Гулжамол Асқарова. Шеърлар

0
160
кўришлар сони

КАМАЛАК РАНГИ

Нурсиз ҳаётимга нур каби келиб,
Камалак рангларин кўрсатдинг менга.
Сени топиб олган кунимдан бошлаб,
Камалак ранглари кўзимга инган.

Олча гулларини юзимга ёпиб,
Исмингни шивирлар лабларим унсиз.
Мен Сени ўзимни йўқотиб топдим,
Ва ўзимни топа олмадим Сенсиз.

Бу маъюс, бу ғамгин қисматим билан,
Тақдирингга келдим шодлик берай деб.
Лекин айт азизим, қайғу гуллари,
Бахтнинг саройига бўлоларми зеб?

Сени топган бахтли кунимдан бошлаб,
Лолалар эргашиб юрар изимдан.
Қачонки исмингни шивирлаб айтсам,
Камалак ранглари… кетмас… кўзимдан…

***

Ҳавотир олманг

Мен ўзим кетаман! Ҳавотир олманг,
Бу олис йўлларда ҳамроҳ керакмас!
Ҳечам ўзингизни азобга солманг,
Менга на манзил, на даргоҳ керакмас!

Ғамни сотай десам бир бозор йўқдир,
Қайғуни кўммоққа ҳеч мозор йўқдир,
Йиғлаган кўзларга харидор йўқдир:
Билдимки, ҳеч кимга оҳ-воҳ керакмас.

Барча билганини билган дунё бу,
Ҳар ким билганини қилган дунё бу,
Бунча фисқ-фужурга тўлган дунё бу,
Бандага Худодан огоҳ керакмас!

Ҳаёт маромида кетсайди, дедим,
Кўнглим оромида кетсайди, дедим,
Ногоҳон тақдирнинг зарбини едим,
Дафъатан керакмас, ногоҳ керакмас!

Тириклик куйига ташлаб жисмимни,
Тақдирнинг ҳукмига бердим измимни,
Эсламас эмишсиз ҳатто исмимни:
Албатта, тирикка арвоҳ керакмас!

Фақат У бўларкан дардларга малҳам,
Бу менинг ҳаётдан топган фалсафам:
Ҳеч қачон асролмас одамни одам,
Менга Худо керак… паноҳ керакмас!

Мен ўзим… кетаман..
***

Видо

Куз келди эҳтимол юрагингга ҳам,
Кетяпман кўзимда ёшларим қалқиб.
Сенинг юрагингга эккан гулларим,
Энди хазонларга айланган балки…

Балки… севмай қўйган оташ юрагинг,
Балки ўчиб бўлган кўксингдаги чўғ.
Азизим, мени ҳеч кўргинг келмаса….
Агар шундай бўлса… сенинг айбинг йўқ!

Агарда, юрагинг талпинмай қўйса,
Мабодо, барига қўл силтасанг: Бас!
Юз ўгириб кетсанг, минг йиллик ишқдан,
Бу хато, бу хато Сеники эмас!

Айбдор мендирман, сени кўп севиб,
Жон қадар ардоқлаб юрган жонида.
Баҳорга ишониб, гулга ишониб,
Бугун ўтлар кетган хонумонига….

Ҳамма хато менда! Сен ҳеч ўртанма!
Начора… қўлимда сўлмиш гулларим.
Негадир, негадир исмингни айтсам,
Уфққа туташиб кетди йўлларим…

***

Қасоскорлик

Энди меҳр кўрсатманг менга,
Бўғзимгача қасдга тўлганман.
Ва меҳримни аллақачонлар,
Тупроқларга кўмиб бўлганман.

Касбингизми дил билан ўйнаш,
Йиғлатиб сўнг кулдирасизми?
Қаҳр билан ўлдиролмасдан,
Меҳр билан ўлдирасизми?

Тоғлар билан қондошлигим бор,
Эгилмасман чиқсада жоним.
Эй тилига заҳар яшириб,
Лабида бол тутган илоним.

Меҳр қўйдим, англамадингиз,
Кўнгил берсам қордингиз лойга.
Сиз бошингиз қўярсиз ҳали,
Мен оёғим ташлаган жойга.

Гарчанд бугун тахтингиз баланд,
Ошиғингиз олчилиги рост.
Аммо сизни тинч қўярмикан,
Юрагимда жўшиб ётган қасд.

Шаккокликдир гарчи қасд олмоқ.
Билдим қонда чўғлар юрганин.
Кимга айтай нафрат аллалаб,
Мени қасдлар улғайтирганин.

Бу дунёда агар, мабодо,
Каслар калта қирқса дастимни.
Қиёматда Тангримга дейман:
Олиб бергил менинг қасдимни.

***

Узоқлашяпмиз…

Сен яшайвер тоғлар бағрида,
Менинг жойим шу улкан шаҳар.
Деразамдан боқсам дунёга,
Руҳимда жим ёмғирлар ёғар.

Китоб тутган қўлларим титраб,
Белгилайман ёққан саҳ(и)фани.
Ифори ҳам сени эслатар,
Қўлимдаги қайноқ қаҳвани.

Узоқлашдик… узоқлашяпмиз…
Узоқларга термулдим узоқ:
Осонмикан, Тангри боғлаган,
Ришталарни бандидан узмоқ?

Юрагимга оғирлик қилар,
Кўзларингни ғамгин саволи.
Бўлди, менга бундай қарама,
Нигоҳларинг — сабрим заволи!

Оғир ботса мени эслатиб,
Шамол тегса шитобларидан.
Шеърларимни ўчириб ташла,
Абадият китобларидан.

Хайрлашмоқ бўлса истагинг,
Гар ниятинг айрилиқ бўлса.
Агар шундан сенинг боғингда,
Камалаклар ўйнаса, кулса…

Агар шундан руҳ олса руҳинг,
Сувлар сенга айтса тушини.
Илтимосим, учириб юбор,
Қўлингдаги жоним қушини…

***

ИШҚСИЗ ОДАМГА

Сен осуда уйингга қайтгин,
Менам қайтай қайғуларимга.
Чунки энди дош беролмайсан,
Ўт туташган туйғуларимга.

Ҳаддан ортиқ сиполик нечун,
Сен — ёзда ҳам совқотган одам.
Ҳаётнинг бор ранги сендаку,
Эй, рангларин йўқотган одам.

Сен саройлар меъморидирсан,
Гул хижолат чиройларингдан.
Бахтлимисан менсиз ҳам, айтгил
Ҳувиллаган саройларингда.

Иситолмас сени қуёш ҳам,
Муз бағрингга нечук ботибман.
Тафт берай деб сенга бир чимдим,
Мен қуёшдек ёниб ётибман.

Йўқ, йўқ, сенга олов керакмас,
Сув сепавер туйғуларимга.
Сенам сокин уйингга қайтгил,
Менам қайтай… қайғуларимга…

***

Мени ташлаб кетаётганингда…

Яшил, яшил, ҳамма ёқ яшил,
Тоғлар каби улуғвор руҳинг.
Водий, воҳа ва Тошкентимни,
Ёриштирар сенинг шукуҳинг.

Нигоҳингни эркалар қуёш,
Камалаксан етти тусдаги.
Видо айтгинг келса вожибдир,
Мени ташлаб кетмоқ истагинг.

Подишосан, хонсан, султонсан,
Ҳукмдорсан… о, қанча таъриф…
Жазо бериб чарчамадингми,
Эй ҳукми хор, эй руҳи зариф?

Айт, қаердан ўргангансан сен,
Не истаса, дарров етмоқни.
Кўнгилларни бошдан отмоқ, ва
Севгиларни инкор этмоқни?

Қиличларни кўксимга қадаб,
Узоқлардан кузатасан жим.
Сен ҳеч кимсан аслида, лекин,
Сен бўлолмас дунёда ҳечким!

Мени ташлаб кетаётганингда,
Ўртамизга солиб фироқлар.
Тилайманки, йўлинг ёритсин,
Севгим ёққан яшил чироқлар.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг