“БОҒ ЧЕТИДА ЎЙГА БОТГАН КУЗ”

0
180
кўришлар сони

Наргиза Асадова шеърлари билан китобхонларга яхши таниш, фаол ижод қилаётган ёш шоираларимиздан. Шеъриятда катта жанрга қўл уриб достон ёзибди. Бу шоиранинг изланаётганидан, юқори марраларга интилаётганидан далолат. Буни қутлаш керак.

Шоиранинг “Остона” достони рамзларга қурилган асардир. Бош қаҳрамон Кўнгил. Достонда  икки севишган кўнгилнинг туғёнлари акс этдирилган. Остона, Эшик, Куз, Ёмғир, Тун, Кун, Тасодиф, Фожиа, Шамол, Қаҳр, қалбда кечган ҳолатларни ифодалаш учун ёрдамчи образлар. Мумтоз адабиётимизда инсоний кечинмаларни шахс сифатида тасвирлаш ҳолати учрайди. Аммо Наргиза Асадованинг “Остона” достони бугунги адабий жараён учун янгиликдир. Инсоний кечинмаларни бош қаҳрамон қилиш ва шу орқали бир-бирига муҳаббати бўлган, аммо висолга етишолмаган тақдирлар тасвиридир. Достон туйғуларга селоблиги билан ажралиб туради. Шунинг учун уни лирик достон дея номлаган маъқул. Нима учун “Остона”. Бу бир қалбнинг чиқар, бир қалбнинг кирар жойи. Отасининг қаҳридан севганига етолмаган, хатосини кейин англаган, кечикканидан пушаймон қиз қалбининг кечинмалари нозик ифодаланган лирик достон бўлибди “Остона”. Достон янги бадиий ташбеҳларга бойлиги билан ўқирман диққатини тортади ва дилида завқ уйғотади. Достон бошламасидаги гўзал тасвирга қаранг:

Ҳозир боғда авжи шодиёна,

Куй чалади шамол сўрида.

Маъқул дея қимирлатиб бош,

Куз ўтирар боғнинг тўрида.

Атлас рангли япроқлар раққос,

Ҳиромида каму кўсти йўқ.

Туришибди биздан, Азизим,

Назаримда, Кузнинг кўнгли тўқ.

Куз –болаларидан кўнгли тўқ, неварасининг тўйини кўришга орзуманд бобони эслатади. Азизим севилган шахс. Аммо шодиёна тасвир билан бошланган достон, Кўнгилларнинг муродга етолмаслиги билан тугайди.  Асар бошидаги ишонч, орзу Қаҳр туфайли барбод бўлади. Шоиранинг кўнглидаги гапларини табиат ҳодисаларини жонлантириш билан тасвирлашида ўзгача маъно бор. Яъни, олам ва одам уйғунлиги. Наргиза шу тарзда, мажозлар орқали инсон ҳаётини тасвирлайди.

Замин бўлган ҳудди тўйхона,

Куёв мисол ухлаб ётар Тун.

Саҳар туриб сепгани шудринг,

Пешайвондан чиқиб келар Кун.

Тунни куёвга, Кунни тонг саҳар ҳавлига сув сепиш усун чиқаётган келинга қиёс ҳам гўзал, ҳам  миллий руҳдаги тасвирдир. Ўзбек келинининг  кунини бошланиши.

Наргизанинг достонида деворлар қотиб ухлайди, дарпардалар босинқирайди, тонгда эшик эснайди, ухламаган чироқ айғоқчи. Бунингдек тасвирларда вақт бор, ҳолат бор. “Ҳасратим гуллади ўрик шохида”, “Пиқ-пиқ этиб йиғлайди ёмғир”, “Айланса гар сўзларга кўзлар”  мисрасининг ўзида бутун бир қалб ҳароратию ҳасрати бор. Мана шундай ифодалардан келиб чиқиб, Наргиза Асадовани шоира сифатида табиат тасвирларида инсон ҳолатини бериш маҳорати юксаклигини алоҳида таъкидлаш керак.

Совуқ ейди хазон кўрпа ер,

Юлдузларнинг кулгиси синиқ.

Эслаб энди тошқинликларин,

Мўйсафид сой ақли ҳам тиниқ.

Ҳар мисрада тасвирланаётган ҳолат бир- бири билан уйғунликда беридади. Совуқ ейиш, синиқ кулгу, мўйсафид сойнинг маҳзун хотираси. Шоирлик маҳоратидан бири бошқалар кўра олмайдиганини кўриш, бошқалар эшита олмайдиганини эшитишда бўлиши билан уни ўқувчига тасирли тасвирлай олишида ҳамдир. Наргизанинг достонида шу жиҳат бор. Лирик достонда бундай назокатли тасвирларни кўплаб учратиш мумкин. Кўнгил манзараларини, қалб кечинмаларини сўзларда нафис чизади Наргиза. Севган қизнинг изтироблари шундай берилади:

Ақлу ҳушим жойида десам,

Ҳушлар мендан кетмоқда тониб.

Ёки:

Бугун яна кўрмайманми деб,

Мендан араз, йиғлайди юрак.

Энди суюклиси висолига етолмаётган, истаги ўртаётган, пойлоқчилар қуршовида қолган маъшуқа ҳолати:

Девор қўйган менга тўрт соқчи,

Эшик турар калитни пойлаб.

Чиқолмайман тушунгин, жоним,

Гумон қўйган йўлимни бойлаб.

Қизидан гумонсираган Қаҳрнинг (меҳрсиз ота ёки ўгай ота) тўсқинлигининг тасвири. Қаҳрни қандай тасаввур қилишни шоира ўқувчининг ўзига қолдиради.

 Неварасининг бахтли бўлишини ўйлаган, бироқ қўлидан ёрдам бериш келмаётганидан “қаламини дарғазаб синдирган” Куз –бобонинг маҳзунлигига эътибор қилинг:

Боғ четида ўйга ботган Куз,

Кўзларидан турар билиниб.

Юпатгандек унга Она ер,

Олма-анор тутар илиниб.

Бунингдек тасвирларни ўқиган китобхон шоиранинг  маҳоратидан баҳра топади, ўринли қиёслардан кўнглида сурур туяди.

Наргиза Асадованинг “Остона” достони лирик оҳангги, теша тегмаган ташбеҳлари, қалб манзаралари нафис чизилганлиги билан китобхонларнинг севимли асари бўлиб қолади деб ўйлаймиз.

                                     Адҳамбек Алимбеков

                         Тошкент давлат шарқшунослик институти доценти, адабиётшунос.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг