Беҳзод Фазлиддин. Шеърлар

0
100
кўришлар сони

Китоб бўлганимда сизга борардим,
Қизғанмай тутардим варақларимни.
Уйингизга Қуёш олиб кирардим,
Тунлари ёқардим чироқларимни.

Чанг еб қурбон бўлди қанча бечора,
Тафаккур тақдири кимнинг дастида?
Жавонда ялтираб тургандан кўра
Бахтлироқ бўлардим ёстиқ остида.

***

ЙИГИРМА ЕТТИНЧИ БЕКАТ

Китобдай ўзимни варақлайман жим,
Нимагадир ташна, негадир муштоқ.
Қайси воқеликдан рангиндир умрим,
Қай ўринда дардим ишонарлироқ?

Сийқа сакталиклар этмасми мулзам,
Бахайр бўлармикан руҳий сафарим?
Биров ўқиганми мендан олдин ҳам –
Мунча ҳилвирайди саҳифаларим?!

Мана бу қўл изи, мана бу доғлар
Қайдан пайдо бўлди бугун бағримда?
Оҳ, наҳот тарихга кўчди у чоғлар!
Хотирот ҳиди бор ҳар бир ҳарфимда.

Мавҳум эҳтирослар – бежиз ёнишлар,
Таъкидлар – қувончим ва ё оҳимдир.
Кўп нуқталар – узоқ иккиланишлар,
Сўроқлар – гумону иштибоҳимдир.

Нелардан сўйлайди бу сўзлар сози,
Зиммасига қандай аъмол ортилган?
Ўта таъсирчанми, мақбулми, баъзи –
Мисралар остига чизиқ тортилган…

Шукур, зерикмадим ўзимдан бир зум,
Ўкиндим. Қувондим. Ўртандим. Куйдим.
Холис баҳо берар дедим-у, ўзим –
Келажак қўлига топшириб қўйдим…

***

Бир муддатга китобингни ёп,
Мавҳумотдан нигоҳингни уз.
Табиатнинг ўзи зўр китоб,
Бугун унинг қаҳрамони – Куз.

Қара, асар топилмас бундай,
Тебранади боғлар – руҳафзо.
Неларнидир эсга олгандай,
Энтикади заъфарон дунё.

Тура турсин эски кўзойнак,
Боққин очиқ кўз билан бундоқ.
Деразангга барг отган кузак
Мунча маъюс, мунчалар қувноқ.

Ўйлатмасин ортиқ тартиби,
Шундоғича олам мукаммал.
Қўя тургин ҳаво таркибин,
Тўйиб-тўйиб нафас ол аввал.

Қушлар келиб, қушлар қайтмоқда,
Билганича чалиб сурнайлар.
Кимлар учун видо айтмоқда
Тирикликка ташна тўрғайлар.

Ҳаёт шудир – қанча тежамай,
Вақти-бевақт тўкилган хазон.
Бор бўйича, бўяб-бежамай,
Тасвирлайди мусаввир Мезон…

***

Шунча узоқмиди меҳрингиз шаҳри,
Олис-олислардан босиб келдим йўл?
Шу зиёрат ҳаққи, шу сафар ҳаққи,
Кўнглимнинг қулфига уриб кўринг қўл.

Субҳидам юзида табассум балқиб,
Кўзларни яшнатган бир неъмат эдим.
Неларни ўйлайсиз офтобга боқиб,
Мен ҳам бир шуъладай ғанимат эдим.

Юлдузлар меҳримдан бўлди бир шингил,
Ниятни асрадим яхши ниятга.
Билмам, бу оламда бир соҳиби дил
Мен каби зормикан самимиятга?

Кўнглингизни очинг, кўнглим тўла нур,
Айланай энг ёруғ тилагингизга.
Дунё сўрамайман, сўрамам ҳузур,
Бир оғиз гапим бор юрагингизга.

***

СЕН

Биз икки соҳилда бирдай қийналдик,
Хумор кўзларингдан тўкилди олмос.
Энди қандай яшай – руҳимда ҳадик,
Сени кўрмасам ҳам, кўрсам ҳам бўлмас.

Кўксимда юлдуздай сўзлар асрадим,
Бир куни бахтингни порлатадиган.
Севги – бўғзимдаги кўҳна ҳасратим,
Кўнглимни самога ўрлатадиган.

Нима учун ёндим, авж олдим нега?..
Дардим-ла дардингни олмоқчиман-ку.
Руҳинг унутмасми мени эртага,
Сен билан Ҳақ сари бормоқчиман-ку!

***

Мен сизга бегона бўлмоқчи эдим,
Жой бергим йўқ эди ҳатто тушимдан.
Шундоқ ҳам ҳар нарса тиғиз дунёда
Ўй-ташвиш айирай дейди ҳушимдан.

Муттасил кимнидир ахтариб келдим,
Мўлтираб ҳар ёнга боқдим интизор.
Шу қадар девона яшарми эдим,
Башарти ўзимда бўлса ихтиёр.

Сиз-ку аллақачон кечар эдингиз
Ўртаниб, ўртаган ғариб Мажнундан.
Таассуф, ҳаммаси ҳал бўлиб бўлган
Кўзингиз кўзимда жилмайган кундан.

Шеър қилиб сочаман бутун дардимни,
Соғинсам, беркиниб оламан тунга.
Сиз хира хотирот аро гирёнсиз,
Ҳали ҳам бегона бўлолмай менга.

***

ТУШУНМОВЧИЛИК

Бўлди, йиғламайман, бўлди, кулмайман,
Юрагингни ортиқ этмайман безор.
Ўзимдан бошқани хафа қилмайман,
Ўзимдан ўзгага бермайман озор.

Кимларнинг кўнглига қараб кун кўрдим,
Ялиниб бормайман Бахтнинг ёнига.
Кулиб бахтсизларга халақит бердим,
Йиғлаб бахтлиларнинг тегдим жонига.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг