Нигора РАҲМОНОВА. Шеърлар

0
90
кўришлар сони

ҚУЁШНИНГ БОТИШИ

 Кузатганмисиз ҳеч,

Қуёшнинг ботишин,

Тўққизинчи қаватда туриб…

Ёки ишдан қайтар чоғингиз,

Одамлар орасида юриб.

Ярми қизил, ярми қора, оқ,

Сарҳадсиз йўлакка ўхшайди.

Нигоҳлар чопқиллаб етса осмонга,

Йўлига чиройли гилам тўшайди.

Учгингиз келади, ўша гиламда,

Сизга яқин турган осмонни қучиб.

Юрак олови ҳам, ўчар бир зумда,

Булут кўзидаги томчини ичиб.

Қайтгингиз келмайди, хаёл юртида,

Бир умр қолмоққа тайёр бўласиз.

Чиқинг, тўққизинчи қаватга сиз ҳам,

Қуёшнинг ботишин кўрасиз.

ОТАМНИНГ БОҒИ

Чайқалади бир бош узум, танасидан

Кечмоқликка шайланади тўп-тўп этиб.

Отам кўкка ялинади: “Тўкилмагин

Болагинам тезроқ келса эди етиб”.

Чуғурлашар завқи ошиб қушчаларим,

Ўғирламоқ ниятида айланади.

Йўлим пойлар отам ҳар кун ҳориб-ҳориб,

Ишкомдаги узум каби қийналади.

Йиқилади бир-бирларин суяб барглар,

Совуқ шамол аямасдан қамчилайди.

Кўйлагини ёяди куз боғимизга,

Отам эса юрагини ҳовучлайди.

Қанчалар югурмай, қанчалар елмай,

Шамолнинг йўллари очилиб кетар.

Ишкомда қийналиб бир бош узум-эй,

Отамнинг кафтига сочилиб кетар.

ДЕВОРДА ОСИҒЛИК СУРАТ

Чойнаклари тўла иссиқ чой,

Пиёласи ҳамиша тоза.

Она ўзи бир тишлам нон ер,

Ичар чой ҳам, мабодо қолса.

Орзуланиб кузатар қизин,

Ғурурланиб кузатар ўғлин,

Отасига ўхшар, деб баъзан,

Суф, куфлайди кўксига ўзин.

Осмон кулар, кузатиб баъзан,

Қуёш эса оловин санчар.

Она бағри кенг, осмондан ҳам,

Қайтаради меҳрдан ханжар.

Болаларин ўтказиб тўрга,

У пойгакдан ўрин олади.

Бу дунёдан ўтгач оналар,

Уй тўрида мангу қолади.

ХИЁНАТ

Сен кимнинг қизисан, Хиёнат,

Қайғу, алам, нафратни.

Онангни исмини унутган бўлсанг,

Айб фақат муҳаббатдами?

Гирдобида қолиб тунларнинг,

Рангларида юзларинг куйган.

Пўртаналар ичра сездирмай,

Сени отанг йўқотиб қўйган.

Шундан бери ясаниб тунлар,

Ҳар кўнгилга бошинг суқасан.

Кириб олиб қалбнинг уйига,

Хиёнат-чаларни туғасан.

Уларнинг на бешик, беланчаги йўқ,

Хўрликлар сийнасин тутиб боқади.

Ҳар бир дақиқаси афсусларга тенг,

Қонида гуноҳлар юки оқади.

Аммо кимдир сени интиқ кутади,

Келсанг елкасига опичлаб яшар.

Хиёнатни қаттиқ севган одамнинг,

Бир кун юзларига тошмалар тошар.

АЁЛ

Аёл -осмонингда балққан ой эмас,

Боғингда кўкарган энг дуркун дарахт.

Барги юксакларга туташиб кетган,

Уни узолмайин қанча дил карахт.

Аёл -тоғлар каби кучга эгамас,

Қалби пахтадайин оппоқ ва енгил.

Ундан ҳеч нарсани сўрама асло,

Унга фақат кўнглингни бергил.

Ушлама қўлидан сўрамай йўқса,

Хуркак охулардай қочиб кетади.

Малика эмас у қасрлар қурма,

Кўнглинг кулбасининг ўзи етади.

Аёл ерда яшар, фаришта эмас,

Кўкка учма сен ҳам, кел ёнида қол.

Орзулар эшигин очгин кўрасан,

Аёл энг чиройли, энг ширин хаёл.

ОДАМЗОТ

Жуда яхши кўрар ўзини,

Баҳор, қиш, куз, гўзал ёздан ҳам.

Нима бўпти етмишу саксон,

Ошса эди ҳаттоки юздан.

Ҳаёт жуда бешафқат дейди,

Сўзларини ўраб лофига.

Асли ҳаёт боғичин ечиб,

Солиб қўяр ўзи қопига.

Бошинг тошдан бўлсин, деб алқаб,

Боши билан тошни ёради.

Ёпиб ёзнинг эшигин шартта,

Кузда лойдан хамир қоради.

Гоҳо ундан кучли нарса йўқ,

Ҳатто тешиб ўтади тоғни.

Истаса у гуллатар, аммо,

Истамаса қуритар боғни.

Дейди зўрман, уриб кафтин кафтига,

Пеш қилади кўпни кўрганин.

Лекин дўстим  билармикан, у,

Осмоннинг панасида юрганин.

БЕКАТДА

Машина, трамвай, автобус,

Унда кетмоқликдан дўстим кўнглинг уз.

Нима бўлар яёв борсанг, манзилга?

Қара кўча гўзал, ахир ҳозир куз.

Барглар сени кутиб, сарғайган кўйи,

Йўлакка бағрини бериб ётибти.

Бахтинг автобусдан сирғалиб тушиб,

Сени хувв бекатда кутиб турибти.

Бахтинг ҳам тиғиздир вақтингдай ахир,

Кеч қолсанг бошқаси тутиб олади.

Тезроқ автобусдан тушиб қол, йўқса,

Сени кутиб турмай кетиб қолади.

ТУВАКДАГИ ГУЛ

Унинг юраги йўқ,

Фақат томири,

Бир сиқим тупроққа айланган холос.

Баъзан нафас олар,

Баъзан эса тин.

Сезмайди кундузми,

Ёруғми ё тун.

Унинг ватани йўқ,

Фақат барги бор.

Бармоқ теккизсангиз учиб кетгувчи

Кўнглининг тубида оғир гарди бор.

Ойналар ортидан мўралаб беҳол,

Қуёшга интилиб кутиб яшайди.

Унга куч бўлолмас, на сув, на хаво,

Ўзининг қаддини тутиб яшайди.

Қишда уйга кирар, баҳор ховлида,

Изғирин елига ўзин отади.

Бир қатим нур унга ҳаёт бағишлар,

Барглари узала тушиб ётади.

Унинг юраги йўқ,

Фақат томири.

Бир сиқим тупроққа айланган холос.

Ёдидан чиқади, гоҳо ҳамманинг,

У ёлғиз аёлнинг,

Шериги холос.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг