Луиза Глюк. Шеърлар

0
176
кўришлар сони

         Луиза Глюк ижоди билан танишиш учун унинг бир ёки икки шеърини ўқиб, фикр айтиб бўлмайди. Кўпроқ ва ўз тилида ўқиш керак иложи бўлса. Ана ўшанда шунчаки “гап”дек ва уни ҳамма ҳам айтиши мумкин бўлган тартибсиз тизмалардек туюлган қаторлар аслида шеър эканини, шеър бўлганда ҳам ўз хаёллари, туйғулари, тасаввурлари даштида дарбадар кезиб юрган, гоҳида ўзини йўқотиб яна топган, гоҳида хаёлот сўқмоқларида адашиб қолган аёлнинг кўнгил кечинмалари эканини англайсиз. Ушбу шеърлар таржимаси уни англаш йўлидаги арзимас қадам бўлса ажаб эмас деб умид қиламан.

Таржимон изоҳи

Ўтмиш

Кичик шуъла кўринди кўкда

кутилмаганда икки шох аро,

шохчаларнинг ўткир учлари

ўйиб ўтди нурли пардани,

ва уларнинг бошида бу дам

баланд, пардай енгил самовот –

Ҳавони туй. Ундан анқийди

 оқ қарағай ҳиди, шубҳасиз

жуда ўткир, шамол эсганда

ва овози жуда ҳам ғалат

худди, худди кинолардаги

шамол эсган каби туюлар –

Ҳаракатланар соялар. Арқон

ғичирлайди ел-ла ҳамоҳанг.

Сиз ногаҳон эшитган овоз

булбулларнинг овози,

балки,

нари санар мода қушларни.

Арқон ҳаракатланар. Тўрли беланчак

Зич боғланган икки қарағай

дарахтлари  оралиғида.

Ҳавони туй, ундаги ҳид бу

оқ қарағай ҳиди, шубҳасиз

Қулоғингга чалинган сас бу

онажоним овозими ё…

ёки, ёки шунчаки сокин

дарахтларнинг садоси балки,

ел ўтганда улар оралаб.

Лекин, йўқлик ҳукм сурганда

қандай овоз чиқарар шамол?..

Тунги кўчиш

Кўзинг тушганида – тоғлар бошида

шумтоллар қип-қизил, ғуж мева қилган

ва ўша лаҳзада хира кўк узра

қушлар кетиб борар –

тунги кўчиш бу.

Манзара оғриқли ўй берар қалбга,

марҳумлар уларни кўролмас энди –

бу видо фақат биз тирикларга хос…

Қушлар ғойиб бўлар олис кенгликда.

Шундан сўнг руҳингни қандай овутсанг

нима деб юпатсанг, алдасанг қандай?..

Ҳаёт шундай бўлса шунчаки борлик

шунчаки мавжудлик

энди кўп оғир… 

Масал

Икки аёл бир шикоят-ла,

Келмиш доно қирол олдига.

Бу иккиси талашар бирдек

ёлғиз битта гўдакни, э воҳ,

“меники” дер пул талашгандек!

Қирол сезди, бири шубҳасиз

Алдар эди қўрқмай Худодан

Сўнг у деди боқиб синовчан:

“Келинг, уни бўламиз икки –

ҳар бирингиз чиқарсиз эга!”…

Шундан сўнг у шитобла дарҳол,

Қиличини суғурди қиндан.

Аёлларнинг бири тап тортмай

Кўнди рози бўлгандек бундан…

…Дейлик, дейлик шундайин ҳолат

Бўлган сизнинг ҳаётингизда –

сиз кўрдингиз синглингиз бебош

талашганча она меҳрини,

бўлмоқ истар ҳатто ўзаро!

Сизнинг эса қалбингиз вайрон

ва кўнасиз онангиз унинг

якка-ёлғиз пуштипаноҳи…

Мушфиқангиз билган бўларди

қай бирингиз чин фарзанд унга –

ахир, инсон чидолмас Она

бўлинганда қараб турмоққа…

Тасаввур

Мен сизга бир нарса айтаман: ҳар кун

одамлар ўлишар сўнг бошланади:

Дафн уйларида туғилар ҳар кун

янги бевалару, янги етимлар…

Ва улар ўтирар қўл қовуштириб,

янги ҳаёт ҳақда ўйлаш ва кейин

қарор қилиш ичра уринганича.

Кейинги манзара – қабристон, кимдир

умрида илк бора келмоқда бунга.

Улар қўрқув ичра йиғлар,

баъзан йўқ.

Кимдир энгашади улар бошига

сўрар нима қилиш кераклигини,

Ким эса шунчаки нимадир дейди,

баъзан тупроқ сочар очиқ қабрга.

Ва шундан сўнг ҳамма қайтади уйга –

қайсики тўлган у йўқловчилар-ла.

Аёл ўтиради жуда улуғвор,

қаршилаб келувчи одам сафини

Кимдир қўлин тутар, кимдир қучар жим

У эса сўз топиб айтади “раҳмат”,

ҳурмат қилишгани, келгани учун.

Ич-ичдан, юрагин қаъридан эса

хоҳлайди орқада бўлиб қолишни–

қабристон, кутиш хонаси ва касалхона…

Билар у бунинг ҳеч йўқдир иложи,

Аммо, унинг айни ёлғиз орзуси

ортда бўлиб қолиш ва нафис, тотли

никоҳ кундагидек ажиб илк бўса…

От

Мен бера олмаган у

қай бир нарсани сенга

бера олар экан от? 

Қачонки ёлғиз бўлсанг

кузатаман мен сени;

Ферма орқасидаги

кенгликда чопаркансан

Қўлларинг кўмилади

байталнинг сағрисида,

қора аёлникида.

Ва ўшанда сезаман

сукутинг ёлғонлигин –

нафратланган, ижирғанган

мендан ва турмушидан.

Хоҳлайсан азоблашни

ва қийноқдан титрашим

– илк висол кечасидек…

Аммо, қачонки, сенга

боқарканман

кўраман –

бола йўқ вужудингда…

Бўлмаса унда нима?

Менимча, ҳеч нима йўқ,

бор бўлса, фақат нафрат

ва яна

мендан аввал ўлиб кетиш истаги.

Тушларимда кўраман,

қуруқ кенгликлар бўйлаб

чопасан от устида ва сўнг ундан тушганча

Иккингиз бирга-бирга борасизлар шу зайил

Зулматда, аммо сенинг соянг ҳеч йўқдир унда,

Аммо, соялар мени таъқиб қилар, сезаман

Тун ўтгач кетишади улар қаерларгадир

Шубҳасиз, улар ўзин эгасидадир бу дам.

Менга қара, ўйлайсан, тушунмайман мен ёки?

Ҳаётимиздан сира кетмаяпти,

сенингча,

бу ахир ҳайвон бўлса?..

Инглиз тилидан Гўзал Рўзиева таржимаси.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг