Луис Алонсо Крус Альварес. Шеърлар

0
225
кўришлар сони

Луис Алонсо Крус Альварес- таниқли перу шоири. 1981 йилда Перунинг Лима шаҳрида туғилган. Перу Университетининг саноат муҳандислиги бўйича, Мексиканинг Халқаро университетини педагогика йўналиши бўйича тамомлаган. 2003 йилда “Тетрамерон” , 2007 йилда “Руҳ трилогияси” каби бир қанча шеърий китоблари нашр қилинган.

***

Нимага ўхшар

Сендаги унутишга бўлган

 Мойиллик ҳисси аслида?

Ўхшар кўзгулардан

Ташкил топган легионга,

Ё қулоқ остида майин

Шивирланган сўзга монанд

Касб этар ундаги ўхшашлик,

Ё ўхшайди махагон ёғочидан

Тайёрланган қизил жавоннинг

Ичидан таралаётган сукунатга.

***

Кўзга кўринмаслик

Яратилар қориштирилиб

Тош ва эркакларнинг қиёфасидан.

Кўзга кўринмаслик —

Чекинишга шай турган бўрон,

Жасурликнинг йўқолиши илкис

Ё жимитдек араванинг

Тишсимон ғилдиракларин

Тирқишида чайқалган нигоҳ.

***

Сен биласанми

Китобларни каравот остида

Қандай қилиб сақлаш санъатин?

Қутиларни хотиралар-ла

Семиртириб тўлдиришни-чи?

Билсанг агар асли булар ҳам

Қилар катта санъатга дахл.

Худди санъат бўлгани каби

Сувда сузиш чўкмасдан кунлаб

Фақатгина кўрсатмоқ учун

Етмаслигин ўпкага шикаст.

***

Эгилишар букилиб

Хонанинг бурчагида соялар.

Гавдаланишар

Жойлаш дардида

Юрагимга қўрқув ҳиссини.

Иккимиз учун

Кўп ардоқли бўлган

Ётоқхонага киришар шитоб…

Шундай қилишда

Этишар ҳар доим давом

Шунчаки йўқ бўлгани боис

Қилмоққа бу юмушни биров.

***

Сен кийинасан шодон

Улашасан ним табассуминг

Ва тақасан кўзойнагингни.

Бутун танангни кўмган

Зулмат эса қолар мен билан

Сирларингни насибам қилиб.

Кўчага чиққан пайтинг

Қолмайди ҳеч улардан асар

Ёди ўчар бунинг ортидан

Урушларда, тадқиқот учун

Саёҳатни ихтиёр этиб

Из қолдирмай йўқолганларнинг.

Ҳув, лаънати Меркурий бўлса

Кулар тинмай хохолаганча

Деразадан бошини суқиб.

Инглиз тилидан Шерзод Ортиқов таржималари 

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг