Витгенштейн касови

0
186
кўришлар сони

(фалсафий очерк)

1946 йилнинг нажиб кунларидан бирида Кембриж илмий-ахлоқий жамиятига историцизм назариясининг асосчиси, очиқ ва ёпиқ жамиятлар ғоялари билан фалсафий жамоатчилик эътиборига тушган, нуктадон файласуф Карл Попперни маъруза ўқишга таклиф қилишди. Маърузага кўплаб таниқли зиёлилар қаторида Витгенштейн ва Бертран Рассел ҳам қатнашди. Бу маъруза фалсафа тарихида кейинчалик Поппер ва Витгенштейннинг тарихий муҳокамаси сифатида ёдга қолди. Поппер ўзига берилган вақт давомида маъруза ўқишга киришиши ҳамоноқ, Витгенштейннинг ҳақли эътирозларига сабаб бўла бошлади. Унинг иборалари ва хулосалари устидан Витгенштейн баъзан масхаромуз мазах қилар, фикрларига танқидий луқма билан жавоб қилар, хуллас, бутун маъруза давомида лекторни мувозанатдан чиқариш учун ўзини ўта жоҳилона тутди. Бундай вазиятда рационал ва психологик тайёргарликка эга бўлмаган исталган маърузачи, вазиятни рақиби ихтиёрига бериб қўйиши ҳеч гап эмас. Бироқ Поппер мутлақо бошқа йўсинда иш тутиб, Витгенштейнга эътибор қилмади ва маърузасини табиий бир йўсинда охиригача давом эттирди. Бундан баттар тутаққан Витгенштейн бўзариб кетди. У ғазабланганча ўрнидан туриб, қандай қилиб ва нима сабабдандир аудитория камини олдига бориб қолди. У каминни ғижимлаганча, Попперга қараб қичқира бошлади:

-Хўш, менга камида битта асосий фалсафий муаммони айтинг-чи?..
Карл Поппер хотиржам бир эмас, бир нечтасини санай бошлади:

-Билиш муаммоси, эҳтимоллик муаммоси, абадият муаммоси, ахлоқий муаммо, — у Витгенштейннинг кўзларига қаради.
Поппер олдида ўзини бу тахлит тутиши ахлоқий жиҳатдан оқилона бўлмаслигини англаб етганига қарамай Витгенштейн телбавор эҳтиросга берилганча, камин олдида лаҳча чўғни ағдариш учун қўйилган темир касовни олдида рақиби олдига сакраб чиқди ва касов билан таҳдид қила бошлади:

-Ахлоқий денг?! Ҳозир мана бу билан, — касовга ишора қилди у, — камида битта ахлоқий қонунни шакллантирамиз.
Поппер Витгенштейннинг ақлдан озгудек қиёфасидан чўчидими-йўқми, бир нарса дейиш қийин. Аммо бироз сесканиб, ортга чекинаркан:

-Ўқитувчи касов билан таҳдид қилиши керак эмас, — деди.
Яхшиям муаммо касовнинг ишлатилишига етиб бормади. Майли, бу фалсафадаги бир тарих. Шунга қарамай, илмий ва фалсафий баҳсларда баъзан рақиблардан бири масалани куч ва қандайдир таҳдид билан ҳал қилишга уринишлари менга ҳар доим Витгенштейннинг касовини эслатади.

21.09.2020.
Москва-Переделкино.

Фалсафанинг жанрлари ҳақида қисқача эскартиш

(эссе)
Сократ ва Лао Цзи ўз вақтида бирон бир асар ёзмаган. Сократнинг бу борадаги тезиси: “Мен тирик сўзларни ўлик қўй терисига ёзмайман,” фикрига асосланган. Уларнинг ажойиб ва ғаройиб фикрлари шогирдлари томонидан ёзиб олинган. Масалан, Платон ўз вақтида диалог жанрини ўйлаб топган ва Сократ фикрларини шу алфозда ўқувчиларга етказишни маъқул топганди. Диалог – фалсафанинг энг қадимий жанрларидан бири сифатида қадимги дунё ва ўрта аср файласуфларини ўзи ром қилиб келган. Бу жанр икки кишининг ўзаро баҳси асосида ҳақиқатни топишга асосланарди. Айнан Платоннинг асарлари бу жанрда ёзилган классик асарларга мисол бўла олади. Афсус бу жанрдан биз ҳозирда деярли фойдаланмаймиз. Шунга қарамай бундай диалоглар якам-дуккам бўлса-да мавжуд. Робиндранот Тагор ва Алберт Эйнштейннинг ўзаро мулоқоти, япон файласуфи Икэда ва Чингиз Айтматовнинг суҳбати шулар жумласидандир. Бу жуда ҳам истиқболли жанр. Бўлажак файласуфларни тарбиялаётган фалсафа факультетларида ижодий қобилиятларни ривожлантириш учун диалог жанридан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Диалог жанрининг умумий хусусиятлари ва ўзига хосликларини ёритиш фалсафий методологиянинг олдида турган вазифалар сирасига киради.
Фалсафаниинг қадимий жанрлари ҳақида фикр юритарканмиз, афоризм жанрини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Бу жанр, фикрни қисқа ва мазмунли ифодалашга асосланади. Бу жанр бутун фалсафа тарихида муҳим аҳамият касб этиб деярли барча файласуфлар мазкур жанрга мурожат қилишган. Шунинг учун биз Сократ афоризмлари, Ницше афоризмлари каби тушунчаларни ишлатамиз. Афоризм – фикрни руҳини ифодалашдир, уни мағзини қисқа ва лўнда услубда айтиш жанридир. Шу маънода у жуда ҳам истиқболли ва ҳеч қачон ўлмайдиган жанрдир.
Шунингдек, фалсафада эпистоляр жанри ҳам борлиги айтиб ўтишимиз керак. Сениканинг бу жанрни ривожлантиришда катта рол ўйнаган. Эпистоляр жанри фикрни муайян нисбага етказиб бериш ва умуман бу орқали бошқаларга ҳам етказиб бериш услубидир. Фалсафий эпистолярнинг классик наъмуналари қаторида Абу Райхон Беруний ва Ибн Синоларнинг ўзаро ёзишмаларини киритиш мумкин. Фалсафий эпистолярда файласуфнинг ички олами, унинг қалби бутун латофати ва фасоҳати билан намоён бўлади. Фалсафий эпистоляр жуда ривожланган ва истиқболлилигига қарамай бунга шубҳа билан қаровчилар ҳам мавжуд. Уларнинг фикрича, гўёки бугунги интернет ва глобаллашув шароитида эпистоляр жанри ўлармиш, ҳозир почта хизматига эҳтиёж қолмабди, аммо биз масалага оптимистик нуқтаи назардан қараймиз ва унинг истиқболлилигига ишонамиз. Агар эпистоляр жанри ўладиган бўлганда, худи почта сингари e-mailга ҳам ҳожат қолмасди.
Фалсафанинг муҳим жанрларидан бири эсседир. Эссе нисбатан кечроқ туғилган (Монтен эсселари)жанр бўлганига қарамай, фалсафада жуда муҳим аҳамиятга эга жанрдир. Масалан, Локк ундан ўз асарларини ёзишда жуда унумли фойдаланган. Эссе ўзининг эркинлиги ва субъектга фикр ифодалашга кенг имкониятлар бериши билан масалан очеркдан катта фарқ қилади. Очеркда файласуфнинг ҳаёти ва ижоди борича, ўз майлича ифодаланса, эсседа уни ёзаётган киши бу файласуф ҳақида қандай ўйлаши, унинг ғояларига нисбатан муносабати ва ҳокозолар ҳақида ўз фикрини эркин билдириши мумкин. Очерк эса бунга имкон бермайди. Шунга қарамай очерк ҳам фалсафа тарихи учун муҳим жанр ва биз унинг имкониятларини камситмоқчи эмасмиз. Очеркни ҳозирги кунда кўпгина журналистлар ва публицистлар ўз жанрларига айлантириб олишган ва бунга бизнинг ҳеч қандай эътирозимиз йўқ.
Очеркдан нисбатан тор(зеро очерк муайян жой ҳақида ҳам бўлиши мумкин) аммо файласуфлар ҳаёти ва ижодини тадқиқ этишнинг муфассал жанрларидан бири биография жанридир. Фалсафий биография файласуфларнинг ҳаёти ва ижодини тадқиқ этади. Фалсафа тарихи фалсафий биографиясиз жуда ғариб кўриниш касб этади. Фалсафий биографиянинг классик намунаси сифатида Диоген Лаэртскийнинг Фалсафа тарихи асарини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ. Умуман бу жуда истиқболли жанр.
Бу ўринда хотира жанри ҳақида ҳам қисқа айтиб ўтиб кетсак. Хотира жанри ҳам муайян файласуф ҳаёти ҳақида фалсафий биография ёрита олмаган муайян этюдлар ҳақида бизга керакли маълумотларни бера олади. Хотира жанрини классик намуналари қаторида Ксенофантнинг “Cократ ҳақида эсдаликлар” ҳамда, Ясперснинг “Мартин Хайдеггир ҳақида лавҳалар” каби асарларини келтириб ўтиш мумкин.
Албатта бу тахлит санаб кетаверсак, фалсафада жуда кўп жанрлар мавжуд. Рисола, трактат, монография, фалсафий мақола ва бошқалар шулар жумласидандир. Бу жанрларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида тадқиқотлар олиб бориш ва катта китоблар ёзиш мумкин. Бу энди фалсафий методология билан шуғулланувчиларнинг иши. Агарда махсус топшириқ бўлса, улар учун бу масалани нозик томонларини яхши тушунувчи файласуф сифатида биз ҳам бажариб беришимиз мумкин. Хулоса шуки, фалсафанинг жанрлари аниқ ва ҳаммага тушунарли бўлса, бу соҳада қалам тебратиш имконияти ошади ва биз Сократдан фарқли ўлароқ тирик сўзларни ўлик қўй терисига эмас, оппоқ варақларга ёзишга жазм этамиз.

Шерзод Комил Халил

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг