Илк китоби танқидга учраган дипломсиз профессор

0
143
кўришлар сони

Бугун  дунё бўйлаб Луиза Глюк номини излаб гуглга мурожаат қилган ижодкорлар минглаб топилади. Кўпчиликнинг диққат марказида турган рейтинги баланд кучли бешликка мукофот насиб қилмади. Харуки Мураками (Япония), Маргарет Этвуд (Канада), Людмила Улицкая (Россия), Мариз Конде (Гвадалупе) Нгуги Ва Тхионго (Кения)лардан сўнг 19 ўринда турган Л.Глюк бугун Нобель мукофоти совриндори деб эълон қилинди.

Швед қўмитаси томонидан унинг «мавжудликни ўз қатъий гўзаллиги билан универсал қиладиган шеърий овози» учун тақдирлангани айтилди. У Нобель тарихида адабиёт бўйича совриндор бўлган 16-аёлдир.

«У замонавий америка шеъриятида мислсиз лирика ярата олган. Унинг шеъриятида бир талай юмор ва ўткир ақл бор», дейди қўмита раиси Андерс Ульссон пресс конференция давомида. «Шеърий тўпламлари чиққанидан сўнг у асл америка шоирлари қаторига кирди. Ҳозиргача 12 та шеърий китоби ва бир неча томли эсселар тўплами чоп этилди.»

Луиза Глюкка АҚШ вақти билан тонг соат 7 да қўмита котибаси қўнғироқ қилиб Нобель билан тақдирганганини айтганда у аввалига ҳайрон қолган ва қувонганини билдирган.   

Афсуски, пандемия туфайли 10 декабр – Нобелнинг ўлими куни ғолиблар тантанали равишда тақдирланмайдиган бўлди. Тилла медал ва дипломни совриндорлар ўз уйларида, собиқ Нобелчилар қўлидан қабул қиладилар. Тор доирадаги маросим эса Стокгольмда бўлиб ўтади. Ғолибларга 1.11 млн доллар мукофот пули ҳам етказилади. 

1943 йилнинг баҳорида Нью Йоркда тадбиркор оиласида туғилган Луиза коллежни битириб Колумбия университетида таҳсил олган, аммо диплом ололмаган. У ота тарафдан венгер яҳудийларига бориб тақалади. Кўплаб олийгохлар, жумладан Бостон ва Гарвардда ҳам талабаларга дарс берган. «Биринчи» номли шеърий тўплами 1968 йилда чоп этилгач, қайноққина танқидларга дуч келган. Бундан руҳи тушган ёш шоира уч йил ижоддан танаффус қилган. Сўнг коллежда шеъриятдан дарс ўта бошлаган ва шу даврда ёзган шеърларини «Ботқоқликдаги уй» китобига жамлаган. Танқидчилар бу китобда ўзига хос мустақил овозни пайқашган.

2004 йига келиб шоира «Октябр» номли китобини оммага тақдим этди, у 2001 йил 11 сентябр терактида ҳалок бўлган қурбонларга бағишланарди. Китобда қадимги юнон афсоналари орқали қалб оғриқлари ва изтироблари очиб берилган. 1994 йилда эса «Шеърият бўйича эсселар» номли тўплами чоп этилган. Сўнгги китоби 2010 йилда «Қишлоқ ҳаёти» номи остида нашр қилинган.    

Глюк Америка санъати ва адабиёти акедемияси аъзосидир. 1986 йилда Сара Тисдейл хотираси мукофоти, 1993 йилда Пулитцер мукофоти, 1999 йилда Лэннан фонди мукофоти, 2000 йилда Юбилей медели, 2001 йилда Боллингенов мукофоти, 2003 йилда АҚШ лауреат-шоири, 2008 йилда Уоллес Стивенс мукофоти, 2014 йилда АҚШдаги Миллий китоб мукофотига эришган. Ниҳоят, улар сафига нуфузли Нобель ҳам қўшилди.  

77 ёшли шоира Массачусетс штатида истиқомат қилади. Йель университетида профессор сифатида дарс беради.

Нодирабегим тайёрлади.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг