КАЛ ИТНИНГ КАРОМАТИ

0
112
кўришлар сони

Маслакдош қадрдоним

Содиқ Норбоевга бағишлайман

ҳикоя

Шаҳар чеккароғидаги ташландиқ ҳайвонот боғига бир ноёб зотли итни олиб келишибди, деган хабар тарқалди. Эшитган борки, иштони липпасини чангаллаб, югуриб кетди. Ҳайвонот боғининг чипта сотувчисию чипталарни чилпиб йиртиб турувчи дороз дарбони ҳали эшитмаган экан, оқимни кўриб, улар ҳам бор ишини ташлаб, томошаталабларга қўшилиб боққа кириб кетишди. 

Бирпасда боғда оёқ босарга тангадай ҳам жой қолмади.

Ғала-ғовур, ур-тўполон кўтарилди. Одамлар антиқа итни тезроқ кўрсатишларини сўраб, шовқин қилишарди. Шунда оқ кепка кийган, қора кўзайнак таққан, лунжи осилиб қолган бир одам, афтидан, боғ каттакони чиқиб, йиғилганларга қараб гапира бошлади.

– Ҳурматли ҳамшаҳарлар! – деди у қўлини кўксига қўйиб. – Ростан ҳам юртимизга машҳур ҳайвонот боғимизга ноёб истеъдодли (ҳа, у айнан “истеъдодли” деди) ит олиб келдик. Ҳозир у нонушта қиляпти (ҳа, айнан “нонушта” деди). Назоратчиларимиз овқатлантиряпти. Бирпасдан кейин волъерга сайр қилдиргани олиб чиқамиз. Томоша қиласиз, албатта. Унгача жимлик сақлаб туринглар. 

Кўзойнакли бир йўталди-да, жилмайганча қўшиб қўйди:

– Итнинг феъли эгасига маълум, дейдилар. Итимизнинг жуни тўкилган, кал бўлсаям, кўнгли ғоятда нозик жонивор…

Қора кўзойнакли айтганича бор экан: орадан ярим соатча ўтиб, итни олиб чиқишди. Сарғиш жуни тўкилиб кетган, хонаки итлардан йирикроқ, аммо тозидай озғин, қўтир босган бош чаноғида негадир бир тўки ҳам йўқ, бесўнақай кўринишда эди. Тумшуғи учи нам, дам-бадам волъер сим тўри ортида турганича, ўзини диққат билан кузатаётган одамларга бир қараб, бир ер искаб, думини тикиллатганча, уларга икки олд оёғини кўтариб сакраб юриб қоларди.

Буни кўрган одамлар итнинг фавқулодда бир “истеъдоди” борлигини пайқагандай бўлдилар. Кимдир олисдан туриб:

– Одамга қўл кўтарадиган зап ит эканми!.. – дея ҳайқирди.

Ён-атрофдан “гуррр” этган кулги кўтарилди.

– Сизга салом беряпти бу! – дея луқма ташлади биров.

Кулгининг пилиги баландроқ кўтарилди.

– Мажлисда ўтирибсан-а, уккағарнинг ити! – деди қорамоғиздан келган чол. – Мажлисларда қатнашиб, “любой” масалага қўл кўтариб овоз бериб юрган анави занғарга ўхшайди-я.

Негадир ҳамма чолга ўқрайиб қаради. Чол қўшимча қилди:

– Бўлмаса, инидан чиқиши билан қўл кўтарармиди? Бунақаларни кўп кўрганмиз, тўртта одам йиғилиб турганини кўрса, мажлис бўляпти, деб ўйлайди. Ҳатто бехосдан аксириб юборсангиз ҳам “Сизники тўғри” деб қўл кўтарворади. Биттасини танийман, шу тозига ўхшаб кетади, ўзиям ялоқ тутган одамнинг кетидан қолмайди…

Йиғилганлар чолнинг гапига кўп-да эътибор бермай, ноёб итни томоша қилишда давом этди.

Ит волъернинг у томонидан бу томонига зир югурар, икки четига борганида ҳам одамларга думини ликиллатиб, орқа оёқларида турганича, олд панжаларини кўтариб қўяверарди. Одамлар ҳам унга қўлини кўтариб силкиб, “жавоб” қайтариб, ит билан ўйнашиб, завқланарди.

Бирор йигирма дақиқалар ўтгач, томошаталаблардан биттаси баландроқ овозда:

– Бунинг иқтидори нимада экан ўзи? Қачон кўрсатасизлар? – деди тоқати тоқ бўлиб.

Қора кўзойнак таққан киши одамларга юзланди.

– Ҳурматли ҳамшаҳарлар! Боғимиз меҳмонлари! Манави одамга ўхшаб, сизлар ҳам бу итнинг иқтидори нимада экан, деб роса қизиқаётган бўлсангиз керак. Ҳозир ҳаммасини билиб оласиз! Яна жиндай сабр қилиб туринглар! Аввал олий насабли итимиз ҳаммангизни таниб олсин. Кейин ҳунарини кўрсатади. Ундан аввал баъзи нарсаларни айтиб, сизларни огоҳлантиришим керак. Бу ит ҳозир ҳамманинг кўзига бирма-бир қараб чиқади. Унинг иқтидори шундаки, шимингиз почасини ҳидлаб, орангиздан ким келгусида раҳбар бўла олишини сезиб, белги беради. Орангиздан компания, корпорация директорлари, завод каттаконлари, ҳоким, депутат, вазирлар ким бўлиши мумкинлигини ҳам била олади.

Одамлар “уҳ-ҳу” деб юборди бараварига.

“О-о-о! Нақадар кароматли ит экан…”, деди кимдир.

“Бунақасини биринчи кўришим”, деди яна биров.

“Ванганинг ялоғини ялаганми, нима бало…” деди бошқаси.

– Бу ҳали ҳаммаси эмас, – деди қора кўзойнак таққан киши. – Итимизнинг энг зўр ҳунари бошқа – у сизга ўнг олди оёғини кўтариб, “салом” берса, ишингиз юришгандан-юришиб кетади. Мени айтди дейсизлар, бу кўп марта синовдан ўтган. Айтишларича, доно итимиз аллақайси шаҳардалигида “алиф”ни калтак дейдиган бир шўртумшуққа қараб ўнг оёғи билан “салом” берган экан, у маориф каттакони бўлиб кетибди. Яна бир тили чучук хонимга қарата “қўл” кўтарган экан, ҳофиз – юлдуз бўлиб, оламшумул машҳурликка эришибди. Худди шундайин, кароматгўй итимизнинг имоси билан бир ғирт оми, таги паст, умр бўйи ялоқхўрлик билан шуғулланишдан бошқа иш қилмаган, иккиюзламачи одам академик, бошқа бир ғилай, ақли ноқис киши эса, аллақайси шаҳарчага ҳоким, чўлоқ кимса бўлса, спорт мураббийларининг каттакони бўлиб кетганмиш.

Тўпланган издиҳомдан яна “О-о-о, нақадар иқтидорли экан у…” деган ҳайқириқ эшитилди. 

Бир кампир қизиқсиниб, кемтик тишлари билан чаққан пистасини тупура туриб:

– Чап оёғини кўтарса-чи? – дея савол ташлади.

Қора кўзойнакли киши бир нафас тин олиб, давом этди:

– Жуда қизиқ савол берганингиз учун ташаккур, холажон! Валий итимиз чап оёғини кўтариб, “салом” беришида ҳам ҳикмат кўп экан. Агар у орангиздан кимгадир қараб шундай имо-ишора берса, билингки, ҳолингизга вой. Яъниким, аҳволингизга маймунлар йиғлайди, дегани. Бир-иккита ҳаётий мисол айтмасам, албатта, гапимга ишонмасангиз керак. Итимиз яна бошқа шаҳардалигида бир ақл-заковатда тенги йўқ, олим одамга қараб, чап оёғини кўтарибди, денг. Бечора бир неча кун ичида калавасининг учини йўқотиб, аввал лавозимидан, кейин ишидан айрилибди, охири фалак чаппа айланиб, илмий унвониданам мосуво бўлибди. Қип-қизил бекорчихўжага айланибди, охири аранг қоровулликка ёлланибди, бечора. Бошқа бир донғи кетган ҳуқуқшунос эса, итимиз ишорасидан сўнг, фалон идоранинг хўжайинлигидан кетибди. Оддий бир фирмачага оддий дастёр-ишчиликка тушиб қолибди. Кейин уни у ердан ҳам ҳайдашибди-ю, ишсиз қолибди. Хор-зорликда куни ўта бошлабди. Анча вақтдан сўнг, жиннихонага тушибди бояқиш.

Одамлар орасидан кимдир “воҳ…”, деди.

“Қанчалар шафқатсизлик”, деди бошқа биров.

– Менда битта савол бор, – дея сўради оломон ичидан сирғалиб чиққан кал бош кимса.

Ҳамма ярқ этиб унга қаради.

– Бемалол, бемалол, ҳар қандай саволингизга жавоб беришга тайёрмиз! – деди қора кўзойнакли киши.

– Ишқилиб, буларнинг ҳаммаси сафсата эмасми? Ҳозир одамларни лақиллатиб, пулини шиладиганлар ҳам кўпайиб кетган, – деди кал бош одам.

– Сизни тушундим. Аммо биз кўрганимизни, билганимизни гапиряпмиз. Ишониш-ишонмасликни ўзингиз биласиз. Шу топда бир сирни очмасам бўлмайдиганга ўхшайди. Ахир бошдан ўтган табиб, дейдилар-ку. – Қора кўзойнакли киши “бош” сўзига алоҳида урғу бериб гапиргани кал одамга бироз нашъа қилдими, асабий қиёфага кириб олди. Қора кўзойнакли эса, давом этди: – Мен узоқ йили М… шаҳрига мардикорликка боргандим. Иш йўқ, иш топсак, бизни ёллаган хўжайинлар ишимиздан бир камчилик топиб, ҳақ бермасдан ҳайдаб юборарди. Жуда ночорликда кун кўриб юрган эдик. Ейишга нонимиз йўқ, аламдан ресторану кафеларда қолган-қутганни тановул қилиб, қадаҳлар тагида қолган арақ ва винолардан ичиб юриб, ғирт пиёнистага айланган кунларимиздан бирида шу ит ҳақида эшитиб, ўша ердаги ҳайвонот боғига бордик. Кутилмаганда манави жонивор ўнг оёғини кўтариб, менга қараб “салом” бериб қолса бўладими. Ўрнимда бошқа бўлса, ишонмасди, мана, орадан озгина вақт ўтмасиданоқ, тақдир тақозоси билан кимсан, мана шу – сизлар ғўдайиб турган машҳур ҳайвонот боғига бўлим бошлиғи бўлиб келиб турибман-да. Шундай экан, ишониш-ишонмаслик ҳар кимнинг ўзига ҳавола…

Қора кўзойнаклининг гаплари одамларни сеҳрлаб қўйгандай бўлди, гўё. Шивир-шивир бошланди, бу ноёб итга ҳайрат билан тикилувчи кўзлар ортди.

Шу маҳал ҳайвонот боғининг зотдор итларни боқувчи ходими ноёб кал итнинг тумшуғига пештумшуқни тақиб, волъердан чиқарди.

Ит думини ликиллатиб келганча, дуч келган биринчи одам – ўртаяшар кишининг шимини обдан ҳидлади. Сўнг индамай иккинчи томошабин томон ўтди. Униям бир-икки искаб, учинчисини ҳидлашга тушди.

Ит аёлларнинг силлиқ оёқларини ҳидлаётганида улардан кўпи қўрққаниданми, ғаши келганиданми, чинқиришиб, тум-тарақай қоча бошлади. Ит, афтидан, улар билан атай ўчакишгандай бир сурувини ўнгга, бир сурувини чапга қараб қува кетди.

“Ҳой, қарасанглар-чи, балки бу итдан тарқаган қутургандир!” дея бақирди бир йигит.

Боғ ходими кулди: “Қутурмаган, қўрқманглар, итимизнинг аёлларга суяги йўқроқ экан. Ҳидламасдан қўймайди барибир…”

Шу маҳал бир қизил кўйлакли одам қўлига илашган дарахт шохини олиб итга қарата отди.

“Тур, кет-эй, ит эмган! Хотинимга тегинма!”, деди у иқтидори тўлиб-тошган итга пўписа қилиб.

Бу орада қора кўзойнакли одам келиб қолди. Ғала-ғовурни кўриб, эсхонаси чиқиб кетиб, итбоқарга ўшқирди:

– “Кал”ни тўхтат! Одоб доирасидан чиқмасин!

Итбоқар: “Кал оға”, “кал оға”, бери кел! – деб чақирди.

Ит дарров хўжасига қаради, тушунди, шекилли, лапанглаб-диконглаб қочаётган аёлларни қувишдан тўхтаб, пўсиб қайтиб келди ва итбоқарнинг почаларини искаганча, оёғини олдига чўзиб, ётиб олди. Итбоқар пештумшуқ занжиридан тутиб, қора кўзойнакли хўжайинига савол назари билан қаради: “Энди нима қилай?”

Хўжайин айтди, бу валломатга айт, тушунтир, аёлларга бошқа кўз билан қарамасин! Бу ерга келувчиларнинг бари бир хил биз учун, де! Ўзининг тилида тушунтир!

Итбоқар кулимсираб қўйди, ит – ит-да, хўжайин! Унга даво йўқ! Ҳаммамизни ангда қолдириб, итлигини қилиб қўйса, қайтамиз?

Ҳозиргина ноёб иқтидорли итнинг кароматини кўришга ўч ҳолда, катта қизиқишу иштиёқ билан уни томоша қилиб турган халойиқ ажабсиниб қолди. Айримлари “кал” итнинг қилиғидан ошкора қўрқа бошлаган бўлса, кўпининг қизиқиши боз ортган эди.

Шу пайт итбоқар “кал”нинг қулоғига нималардир деб шивирлади ва қўлидаги тўрвадан алланима чиқариб, пештумшуғини ечиб берди, ит оғзини каппа-каппа очиб, емишни еди ва қулоғини динг қилиб, итбоқарга мамнун қараганча тамшана бошлади. Итбоқар яна бир ҳовуч емак узатди. “Кал” кўрдим демай, ямламай ютди. Сўнг итбоқар пештумшуғини тақиб, итнинг думғазасига бир шапати урган эди, жонивор тушмагур одамлар орасига қараб, ликонглаб кетди.

Ҳайрат, қизиқиш билан қараётган томошаталаблар ит энди росманасига “иқтидор”ини кўрсатишига инонган ҳолда, ҳаяжон билан уни кузатишарди.

“Кал” энди негадир жиддий тортиб қолган, гўё хотинлардан ранжигандай, танлаб-саралаб, фақат эркакларнинг шими почасини ҳидлай бошлади. Беш-ўн одамни искаб чиққач, ҳув боя савол берган кал одамнинг почасини ҳидлади ва шартта орқа оёғини кўтарганча, бечоранинг шимига қарата чоптириб юборди. Ҳалиги одам нима қиларини билмай қолди. Оёғидан иссиқ ва сассиқ нам ўтгачгина, эс-ҳуши жойига келиб, итни чунонам тепдики, икки метр нарига учиб бориб тушган итнинг қовурғаси сингудай шарақлаб кетди; у думини оёқлари орасига олган кўйи, ғингшиганича итбоқар томонга қараб қочди.

Шими почаси, туфлиси расво бўлган бояги кал одам ўшқирди: “Бу ифлос итга нимани ўргатгансизлар!? Устимни расво қилди-ку! Бунга ким жавоб беради энди?”

Қора кўзойнакли одам орага тушди.

“Ака, ўзингизни босинг! Қайтанга хурсанд бўлинг! Ит сизни танлади ахир! Демак, яқин-атрофда сиз раҳбар бўлар экансиз! Бунга шак-шубҳа йўқ. Итимизнинг белгиси шундай. Янгамизга ювдирсангиз, шимингиз тоза бўлади, муҳими, сиз каттакон бўлишингизни билиб олдингиз. Бунинг учун итимизга, унинг иқтидорига тасанно айтамиз! Қани, қарсаклар қани?!

“Падарига минг лаънат бундай итнинг! – деди жабрдийда киши. – Шуни устимга сиймасдан ҳам билдирса бўлади-ку?”

Томошаталаблар орасида ошкора кулган ҳам, мийиғига жилмайган ҳам, ичида кулиб, сиртдан афсус-надомат билдираётгандай кўринаётганлар ҳам бу ҳолни син солиб, охири нима бўлар экан, деган қизиқиш билан кузатаётган эди.

Оломон орасидан шивир-шивир бошланиб кетди. Кимдир эшитилар-эшитилмас ёнидаги шеригига шипшиди:

– Қурғур “кал” ит ўзига ўхшаган одамни танлади-я… Шу ердаям, таниш-билишчиликми, дейман.

Шериги ундан баландроқ товушда:

– Кўр кўрни қоронғида топганидай, кал кални кундузиям топаркан-да! – деди.

Ёнидагилар “пиқ” этиб кулиб юборишди, яхшики, бу гапларни кал одам эшитмади. Эшитса, ҳалиги кишининг қулоқ-чаккасига тортиб юбориши аниқ эди. Ана, у “кал” итнинг қилган ишидан ижирғаниб, жирканиб, оёғини алчанглатганча, тўдадан ажралиб, боғ дарвозаси томон асабий юриб кета бошлади. Иши юришмаган одамнинг оти ҳам чопмайди. Олдидан чиққан муштдек бир тошни зарб билан тепиб юборди ва оғриқдан чинқириб, оёғини чангаллаб олди. Қўли билан итнинг шилтасини ушлаб олганини кўрдию бехосдан қўлини костюмининг этагига артди. Тағин нима қилиб қўйганини сезгани ҳамон фиғони фалакка чиқиб бақирди: “Итдан тарқаган!!!”

Унинг хатти-ҳаракатларини ғала-ғовур билан кузатиб турган оломон ичидан кимдандир садо чиқди:

– Бу кишига раҳбарлик қимматга тушадиган кўринади.

– Менимча, у раҳбар бўлиши қийин, – деди яна бир одам. – Бўлсаям, энди жиннихона-пиннихонага раҳбар бўлар бу кетишда…

– Йўқ, адашасиз, мен у кишини яхши танийман, – деди учинчи томошаталаб. – Ўзи шундоғам бир ташкилотда раис бўлиб ишлайди. Бир валенеъмати бор, тўхтовсиз унинг ялоғини ялаб туради. Қўйиб берсангиз, валенеъматининг кетиниям тозалаб, ялтиллатиб қўяди. Аммо етиб борган жойи ўша – кичикроқ бир ташкилотда раислик. Яна кўтарилиш илинжи бўлса керакки, “кал” итнинг кароматига кўз тикибди…

– Ит нега келиб-келиб шунинг почасига ҳўл қилиб қўйди экан?

– Билмадим. Лекин ит покиза одам билан наҳс босган кимсанинг фарқига боради, деб эшитганман…

Савол берган одам ўзича кўп маъни топгандай, “ҳа…” деб қўйди…

*  * *

Одамлар билмаса, гапирмайди. Ўзи кичиккина шаҳарча эмасми, “кал” итнинг иқтидори ҳақидаги шов-шувга эш бўлиб, кал одамнинг песга чалингани тўғрисидаги гаплар ҳам тарқалиб кетди. Сидирға тарқасаям гўрга эди, ҳар қулоққа шивирланганида янги “тўн кийгизилиб”, қўшиб-чатилиб, воқеалар бўрттирилиб ёйилди.

Кўча-кўйдаги шивир-шивирларда: “Ана, устига ит сийган одам”, “итга суйкалган анави одам пес бўлиб қолибди” деган гаплар ҳам чиқди. Ҳатто баъзилар шаҳар почта бўлими олдидаги қийшиқ кўприк остида баққоллик қиладиган кампирдан “ит қутурмаса, тирик одамнинг устига сиймайди”, деган ваҳимали гап ҳам топиб келибди.

Одамлар билмаса, гапирмайди.

Устига “кал” ит чоптирган кал бош одам узоқ йиллар ўзига валенеъматлик қилган устозининг тагига сув қуйиб, ўрнига ўзи – икки-уч поғона юқори лавозимга ўтирибди, деган гап чиқди.

Шу-шу, одамлар ҳайвонот боғига аввалгидан кўра кўпроқ ёпирилиб кела бошлади. Томошаталаб кишилар кўплигидан энди боғ майдони торлик қилиб қолгани учун ҳудуди кенгайтирилди. Ҳайвонот боғидаги барча жониворлар, “Қизил китоб”га киритилган ҳайвонлар, умуман, бутун бошли боғ бошқа жойга кўчириладиган бўлди. Бу ерда – ҳайҳотдек боғда фақат ва фақат битта жонивор – кароматгўй ва сеҳргар “кал” итнинг ёлғиз ўзи қолди. Унинг бирдан-бир вазифаси бор: тонг саҳардан оқиб кела бошлайдиган оломоннинг кўнглини чоғ этиш, келажагини олдиндан маълум қилиб, ишора бериш. Бунинг учун у волъер ичидаги чор бурчакка қаторма-қатор териб қўйилган янгию эски, каттаю кичик, ранглию ранги ўниқиб кетган ялоқларга одамлар томонидан таъмаю хушомад илинжида ташланадиган тансиқ таомлар билан озиқланиб олиши керак. Аввалги ориқлигидан асар ҳам қолмай, хиппа семириб, ялтиллаб кетган, калласига жун бита бошлаган “кал” ит буни осонгина уддалар, ялоқлардаги тансиқ таомлар бўлакларидан танлаб-саралаб, энг хушхўрларини ҳузур қилиб ерди, кейин… кейин эса, бунинг эвазига ҳақиқий сеҳргар – муқаддам мактабда психолог бўлиб ишлаган, кейин ўғрибоши бўлган, эндиликда эса, пичоғидан мой томиб турган қора кўзойнакли одамнинг очликда, қийнаб, азоб бериб ўргатган машқи – ўнг ё чап олд оёғини кўтариб қўярди, холос. Бу оёқлардан қай бири қайси одамга – хосиятли ва хосиятсиз башоратдан имдоду кулфат кутиб турган оломонга қаратилиши эса, лотерея каби эди: хоҳлаган одамга истаган оёқ… Муҳими, улардан бири кўтарилса, бас…

Даққи кал итнинг бу кароматини кўришга шунча одам келган, эндиям, кейин ҳам келаверади-да…

2020 йил

Жасур Кенгбоев

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг