АҚЛУ ҚАЛБНИНГ АЗАЛИЙ БАҲСИ

0
117
кўришлар сони

Ҳаёт ҳар чоқ эгнидан туширмай кийиб юрган сирли либоси билан инсониятни ҳамиша қаршисида чорасиз,  нотавон  аҳволга солиб, довдиратиб қийнагани қийнаган. Бу мавҳумлик оғриқлари гоҳида инсонга алланечук лаззат берса, баъзида жонидан тўйдириб, ҳаётдан совутгани совутган. Билъакс, уни азалу абад интилишларга, ҳаракатларга солиб юбораверишини ҳам инкор эта олмаймиз. Жумбоққа ўзича ечим излашнинг уддасидан чиқадиганларгаку йўл аниқ, хадигу хавотирлар ҳеч вақт азоб бермайди. Бироқ мавҳумликни тушуниш, англашга ақлу шуури ожиз, қалбида иймони суст инсонга-чи? Улар бир умр аросат оролида тентираганча соядай тасаввурлари асирига айланишиб, умрларини саробга совурмайдиларми.

Одамзод ўзи қандай қавм?  Ёруғ оламда онгсиз жонзотлардан ҳам бераҳму бешавқатми ёки  яратганнинг фаришта мақомидан-да  баланд ердаги ҳалифаси тимсолими? Аслида у ўзига муносиб яшамоғи учун нималар қилмоғи керак? Бир умр кўнгил измидан чиқмай кун кечириши тўғрими ёхуд ақл тизгинини маҳкам ушлаганча қўлдан қўйиб юбормаслиги лозимми? Агар кўнгил измидагина яшаши тўғри бўлса, одамзод буни удаллай оладими?  Унинг руҳий-маънавий, жисмоний кучи бунга етадими? Ёки кун келиб,  умр бўйи ўзи эътиқод қўйиб ишонгани, талпингани, ҳаётини бағишлагани шунчаки хаёлу сароб эканини фаҳмласа-чи? Унда сурату сийратини  тубдан ўзгартиришга  жаҳд қилиб қолмайдими худди Толстой бобонинг Степан Касатскийсига ўхшаб…

 “Бари тамом, бари беҳуда кетди. Худо йўқ. Халос, халос, халос бўлмоқ керак. Ўзимни сувга ташласаммикан? Сузишни биладиган кимса чўкмайди. Мана шу дарахтга қайиш боғлаб ўзимни оссаммикин?” Ўлим унга шунчалар яқин ҳамда жўн туйилдики, бу ўйдан бутун вужудини ваҳм босди. Қўлини юқорига кўтариб, ибодат қилишга тутинди. Одатда, умидсизлик гирдобига тушганида шундай қиларди. Аммо ўша тавалло қиладиган муқаддас зот қани? Худо йўқ эди”. Асардаги мана шу сатрларни ўқиган ҳар бир китобхоннинг эти жунжикиб кетади. Уни шу аҳволга туширган ҳаётнинг аччиқ зарбаларини мушоҳадалашга ўтади. Мураккаб оламнинг мураккаб савдолари киши бошига не фалокатларни ёғдирмайди. Кучли одамларнинггина қурби етади бундай фожиалардан ҳам жисмонан, ҳам руҳан омон чиқиб кетишга. Ўлимдан нажот қидириш кучсизлик аломати, яшаш ва умидланиш эса, иймон-эътиқоди мустаҳкамларнинг муқаррар халоскоридир. Қўққисдан “қоқилган” , боши берк кўчага кириб қолган Сергий гарчи ўлимни хоҳласа-да яшаш ундан афзаллигини англаб, тўғри ечимга келади. Тушкунлик тўрини яшовчанлик ҳисси билан бурдалайди.

 “Авлиё Сергий” …

Асарнинг ўзига хослик жиҳатидан бири фақат худони “излаган” эмас, ҳаёт мазмунини, яшаш моҳиятини ахтарган инсон қисматининг ифодасидир. Ахир қисса бош қаҳрамони авлиё Сергий ўз ҳаётини ҳечликка ташлаб қўймаслик мақсадида эътиқод қидирган эмасми. Менимча, Сергийда Лев Толстойнинг ички “мен”и манаман деб туради. Руҳий юксалиши қалбий тозаришига омухталаниб, инсонни инсон даражасида ушлаб турувчи иймон ҳамиша энг юқори қадр-қиммат эканлигини англатишга бизларни чоғлантиради ёзувчи.  Буни унинг яна бир сўнгги асари — “Иқрорнома”сининг мазмун-моҳиятини теран уққан ҳар бир ўқирмон яққол англаб етса ажаб эмас. Чунки, “Авлиё Сергий”да унинг қисматига дахлдор ҳолатларда айнан ўша давр рус зодагонларининг қиёфаси бутун бўй-басти билан кўз олдимизда жонланади. 

Келажаги порлоқдек туюлган иқтидорли кадед Степан Касатскийнинг  дастлабки қадамларидаёқ унинг барча сафдошларидан юқорироқ, баландроқ туриш истаги измида ҳаётдан ўз ўрнини топишга жон-жаҳди билан интилиши намоёнланади. Кейинроқ у даврадошларидан қай бир жиҳатдан бошқачароқлигини исботлаш учун янада тиниб-тинчимайди. Доим ғолиб бўлиш билангина ўзлигини кўрсатмоққа одатланган эди у. Бироқ ҳаёт Сергийни муҳаббат, никоҳ ва оила бобида сийламади. Кунларнинг бирида унаштирилган қизининг хиёнати тўғрисидаги ҳикоясини тинглагач, гўзалдан-гўзал дунё кўзига нақадар риёли кўринди қолди. Қалбидаги йигитлик ғурури топталди. Севганидан, ишонганларидан нафратланиш ҳислари исёнланди. Боиси, юрагида ёвуз ҳислар қанчалар куртак отган бўлса, бахтга чанқоқ эзгулик ҳам ундан асло каммасди.

Тўғри,  пул ва мансаб илинжида аввал қизга яқинлашади. Буни оқсуяклар оламининг остонасига қадам қўйиши ҳамоно, княз зодагонлардан чиққан қиз билан оила қуришни мўлжаллаганида сезамиз. Лекин соҳибжамол графиня Коротковага фақат мансаб пиллапояларидаги истиқболи учунгина хушомад қилмасди. Мана шу  бениҳоя дилбар қизга чинакамига ошиқона ҳиссиётлар оғушида яшарди. Балки айнан шунинг учун ҳам у ақл ва қалб ўртасидаги аросат оролининг фуқаросидек сезарди ўзини.

Бироқ бу ақл ва кўнгил кураши узоққа чўзилмади. Инсон олдида кўндаланг турган икки йўлдан бирини танлашга мажбур, албатта. Сергий ҳам ҳам кўзига таскинбашх ва тўғридек кўринган монастирдан нажот излайди. Аммо у ердаги дин пешволарининг ўзини тутиши, хатти-ҳаракатларини кузатгач, ишончини  шубҳалар қамрайди. Ниҳоят етти йилдан сўнг ундаги гумонларга дош бериб турган кучни зўриқиш маҳв этади. Руҳини мутассил равишда эзиб юборади. Авлиё Сергий доим ибодатга бошини эгиб турса-да, айни дамда нариги дунё ва худо борлигига шубҳа қилиши танасидаги ақлнинг, нафснинг кучлилигини кўрсатади. Дуойи саждалар худди ўзини чалғитиш, алдаш воситасидек туюлаверади.

Аслида унда худога эътиқод аввалдан соф бўлмаган эди. Ва айнан шунинг учун ҳам худони излагани излаган, эслагани эслаган,  ўйлагани ўйлаган бўлди. Туну кун худони излаш, ахтариш дардига мубталолиги учун азобли-азобли тунларни азобли-азобли тонгларга улайверди. Бир зум бўлса-да, худони ёдидан кетказолмади. Балки асар қаҳрамони унинг борлигига мутлоқ ишонганида зоҳидлик йўлига кирмасмиди, тарки дунёчилик қилиб, пана-пастқам чекка жойда риёзат чекмасмиди. Ён-атрофида унга эргашган, ундан мададу малҳам тилаётган оламонинг фожиаси эса, худога ишонолмай қийналаётган ожиздан-ожизга маҳлиёлигу чала эътиқодли, чала диндордан қудратли илоҳ соясини ясаганликдадир.

Лев Толстой ҳаётий шарманда ҳақиқатни рўйи-рост ошкорлайди: “Яратганнинг назари тушган авлиё Сергийнинг илоҳий табиблик хусусияти эл орасида дув-дув гап бўлди. Ўшандан буён ҳузурига шифо истаб, йўқлаб келувчиларнинг кети узилмай қолди, у бирга “хўп”, иккинчисига “йўқ” деб ортига қайтариб юборишга андиша қилар, одамларнинг юзидан ўтолмай, беморларнинг бошига қўлини қўйиб, дуо ўқир, дуолари ижобат бўлганидан кўплар шифо топиб соғаяр, авлиё ҳазратларининг шуҳрати эса борган сари узоқ-узоқларга ёйиларди…”

Балки Сергийнинг Ҳаққа эътиқоди мустаҳкам, ишончи комил бўлганида уни  кўп ҳам ўйлайвермасмиди? Ахир азалий  ҳақиқат худонинг борлигига инониб, ҳадеб уни ўйлайверишни, таъқиб этаверишни тўхтатиб, одамлар орасида эзгулик ва тўғрилик йўлидан юриш аслида худога яқинлашиш эмасми. Балки шунинг учун тарки дунё қилган айрим  “сўфий”ларни кўпчилик қадим ўтмишда ҳам,  ҳозирда ҳам суймаслар, уларга ачиниш кўзи билан қаровчилар ҳамиша топилар.

Мазкур асарда Лев Толстой авлиё Сергийнинг кечмишлари орқали ўзининг худони англаш йўлидаги сўнгсиз изтироблари, оғриқли онларини, гумонлардан ишончларга ўтиш жараёнларини  жиддий мушоҳадалар асносида таҳлил қилиб берган. Инсон руҳий дунёси сиру синоатларига донишмандларча, файласуфона назар ташлаган. Биз ҳам беихтиёр адиб билан ҳамфикр бўлиб қолишимиз шундан.

Авлиё Сергийнинг иккиланиши интиҳосида қисса ҳам интиҳоланади. Адиб таъкидлаганидай: “Одамларнинг ҳамду санолари унинг наздида қадрини йўқотгани сайин кўнгил маъвосидаги Тангри тимсоли шу қадар бўй чўзиб борарди…”   Халққа етиш — Ҳаққа етишнинг айнан ўзи эмасми?! Шу нуқтайи назардан қараганда, халқдан йироқлашиш, ўзини баланд ҳисоблаш, насли-насаби, мансаб-мартабасини устун қўйиб, кибру ҳавога берилиш Ҳақдан чинакамига юз ўгиришу  узоқлашиш билан баробардир. Мазкур асар шундай ҳаётий ҳикматдан  хушдарак огоҳ ва даъват  қўнғироғидек кўнгилларимизда ҳамиша акс-садо бераверади…

Манзура АБДУЛЛАЕВА

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг