ҚОРА НОУТБУК

0
281
кўришлар сони

ҳикоя

Икки кун олдин мени даволаётган касалхона врачи билан очиқчасига гаплашдим. У афсус билан бошини чайқаб ошқозонимнинг титилиб, дабдаласи чиқиб кетган расмини кўрсатди (саратон бало-да). Ҳеч қандай умид йўқ. Врачнинг фикрича, нари борса икки ойлик умрим қолган. Мабодо яратганнинг раҳми келса яна бир ой яшашим мумкин. 

Бунчалик барвақт омонатимни топшираман деб ўйламагандим. Аммо на илож. Пешонага ёзилганидан қочиб-қутулиб бўлмайди. Йигирма олти ёшимда бу ёруғ дунёни тарк этиш пешонамга ёзилган экан — албатта шундай бўлади. Мен нимаям қила олардим.

Кеча касалхонадан уйга келдим. Тузалиб кетишимга умид қолмагач, у ерда пул тўлаб ётишимнинг нима кераги бор? Ўлимимни уйда кутдим нима-ю, касалхонада кутдим нима? Ҳар ҳолда, уйдагиси камҳаржроқ. Бунинг устига, уйда яқинларимнинг қайғули қиёфаларини ҳар қадамда кўриб тураман ва бу менга тасалли беради. Ахир ўзининг ўлаётгани бошқаларни хафа қилаётганини, уларнинг кўз ёшларига сабаб бўлаётганини кўрса кимнинг кўнгли таскин топмайди? Ҳамма бундай илиқ муносабатни кўриб, намунали ва яхши инсон бўлган эканман, деган тахминларга берилади. Ҳатто тубан ва ёвуз кимсалар ҳам. Шуларни ўйлаб уйга келдим. 

Ота-онам кеча эрталабдан кечгача ёнимда ўтиришди. Ҳеч қаерга силжимай ва қайғуга чўмиб. Охири, бугун иш жойларига кетишди. Анча яхшиман, деб ёлғон гапириб, уларни ўзим кетказиб юбордим. Онам ёлғонимни сезиб, уйда қолмоқчи ва бира тўла иш жойидан таътилга чиқмоқчи бўлганди — рости бунга кўнмадим. Шунга эрталаб у йиғлаб-йиғлаб кетди. Лекин менимча пешинда қайтиб келса керак, кун бўйи ишлаш юрагига сиғмайдигандек, назаримда. 

Уйдаги шароит ёмон эмас. Хонамдаги ғичирлайдиган, темир каравотда ётибман. Деразанинг ёнида. Ташқаридаги кузнинг маъюс ва заъфарон манзарасига қараб, кун ора ёғаётган ёмғир томчиларини деразамга неча марта урилишини санаб. Дераза токчасида бир тийинга қиммат дори-дармонлар, чойнакда дарров совуб қолаётган кўк чой, шунингдек қора ноутбук турибди. Дориларни ҳовлидаги чиқинди қутисига ташлаб юборинг, деб онамга неча марта айтдим. Онам оғриқ кучайганида ичасан, деб унамади. Қўшимчасига дорихонадан янгиларини олиб келиб, уларнинг сафини тўлдирди. 

Ноутбукни токчага қўйишини онамдан атайин илтимос қилдим. У шундан бери токчада турибди. Уни биров очиб, ичини титкилашидан ва тугмаларини нотўғри эзиб дастурдан чиқариб юборишидан ўлгудек қўрқаман. Шу нарса мени ҳавотирга солади. Шунинг учун икки кўзим унда. Кўздан панада турсин деб устига кулранг сочиқ ташлаб қўйганман.

−Балки, уни шкафнинг ичига солиб қўярмиз,- дейди онам ҳар гал олдимга кирганида.

−Тураверсин,- дейман унга эътироз билдириб.

−Уни ишлатмаяпсан, мени хонамда турса-чи?- дейди отам уни қўлига олиб, у ер бу ерини ушлаб кўраркан.

−Тураверсин,- дейман унга ҳам худди онамга гапиргандек.

Шу-шу касалхонадан келганимдан бери ноутбукни ўзимдан узоқлаштирмайман. У яп-янги эмас, деярли маънавий эскирган, ичидаги дастури ҳам ҳозирги андозалар билан солиштирганда ҳеч нимага ярамайди. Лекин ундан ажралишни истамайман. Нима учун эканлигини айтайми? Чунки унинг ичида йигирма олти йиллик умрим яширинган. Айнан шундай. Йигирма олти йиллик умрим! Шу умрим давомида тўплаган китобларим, ёзган қўлёзмаларим, мактубларим, кундалигим, тушган суратларим унинг ичига батартиб жойлаштирилган…

Гоҳида хонадаги шкаф ва китоб жавонига қараб ётаман. Шкафнинг ичи бўм-бўш. Ўлимимдан сўнг, унинг ичкарисини биров титкилайдиган бўлса, ундан на бирорта сурат, на қоғозга ёзилган мактуб топа олади. Бундай нарсалар йўқ у ерда. Оилавий ёки дўст-у биродарлар билан тушган суратларим ҳам, эришган ютуқларимни ўзида акс эттирган суратларим ҳам, жамийки суратларим шу ноутбукнинг ичида. Худди шундай тарзда, у ерда қоғозда ёзилган ва конвертга солиниб, почта маркаси ёпиштирилиб, бирортаси томонидан менга юборилган ҳеч қандай мактуб йўқ. Ҳаммаси электрон тарзда ёзилган, шу ноутбукнинг ичида. 

Китоб жавонида эса бор-йўғи ўнта китоб туради. Улар қайси китоблар эканини кўзимни юмиб айтиб бера оламан. Бошқа китоб йўқ. Жавон бўм-бўш. Жоним узилгач, уни эҳтимол чойнак-пиёлалар териб қўйиладиган сервантга айлантиришар. Тергани китоб бўлмаганидан кейин у сервантга айланса нима қипти, тўғрими? Барча ўзимга керакли, мени мафтун қилган, таъсирлантирган, онгим ва дунёқарашимни ўстирган, керак бўлса йиғлатган китоблар у ерда эмас, шу ноутбукнинг ичида. 

Жавон олдидаги ёзув столимнинг усти ҳам бўм-бўш. Ўйлаб кўрсам бирорта қўлёзма ёки кундалик туширилган дафтар йўқ у ерда. Мана у ерга қараб турибман. Ҳеч қандай дафтар кўзга ташланмайди. Номзодлик диссертациямнинг қўлёзмаси-ю асл нусхаси ҳам, монография ва мақолаларим ҳам, ҳатто ўз ҳаётим ҳақида ёзган кундалигим ҳам шу ноутбукнинг ичида. 

Демак, бутун ҳаётим шу ноутбукнинг ичида экан. Бутун ҳаётим! Энди кимдир нега ноутбукни ёнимга қўйиб олганимни тушунгандир. Аслида, бу қоп-қора, турли хил тугмалардан иборат матоҳ — мени ҳаётим, ҳаётимни ўз ичига олган қурилма. Уни мабодо деразадан улоқтириб юборсам ёки кимдир дастурини бузиб, форматлаб ташласа у билан бирга бутун ҳаётим йўқолиб кетади ва мендан ҳеч қандай из қолмайди… 

Ётавериш жонимга тегиб, ўрнимдан турмоқчи бўлдим. Оёққа туришим бу сафар хийла енгил кечди. Кеча ҳатто ҳожатга ҳам юриб чиқа олмагандим. Каравотдан тургач, китоб жавони ва стол устини кўздан кечирдим. Кейин хонадан юриб чиқиб, негадир йўлак охиридаги отамнинг хонаси томон қадам ташладим. Отам эшикни очиқ қолдирган экан. 

Унинг хонаси меники билан бир хил эди. Ҳажмини назарда тутяпман. Қолаверса, инвентарлари ҳам. Бу хонада ҳам меникига ўхшаган шкаф, китоб жавони ва ёнғоқ дарахтидан ясалган ёзув столи бўлиб, меникидан фарқи — бу ердаги китоб жавони китобларга лиқ тўла, ёзув столининг устида дафтарлар ва қўлёзмалар қават-қават бўлиб ётарди.

Китоб жавонининг олдига борганимда, унинг ойнаванд эшиги ортидаги китоблардан бирортасини қўлимга олиш истагида ёндим. Олган китобим Толстойнинг “Анна Каренина” асари бўлди (бу асарни ноутбукимдаги кутубхонамда электрон варианти бор). Китобни очгандим, юзимга унинг ёқимли ҳиди урилди. Отам доим китобларнинг ҳиди ёқимли бўлади, дерди. Китобни тўйиб-тўйиб ҳидларканман, бунга яна бир бор амин бўлдим. Ўйлашимча, жавондаги китобларнинг барчасида ўзига хос шунақа ҳид бор. Ноутбукимдаги электрон кутубхонада-чи? Шуни ўйлаганимда ошқозоним енгил санчиб қўйди. 

Китоб жавони олдида тик оёқда туравериш кўп ўтмай мени чарчатди. Инсон ўлими яқин қолганда суяклари мўртлашиб, тезда ҳолдан тойиб чарчайдиган бўлиб қолади чоғи, бир пасда харсиллаб нафас ола бошладим. Ёзув столи қаршисидаги стулга ўтиргач, нафасим сал-пал ростланиб ўзимга келдим.

Ёзув столи устидаги отамнинг дафтарлари ва А4 форматидаги оқ қоғозга ёзилиб папкага тикилган ҳолда устма-уст терилган қўлёзмалари эътиборимни тортди. Дастлаб қўлёзмаларни варақладим. Булар бир неча йиллар олдин отам ҳимоя қилган докторлик диссертациясининг яралиш тарихи, унинг қораламаларидан иборат қўлёзмалар эди. Уларнинг орасида отамнинг театр ҳақидаги монография билан мақолаларининг илк вариантларини ўзида қамраган қоғозлар ҳам учрарди. Қўлёзмалар ёнида қалин дафтар турарди. Бу отамнинг кундалиги эди. Кундалик олис бир минг тўккиз юз тўксонинчи йилдан бошлаб шу кунгача бўлган даврни ўз ичига олган, унга отам турли хил қайдларни, хотираларини ва шахсий фикр-мулоҳазаларини тинимсиз ёзиб борган эди.

Стол тортмасини очганимда у ердаги бир боғлам конвертлар ва қора ялтироқ муқовали албом диққатимни ўзига жалб қилди. Конвертларда турли йилларда отамга юборилган мактублар ўрин олганди. Мактублар унинг дўстлари, ҳамкасблари, яқинларидан эди. Уларнинг айримлари сиёҳли ручкада ёзилган бўлса, айримлари шарикли ручкада ёзилганди. Албомда эса отамнинг болалик, ўсмирлик, талабалик, ёшликдаги суратларидан тортиб оиламизнинг суратларигача бор эди. Уларнинг кўпчилиги албомга ёпиштирилган, ёпиштирилмаган қисми бир тўп қилиниб унинг орасига қистириб қўйилганди. Ёпиштирилмаган суратларнинг орқа томонида суратга олинган жой ва саналар акс эттирилганди. 

Отамнинг хонасидан кайфиятим тушиб чиқдим. Ўз хонамга кирганимда ошқозоним қаттиқ санчишни бошлади. Оғриқ қолдирувчи дорини афтимни бужмайтириб ичгач, ўрнимга қайта чўзилдим. Каравотда ётарканман, кўзим олдида отамнинг хонаси, унинг китоблари, қўлёзмалари, мактублари ва суратлари доира шаклида айланишга тушди. Улар ҳақида ўйларканман, ноутбукнинг ичига тушиб қолган “ҳаётим” кайфиятимга янаям путур етказди ва ихтиёримга зид равишда чуқур тушкунлик сари шўнғидим.
Бир пайт кўзим кетиб қолибди. Уйқумда туш кўрдим. Тушимда ҳам худди ўз хонамга ўхшаш хонада, ўшандек каравотда ётибман. У ерда ҳам деярли бўм-бўш китоб жавони билан ёзув столи, дераза токчасида эса қора ноутбук турибди. Тўсатдан, ана ўша токчадаги қора ноутбук жойидан ҳавога кўтарилди. У рўпарамдаги девор олдига учиб келиб ногаҳон катталашди. Унинг диаметри шунчалик катталашдики, рўпарамдаги деворни бутунлай эгаллаб олди. Кейин унинг экрани ёнди. Катта экранда аввалига ўзимга таниш манзара гавдаланди. Кетидан кутилмаганда одам бош чаноғи пайдо бўлди ва хунук, чийилдоқ овоз чиқариб менга мурожаат қилди: “Салом, Нодир”. Сўнгра, у оғзини қимирлатиб, хиринглаб бир-икки кулди. Бу бир неча дақиқа давом этди. У экрандан йўқолгач, бир оз тин олдим. Аммо унинг ўрнига энди одам устихонидаги ингичка қўл суягини ёдга солувчи номаълум қўл экранда кўринди ва мени асабийлаштирганча экран четида турган папкаларни зўр бериб титкилай бошлади. Шунда юрагимга росмана ғулғула тушди. Ўша папкаларнинг ичига китобларим, қўлёзмаларим, мактубларим, кундалигим ва суратларим жойлаштирилганди-да. Номаълум қўл биринчи папкани очди. Бу менинг электрон кутубхонам эди. Унинг ичига ўзимга керакли китобларни йиғиб тўплаган эдим. Ғулғула кучайгандан кучайди ва асабийлашганимдан қўлларим қалтираб кетди. Папкани титкиларкан, номаълум қўл бирма-бир у ердаги китобларни ўчиришга тушди. “Анна Каренина”ни, “Мартин Иден”ни, “Горио ота”ни, “ Евгений Онегин”ни… Буни кўриб бир зумда бошим гангиб, тилим айланмай қолди. Оғзимни очиб нимадир демоқчи бўлдим, лекин овозим қурғур чиқмади. 

Китоблардан сўнг, номаълум қўл бир неча дақиқа оралиғида қўлёзмаларим жой олган папканинг авра-астарини чиқариб ташлади. Кино санъати ҳақида кечалари ухламай, қийналиб, не-не машаққатлар билан ёзган мақола ва эсселаримни кўрсаткич бармоғи билан ўчириш тугмасини қаттиқ эзганча асфаласофилинга жўнатди. Қўлёзмаларим папкаси ҳеч қанча вақт ўтмай ичида ҳеч вақоси йўқ кераксиз папкага айланди қолди.

Номаълум қўл чарчоқ нималигини билмасди. Навбат кўп ўтмай электрон почтамга келди. У йиллар давомида мактубларим жамланган папкани ичини очиб кўрмасдан, почтамга қўшиб бир йўла ўчирди. Ўтган йиллар давомида яқин инсонларим, дўсту-биродарларим юборган қимматли ва қадрли мактублар арзимаган беш дақиқанинг ичида (ноутбукнинг бурчагидаги соатга қараб тургандим) ўз мавжудлигини йўқотди.
Шу тобда ўрнимдан туриб, экрандаги номаълум қўлни чавақлаб, бурда-бурда қилиб ташлашга тайёр эдим, бироқ ғазабим қанчалик ошиб-тошмасин қўл-оёғимни худди кимдир каравотга маҳкам боғлаб қўйгандек ҳечам уларни қимирлата олмасдим. Овозим ҳануз чиқмас, қанчалик бақириб ёрдамга чақирмай хонамга ҳеч ким кирмасди. 

Номаълум қўл устига “кундалик” деб ёзилган папканинг ичини очганида ғазабдан кўкариб кетдим. Оғзимдан ён-атрофимга тупук сачрай бошлади. Папкани у титкилаб ташлади. Лекин, менга ниҳоятда азиз бўлган кундалигимни бирданига ўчирмади. Аксинча, худди эрмак қилгандек уни дам у еридан, дам бу еридан ўчирди. Дастлаб талабалик йилларим ҳақидаги бўлимни, кейин болалик пайтимни ўзида акс эттирган бўлимни йўқ қилди. Худди шундай тарзда, кундаликнинг қолган бўлимларини ҳам пианино клавишларини чалгандек тартибсиз ҳолда ноутбукнинг хотирасидан чиқариб ташлади. 

У суратларим тўпланган папкага етиб келганида мен аллақачон бўшашиб, бўлаётган шафқатсиз жараённи илғай олмайдиган ҳолатга келиб улгургандим. Энди ғазабдан кўпик тупурмасдим. Кўз олдим оппоқ туманга йўғрилган ҳолда баҳайбатлашиб кетган ноутбукнинг экранига шунчаки гарангсиб термулардим.

Суратларим ҳам бирин-кетин ноутбукнинг хотирасидан ўчирила бошланди. Тандирдан узилган иссиқ нонни тишлаб тушган болаликдаги суратим биринчи бўлиб ўчирилди. Кейин, мактабда усти-бошим чанг ҳолда футбол тўпи билан тушган суратим. Шу кетма-кетликда талабалик ва ёшлигимнинг олтин даврларини ўзига жо қилган суратлар ҳам, оиламизда нишонлаган туғилган кун ёки янги йил байрамларидаги суратларим ҳам — ҳамма ҳаммаси номаълум қўл томонидан тубанларча ўчирилди.

Ҳар гал у ниманидир ўчираётганида, ноутбук экранида бояги одам бош чаноғи кўринар ва у гоҳ бўридек увиллаб мени астойдил мазах қилса, гоҳ ҳар ёнга қимирлаб ўчирилаётган папкаларга ишора қилганча “ қалай, зўрми?” деб очиқ оғзидан ташқарига тутун пуркарди.

Экрандаги папкалар бўм-бўш ҳолга келгач, унда энди менинг суратим намоён бўлди. Бу сурат қаердан келди, билмайман. Папкалар ичида бундай суратим йўқ эди. Чамаси, сурат янги эди. Суратдаги чорасизлик акс этган аянчли ҳолатга касалхонадалигимда, аниқроғи врач тез кунда ўлишим мумкинлигини айтганида тушгандим. Наҳот, ўшанда кимдир мени пана жойдан туриб суратга олган бўлса? 

Бир оз ўтиб суратнинг остига туғилган йилим ва эҳтимолий ўлиш йилим ёзилди: 1993-2019. Ўлган одамдан шунда фарқим қолмади. Бу мусибатни ҳазм қилолмай турганимда, бош чаноғи яна ноутбук экранида пайдо бўлди ва менга қарата баланд овозда “сен ўзидан ҳеч қандай из қолдирмайдиган йигирма биринчи аср авлодининг илк вакилиcан”, деди ва бу гапни бир неча марта такрорлади. Бу гапнинг маъносини мен англаб-англамай, унинг беўхшов ва совуқ кулгуси ноутбукдан хона бўйлаб таралди. У кулаверди, кулаверди, кулаверди… 

Уйғониб кетганимда, онам қошимда ўтирарди. Терга пишиб кетиб, кийналиб нафас олганимча унга қарадим. У ҳавотирли нигоҳи билан мендан кўзини узмас, безовта туришидан нима қилишини билолмаётгандек таасурот уйғотарди.

−Сенга нима бўлди?- деди у бир оздан сўнг менга пиёлада совуб қолган чойни тутаркан. 

Пиёлани қўлимга олиб, чойни ютоқиб ичдим.

−Эрталаб қоламан десам қўярда қўймай ишга жўнатдинг мени,- давом этди онам кўз ёши қилиб.- Шунақа бўлишини кўнглим сезганди.

−Ноутбук,- дедим унга эътибор бермай атрофга олазарак боқарканман.- Қора ноутбук!

Онам бир қўли билан токчадаги ноутбукни олди.

−Уни бошқа ерга олиб қўяйми?- сўради менга кўрсатгач.

Мен шошиб унинг қўлидан ноутбукни тортиб олдим ва пайсалга солмай экранини ёқдим. Экрани ёнгач, кўзларимни катта-катта очиб ва юрагимни ҳовучлаб у ердаги папкаларни текширдим. Папкалар бут, уларнинг ичидаги нарсаларим жойида эди. Бундан анча енгил тортдим. Сал ўзимга келгач, ноутбукни эҳтиёткорлик билан ўчирдим-да, токчадаги ўрнига қайтиб қўйдим.

−Шу ерда тураверсин,- дедим онамга қараб.

Тинчланганимни кўргач, онам оғир қадам ташлаганча тушликка мастава қайнатаман деб хонадан чиқиб кетди. У ташқарилагач, каравотга чўзилиб ёнбошладим. Рўпарамдаги оппоқ деворга тикилганча тушимни, унда асабимни қақшатган ўша одам бош чаноғини, ноутбук экранидаги папкаларга жойланган “ҳаётим” ни ўчириб ташлаган номаълум қўлни ўйладим. 
Бу хосиятсиз тушни хотирамдан чиқариб ташлашни қанчалик истамай ва ортиқ уни эсламаслик учун бор ирода кучимни намойиш қилишга уринмай, у барибир унут бўлмади. Айниқса, бош чаноғи ва унинг бетиним кулганча айтган сўзлари қулоғим остидан сира кетмади: “сен ўзидан ҳеч қандай из қолдирмайдиган йигирма биринчи аср авлодининг илк вакилисан”…

Унинг шу сўзларини эсларканман, каравотда ётганча ноутбук турган ерга қараб бирдан ўзим ҳам хохолаб кулиб юбордим.

Шерзод Ортиқов

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг