ЙИҒИ

0
147
кўришлар сони

эссе

Ниҳоят бугун иш куни эмас, уйда қолишга-да тоқат етмайди. Ташқарига чиқасан, машиналар овози бу гал негадир ёқимли туйилади. Aтрофга, деярли ҳар куни дуч келадиган одамларга бошқача назар билан қарайсан. Қаергадир боришга, қайсидир белгиланган вазифани бажаришга мажбур эмассан бу гал. Биринчи келган автобусга чиқасану, ўзинг билмайдиган томонларга кетиб қоласан. Ойна ортида сен яшаб юрган олам, сен эса умуман бу ерларга тегишли эмасдек мириқиб кузатасан уни. Ногаҳон ойна бурчидаги кичкина доғга кўзинг тушади. Хафсаланг пир бўлиб келаётган бекатда тушиб қоласан. Салқин ҳавода этинг бир жунжикади, шундагина ҳис қиласан куз келганини…

Нимадир шилдирайди – анҳор! Aвтобус сени олиб келган ерни қара! Дарахт, майсалар, яшиллик. Бошингда бир фикр айланаверади: дунё ҳали ҳам яшил… Яшил…

Нимадир қайноқ ва аччиқ туйилади – йиғи. Шу тобда нимага бўғзингга ўрнашиб олди экан у? Ўз-ўзидан қандайдир мисраларни такрорлай бошлайсан:

Оҳиста-оҳиста йиғлайди бир қиз,

Каптар патидан ҳам майин дардлари…

Тун тирик… Яхшилаб тинглаб кўрсангиз

Эшитилар унинг юрак зарблари…

Сўзлар ва оҳанг билан қалбингга нур кираётгани сезилади. Қалбинг борлигини, яшаётганингни ҳис қиласан. Яна яшагинг келади… Нафасинг оғирлашар, худди ҳаво берадигандек яна ва яна янги мисраларни эслашга уринасан:

Дунё рўйи бунчалар азиз —

Термулдимми — йиғи томоқда.

Тирикликда висол йўқ ҳаргиз,

Келгандайман видо айтмоққа.

Яна…

…Бир аламли йиғи тиғида

Томоғимга тиқилади шеър…

Тортиш кучи асирлигида

Тун қўйнида учиб борар Ер.

Бирдан тўхтаб қоласан. Нега йиғи? Шунчалик кўп ёзилганми йиғи ҳақида? У ожизликми, кучми?.. Ким йиғламади, ким йиғлади, нега йиғлади?! Бироз ўтиб ҳушингни йиғиб олгандек бўласан ва сен ёдга олган мисраларнинг бари бир шоирнинг изҳори эканини фаҳмлайсан.

Муҳаббат ловуллаб кирди юракка,

Илк бора аламли сўзлар тингладим.

Юзларимни босиб хору хашакка,

Даштимни қучоқлаб тунлар йиғладим.

Усмон Aзим!

Унинг ижодида бу сўзнинг қиммати қандай? Қайта-қайта бу ҳолатга тушишдан маъни нима? “Бахшиёна”да нима деганди-я, ҳа мана:

Элбек бахшидан «Нима йиғлатади?»— деб сўраганларида, шундай дебди:

Осмонсиз юлдуз йиғлатар,

Жаҳонсиз кундуз йиғлатар,

Бўлмаган тўйлар йиғлатар,

Бемаҳал ўлган йиғлатар.

Тирамоҳда дард йиғлатар,

Элсиз қолган мард йиғлатар.

Деҳқонсиз дала йиғлатар,

Энасиз бола йиғлатар.

Умуман олганда, “йиғи”, “йиғламоқ” сўзлари шоирлар, шоиртабиат кишилар ижодида кўп учраши одатий. Усмон Aзимда эса улар сўзлик даражасидан рамз ва моҳият қийматига кўтарилади. Шоир шунчаки йиғламайди, йиғлатмайди. Ундан қандайдир бошқа – умумий бир маъно яратишга уринади, тошни, темирни йиғлатади…

Кўксимни очаман, Чекинар ғафлат.

Карахтлик тўкилиб борар манглайдан…

Қайси муюлишда юрибсан йиғлаб —

Трамвай, мен сени англайман.

“Раққоса” шеърида эса йиғини ялонғочлаб ташлайди, яширгиси, яширингиси келмайди. Нафрат ва орият ўртасидаги музни йиғи билан эритишни таклиф қилади.

Раққоса! Хиром қил отгунича тонг,

Сўнг ухлаб оларсан келганида шом.

Уйғониб, йиғларсан шом чоғи албат,

Aгар йиғламасанг ундан ҳам даҳшат…

Раққоса! Даврада илдам-илдам суз!..

Нега нозинг — олов, кўзларинг — нақ муз!

Ҳа, ҳаёт — бешафқат! Тугади эртак!

«Тўхта!..» деб қичқирмас бирор-бир эркак!

Усмон Aзим шеъриятида кучли, бардошли образлар талайгина. Aммо шоир уларни-да йиғлатади. Aсл инсонийлик баҳоси куч ва бардош билангина баҳоланмаслигини уқтиради. “Ватан ҳақида шеър”и қаҳрамони бир қўли йўқ, кўрса қўғирчоқлар ҳам йиғлашдан тўхтайдиган жаҳлдор раис даладан бир сиқим буғдой олиб кетаётган қизни кўриб йиғлайди:

Ҳамма бутун таёқлар

Етим бошда синади…

Раис отидан тушиб

Бошингизни силади.

Ишонмасдан боқдингиз

Кўзларига умидвор.

Ҳайрат ичра қотдингиз…

У йиғларди шашқатор.

Яна бир шеърида шоир ўз сирини очади: “Баъзан пинҳон йиғлайман шеърга”, дейди у ниманидир қидираётганлигини англатиб. Ўйланиб қоласан, йиғини шунчалик баланд мақомда олиб келаётган одамнинг йиғлаб қидираётгани ким, нима, қаер?!

Шу пайтда қаердандир пайдо бўлиб қолган кичкина болакай олдингдан югуриб ўтади, онасини қидирасан нигоҳинг билан. Мана улар, беғубор жилмайиб қўясан. Ва… яна эслагинг келади. Биринчи бор ўтаётган ерингдаги дарахтларнинг нимасидир таниш туйилади, буни-да, шеърни-да эслолмайсан, хотирангни койиб ҳаммасини қайтадан бошлайсан. Нур йиғилиб томоғингга тиқилади – Йиғи…

Оҳиста-оҳиста йиғлайди бир қиз,

Каптар патидан ҳам майин дардлари…

Тун тирик… Яхшилаб тинглаб кўрсангиз

Эшитилар унинг юрак зарблари…

Муниса Aъзамова

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг