ЯНА ОКТЯБРЬ КЕЛДИ

0
131
кўришлар сони

эссе

Октябрнинг булутли ва серёмғир кунлари бошланди. Орада қуёшни кўриш ҳам насиб этяпти. Ҳатто бир неча кун давомида. Шунга қарамай ҳаво илиқ эмас, ҳарорат анча тушган. Шунисига ҳам шукр.

Хуллас, октябрь яна келди. Негадир октябрни яхши кўраман. Сабабини билмайман. Унда рўй берган ҳар битта воқеа-ҳодиса мудом хотирамда туради. Неча йиллардан бери шундай. Ҳечам эсимдан чиқармайман. Энг майда-чуйда деталларни ҳам.

 Ҳар куни болалигим ёки ёшлигимнинг маълум бир қисмидаги октябрни кўз олдимга келтираман. Унда нималар содир бўлганини ўйлаб гох энтикаман, гоҳ асабларим қақшаб оғрийди. Гоҳ севинаман, гоҳ уларни эсон-омон ҳатлаб ўтганим учун яратганга шукроналар айтаман.

 Бугун ўтган йилги октябрни эсга олдим. Орадан қисқа вақт ўтган, шунгами дейман ундаги бир ойлик тақвимда бўлиб ўтган ҳар бир ҳодиса шу заҳоти хаёлим кўчаларида қад ростлади.

Бўлиб ўтган воқеаларнинг кўпи аҳамиятсиз эди. Шунга уларга ортиқча аҳамият бериб ўтирмадим. Фақат иккита нарса кўпроқ эътиборимни тортди: мўйсафид ёзувчимиз Темур Пўлатов ва ўртамиёна озар шоираси Ганира Пашшаеванинг бу қутлуғ, ҳеч қаерда йўқ, кўзимизга суртишга доим мажбур бўлган тупроғимизга келиши.

Ганира Пашшаева Темур Пўлатовдан олдинроқ келганди. Адашмасам шундай. Октябрнинг бошларида эди. Унинг ташрифи атрофидаги воқеаларни яхши эсладим. Кўпчиликлашиб, лабларида табассум билан, қий-чув кўтаришиб уни кутиб олишганди (шу ерда Марина Цветаева тирик бўлганида ўзини аниқ қайтадан осарди). Ёзувчилар уюшмасида унга атаб алоҳида учрашув ташкил қилинган, унга кетма-кет мақтовлар ёғилган, уни еттинчи осмонга кўтаришган, замонамизнинг энг тафаккур ва хаёлоти таърифга тил ожиз бўлган шоираси сифатида билишларини тўтиқушдек такрорлашган, макияжли юзидан ёшу-қари чўлпилатиб ўпишган, биргаликда суратга тушиб кўнгил ёзишганди. Бундай эътиборни кўриб, Ганира Пашшаева Хосият Рустамовани сеҳргар деб ўйлаган бўлса не ажаб. Чунки ўзи ҳам эҳтимол ўртамиёна озар шоираси эканлигини яхши билар, фақат тарғиботнинг кучи туфайли адабиётнинг ҳимолайи чўққисида омонат турганини тахмин қилар, ўзидан кўра ўзбекнинг айрим йигирма беш яшар қизлари яхши шеър ёзишини билмаса-да, бундай эътибордан ўзбек адабиётини ночор бир адабиёт деб ўйлаб унга ачинарди.

Шубҳасиз, Ганира Пашшаевага Цветаева ёки Ахматовага ҳам кўрсатилмайдиган эҳтиром кўрсатилганди. Ўшанда бу ҳақида эшитиб, ҳайрон қолган бўлсам-да, ўзимга ишонмай унинг ижоди билан танишиб чиққан, шундан сўнггина  мийиғимда кулиб қўйгандим ва адабий муҳитимиздаги дид билан савия аянчли аҳволда эканлигига яна бир карра иқрор бўлгандим.

Майли, бунга ортиқча диққатимни қаратмадим. Аммо ҳақиқий комедия шундан кейин бошланди. Ганира Пашшаева совға-саломлар билан самолётга ўтқазилиб, Бакуга учириб юборилгач, Темур Пўлатов Тошкентга келди. Аслида адибимиз Бухородаги ота ҳовлисига бормоқчи бўлган, шунчаки Тошкентда тушиб, у ерга кетмоқчи бўлганди. Нима бўлган тақдирда ҳам мўйсафид узоқ йиллардан сўнг ўз юртига қадам ранжида қилганди. У жаҳон даражасидаги адиб, эллик ёшигача шу юртда меҳнат қилган, ҳатто рус заминида яшай бошлаган бўлса-да, ўз юрти ҳақида сўзловчи “Самурайлар театри” романини ёзган адабиёт одами эди. Энг қизиғи, Ганира Пашшаевани кутиб олган адабиёт аҳли ҳам, ёзувчилар уюшмаси ҳам бу ташрифга эътибор қаратишмади. Мен шунга сарказм аралаш кулдим ва асаб толаларим чарс-чурс ёрилиб-ёрилиб кетди. Адабиёт аҳли-ку майли, савияси ўртамиёналардан ташкил топган, лекин маддоҳизм уяси бўлган уюшмани ўзини  бу қадар ёш болаларча тутиши тўғриси мени лол қолдирди (мабодо Кусто тирик бўлганида  унинг ташриф қоғозига айланган ҳайратланишидан андоза олиб, қандай ҳайратланганимни  шу ерда ифода қилган бўлардим. Аксига олиб, у ўлиб кетган). Абдулла Орипов даврида уюшмадан ўчирилган Темур Пўлатовни эҳтимол кутиб олишни улар лозим топишмагандир. Аммо озарнинг шоирасига кўрсатилган эҳтиромлари, қолаверса она сути оғзидан кетмаган гўдакнинг китоб тақдимотини худди Хемингуэйнинг китоб тақдимотидек ўтказишлари олдида уюшмадан ўчирилган, рус заминида яшаётган мўйсафидга бир оз эътибор қаратилиши хамир учидан патирдек гап-ку!

Шу ерда лирик чекиниш қиламан. Тургенев бир умр Францияда яшаган. Уни шу сабаб ватанпарвар эмасликда айблаган Достоевскийга қарата “ватанпарварликни юракда сақлаган маъқул, Федя” деб айтган. Ўз ватанини севишини Толстой, Гоголь, Пушкин кабиларнинг асарларини ҳеч бир манфаатсиз фаранг тилига таржима қилдириб, Парижда нашр қилдирган ва рус адабиётининг донғини кенг ёйиб исботлаб берган.

Дарҳақиқат, ватанпарварликни юракда сақлаган маъқул эмасми? Минбарларда туриб олиб, ватан  ҳақида шеър ёки ваъз айтишдан кўра рус заминида бўладими, Саҳрои кабирда бўладими, пингвинлар яшайдиган тундрада бўладими, ватанга муҳаббатини юракда сақласа, ватанига ўша ерлардан туриб ҳам хизмат қилса ёки севги улашса бўлади-ку!

Одатда, якшанба кунлари уйда ўтирмайман. Эрталаб нонушта пайти бирор шоирнинг китобини варақлаб, кайфиятимни созлаб, сўнг кийинаман-да, кўчага чиқаман. Октябрь ўз ҳукмронлигига олган табиат қўйнида сайр қилишнинг гашти ўзгача. Кўча тамомила ўзгарган. Дарахтлар сарғайиб улгуришган, хазонрезгининг нафаси сезилади, қушларнинг осмон бўйлаб чириллаши кишига завқ беради.

Кўчада яёв кетарканман, соатимга қарайман. Соат ўн бирни кўрсатади. Шунда Темур Пўлатовни ўйлайман. Мўйсафид ҳам уйғонганмикин, нонушта килиб бўлгач, одатига биноан кулранг плашчини эгнига илиб, ҳассасига таяниб Арбат ён-атрофларини пиёда кезаётганмикин? Балки,  Гоголнинг ҳайкали олдида туриб, хаёл сураётгандир. Якшанба куни музей ишламайди, демак у музейда эмас. Ёки Переделкинодаги дала ҳовлисидамикин? Балки, у ердаги сокин дарахтзорлар оралаб кезиб, Пастернакнинг қабри олдида ўйга чўмиб ўтиргандир?

Шунақа ўйлар қалбимни  қамраб олади. Уйга қайтиб келгач, унинг қаламига мансуб бўлган- ўзим ёқтирган “Бухоро хонадони кечмишлари” ва “Самурайлар театри” каби китобларини варақлаб ўтираман. Иккиси ҳам ўзбек миллати, менталитети ва унинг ҳаёти ҳақида. Буни чалажон адабиётшуносларимиз-у, асарлари Тошкентдан нарини кўрмаган ўртамиёна адибларимиз ҳам инкор қила олишмайди. У ҳолда улар истагандек миллий руҳда асарлар битган адибга нега ҳурмат кўрсатишмади деган ўй яна теппа сочимни тикка қилиб юборади. Улар классиклар сифатида қадрлаб, эҳтиром кўрсатишадиган  Эркин Аъзам билан Мурод Муҳаммад Дўст ёки Назар Эшонқул унинг олдида ўртамиёна ёзувчилардек гавдаланишади. Уларнинг ютуқлари бир умр ўзбек заминида яшашгани. Балки улар рус ёки турк заминига кўчиб кетишганида бундай тоифадагиларнинг юракларида улар ҳам мангуга ўчирилишармиди? Ё раббим, шундай.

Бир оз ўтиб якшанба ҳам ўз якунига етади (кунларнинг ўтишини қара Шерзод дейман, шу ерда ўзимга ўзим). Октябрнинг тўрт якшанбасидан бири. Шу ерда ҳатто Кафкадек адиб ҳам тириклик чоғида қадрланмагани ёдимга тушади. Балки бу анъана ҳозир ҳам, кейинчалик ҳам ўз кучида қолар, ўзининг совуқ тусланишини йўқотмас. Соатимга қарайман. Уйқу пайти. Москва икки соат олдин юради. Балки  ҳозир Темур Пўлатов ёстиққа бош қўймай, хира кўзлари билан навбатдаги романи устида ишлаётгандир деб ўйлайман. Адибнинг саксон ёшида ҳам роман ёзаётгани шу ерда кўнглимни осмон қадар кўтаради, юксакликка парвоз қиламан.

— Ишқилиб, биз унга ўхшайлик,- дейман лабларим пичирларкан.- Бир йилда иккита ҳикоя ёзиб, буюртма қилинган романлар устида ишлаб, давраларда ёшларга маддоҳликдан сабоқ бериб, унвон учун давр билан ҳамнафас яшаб, истеъдодимизни кўмиб, фақат қуруқ номни гарданимизда олиб юриб, кексаймайлик. Унга ўхшайлик.

Хуллас, яна октябрь келди. Октябрнинг оқшоми ҳам ўзгача бўлади. Эт сал жунжикади, сал совқотасан. Лекин, уйнинг ичкарисига киргач вазият ўзгаради. Унинг фусункор оқшомлари креслога чўкиб, роман ёки мемуар ўқийдиган оқшомларга айланади. Хаёл суриб, деразанинг олдида ўтирадиган оқшомларга. Бир финжон қаҳвадан ҳўплаб, хотиржам мумтоз мусиқа тинглаш мумкин бўлган оқшомларга. Ташқарида эса соқов тун гоҳи-гоҳида дераза ойналарини чертиб қўяди. Унинг кўланкаси дераза пардаларига тушиб туради. Бунга эътибор қаратмайсан. Чунки сен ёруғлик қўйнидасан. Фақат ёруғликнинг…

2020 йил, октябрь

Шерзод Ортиқов

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг