан келган барчасини қилган бўлсангда, барибир энди юрагимни сезмаяпман. Кўксимдаги бу бўшлиқни тўлдиришга ана у портретинг ҳам ёрдам бермаяпти. Сен эса ҳар кунгидай кулиб қарайсан, тепадан. Гўё руҳинг ана ўша расмга жон бериб қўйгандай туюлади. Лекин юрак қурғур энди сенга энтикмайди негадир. Унинг ичи аллақачон музлаган ва сенга бўлган туйғуларим сирпанишни эплай олмай бир бурчакларда йиқилиб ётганга ўхшайди. Уларни қўлтиғидан тутиб, турғазиб юборадиган изҳорларинг йўқ энди.

    Тонгда яна одамлар оқими аро иш жойимга келаман. Йўлакча, бекат, автобус. Соатига тинмай разм солиб кетаётган адвокат. Бекат, зина, метро. Купеда гитара чертиб «Грин Дей»нинг «Мени уйғотиб юбор сентябр тугагач» қўшиғини айтаётган ҳавасманд. Тунел, кўча, бино. Скутеридан пиццаларни олиб, чопаётган элтувчи. Эшик, ичкари, хона. Ниҳоят, поллатта билан челак…

    Муштарийлар тушликкача келмайди. Кутубхонани саришта қилишим керак. Оёқ остини ювиш унча вақт олмайди. Асосийси жавонларнинг устидаги чанглар. Шуларни артиб олсам марра меники. У ёғи эса яна ҳар кунгидай ҳолат.

    — Салом, Терри.

    — Хайрли кун, Освальд.

    — Бугунга тугатмасам бўлмайди. Чўзилиб кетди шундоқ ҳам.

    — Ҳа, бу гал ҳаддан зиёд кўп қолиб кетдинг. Китобни қўй, ўзингдан гапир, нима гаплар?

    — Менда-ку тинчлик, лекин кеча янгиликларни кўргандим…

    — Хўш, қандай янгилик бўлибди яна, бу гал ҳам фонд биржасими? Ёки ирқчилик ва жинсий тенглик тўғрисидаги оммавий намойишларми?

    — Э, йўқ. Терри, улар ҳолва. Бизнинг шаҳарда янги қотил пайдо бўлганмиш.

    — Қотил?

    — Ҳа, полиция уни тутиш учун кўмак берган одамга мукофот ҳам эълон қилипти. У ўта ашаддий ва ваҳший жиноятчи экан. Яна одамларнинг айтишича, нақд олтита аёлнинг умрига зомин бўлишга улгурганмиш.

    — Эээ, Освальд. Ўзи йўқ кайфиятни ҳам тушуриб юбординг бу шум хабаринг билан. Бориб китобингни бошла ундан кўра, вақтингни бўлмағур нарсаларга сарфламай. Ой-йилда бир марта ҳол сўраганимга ҳам пушаймон қилдирасан-а?

    — Менда нима айб? Сен сўрадинг, мен айтдим. Ахир бугун тонгдан ҳамманинг оғзида шу гап…

    Қани эди эшитганларим ёлғон бўлса, Мей. Аёлларни шафқатсизларча ўлдирадиган кимса, ё худойим-ей, ё худойим. Ўлдириш у ёқда турсин, уларга қўл кўтариш ҳам оғир гуноҳ-ку ахир. Мейга бир марта қўл кўтарганимда уни йўқотиб қўйишимга оз қолган. Ҳайриятки, у мени кечирган. Ҳайриятки, у мени севарди. Севган одам ажралмайди. Ҳа, ажралмайди…

    Лекин нима бўлганда ҳам, э худо ўзинг жазосини бер бу аблаҳни.

    Хаёлимдан ўтаётган барча ўйлар ана шу нуқтада қотиб қолгандай эди гўё. Энди кутубхонага кираётган ҳар бир кимсанинг юзига синчковлик билан қарардим. Муболаға бўлмаслиги учун аёлларни ҳам назардан қочирмадим. Бу ерга ҳар куни келиб кетадиганларнинг барчаси бугун ҳам келишди. Улардан шубҳа қилишга ботина олмадим негадир. Бироз вақт ўтгач ўзи нега бировга шубҳа билан қарашим кераклигини ҳам англай олмадим. Кейин жойимга хотиржам жойлашиб ўз устимдан кула бошладим. «А-ҳа-ҳа аҳмоқ, қотил кутубхонада нима қилади, китоб ўқиган одамдан жиноятчи чиқиши мумкинми? А-ҳа-ҳа, а-ҳа-ҳа»

    Кечга яқин эшик олдидан ҳеч жилмаётган машинага кўзим тушди. Мижозларнинг бириники бўлса керак, деб ўйладим. Лекин кутубхонадан бирма-бир одамлар чиқа бошлагач, ҳавотирим ортиб борди. Стол устида қолиб кетган китобларни жавонларга жойлаб, чироқларни ўчирдим. Ичимдаги барча ҳисларни жиловлаб, ўзимни қўлга олдим. Йўл-йўлакай иш столим устида турган степлер, скотч, ручка ва концелярия пичоқлардан бирини ҳамёнимга солдим. Бахтимга бу қоғоз кесадиган пичоқ экан. Сўнг кўчага чиқиб эшикни қулфладим. Қаршимдаги Шевроле ичидан бир шахс тушиб келиб, менга мурожаат қилди.

    — Ф.Қ.Б нозири Мартинелли, — таништирди ўзини. Гувоҳномасини пешонам қаршисига ўқталиб. Мен аҳмоқ бўлсам уни қурол ўқталябди деб конселяр пичоқни чиқариб олгандим.

    — Ўзингизни босинг, жаноб. Биз сиздан ёрдам сўраб келдик.

    — Ёрдам? Шунинг учун пешиндан то кечгача кутубхонам олдидан ҳеч қаерга жилмай ўтирибсизларми? Мана бу шубҳали машинангизда. Ҳа, ёрдам керак бўлса нима учун тўғридан-тўғри ёки расмий ташриф билан келмайсиз?

    — Гап шундаки жаноб Терри, биз сиздан бир нарсани сўрашимиз керак эди ва бу нарса мутлақо махфий иш. Келиб чиқадики норасмий ҳам.

    Уларнинг дабдурустдан бошлаган гаплари, махфийлик тобора юрагимга ғулғула соларди. Нима, Терри дедими? Исмимни қаердан билади?

    — Ҳеч ажабланманг, жаноб Терри, исмингизни ишимга алоқадор бўлгани учун биламан. Энди марҳамат қилиб мени ичкарига таклиф қилсангиз. Қолганини ичкарида кузатув камераларини назорат қилиш хонасида тушунтириб бераман…

    — Йўқ-йўқ, жаноб Терри. Чироқларни ёқмай қўяқолинг. Ортиқча эътибор ҳозир ҳеч кимга керак эмас. Қани, йўл бошланг. Мени мижозларингиз билан таништирасиз.

    Мартинелли стол устига бир неча суратларни ташлади. Уларнинг аксари Освалдь назарда тутган қурбон аёллар экани аниқ.

    — Уларни танийсизми?

    Савол билан юзланди, қўпол оҳангда.

    — Жавоб беришга шошилманг, яхшилаб кўздан кечиринг.

    Бу аёлларнинг барчаси бир ҳил кўринишда, сочлари қора, қўнғир ва ёйилиб кетган. Жасадлар эса шаҳарнинг турли тунги клубларининг ёнидаги хилватроқ бурчакларидан топилган. Шундай тўхтамга келдим-у, изқуварга манфий жавоб қайтардим. Сўнг у янада важоҳатлироқ кўринишда гапира бошлади.

    — Ҳой ғаламиз, ўз қўлларинг билан бўғиб ўлдирган жувонимаргларни таний олмаяпсанми? Ҳали яна ўзингни гўлликка ҳам соласанми? Ҳозир мана бу пешонангдан тангадек тешик очиб қўяйми?

    Шу пайт хонага қолган ходимлар югуриб киришди…

    — Ўзингизни босинг, жаноб.

    — Гумонланувчини машинага тиқинглар…

    Нега?

    Нима учун?

    Азизам Мей, сен энди йўқсан. Мен сендан тинмай кечирим сўрадим. Сен эса ҳар гал кечиравердинг. Сен эса ҳар гал севаман дердинг. Мен ҳам сени севаман. Лекин нега доим мени ташлаб кетасан? Нима учун?

    — Жаноб бошлиқ, унинг уйини тинтувдан ўтказдик.

    — Бирор нима аниқладиларингми? Далиллар чиқдими?

    — Жаноб, далил гапми, яна битта жасад топдик. Аёл киши. Ўша кўриниш, ўша сочлар ва ўшандай бир бурчакда бўғиб ўлдирилганча ётган экан. Яна…

    — Ҳа-ах ифлос. Ниҳоят қўлга тушди. Ўзи бошидаёқ вазиятдан фойдаланиб ўлдириб ташлаш керак эди. Нима яна?

    — Айбланувчи қандайдир Мейга тинмай севги изҳор қиляпти.

    Фарҳод Эшонов

    Javob yozing

    Izoh yozing
    Ismingizni kiriting