Ғарбнинг исёнкор виждони

11
1038

Француз адиби ва файласуфи Альбер Камю 1913-йил 7-ноябрда Жазоирда туғилган. Бир ёшга етмасидан отаси Биринчи жаҳон уруши даврида госпиталда вафот этади. Онаси бу кутилмаган бахтсизликдан руҳий зарбага учраб, тилдан қолади. Оила буви билан ногирон тоға уйига кўчиб кетади.
Альбер мактабда адабиётга қобилияти борлигини намоён қилади, ўқитувчиси Луи Жермен унга лицейга ўқишга киришига кўмаклашади. Камю жон-дили билан ўқиш баробарида, бокс билан ҳам шуғулланади. Бироқ 17 ёшида силга чалингани туфайли спортни ташлашга мажбур бўлади. А.Камю Жазоирда университетда ўқиб, фалсафа магистрлиги дипломини олганидан сўнг, илмий ишларини давом эттирмоқчи бўлганида яна сил касали қўзғагани сабаб, аспирантурага ўқишдан воз кечади. Альбер талабалик даврида ўқиш пулини тўлаш учун бир неча ишга ўзини урган бўлса, ундан кейинги даврларда театрда актёр, режиссёр бўлган, газеталарда ишлаган, Франция немислар томонидан босиб олинганидан кейин қаршилик ҳаракатида фаол қатнашган, яширин газетада ишлаган.
30-йиллардаёқ Жазоирдаги етакчи ёзувчилардан бири сифатида танилган Альбер Камю «Бегона», «Тубанлашув» қиссалари, «Сизик ҳақида асотир», «Исёнкор одам» фалсафий очерклари, «Англашилмовчилик» ва «Калигула» драмалари, «Вабо» романи, «Салтанат ва сургун», «Швед нутқи» каби ҳикоялар тўплами муаллифидир. Адиб 1957-йили, 44 ёшида «Бизнинг кунларда одамлар виждони олдида турган муаммоларни бағоят жиддийлик билан ёритиб берган ижоди учун Нобел мукофотига сазовор бўлади.
Альбер Камю 1960-йил 4-январ куни Францияда автомобил ҳалокатига учраб, 47 ёшда вафот этади.

У тириклик вақтидаёқ «Ғарбнинг исёнкор виждони» деган ном олган эди. Адибнинг «Бегона», «Вабо» асарлари Аҳмад Аъзам томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Қудрат Дўстмуҳаммад томонидан тайёрланган «Нобел мукофоти олган адиблар» китобида адиб таржимаи ҳоли ва Нобел маърузаси ўрин олган.

Қуйида адибнинг Нобел нутқидан олинган фикрлари билан танишасиз:
— Мен ўз санъатимдан ташқарида яшолмайман. Бироқ мен ҳеч қачон уни бутун ҳаётимдан устун қўймаганман;
— Санъат мен учун — ёлғиз ижодкорнинг эрмаги эмас. У мен учун, умумий азоб-уқубатлар ва қувончларнинг қамровли манзарасини чизиш орқали иложи борича кўпроқ одамларга таъсир этиш усулидир;
— Санъат ижодкор ўз қобиғида ўралашиб қолишига йўл қўймайди, уни энг оддий ва ва энг умумий ҳақиқатга бўйсундиради… Санъаткор, мана шунақа, ўзи билан бошқалар орасидаги — ўзи четлаб ўтолмайдиган гўзаллик ва узилиб кетолмайдиган инсоний умумийлик орасидаги — йўлнинг ўртасида зир югуравериб шаклланади. Шунинг учун ҳам ҳақиқий санъаткорлар ҳеч нарсани эътибордан соқит қилмайдилар, улар ҳукм чиқаришни эмас, тушунишни ўз бурчлари деб биладилар;
— … фақат у ўз касбининг улуғворлигини белгилайдиган икки вазифани баҳоли қудрат бажаришга рози бўлиши керак: булар — ҳақиқат учун, озодлик учун хизмат қилиш;
-Модомики, унинг истеъдоди — одамзотни бирлаштириш экан, у ёлғон ва қуллик билан чиқишолмайди, чунки булар ҳукм сурган жойда ёлғиз одамлар сони кескин ошиб кетади;
— Касбимизнинг олижаноблиги зиммамизга оладиган икки мажбуриятга — билганлар ҳақида алдамаслик ва зулмга қарши кураш — мажбуриятларимизга илдиз отган, бироқ буларга амал қилиш қийин;
— Ҳар бир авлод ўзини дунёни қатта қуришга масъул деб ҳисоблайди… Бу вазифа ер куррасини йўқ бўлиб кетишига ҳалал беришдан иборат;
— Ҳақиқат сирли-синоатли, кўз илғамас, уни ҳар доим янгитдан, курашиб қўлга киритишга тўғри келади. Озодлик хатарли, машаққатли ва оромбахш. Биз ҳақиқат ва озодликка қийинчилик билан, бироқ қатъий илгарилаб ва бундай олис йўлда учрайдиган заифлик дақиқаларини олдиндан кўра билган ҳолда боришимиз керак.

Фаррух КEНЖАЕВ тайёрлади.

11 Izohlar

  1. If you want to use the photo it would also be good to check with the artist beforehand in case it is subject to copyright. Best wishes. Aaren Reggis Sela

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting