АШРАФ АБУЛ ЯЗИД. Шеърлар

0
137
кўришлар сони

ШОИР ҲАҚИДА

АШРАФ АБУЛ ЯЗИД — ТАНИҚЛИ МИСР ШОИРИ.  1963 ЙИЛДА ТУҒИЛГАН.  МИСРДАГИ “БУЮК ИПАК ЙЎЛИ” СЕРИЯСИДАГИ КИТОБЛАР НАШРИНИНГ БОШ МУҲАРРИРИ. 30 ЙИЛ ДАВОМИДА МАДАНИЯТ ЖУРНАЛИСТИКАСИДА ФАОЛИЯТ  ЮРИТГАН. 35 ГА ЯҚИН МУАЛЛИФЛИК ВА ТАРЖИМА КИТОБЛАРИ НАШРДАН ЧИҚҚАН. 2012 ЙИЛДА ТАТАРСТОН АВТОНОМ РЕСПУБЛИКАСИДА “МАДАНИЯТ ОДАМИ” ДЕБ ТОПИЛГАН. 2014 ЙИЛДА КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АДАБИЁТ ЙЎНАЛИШИДАГИ “МАНХАЙ” ВА 2015 ЙИЛДА МАДАНИЯТ ЙЎНАЛИШИДА АРАБ ЖУРНАЛИСТЛАРИ УЧУН ТАЪСИС ЭТИЛГАН МУКОФОТЛАРНИ ҚЎЛГА КИРИТГАН. 2016 ЙИЛДАН БЕРИ “ОСИЁ ЖУРНАЛИСТЛАР АССОЦИАЦИЯСИ” ПРЕЗИДЕНТИ ЛАВОЗИМИДА ИШЛАБ КЕЛАДИ. 

ҚОРА БУЛУТ    

(DARK CLOUD)

Қора булутдан нафратланасан

Кўринмагунча ёмғир томчиси.

Ташланмагунча кўзга капалак

Лаънатлайсан

Бадқовоқ ипак қуртини.

То юрагимга қилгунча ташриф

Биқиқ ерлардан безиллар руҳинг…

Сенга айтсам,

Сирларим шунчаки оддий.

Учта хонам бор:

Китоб ва сурат,

Қалам ва ҳужжатларимга тўлган.

Орзулар  нафас олаётган бесас

Сўнгги хонам-чи берк

 Зичланган маҳкам.

Йўқотганман унинг калитин.

Қачон? Булутлар қамал қилган хотирам

Панд бермаса қишда

Ёмғир остида,

Тутган пайтим бошинг узра ёмғирпўш…

Кел ёнимга,

Сен келган лаҳзадан бошлаб,

Эҳтиёжим бўлмас ёмғир туфайли

Музлаб улгурган шу орзуларимга.

МЕҲР

(LOVE)

Ўзим бир пайтлар

Савод чиқарган эски

Мактабимга бордим-да

Кирдим эски синфимга шитоб.

Ўтирарди у ердаги

Қадрдон партамда болакай.

Ўхшамаса-да ҳеч

Болаликдаги сийратимга

Икки томчи сувдек,

Унга меҳрим тушди

Бир кўришда негадир.

ЁМҒИР

(RAIN)

Шаррос қуяётган

Ёмғир ичида

Ёлғиз томчи

Кўзга ташланмай

Чиқади эсдан.

ҚОҲИРАДАГИ КЎЧА

(A STREET IN CAIRO)

Қисқа фурсатга

Уйга қайтган одамнинг

Ҳисобида бўлар

Бор йўғи икки кун:

Келган куни ва

Кетишга тараддуд кўрадиган кун.

Уни кўриб

Кўзларга ёш келадиган ва

Хайрлашув саҳнасида

Қисматига кўз ёш тўкиладиган кун.

Шундай кунки,

Дўстларга қучоқ очилиб

Cўнг уларнинг саробига

Пешвоз чиқадиган кун.

Шундай кунки,

Уларга уруш ҳақида сўзлаб

Уруш қурбонлари ҳақидаги

Уларнинг ҳикояларин

 Тинглаш билан ўтадиган кун.

Барҳақ ўлимни ёдга солиб

Бутун умрга татийдиган кун.

Қисқа фурсатга

Уйга қайтган одам

Шу қисқа фурсатда эсга олади:

Уруш бошланган маҳал

Кўз олдига мўлжални келтиришганин,

Сув идишнинг найчаси билан

Оғзини ёпишганин ва

Ажалга тутилганин

Ажратолмай порох ҳидини.

Қисқа фурсатга

Уйга қайтган одамни

Шу қисқа фурсатда олқишлашади:

Қоҳира кўчаси билан

У бир пайтлар

Босиб ўтган икки троутар,

Қувғиндаги руҳсиз

 Танасининг қум зарралари,

Ёқиб юборилган қоғозлар,

Ўқлар ва симёғочлар

Остида бой берилган урушлар.

Қисқа фурсатга

Уйга қайтган одам

Ўхшар ўзидан из қолдириб

Аммо оғриқсиз ўтадиган

Дафн маросимларига гувоҳ кўчага.

Қоҳира кўчаси

Икки минг йил мобайнида

Ўз ҳолига ташланиб,

Чиркин суяклар қоришмасидаги

Қуруқ дарахт ва одамларга

Тўлдирилган бўлса-да,

Менгзалгандек ҳаёт ўлимга гўё

Менгзалади соф оқаётган дарёга.

Қисқа фурсатга

Уйига қайтган одам-

Бу шунчаки андуҳларга тўла равонлар,

Бой берилган урушлар,

Қонга ботган оёқлар ва

Ўликларга тўла Қоҳира кўчаси.

Жувонмарг бўлганлар

Унинг қалбида яшар барҳаёт,

Ролларини маромига етказиб

Якунлашгач янгиликларда.

Қисқа фурсатга

Уйга қайтган одам

Йиллар давомида

Қум ва шамол ёрдами билан

Ажратилган икки шаҳар қўлидан

Ахтаради маъно, манзара.

Қисқа фурсатга

Уйга қайтган одам

Ва ниҳоят савол берар ўзига:

Тарихга кўмилган саноқсиз уруш

Қиларми деб кифоя алҳол.

Инглиз тилидан Шерзод Ортиқов таржималари

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг