АЖДАР САЙЁРАСИ

0
324
кўришлар сони

ҳикоя

Оға, ўзингга айтмай, электрон почтангга ёзиб юбораётганимнинг сабаби бор. Буни муҳиммас деб ҳисоблайман ва умуман, бирор кун почтангни текширганда чиққан бу мактубга унча аҳамият бермассан, деб умид қиламан. Биламан, ҳозир руҳиятим издан чиқиб, кайфиятнинг қулига айландим. Сен эса узоқдасан. Тасаввуримда сен ўз муаммоларингга қоришиб ётгандексан. Болаликдан баланд руҳиянгга ҳавас қилганман – ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзингни йўқотмайсан. Эҳтимолки, шундай ташвишлар сенинг тўпиғингга келмайди ва кечга Мармар денгизи соҳилларида хушҳол яёв кезасан. Балки бирор офатижоннинг белидан қучиб кетаркансан, қулоғига ёқимли сўзлар шивирлайсан ва у, албатта, орзиққанча елкангга бош қўяди. Ҳа, сенга ҳавас қиламан, буни минг бора айтганман ҳам. Майлига.

Воқеа ўтган шанба куни юз берди. Уйда эдим. Бирдан зориқа бошладим. Ўтган сафар сенга ҳавода муаллақ қотиб қолган қуш ҳақида сўзлагандим, ёдингдами? У балки ўзининг шу ҳолатини идрок эта олар, бироқ қўлидан ҳеч нарса келмайди. Буни яна жин босишига ўхшатиш мумкин. Сени ҳеч уйқунгда жин босганми? Мени кўп маротаба. Мана ўша ҳолат – онгинг ҳар доимгидан тиниқ ишлайди, ҳатто деворсоатнинг бир маромда чиққиллашини-да эшитасан ва буларнинг бариси уйқунгда содир бўлаётганини англайсан. Худди миянг ва тана аъзоларингни боғлаган томирларинг буткул узиб қўйилгандай ўзингни ҳис эта бошлайсан – бутун қувватингни тўплаб уйғонишга уринасан. Биласан, англаб турибсан, агар бармоғингними, кипригингними қимирлатгудек бўлсанг бас, ҳаммаси тамом: уйғонасан. Ўзимни худди шу ҳолатда ҳис этардим: оёқларим остида қуруқ бўшлиқ, чоҳни кўриб турар, қимир этишга эса менда на мажол, на ишонч бор эди. Шу боис ўзимни қўярга жой тополмай типирчилаб қолдим. Тобора бетон деворларнинг сиқиб келаётгани, ўпкам ва онгимга ҳаво етмаётганини ҳис қилдим. Кўчалик кийимларимни эгнимга илиб, уйдан шошиб чиқиб кетдим. Ҳовлига чиқарканман, ёз тафти кетмаган офтобда қаергаям борардим, деб ўйладим. Кейин Чилонзор-Оқтепадаги анҳор хаёлимга келди. Катта кўчага ўтдим. Таксига ўтириб: “Қатортолга ҳайданг”, дедим. Тўсатдан содир бўлди бу. Китоб дўконлари ҳақида ўйладим. Сентябрь. Эҳтимол, бирон шамолбоп енгил уст-бош оларман, деган ўй ҳам йўқ эмасди. Қайга боришимнинг аҳамияти йўқ, муҳими, шу ҳолатимдан чиқишим, уйғонишим керак эди.

Гипермаркет олдида машинадан тушарканман, хаёлим қовжираган дашт қумтепалари каби бўм-бўш эди. Анча ўзимга келиб қолгандим. Яна ўзимнинг одам эканим, мана шу оломоннинг – улар енгил уст-бош ва ниқобда эдилар – бир бўлаги, арзимас қисмчаси эканимни ҳис қила бошладим. Ичим ҳам ғалаённинг босилганидан тинчиб қолаёзган, ҳаловатсизлик бироз тарқаганди. Аввалига китоб дўконини айландим, сўнг кийим-кечакка ўтдим. Охири, хафсалам пир бўлиб ташқарига чиқдим. Энсиз йўлак бўйлаб терилган ўринлардан бирига ўтирдим. Сигарет тутатдим. Шовқиндан кўнглим айний бошлади. Одамларга тескари бўлиб олдим. Яна тутатдим. Шунда у пайдо бўлди – Жамшид. Эҳтимол, исми бутунлай бошқадир, ҳар ҳолда у ўзини шундай таништирганди.

Туйқус: “Брат, можно прикурить?” деган сас келди. Ўриндиқда, қутининг устида сариқ чақмоқ турганди, ўшани тутдим. У шабададан пана қилиш учун кафтини ёйди, ёқдим, тутатди. Тутунни ўпкасига тортар экан, алланималар деди. Раҳмат айтди чоғи, мен шундай ҳисоблаб: “Арзимайди”, – дедим. “Ие, сизгаям ўрисчаладимми?” – “Ҳечқиси йўқ”, – шундай деб унинг юзига боқдим. Соқоли қиртишланган, сочи калта, қорачадан келган қотма йигит. Нари борса, сен тенги, деган тўхтамга келдим. “Бу ерда ҳамма билан ўрисча гаплашишга тўғри келаркан”, – деди ўзини оқлаб ва ёнимга чўкди. Сигаретни лабига қистириб чуқур тортди. Йўлнинг икки қисмини тўлдирган, ғизиллаб икки ёнга қатнаётган машиналарга тикилди. Оғиз-бурнидан тутун буралиб-буралиб кўкка ўрлади. “Тепада ҳамма нарса қиммат, арзиса, майли экан.” Бош ирғадим. “Ҳа, қиммат, аммо қизлари зўр.” Унинг кўзлари ёнди: “Уҳ, қизларини айтманг… Жонни олади!”

Қўлимдаги охирлаб қолган сигарет қолдиғини шундоқ оёқ остидан ўтган бетон ариққа ташладим, кетидан бошқасини уладим. У эса атрофга аланглади, ҳозиргина айтилган гапга исбот истади, аксига, ҳадеганда бирон офатижон ўтавермасди. “Ў, анавини қаранг. Даҳшат-у, а?! Эгарри қаранг, эгарри. Бунақалар роҳат-да!” Қарадим. Йўқ, унчамас, у таърифлагандек ҳурилиқомас. Бунинг устига, шалвираб қолган, ёқимсиз. Ҳа, дегандай бош қимирлатдим. У гап аёлларга кўчганидан хурсанд эди, ҳозир йўлнинг нариги бетидаги тўққиз қаватлилардан биридаги жононнинг висолига шошаётганини сўзлай кетди. Бош ирғаб турдим. У эса қизнинг ҳусни таърифини келтиришга сўз излайди, қўллари билан “эгарини” кўрсатган бўлади, умуман, тинимсиз кафтини ҳавога сермайди. Машиналар тинимсиз ғизиллайди, улкан чинорлар шовиллаб таниш симфония янграйди. Гапини якунида аёлларга ишонмаслик кераклигини уқтирди.

– Эҳтимол, – дедим. – Муҳими, ўзингизга ишончингиз.

Шу билан бас қилиш тўғрисида ўйлай бошлагандим – бундай маиший мавзулардан зерикиб кетганман. Устига устак, одамлар бир хил мавзуда (сиёсат, аёллар, кийим-кечак, емак-ичмак) соатлаб вақиллашини, сериаллар қаршисида умрини ўтказишини тушунолмасдим. Яъни сингдиролмасдим ўзимга. Одам шу қадар бехавотир, беэътибор ўтиши мумкинми, деган ўй келади хаёлимга. Ҳаёт бизни чалғитишнинг доим уддасидан чиққан ва менда ҳам худди шундай бўлди, чоғи. Ҳаёт ҳаммага ўзига хос равишда ёндошади. Жамшид – у мени чалғитишга уринаётган ҳаётнинг тили эди, назаримда.

– Масалан, сиз ўзингизга ишонасизми? – деди у суҳбатни якунлашни истамай.

– Аёллар борасида муаммом йўқ.

– Йўқ, умумий маънода демоқчиман.

Мана буни мот қилиш дейди, оға. Унга нима ҳам дея олардим, туппа-тузук ёлғончи бўлсам ҳам бундай саволга ҳеч қачон жавоб беролмаганман. Ёлғонлаб ҳам бўлмайди, ичимни итга тирнатишдан нима наф? Лекин кўчада дуч келган одамга ҳавода муаллақ осилиб қолганинг ҳақидаги тасаввурларингни айтиш ҳам у қадар тўғри эмас – бу қўрқувларимга яқинларим ҳам мийиғида кулиб, чўпчак эшитган каби муносабатда бўлади. Эҳтимол, шунга мен ўз қобиғимга беркинганман ва ўша қобиқдан туриб муносабат билдирарман ҳодисаларга.

– Балки ҳақдирсиз. Қайсидир маънода мен ўзимга ишонмайман.

– Тўғри, ҳаммамиз қайсидир маънода ўзимизга ишонмаймиз. Буям яхшиликкадир. Масалан, мен, – у ўриндиқ устида турган қути ва чақмоқни кўтариб, чексам майлими, дегандек ишора қилди, бош ирғадим, лабига бир сигаретни қистирди, – мен уйланишдан қўрқаман. Очиғи, шу. Менга неча ёш берасиз?

– Саксон бешинчи йилдирсиз?

– Саксон иккинчиман.

– Ўттиз…

– Ўттиз саккиз ёш, – у лабидаги сигаретини ўт олдирди.

– Худонинг ўзи бирор офатдан асраётгандир-да.

Кулди. Эҳтимол шундайдир, деган кўйи бош қимирлатди.

– Бир оғайним бор, ўшанинг битта зўр саволи бор эди, айтайми қандай?

– Айтинг-чи.

– Қай бири бахтлироқ – охирги одамми, охирги горилла?

– Бу саволни бироз бошқачароқ бериш керак. Дейлик, қай бири бахтсизроқ, деб. Агар савол шундай бўлганида, мен, албатта, охирги одамда тўхталардим. Сўнгги эканингни англаш даҳшатнинг ўзгинаси.

– Менимча эса горилла бахтсизроқ бўларди. Нега десангиз, одамни умид ҳаракатга келтиради, умид хомхаёллар яратади, умид ишонтиради. Сўнгги одам худди биринчи одам каби кимнидир топиш илинжида йўлга тушган бўларди. Ҳатто ўлар чоғиям тепасига кимдир келишидан умидвор бўлиб жон таслим қиларди.

Оға, одамнинг оласи ичида, деган гап ҳақиқат. Қара буни, кўринишидан суюқ, учига чиққан хотинбоз-у, очилиб гаплашса, тузуккина файласуф, дейсан. Яна костюм-шим, оқ кўйлак кийиб олганини-чи.

– Вақтингизни олмасам, ўша оғайнимнинг бошидан ўтганларини айтиб берардим. Рости, у ҳақида биронта одамга гапирмаганман, одамлар мени қип-қизил жиннига чиқаради. Сиз – бошқа гап, кўриб турибман, мени ўзимдек тушунасиз, қолаверса, ғирт бегонамиз-ку, айтаману кетаман. Фақат сизга малол келмаса бас. Айтаверайми?

Бош ирғадим. У оғайниси ҳақидаги ҳикоясини бошлади. Мана, ўша ғалати ҳикоя, сенга узилишларсиз, эшитганларимни тўлиқ келтираман.

– Хуллас, ота-оналар даҳшатли даражада шафқатсиз бўлишини тасаввур қилмас эканман. Баъзан болани асраш баҳонасидаям уни алоҳида хонагами, қафас каравотгами солиш мумкин, бу ҳатто жуда табиийдек туюлади. Оғайним эса оролда қолиб кетганди, бунинг устига, ёлғиз. Тасаввур қилинг-а, гўдакни оролда қолдириш учун қанчалар шафқатсиз бўлиш керак. Эҳтимол, бу ҳақида мен кейинроқ ўйлай бошладим, унинг ота-онаси бошқа имкони бўлмагани боисидан, дейлик, оғайнимнинг ҳаётини асраш важидан шундай қилишга мажбур бўлишгандир. Бошқа тарафдан олиб қаралса, танланган жой жуда ажойиб эди – йил бўйи офтоб, сап-сариқ соҳил ва кўм-кўк уфқ. Бунақа жаннатмонанд ерда яшаш ҳамманинг орзуси. Оғайним йигирма бир ёшигача бутун оролни айланиб чиқибди – боя айтдим-ку, одамзодни умид олға интилишга мажбур қилади, деб. Ички сезимига кўра сол ясашга киришибди ва уммон тўлқинларига ўзини топширибди. У менга уммонда бошидан нималар ўтганини сўзлаб бермаганди, билганим – бир ой ўтар-ўтмай оролнинг нариги томонидан чиққан ва даҳшатли ҳақиқатни билиб қолган. Бу мана шу оролдангина иборат у қадар катта бўлмаган сайёра экан. Ва бу сайёрада оғайнимдан бўлак жон йўқ эди. У бундан шу қадар даҳшатли умидсизликка тушибдики, ўзининг аввалги манзилига бориб ўтирмай, шу ердаги ўнгирлардан бирига кириб кетган. Кейин кулми, тупроққами ўхшаш алланима ёғган, ёғгандаям тинимсиз бир фасл ёғган. Оғайним эса ўз дарди билан бўлиб, ғордан чиқмай ётаверган – ўзингиз ўйланг, умиди чил-чил синган одам кўксини ерга бериб ётаркан, қанча вақт ўтгани ҳақида ўйлармиди?! Кўзини очганида зим-зиёмиш, йилт этган нарса кўринмасмиш; оғайним хотирасига таяниб ғор оғзи қараб кетибди, охири ўнгир девори якунига етган жойда осмондаги тўлин ойга кўзи тушибди – бошқа ҳеч нарса йўқ экан, кўринмасмиш. Ўша ерда кун чиқишини пойлабди. Хаёлида бир неча кун ўтгандек бўлибди, аммо тонг отиши қайда дейсиз, ҳатто ой ҳам ўз ўрнидан жилмасмиш. Шунда у ўрнидан туриб уммон томон юрмоқчи бўлибди ва кўп ўтмай иккинчи даҳшатли ҳақиқатни англаб қолибди: у ўрада қолиб кетган, анави олисдаги тўлин ой эса, аслида, ўранинг оғзи экан. Даҳшат-а? Оғайним қанча пайт ўша ойга тикилиб ётган бўлса – охири нима қилиб бўлмасин, тепага чиқиб олишга қарор қилибди. Ўра деворига тирмашиб чиқишнинг имкони йўқ ҳисоби, шунда оғайнимнинг ақлига лаҳм кавлаб ер устига чиқиб олиш фикри келибди. Бундан ташқари, тупроқми, кулми, нима эди у – жуда осон кўчаркан, бироз уринса бас. Хуллас, ўзи сиғадиган лаҳм кавлаб ичкарига ўрмалаб кетаверибди, бу орада панжалари қотиб, худди ерқазар юмронникидек бўлибди. Кейинчалик олаётган тупроғини орқага сургалашнинг иложи бўлмагани учун чорасизликдан тупроқ чайнабди. Шундан сўнг танасиям эврилибди, қўллари калталашиб, охири йўқолибди, танаси узунлашибди, баданини майда-майда тангачалар қоплабди. Ҳа, топдингиз, илонга айланибди. Тинимсиз ер устига чиқиш – эрк умидида тупроқ чайнайверибди, бу ҳеч тугамасмиш, ўзи эса баҳайбат бўлиб кетибди. Эшитгандирсиз, оддий илон ер остига кириб, қирқ йил одам кўзига кўринмаса, аждарга айланади, дейишади, оғайним неча мингта қирқ йилликни ўтказиб юборган бўлса… У каттайган сари сайёраям кенгаяверган – худди тухум каби, табиий қафасдек. Бироқ у ўша тухумни ёриб чиқишига ишонолмайман. Эндига келиб, у буткул инсонийлигини бой берди, бунинг устига, умидиям йўқ. Ҳар сония танини минглаб юмронлар илма-тешик қилади. Худо билади, агар у ер устига чиққанидаям қуёш тафтига дош беролмай, ўз ўнгирига тушиб кетарди…

Ҳикоя якунлангач, бироз довдираб ўрнимдан турдим. Хайрлашиб оломонга қўшилиб кетишга чоғландим. Узоқ юрмадим, у ортимдан югуриб келди.

– Кечирасиз, майлими, битта қўнғироқ қилиб олсам? – шундай деб эски “Моторолла” телефонини кўрсатди, бунақасини кўрмаганимга ўн йиллар бўлди-ёв. – Қуввати ўтириб қопти.

– Рақамни айтинг, – дедим смартфонимни чиқариб. Қўнғироқ тугмасини босиб узатдим.

Онаси билан гаплашди. Кеч қолишини ва телефонининг қуввати тугаганини айтди. Қизилни босиб, телефонимни қайтарди.

– Ҳавотир олишади. Бир илтимос, мабодо, қайтиб қўнғироқ қилгудек бўлсалар, сиз мени бу ерда учратмадингиз. Чорсу атрофини айтаверинг. Қаранг, шунча гаплашибмиз-у, танишмабмиз – исмим Жамшид, бекорчи бола экан, деб ўйламанг, кичиккина бўлсаям бизнесим бор – мана, – шундай деб қирмизи ташриф қоғозини узатди, – томга металл черепица керак бўлса, бемалол бораверасиз.

– Уй кўтарсам, томини, албатта, сиздан сотиб оламан, – дедим қоғозни чўнтагимга соларканман.

– Бирон танишингизга керак бўлсаям бемалол қўнғироқ қилаверинг, тирикчилик, бир-икки сўм пулини чиқариб бераман. Яна бир чектирсангиз…

Қути ва чақмоқни чиқазиб узатдим. Тутатиб тағин гап бошлади.

– Боягининг охирини айтмабман – билганингиз яхши-да: оғайним энди чиқадими-йўқми, менга қоронғику-я, аммо унинг ўша сайёрасини биз Ер деб аташга ўрганганмиз. Бўпти. Омон бўлинг.

У қандай пайдо бўлган бўлса, ўшандай йўқолди. Мен эса ҳали-ҳануз ўзимга келолмаяпман. Қўрқаман. Ҳавода муаллақ қотганим етмагандек, энди оёғим остидаги чоҳда улкан аждар кулола бўлиб, тухумини ёришга уринаётир… Яна, ўша аждар охир-оқибат тақдирга тан бериб, тухуми ичида ўзини ўзи ейишидан ваҳимага тушаман. Бундан ҳам баттари, бу ишораларнинг нега менинг ҳаётимда содир бўлаётганига ақлим етмаяпти, Жамшид, ҳатто Сенинг ҳам мавжудлигингга шубҳам бор – бу онггимнинг янги ўйинидек туюлади.

АлФаЙЗ

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг