ХОМАКИ ҲИСОБ

0
118
кўришлар сони

(мистик ҳикоя)

«Кўз ўнгингда униб бораётган, бамисли куртак ёзаётган қиз вақти келганида беғубор табассум, ёки шаффоф кўзёшлари билан остонангни хатлаб ўтади. Сен эса  қачонлардир шу кун келишини билиб яшайсан, шу кунни кутиб яшайсан».

— Ие, ҳа Мурод ака, великни миниб қаерга кетяпсиз?

— Қалайсан Олим. Ҳа, кўрмайсанми. Шу десанг тўй бошлаб қўйганмиз…

«Мана бу олд савтчадаги қора ҳалтага ўралган беш юз минг сўм пул. Унинг ғами нимада? ‘Топганингни тўйга урасан’, деганлари шу бўлса керакда. Ишқилиб етса бўлди. Ишқилиб етса бас»…

Муроднинг ҳаёлига келган биринчи нарса гўшт бўлди!

— Қанча гўшт олсам бўларкин?

 Бу саволни беихтиёр овоз чиқариб айтди ўзига-ўзи.

– Ана, бозорга ҳам етиб келдим. Гўшт дўкони. Қанча олсам экаан-а? Кираверай-чи, бир гап бўлар…

Шундай хаёллар билан боши қотиб ичкарилади. Расталарда осиғлиқ турган гўштларни бирма-бир назардан ўтказаркан бирдан қаршисида раҳматли бобосига жуда ҳам ўхшаб кетадиган бир мўйсафид чол пайдо бўлди. Муроднинг саломига алик олгач, қўлидаги пулни кўргандай, гап бошлади.

— Э-э-э ҳа, ҳойнаҳой тўй-маросим учун бозорлик қилгани чиққансиз-а, иним?

— Ҳа оға, қизимни турмушга узатяпман. Бугун куёв томон зиёфат беришимиз керак. Лекин бошим анча қотиб, ҳисобим чиқмай турипти.

 – Иним, мен кўп маросим кўрганман. Қолаверса, бозорни ва нархларни яхши фаҳмлайман. Истасанг ўзим сенга ёрдамлашсам, қолаверса ҳозир қилар ишим йўқ, вақтим ҳам етарли.
       

Қўл соатига разм солиб турган бу чолга йўқ деб бўлмасди. Чунки у қандайдир сирлилиги билан одамни ўзига итоаткор этиб қўярди. Алал-оқибат тўй учун ҳарид бошланди. Сотувчилар виқор сочиб, мўйна соқолини силаганча гўштларни кўздан кечираётган қарияни илғаб, унга ялинқираб қараб туришарди. Мурод эса худди отасининг этагини тутиб олган ёш боладай, чолнинг ортидан эргашди. Қассоблар ҳадеганда маҳсулотлариини бир-биридан ўтказиб мақтардилар.

— Қора қўчқорнинг гўшти, кеп қолинг.

— Қўзи қўчқорнинг гўшти, юмшоқлигига мана мен кафил.

Чол расталарни бир марта айланди-ю, ахийри бир жойга келиб тўхтади. Сотувчи шарт пичоғи билан қайроқтошни олди-да, пичоқ тиғидан учқун чиқаргудек тошга ишқалай бошлади. Шу дам чол аста ортга тисарилди. Бошқа раста томон илдамлади. Чунки у ерда ҳаридор бор эди.

— Савдо бўляпти, яхши гўшт бўлса керак! Қани нархини билайлик-чи. Иним, этинг қанча бўлди?

— Килоси йигирма мингдан, оға-а.

Чол гўштни маъқуллагандек Муродга юзланди.

— Йигирма, йигирма мингдан… Ўн килоси икки юз бўлади. Менга эса йигирма кило керак.

— Нима қилай, тортайми?

— Йўқ бўлмайди, бўлмайди, -ҳитоб қилди чолга қараб. Гўшт дўконида, ҳамма гўштнинг нархи йигирманинг тепасида бўлди. Муродга бу нарх ёқмади ва дўконни тарк этиб бошқа нарсаларни ҳарид қилишга чоғланди. Чол қургур ҳамон уни етаклаганча, расталар томон илдамларди. Барча керакли нарсаларни ҳарид қилиб аравага ортишди. Сўнг икковлашиб маҳалла томон, муйилишдаги Мачин қассобнинг дўконига қараб йўл солдилар. Йўл-йўлакай аравакаш йигит билан чол суҳбатлашиб кетарди. Муроднинг хаёли эса ҳамон пишмаган гўштнинг ҳисоби борасида паришон…
Мачин қассоб эндигина ағдарган бир бош қўчқорни, тарозига солиб, чамалаб ўтирарди. Қўчқорни икки бўлиб дўкон қозиқларига илди.

— Анча бақувват қўчқор чиқди. Бозордан сал арзонроқ сотсам хам фойдада қоламан.

Гўштга хали бирон пашша қўнмасдан ҳаридор келиб улгурган. Бир мўйсафид қария ва аравакаш…

Қассоб бу чолни яхши танийди. Жуда кўп кўрган. Лекин кўриниши мулойим бўлса-да, ҳар замон ундан ҳайиқиб туради. Эҳтиёткорона муомала қилади. Ҳалоллигига ишонса-да, айнан шу чолга сотадиган гўштини қайта-қайта тортиб, имкон қадар яхши жойидан бериб юборгандагина кўнгли жойига тушади.

— Гўштнинг нархи қанча? Иним, — деб юзланди. Қассобнинг мўлжали ўн тўққиз бўлса-да, — Ўн саккиз бўлиши, — деб чўрт кесди.

Нархни эшитган қария дарҳол Муродга қаради. У эса маъқуллагандек бош силкиди.

— Йигирма кило торт унда…

— Ана мўлжалингдаги барча нарсаларни тўлиғича ҳарид қилиб, ўттиз минг сўм тежаб қолдинг. Энди менга айтчи, шу ўттиз мингни нима қиласан?

Соатига назар ташлаб қўйди сўрагач.

— Бунисини ҳали ўйлаганимча йўқ. Асосийси, иш битди. Оға, келинг яхшиси бу бозорликни уйга элтиб, қолган пулга сизни бир меҳмон қилсам.

— Ўзинг айтиб турганда йўқ дейиш гуноҳ, иним. Унда уйинг томон йўл бошла, вақтим оз қолди. Меҳмонинг бўлишга улгуришим керак ҳали, — деди чол жилмайганча…

Маҳалла томон велосипедини етаклаганча, қарияга тинмай сўз қотиб кетарди.

— Менинг энг суюклигим, энг ақллигим, энг ғамхўрим. Қандай ўсиб, бўйи етиб қолганини сезмабман ҳам. Қиз фарзандни барибир ўрни бўлак. Ие… Бу нимаси? — дея ажабланди  у,  бирдан  гапиришдан тўхтаб.

Маҳалланинг ўртасида бир тўда оломон. Мурод қарияга қараб хуноб тортди.

— Бир гап бўлганга ўхшайди. Ҳа, аниқ бир гап бўлган. Юринг-чи қани. Чол Муродни тўхтатишга уринди:

— Шу жойга боришимиз шартми?  Ўзи вақтим оз, юр ундан кўра уйингга йўл бошла. Оломон ҳар нарсага ҳам тўпланаверади,  эътибор қилма. Иним, иним…

Мурод эса ортиқ чолнинг сўзларини эшитмасди. Нимадандир ғашланиб оломон томон йўлай бошлади.

Ана, бир чеккада қўшниси Олим дўпписининг бир четини тишлаганча, тушкун ўтирибди. Йўлакнинг бу томонида эса Москвич машинаси деворга урилганча, ярми мажақланган ҳолатда ётибди. Оломон ичра авария ҳақида баҳс борарди, кимлардир марҳумни яхши одам эди деса, яна кимлардир жони узилгунча роса алахсиради, деб чиндан ачиниб турарди. Мурод эса қалтираганча ўша жойга яқинлашгандай бўлди-ю, атрофга нигоҳ ташлади.

Ерда велосипед билан аралашиб кетган жасад ва унинг ёнидаги қора ҳалта  йиртиғидан бир уйум пул кўриниб турарди.

Шу пайт Муроднинг елкасига чолнинг залворли қўли тушди.

 — Иним, вақтим тугади…

Фарҳод Эшонов

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг