ТЎРТИНЧИ ҚАВАТДАГИ ХОНАДОН

    0
    367
    ko'rishlar soni

    ҳикоя

    Бугун операциям йўқлиги сабаб эртароқ бўшадим. Касалхонадаги кечки кўрик-йўқламани ўтказганимдан сўнг, ишларни навбатчи ҳамкасбимга топшириб кўчага чиқдим. Ташқарида ёмғир ёғаётганди. Буни кўриб эсиз кечагина ўрик гуллаганди-я, деган хаёлга бордим. Ёмғир майдалаб ёғар, унинг бундай тарзда ёғиши қандайдир асабийликни вужудга келтирарди.

    Таксига чиққанимда орқа ўриндиқнинг ойнаcини кимдир тушириб қўйган экан. Мен дарров кўтариб қўйдим. Ҳайдовчи машинани тез ҳайдаркан. Секинроқ юришнинг иложиси борми деб унга мурожаат қилгандим, у бош ирғаб тезликни камайтирди. Ҳаво илиқ эмасди, ёмғир туфайли ҳарорат пасайиб кетганди. Шунинг учун совқотиб қўлларимни костьюмимнинг чўнтакларига тиқиб олдим.

    Шунда ўнг чўнтагимдаги қандайдир қоғоз бўлакларига қўлим тегиб кетди ва тўсатдан яна ҳаммаси эсимга тушди-да, қоғоз бўлакларини бор кучим билан асабий тарзда эзғилай бошладим. Йўл бўйи эзғилаб кетдим. Такси уйим олдида тўхтаганида, улар аллақачон кафтим орасида эзғиланиб  ётарди. Ҳайдовчига пул бериш учун улардан кафтимни бўшатишимга тўғри келди.

    Уйим беш қаватли бинонинг тўртинчи қаватида эди. Лифт томон юргим келмади. Зиналардан кўтарилиб тепага чиқдим. Биринчи қават, иккинчи қават, учинчи қават ва ниҳоят тўртинчи қават ҳам етиб келди. Эшикни очиб ичкарига кирарканман, бутун уйнинг ичи бўйлаб Бетховеннинг таниш сонатаси пианинонинг бўғиқ овози ёрдамида тараларди. Буни эшитиб, йўлакда бир пас тўхтаб қолдим. Қулоқларимни беркитиб олгим келди. Бунинг ўрнига қўлимдаги бир дунё қоғозларга тўла портфелимни йўлакнинг охиридаги трюмонинг четига қўйиб, куй таралаётган хонага ичкариладим.

    Наргиза дастлаб мени пайқамади. У пианинонинг олдида ўтирганча бармоқларини клавишлар устида тез-тез қимирлатиб, Бетховеннинг сонатасини ижро этиш билан банд эди. Бугун у кечагидан ҳам, илгариги кундан ҳам асабий кўринарди. Мени бўсағада кўриб, у янаям тез ҳаракат қила бошлади. Пианино деярли тиним билмасди. Унинг қоқ ўртасига ноталар учун ўрнатилган ва айни пайтда бўш турган қисми силкиниб-силкиниб қўярди.

    Секин юриб пианинонинг ёнидан ўтдим. Наргиза куйни чалишда давом этди. Хонанинг тўғрисида иш столим бўлиб, ўша томон юрдим. Унга беҳол чўкарканман, унинг четидаги лампани ёқиб қўйдим. Шу алфозда анча ўтирдим. Бу орада Бетховеннинг машҳур сонатаси такрор ва такрор ижро этилди. Мен бу куйни ёддан билганим учун  Наргиза уни  беш-олти марта қайтадан ижро этганини сездим. У тўхташни хаёлигаям келтирмасди. Мен бунга эътибор бермасликка уриниб, стол устида кеча қолиб кетган қоғозларимни лампанинг ёруғида тартибга келтириш учун киришдим. Булар асосан травматологияга оид илмий ишим борасидаги маълумотлар эди.

    −Бас, етар!- деди шу пайт Наргиза куйни чалишдан тўхтаб овозини кўтарганча.

    Пианинонинг овози янаям бўғилиб худди томоғи қаттиқ оғриган бемордек беўхшов жаранглаб кетди. Бир оз ўтиб, Наргиза клавишлардан қўлини олиб унинг қопқоғини шарақлатиб ёпди.

    −Бундай жим ўтиришни бас қилинг,- деди шундан сўнг мен томонга ўгирилиб, асабий охангда.- Бир оғиз гапирсангиз-чи. Уч кундан бери шу ахвол. Гапирмайсиз.

    Қоғозлардан бошимни кўтариб, унга бир муддат тикилиб қолдим. Асабийлашганидан унинг лаблари титрар, кўзлари сўлғинлашиб кетганди.

    −Гапиринг, илтимос сиздан,- деди у илтижо қилгандек.

    У қаршимда тик турганча мендан кўзини узмасди. Охири,  бир қўли билан пианинога суянганча йиғлашга тушди.

    −Сизга кеча ҳам айтдим, илгари куни ҳам айтдим. Мендан кўнглингиз тўлмаётган бўлса рўй-рост айтинг,  хоҳлаганча айбланг,  хоҳласангиз ажрашиш учун ариза топширинг, фақат худо ҳаққи гапирмасдан одамни эзишни бас қилинг.

    Чўнтагимдаги қоғоз бўлакларини тағин эзғилашни бошладим. Худди шу пайтда кимдир юрагимни шундай эзғилашга тушди. Номаълум қўл кўзга кўринмай юрагимни эзарди. Қоғоз бўлакларини мен қанчалик қаттиқ эзсам, у ҳам юрагимни шунчалиқ қаттиқ, бунинг устига аллақандай зуғум билан эзарди.

    Кўп ўтмай, Наргиза йиғлаб хонадан чиқиб кетди. Эшикни ёпмадиям. Ўрнимдан туриб эшикни ёпдим-да, қайтиб жойимга ўтирдим. Пианинонинг бўғиқ овози ҳам, Бетховеннинг сонатаси ҳам энди тинганди. Мен негадир илмий ишимга диққатимни қаратишни мақсад қилдим-у лекин бунинг ўрнига чўнтагимдаги қоғоз бўлакларини олиб стол устига қўйдим. Уларнинг ҳар бири ғижимланиб кетганидан деярли ўқиб бўлмас ҳолатга келиб қолганди. Шунга қарамай, уларни стол четида турган елим ёрдамида бир-бирига ёпиштиришга ҳаракат қилдим. Қоғозни тиклаш учун анча вақтим кетди. Роса тер тўкишим натижасида, бўлаклар бир амаллаб бирлашди ва қоғознинг аввалги шакли тикланди.

    Бус-бутун ҳолга келган қоғозга кўзларимни тикиб ўтирарканман, хаёлим беихтиёр уч кун олдинги воқеалар томон учиб кетди. Ҳаммасини эслашга уриниб кўрдим. Операция пайтида оёғимнинг сон қисмида бошланган оғриқ, холсизланиш, терлаш, операцияни бир амаллаб ўтказиб хонамда букчайиб ётганим ва пича ўтиб клиникамиздаги уролог хамкасбимнинг кўригида бўлганим — ҳамма ҳаммаси кўз олдимда бирма-бир гавдаланди. Булар худди дахшатли трагедиянинг дебочасидек эди гўё.

    Қанчалик оғир бўлмасин кейинги воқеаларни ҳам кўз олдимдан ўтказдим. Мени текшириб тахлил натижасини қўлига олгач, ҳамкасбимнинг ранги оқариб кетгани, сўнг ўзини қўлга олиб клиниканинг кафесига биттадан қаҳва ичишга таклиф қилгани ва у ерда деразанинг шундоққина ёнидаги гуллаган ўрикка қараб туриб қоғозга туширилган натижани юзимга қарамай, тутилиб- тутилиб айтганлари эсимга тушди. Ундан қоғозни қўлимга олгач, бундай бўлиши мумкин эмас деб бир қоғозга, бир унга қарадим. Сўнг, асабий кулганча хонамга кириб кетдим. Хонамда ўтириб  ўйланиб қолдим. Бу мумкин эмасдек эди тасаввуримда. Ахир, энди ўттиз ёшга тўлгандим. Менга тиркалаётган бу касаллик одатда, эллик ёшдан ўтган эркакларда учрарди. Йўқ, мен соғлом эдим, ҳеч қанақасига касал эмасдим. Касалликка чалинганим наздимда, сафтатадан бошқа нарса эмасдек бунга сира ишонмасдим. Лекин, таҳлил натижаси акс этган қоғозга қарарканман, ногоҳ юрагим орқасига тортиб кетди.

    −Бемаънилик,- дедим ишонқирамай қоғозни майда-майда қилиб йиртиб ташларканман.- Менда простата бези саратони бўлиши мумкин эмас.

    Стол устидаги лампа кўзимни оғрита бошлагач, ўрнимдан турдим. Секин юриб пианинонинг олдига келдим. Уни тўқ қизил рангдаги ялтироқ, текис устки қисмида қўлларимни юргиза бошладим. Кейин диққатимни унинг ёнидаги шкаф ичидаги ўзимни ва Наргизанинг китоблари тортди. Уларни бирин-кетин қўлимга олиб, варақлаб кўрдим. Хонани кўздан кечирдим, уйим ҳақида ўйладим. Пианино, китоб жавони ва мана шу уй мени ўтмиш сари етаклаб кетди.

    Ўз пайтида бу уйни кредитга олганимда жудаям хурсанд бўлгандим. Ниҳоят ижарама  ижара юриш балосидан қутулгандим. Ўзимни уйим бўлганди, орзум ушалганди. Ҳеч қанча ўтмай, бу тушунарсиз ҳаётда Наргизани учратдим. У билан турмуш қурдим. Оилавий ҳаётим йўлга қўйилгач, аста-секинлик билан уйни жиҳозлаш ишлари бошланди. Мана шу пианино ва китоб жавонини сотиб олдим биринчи навбатда. Пианино бир пасда Наргизанинг севимли ҳамроҳига айланди, бунинг натижасида кечқурунлари бутун уй бўйлаб Бетховеннинг сонаталари ёки Шопеннинг вальслари тинмайдиган бўлиб қолди.

    Ўтмиш хотиралари билан бир оз муддат овунгач, равонга чиқдим. Ташқарида ёмғир ҳалиям тинмаганди. Аксинча, кучли шамол таъсирида унинг шиддати кучайганди. Равоннинг қия очиқ ҳолда қолиб ғичирлай бошлаган эшигини ёпиб қўйиб, ташқарида турганча атрофни кўздан кечирдим. Кўчада ҳаёт тўхтамаган, ҳозир ҳам одамлар кўп эди. Атроф тўла бўлган кўп қаватли уйларда чироқлар ёниқ, ҳаёт қайнарди. Шу ҳолатда атрофни анча кузатарканман, ҳаёт дафъатан кўзимга чиройли кўриниб кетди, унга ҳали сира тўймаганимни чуқур ҳис қилдим. Бошқа томондан  ўлим ҳақида ўйладим. Биринчи марта жиддий ўйладим.      

    Рости, одамнинг ишонгиси келмайди. У туғилади, яшайди ва қанчалик ачинарли, даҳшатли бўлмасин, ўлади. Кимдир туғилган заҳоти ўлади, кимдир айни ёшлик пайтида. Кимдир эса ёшини яшаб, кексалик гаштини суриб оламдан ўтади. Ҳамма учун битта кисмат: туғилиш, яшаш ва ўлиш. Бу оддий формулага ўхшайди. Бироқ, бунинг замирида қанчалар чуқур дард, оғир мусибат, инсоннинг кўникиши қийин бўлган ақл бовар қилмас фалсафа ётганини кўпчилик  тасаввур қилолмайди. Инсон туғилиб, онги шаклланиб, ҳам жисмонан, ҳам руҳан улғайиб,  ўқиб-ўрганиб, жамиятда шахс сифатида ўз ўрнини топиб, орзулар қилиб, севиб-севилиб, оила қуриб, фарзандлар вояга етказиб, сўнгра буларнинг барчасини бир куни ташлаб кетади. Нима учун шундайлигини  ҳеч ким тушунмайди ва аниқки, тушунтириб ҳам беролмайди. Бу саволга ҳатто, мактаб тизимида қониқарсиз балга тортадиган жавоб берилмайди, шунчаки, катта-ю кичик елкалар қисилади-да, бошлар чайқалади. Бу  биз англаб етиш ва жавоб бериш учун ожизлик киламиз деган маънони билдиради.

    Ўлимни тасаввур қилиш қийин. Аммо, айни лаҳзада уни минг чандон яхши тасаввур кила бошладим. У тафаккуримда мени ҳамма нарсадан айирувчи куч сифатида гавдаланди. Яъни, хоҳлайманми- йўқми, у бир куни мени мана бу қовоқларини уюб олган бўлса-да, аслида бағри кенг осмондан, атрофга тинмай ёғаётган ёмғирдан, юзимга урилаётган шамолдан айириб номаълум томонларга олиб кетади.

    У туфайли бир куни тинмай ураётган юрагим тўхтайди, кўзларим юмулиб бошка очилмайди, оёқ-кўлларим тарашадек қотиб қолади, лабларим қимирламайди, қулокларим эшитмайди, бурним ҳид билмайди.

    У туфайли бир куни мен соатни, вақтни, ўтаётган лаҳзаларни; тонг отгач ёришадиган кун билан қош қорайгач тушадиган тунни; иссиқ билан совуқни; дарахтлар  кўм-кўк бўлиб гуллайдиган баҳорни; мевалар ғарқ пишадиган ёзни; серёмғир, тумани  кўзни шамғалат қиладиган, хазонгрезгили куз ва қор ёғиб қалбларни покловчи кумуш қишни фарқига боролмайман.

    У туфайли бир куни мен  рус ёки инглиз тилларини мукаммал биладиган; нуфузли тиббиёт олийгохини тамомлаган;  ўз вақтида юзлаб бадиий ва илмий асарларни мутолаа килган; айтайлик чанғи учишни, машина ҳайдашни, қўшиқ куйлашни, расм чизишни, радиоприёмник тузатишни ёки одамлар қорнини ёриб операция қилишни биладиган инсондан  бир уюм тупроққа айланаман.

    Олисларга учиб кетган ўй-хаёлларим ҳали бери қайтиб келмайдигандек эди. Тез фурсатда ўлим ҳақидаги совуқ мулоҳазалар танамни ивитиб ташлаган ёмғир томчиларининг савалашига ҳамоҳанг бўлиб, мени руҳан эзиб қўйди. Айни пайтда ёмғирли оқшомнинг паст ҳароратли об-ҳавосидан эмас, айнан ўлим тўғрисидаги совуқ мулоҳазалардан совқотиб енгилгина дир-дир титрардим. Шу пайт равон эшигининг очилиши мени ўзимга келтирди. Эринибгина у томонга қарадим ва кўзларим у ерда тунги кўйлакда турган Наргизанинг кўзлари билан тўқнашди. Ундан кўзимни олиб қочарканман, у энди ҳаммасини билади деган, тахмин хаёлимдан ўтди. Бир оз ўтиб, бу тахминим ўз тасдиғини топди.

    −Менга бу ҳақда айтишингиз керак эди,- деди у зўрға овози чиқиб.

    Унинг қиёфасида норозиликдан кўра ачиниш ва ҳамдардлик ҳисси акс этиб турарди.

    −Кошки бу айтадиган нарса бўлса экан.

    Наргиза гапларимни эшитиб-эшитмай, бошини чайқаганча менга яқинлашди ва елкамдан маҳкам қучиб олди.

    −Ҳаммаси яхши бўлади,-деди  ўзини тетик тутиб, кўнглимни кўтараркан. — Биз курашамиз. Бирга курашамиз. Ҳозир тиббиёт анча ривожланган. Сиз яхши биласиз буни. Ахир докторсиз. Давоси йўқ касалликнинг ўзи қолмаган. Барини даволаса бўлади. Бизда даволаб бўлмаса, чет элда бунинг иложиси бор.

    Наргизани тингларканман, негадир ҳамкасбимнинг охирги гапини кўнглимдан ўтказдим.

    “Баходир, касалликни ўтказиб юбормадикмикин, деб қўрқаман. Бошланғич босқичда эканлигига шубҳам бор.” 

    Наргиза бошқа гапирмай, ортимдан мени қучганча анча вақт турди. Танасининг илиқ харорати шиддатли ёмғир ва совуқ мулоҳазалар таъсирида совиб улгурган танамга кўчиб ўтиб, уни ва музлаб қолган шууримни илитди ҳамда фақат ўзигагина хос бўлган, бир пайтлар мени ўзига ипсиз боғлаб мафтун қилган узун сочларининг ёқимли иси димоғимга урилди. Натижада, борлиғимни оний фурсат эгаллаган умидсизлик ва унинг гарданидаги  мулоҳазалар чекинишди, анча ортга чекинишди. Улар қиса бошлаган юрагим сал эркни ҳис қилгач, беихтиёр  шу тобда яна яшагим келиб кетди; ҳаётимга соя солиб турган ўлимни бутунлай унутганча, куйиб- ёниб яшагим келди; ҳаётнинг барча ғам-шодликларини охирги мисқолигача ҳис қилиб яшагим келди; юрагимнинг уриши тўхтагунича, мана шу тўртинчи қаватдаги қадрдон уйимда, мени эҳтимол фақат унинг ўзигина чин дилдан яхши кўрадиган турмуш ўртоғим билан ёнимдаги бахтимни қадрига етиб яшагим келди… У ёғига нима бўлса бўлар. Ахир, барибир ҳеч ким бу дунёга устун бўлмайди.

    Ёмғир туфайли равонда кўп туриб бўлмасди. Боя айтганимдек, кўп турганим боис анчагина ивиб кетгандим. Наргиза ҳам ҳеч билинтирмаса-да, тунги кўйлакда совқота бошлаганди. Айни пайтда иккимиз учун энг тўғри йўл ичкарига кириш эди.

    −Ичкарига кирайлик,- дедим шу мақсадда ортимга ўгирилиб.- Ёмғирда ивиб кетдим.

    Наргиза хўп дегандек бош ирғаб қўйди ва секин бошини кўтариб бир менга, бир устимдаги ҳўл бўлиб кетган костьюмимга қаради. 

    −Мени ташлаб кетишга хаққингиз йўқ,- деди у лаблари секин пичирларкан.

    Бунга жавобан мен жилмайиб қўйдим. Албатта, ўзимни мажбурлаб…

    Шерзод Ортиқов

    Javob yozing

    Izoh yozing
    Ismingizni kiriting