ГЕРОСТРАТ МАРСИЯСИ

0
212
кўришлар сони

(Одил Икромнинг“Хаёл мақбараси” тўпламидан сўнг)

* * *

(монотон воқелик полифонияси)

Аввал гумбурлаган ёмғир хабари, кейин эса майин ва борган сари кучайиб бораётган шариллаган товуш қулоқларимга қуйилади. Сезяпман, Чирчиқнинг тошиб чиққан сувлари Лой жангидан қолган истеҳком ҳаробаларидаги ҳандақларни бирма бир тўлдиряпти. Бироз ўтиб, жигарранг сел долғаси кўчамиздан оқиб ўтадию бари тинчиб қолади. Тезроқ дарсларимни тугатишим керак. Фақат шундагина селдан кейин ёғаётган ёмғирни кузатишга вақт тополаман.

Чиноздаги деярли бутун болаликлар шундай кечади. Ҳар бир уйда, ҳеч бўлмаса битта мана шундай хаёлпараст бола яшайди. Биз ҳар гал панароқ жойга туриб оламизу томорқалар узра ёғаётган ёмғирга ичимиздан ўтаётган бир ғалати кечинма билан жим тикиламиз. Ўша пайтлар бу кечинманинг номини билмасдим, бироқ бугун ҳамма нарсага ўзим қайта ном бераётган пайт сезиб қолдим… Ўша ёмғирларни томоша қилаётган болакайлар ичидан кечаётган мавҳум ҳиссиётнинг номи Изтироб экан.

Умуман, бизда изтироб ва қийноқ деган сўзлар болаларнинг оғзидан чиққани заҳот ўз маъносини буткул йўқотади. Гўё изтироб чекиш учун ҳам муайян ёшга етишинг ва тажриба орттиришинг керакдек:

– Белим оғрияпти, ая.

– Ёш болада бел нима қилади?

– Бошим айланяпти.

– Эчкига ўхшаб сакраганингдан кейин айланади-да. Кетингни босиб ўтир, ўтиб кетади.

Қизиқ, соғиниш нималигини билмай туриб ҳам соғиниш мумкин экан. Мен билмаслик фақат болаларга хос камчилик деб ўйлардим. Йўқ, у доим сени таъқиб этаркан. Катта бўлгач, соғинаётганингни аниқ биласану кимни соғинаётганинг, кимнинг дардида ёнаётганингни англолмай қийналасан.

Улғайгач бизни битирган нарсалар ҳам шу, аслида. Туйғуларнинг номини билмоғу улар йўналган манзилни тополмаслик…

Менимча, Одил Икромнинг бутун ижоди мана шу азоб нуқтасида бирлашади: Манзилсизлик…

Офтоб арвоҳидай чирқиллайди тун…

Зулматнинг сарҳадин бузиб ўтар вақт.

Кўчаларда кезар юзи ёруғ мунг,

Кўчаларда кезар бахтиқаро бахт.

Бу кўчалар қаерда ўзи? Уларда биз ҳам бир дафъа бўлсин кезиндикми ҳеч? Хўш, бахтиқаро бахт бу кўчаларда дайдиб-дайдиб қаерга боради? Мунг нимани эплаб қўйибдики унинг юзи бу қадар ёруғ?

Чирқиллаётган туннинг бағридан суғурилиб чиққан вақт – лаҳзада юзи бирдан ёришиб кетган мунгни туртиб юборади бахт. Хўш, шундай ҳикоя қилиш мумкинми? Агар мумкин бўлса, келинг бошқа сатрларга ўтамиз.

Яқин-яқингача Моцартнинг “Орзу марсияси” – “A Requiem for a dream” мусиқасини эшитиб юрар ва бундай жўшқин, аламли оҳанглар сўзга айланса қандай бўларкин деб ўйлаб юрардим. Қуйида шоир худди шу ўйчан саволимга мунгли жавоб беради:

Офтоб арвоҳидай чирқиллайди тун,

Орзуси бўзлайди олис тонгларда.

Ерга урилган ҳар қадрлар учун

Йиғлайди зах босган қабристонларда.

Тун орзусига эришмоғи учун тонгга етишиши, тонга етишиши учун эса ўзини битирмоғи керак. Ҳа, ҳар орзу рўёби ортида бир интиҳо бор. Бу худди Машҳурликка ноил бўлмоқ учун қалбини иблисга сотган созанда ҳақидаги эски бир ривоятга ҳам ўхшаб кетади. Кимдир танини, кимдир руҳини сотиб юрган дунёда бир орзу учун умрининг охирини чирқиллаб кутмоқ, менимча мантиқдан у қадар узоқ эмас. Гарчи мантиқнинг ўзи қаерда жойлашгану неччи чақирим йўл боссанг ундан узоқлашишингни билмасанг ҳам, ўқиганларинг унинг ҳароба макони атрофида содир бўлаётганини ич-ичингдан сезиб турасан.

Аслида мен аввалдан воқебанд йўналишини шеъриятдан олиб ташлашни ёқлаганман. чунки шундоғам ҳар қандай шеърнинг ўз воқеаси, ўз воқелиги бор. Зотан¸юқоридаги сатрлар ҳам бир вақтнинг ўзида шахснинг руҳоний эврилишлари контекстида муайян сюжетни ҳикоя қилиб берди. Мен эса сизга шунчаки спойлер бердим, холос. Шеърнинг қолган тўрт сатрини ўзингиз ўқиб, ҳикоя (т) қандай тугаганлигини билиб олишингиз мумкин.

* * *

(парадоксал ёлғизлик изидан)

Ўтган йили Қўшма Штатлардаги “Art Basel Miami” санъат аукционида италян мусаввири Маурисио Кателланинг деворга скотч билан ёпиштирилган банан асари йилнинг энг қиммат сотилган ижодий иши сифатида катта зиддиятларга сабаб бўлди.  Рассом ўз асарида ишлатган бананни бизнинг пулда ўн-ўн беш минг сўмга олган бўлса керак. Ундан кўп эмас. Зиддиятларнинг асосий сабаби эса …: Хўш, бунинг нимаси санъат? Агар бу санъат бўлмаса, яна ўз-ўзидан савол туғилади: Хўш, унда санъатнинг ўзи нима?

Бу воқеалар шамоли замонавий санъатдан минглаб ёруғлик йили узоқликдаги бизнинг жамиятга қадар етиб келди. менимча, деворга ёпиштирилган бананнинг асл қиймати мана шу ерда аён бўлади: Ижодкор бизнинг ғазабимизни, ҳиссиётларимизни қўзғай олди, бизни ўйлашга мажбур қилди. Шунинг ўзи санъат эмасми? Бундан келиб чиқадики, санъат инсоннинг эзгулик ва ҳаққониятга оид ҳар қандай ухлаб ётган сезимларини уйғота олмоқдир. Унинг чиройли ё кўримсиз, ҳатто жирканч бўлиши кейинги масала.

Келинг, юқоридаги фикрларга мувофиқ шеъриятга назар ташлайлик. Бугунги капитализм давридаги шеърият ҳам уйғотишга қодирми? Умуман, уйғотиш баъзан биз хаёлимизга ҳам келтирмаган йўллар орқали содир бўлмоғи мумкин. Масалан, ўтмишдаги хушбахт хотиралар ва бугунги бадбахт кунлар кечинмасини тўқнаштирган ҳолда.

Одил Икром, менимча айнан шу йўлдан фойдаланган ҳолда ўз санъат асарларини яратди. Хусусан унинг “Қазо лашкари” шеърида ҳам айнан мана шу услуб ҳавосини ҳис қилиш мумкин:

Озурда хаёл у, кезар дарбадар,

Ўлгунча ахтариб тополмайди эрк.

Озод бўлолмайди лаҳадга қадар

Эшак оғилида тутқун оҳудек.

Биринчи сатр, умуман бутун бошли шеърий композициянинг ўзи менга Лермонтовнинг “Демон”ини эслатади. Агар иккала санъат асарини бир-бирига чоғиштирсак, ўртага чиққан натижа қувғиндилик ва қочиш изтироби экани маълум бўлади. Эҳтимол, фош бўлар…

Бормоқ бошқаю кетмоқ бошқа. Ва, кезинмоқ буткул ўзга нарса. Озурда хаёлнинг қадри лойга қоришган, эшак кунини кўрган оҳудек ўз-ўзига – номуносиб ва номутаносиб жисмга тутқунлиги шоирнинг бутун бошли руҳий ҳолатини, уйғоқ ҳолидаги эрк илинжида босинқирашларини кўрсатади. Бу босинқирашни фақат қазо лашкаригина келиб тўхтатиши мумкин. фақат, Одил Икромнинг Лермонтовдан фарқи шундаки, у буткул умидсизликка тушиб қолгани йўқ. Унинг ҳеч бўлмаса қазодан умиди бор. Унинг иблис янглиғ мангу лаънатга мустаҳиқ яратиқ эмас, оддий одамлиги вазиятни юмшатиб тургувчи ягона омилдир.

Шу ўринда қазо ҳақида.

Ўлимни ҳеч қачон тушунмаганман. Унинг борлигига иймон келтиришнинг ўзи мени доим даҳшатга солиб келади. Ахир, ўзинг англаб етмаган нарсанинг ростлигига қандай иймон келтирасан? Ўлимни фақат ўлиб тирилгандан кейингина тушуниш мумкин.  Бу ерда шоир қазодан умид қилганининг сабаби, эҳтимол унинг ўз-ўзидан қувғинда минг ўлиб тирилганидандир? Асл сабабини, менимча унинг ўзи ҳам билмаса керак.

* * *

(Кафка дунёсидаги Дон Кихот )

2013 йил япон аниматори Исао Такаҳата томонидан яратилган “Малика Кагуя ҳақида ривоят” – “The Tale of Princess Kaguya” анимесини эслагим келди. Анимеда кекса, бефарзанд бамбук кесувчи ўрмонда айланиб юрган пайт унинг қаршисидан нур таратиб турган бамбук гули чиқиб қолади ва гул лаҳзада улкан тилсимга айланиб, унинг ичидан чақалоқ чиқади. Бамбук кесувчи ушбу мўъжизани кўриб маъбудлар менга фарзанд ато этди деб ўйлайдию чақалоқни уйига олиб бориб, кампири билан парвариш қила бошлайди. Чақалоқ соат сайин шиддат билан улғайиб бораверади. Худди бамбук каби… Ва, кун келиб у маликага айланади.

Ривоятнинг қолган қисмини айтиб бермайман. Чунки, Одил Икром ижодига оид асосий нуқта мана шу ибтидодагина мужассам.

Шеърдаги бир вақтнинг ўзида ҳам шиддатли, ҳам дардчил эврилишларни ҳис қилганим он кўз олдимда кимсасиз бамбук ўрмонида ғамгин кезиниб юрган сассиз қария жонланди. Ҳар бир сатрда қария шу қадар тиғиз, бамбук тезлиги билан  қариб борардики, шеър охирида ўлиб қолмасайди деб қўрқдим. Интиҳода эса ўзга бир ибтидо мени кутиб турган бўларди.

Одил Икромнинг шеърни тугатиш техникаси чиндан ғаройиб. Келинг, шоирнинг тўртликларидаги финал саҳналарига бир назар ташлайлик:

“Гар сен чорламасанг, ажал чорлайди”;

“Ўлмай қолсанг, устингдан кулар”;

“Авлиё чиқмаскан ялангоёқдан”;

“Эй гулчин Ажалнинг қўлидаги Гул!”;

“Ва на мағлублармиз, ва на мағлублар”…

Ҳар бир сўнгсатрда шоирнинг ҳорғин, аммо қатъий иқрорини, ўзи ва қисматни шафқатсиз фош қилишини кўрамиз. Аввал шоирнинг йўлидан чиққан нурафшон гул Ажал қўлларига қандай етиб бориш тарихини руҳунат тилида тадқиқ қиламиз. Хўш, бу тадқиқотларнинг натижаси нима? Пабло Неруданинг ўша машҳур гапи: “Тан оламан – яшадим” ми? Унда яшаш бир жиноят эканда? Йўқса, уни тан олишдан не наф? шоирнинг иқрорлари ҳақида кўп гапирилади, ваҳоланки ҳали ҳеч бир шоир ўзини бутунича очиб ташлашга журъат қилолмаган. Журъат қилганида ҳам бирон нарса ойдинлашадими?

Иқрор дарахтининг илдизлари баъзан ўкинч ва илинж тупроғига қадалган бўлади. Бу тупроқ шу қадар бепуштки, унга умид сувини қанча қуйсанг ҳам фойдаси йўқ. Чунки челагингни тўлдирган дарё ҳам аслида Ўлик денгиздан оқиб келади. Бу тупроқда фақат ҳа, шундайман деган ҳайқириқ ва бу ҳайқириққа қадар узанган жуда олис йўл ятаниб ётади. Бу йўлдан юрган жамики дарвештабиат шоирнинг қаршисидан бир куни ўша нурафшон гул чиқадию бутун саргузашт қайтадан бошланади: у гул ичидаги илоҳий зурриёд – алмисоқда Тангри уннинг пешонасига ёзган муқаддас қайғуни хаёл қўналғасига олиб бориб, кўз қорачиғидек парваришлайди. Лирик эврилиш деганлари шу.

* * *

(Экзистенция ва чинқириқлар оркестри)

Одил Икром шеърияти Шарқ мумтоз назми, хусусан тасаввуф ва мавлавийлик қарашлари билан обдон суғорилгани сир эмас. Қизиғи шундаки, у қоралаган сатрлардаги ташбеҳлар таркибида сўзнинг донишмандликка даъво қилишдан бошқа ҳар қандай маъно тусланишларини кузатишингиз мумкин. Ҳар бир ўхшатиш ўзидан кейинги сўзга муайян даражада таъсир ўтказаркан, мазкур таъсирни қабул қилиш қилмасликни сўзнинг ўз ихтиёрига топширади. Маъно қатларига сингитилган абсурд кайфият эса дунёнинг ўткинчилиги ҳақидаги турли ривоятларни ғайб тилида ҳикоя қилиб бераверади.

Ҳар бир ривоят асосида реал воқелик туради ва ривоятни ривоят қилиб турган ҳам аслида ровийнинг шахси, руҳи, хотиралари ва онгости кечинмаларидаги муайян парадоксал оғриқлардир. Ривоят доим ҳам биз ўйлагандек зоҳирий воқелик ва ажойиботлардан иборат бўлмаслиги мумкин. уни баъзан ровий мавҳумот пардаси ортидаги ташбеҳ ҳижобига ўралган сирли қиёфа шаклида ҳам тақдим этадики, мазкур қиёфа эгасининг шарпаси – таассурот биз тингловчи (ёки шеърхон) ларни ўзининг пуржозиб бўшлиғига судраб кетаверади.

Ҳар бир шоирда бирозгина бўлса ҳам Шаҳризодадаги каби ўлимдан қўрқиш сабаб ривоятлар тўқиш одати бўлади. Улар унутмаслик ва унутилмаслик учун ҳам тинмай ёзаверишади. Одил Икромнинг шеърларидаги ғоявий такрорланиш аввал бошда сизга ғалати туюлишининг сабаби ҳам шунда. Шоир ўз кечинма қолдиқлари, ёдининг тубидаги оғриқ чўкиндиларини унутиб қўймаслиги, ўзининг мавжудлигига шубҳалана бошламаслиги учун ҳам тўхтовсиз бир гапни такрорлайверади. Семюэл Беккет Декартнинг фикрига қарши чиққан ҳолда “Чошгоҳ шарпалари” эссесида  шундай дейди:

“Менинг мавжудлигим фақат фикрлаш билангина чегараланиб қолмаслиги керак. Бу мумкин эмас. Зотан, келажакда оддий қурилмалар ҳам мендан яхшироқ фикрлаши мумкин, аммо уларнинг борлиги, моддияти сунъий бўлади. Фақат оғриқ ва қайғуни ҳис қилишгина инсоннинг тириклигига исбот бўла олади. Азобланяпманми, демак борман, тирикман.”

Беккетнинг фикрига қўшилган ҳолда Одил Икром юқорида таъкидлаб ўтилганидек ўз-ўзини қувғин қилганидан сўнг қувилган манзилдаги ўзи томонидан унутилмаслиги учун хотирот маҳзанидаги тирик изтиробга шўнғийди ва у ердан албатта бир маъно топишга уринади.

Хўш, ўз тириклигини исботламоқчи бўлган ва бу йўлда тинимсиз оғриққа рўбарў бўлаётган Одил Икромнинг шон-шуҳрат йўлида Артемида маъбадини ёндирган Геростратдан фарқи нима? Ахир у тасаввуф таъсирида эди-ку? Ҳа, айнан мана шу нуқтада саволларга жавоб топилиб, биз Герострат хотирасига бир дақиқа сукут сақлаймиз. Жавоблар Герострат марсиясидек янграб, қадим хаёл мақбарасини ларзага келтиради: Шоир биз билган зоҳирий ўзликдан кечиб ботиний ўзлик томон ҳаракатланмоқчи. Ракета осмонга кўтарилгани сари атмосферанинг ҳар бир қатламида ўзидан бир бўлакни “ечиб” пастга отгани янглиғ у ҳам ўзлик либосларини бир-бир ечиб, яланғоч ҳақиқатга томон юксалиб бораверади. Айни шу юксаклик – ҳақиқат меҳварида биз боя айтган мантиқ қўналғаси жойлашган. Зеро, инсоннинг ички дунёсидаги мангу қонунларга зид ҳар қандай асар ё сўз мантиққа қаршидир.

* * *

(Кўзгу саҳнидаги теорема)

Мени энг аввало китобнинг номи қизиқтириб қўйди: “Хаёл мақбараси”.

Келинг, типик ўзбек адабиётига бироз ётдек туюладиган теорема усули орқали мазкур номни Одил Икромнинг бутун ижоди контекстида таҳлил қилишга уринайлик.

1. Хаёл

2. Мақбара

3. Мақбара ва хаёл сўзининг ички маъноси

Хаёл бугунги ўзбек тилида асосан инсон онгида вужудга келадиган ўткинчи бир шуурий ё ғайришуурий ўйлар жамланмаси сифатида тушунилади. Бироқ, аслида хаёл атамасининг асл илдизи эски туркий тилининг ўғуз шевасидаги орзунинг кучли шаклига бориб тақалади. Бугун ҳам Туркия ва озар турклари бир орзуйим бор демоқчи бўлишса бир хаёлим вор дейишади.

Демак, хаёлнинг олий орзу эканлигини аниқлаб олдик. Мақбара эса маййит кўмилган иморатлиги ўз-ўзидан маълум. Мақбара ичида орзунинг мурдаси – армон кўмилган. Бундан келиб чиқсак, Одил Икромнинг бутун ижоди ўша хаёл мақбараси ичидаги муқаддас армон атрофида қуёш атрофидаги сайёралар каби айланиб ҳаракатланишини кўришимиз мумкин.

Теорема ечилди. Бироқ, бу ҳали минглаб таҳминий ечимлардан бири, холос. Хаёл чиндан бугунги  маъносида ишлатилган бўлсачи ё Ойбекнинг “Хаёлимдан олтин қафас тўқидим” деган сатридаги олтин қафас Одил Икромга қадар мақбара, зиёратгоҳ ва борингки ўликхонага айланиб қолган бўлсачи каби гумоний саволлар беришни ўзингизга қолдираман. Умидим шулки, китобни ўқигач бутун саволларга жавоб топасиз ва бу жавоблар йиғилиб ичингиздаги энг улуғ – тириклик мақсади нима деган саволнинг уйғонишига туртки бўлади.

23. 09. 2020

Мирзоҳид Музаффар

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг