Жасурбек Эсанов. Шеърлар

0
175
кўришлар сони

Манзара

Вақтга бўлиб намозшом ҳоқон,
Кун уйқуга кетар муаллақ.
Тиғ санчилган гўё, кўкси қон,
Олисларда кўз юмар шафақ.

Чағалайлар жаноза ўқир,
Мотам тутар кўкда булутлар.
Қояларда увиллар қашқир,
Ҳилол далда сочиб овутар.

Япроқларнинг силкинар бари,
Шамоли тез шимол қутбининг.
Ер шарининг айланишлари,
Тушларига кирар офтобнинг.

Чигирткалар опера куйлаб,
Тун сукутдан бебаҳра қолар.
Ҳароратли нигоҳин жойлаб,
Жим кузатар тунни зуҳролар.

Майсаларнинг юзларида нам,
Сўнгра борур тун ҳам охирлаб.
Уйғотгудек кунни субҳидам,
Хўрозларнинг қичқириғи-ла.

Ва тонг отар, ғоят ўзгача,
Тоғлардан кун кўтаражак бош.
Ой нурига чўмилган кеча,
Яхши ухлаб турдингми, қуёш?!

Менсизлик

Гоҳо номаъум сонман,
Ечимин топиб бўлмас.
Бугун бошқа инсонман,
Мен кечаги мен эмас.

Ўзи қайдан келганман,
Боласиман мен кимнинг?!
Қаерда туғилганман,
Манзили қай ҳокимнинг?!

Шайтонга тушиб лаққа
Гангиб кетгандайман-ов.
Ҳеч нимасиз бўшлиққа
Сингиб кетгандайман-ов.

Ранги ўчган чархимнинг:
Гоҳи рост, гоҳ чинсизман.
Танам сезмас руҳимни,
Менинг ўзим менсизман.

Қасос

Яратган эгамнинг
Ёлғиз гувоҳлигида,
ҳақиқат олдида
қасам ичиб айтаманки:
(Оллоҳимнинг ўзи кечирсину)
Беҳуда тўкилган бегуноҳ
Хунлар ҳаққи,
тирик етимликка маҳкум
шўрлик гўдаклар ҳаққи
ва уларнинг мунгли
кўзларидаги саробга айланган ўгай
шодликлар ҳаққи,
Ота-онам берган
Беминнат нон-тузи ҳаққи,
яшаш лаззатини бахш этган
бир қултум озодлик ҳаққи,
адолат учун курашган, томирида ҳақталаб қони оққан
довюрак ростгўйлар ҳаққи,
ҳайҳот! Душман қаршисида
топталган ғурур ҳаққи,
қафасларга қамалган парвоздан
мосуво қушлар ҳаққи,
занжирбанд қилинган,
эрки йўқ итлар ҳаққи,
арзимас чақага сотилган
қиймати дунёларга тенг
Вафо, садоқат ҳаққи,
Бевафо қўлида жон таслим этган
марҳум Муҳаббат ҳаққи,
қулнинг подшо олдидаги
ичида димиққан сукути ҳаққи,
аҳмоқ, падаркуш ўғлидан
бегона ўлим кўрган
Улуғбек ҳаққи,
Ватан дея, ҳурлик дея
кафансиз кетганлар ҳаққи,
Маърифат уруғин сепувчилар номлари
сабабсиз қораланиб
қатоғон этилганлар ҳаққи,
хўрланиб чекилган, ер-у кўкни
титратган фарйодлар ҳаққи,
вайроналикка юз тутган
буюк мақсадлар ҳаққи,
бевақт ҳалок бўлган
навқирон жонлар ҳаққи,
хуллас калом,
Ҳамма-ҳаммаси учун
жаҳолат деб аталган
лаънати аждаҳодан,
Сўнги нафасим қолгунга қадар
Қасос оладурман!.

Мағрурлик

Бўйин эгмоқ- занжир солинган қўллар
Тиз чўкмоқ- тоғларнинг шаънига иснод.
Эрки кишанланган бўлса ҳам қуллар,
Аммо юрагида қасоси озод.

Қўлга ўргатолмас бўрини одам,
Қашқирлар қисмати мудом циркка ёт.
Осонликча моҳир чавандозга ҳам
Жиловини бериб қўймас асов от.

Қон қуссанг ҳам туғинг қулатма сира
Ботирга ярашмас қарамлик азал.
Ғанимга бўйсуниб яшашдан кўра
Жанг қилиб шарафли жон берган афзал.

Хоинлар ҳам қилса орсиз бошларин
Кесмоққа жирканар ҳаттоки шамшир.
Асло шер саналмас, ташлаб овларин
Ўлжасиз изидан қайтса агар шер.

Мардлар ҳеч бўлмагай ёв олдида хор,
Сақлагай чин эркак ғурурини бут.
Лочиннинг парвозий йўлидан зинҳор,
Мағрурлигин янчиб учмайди бургут.

Тиз чўкмоқ-тоғларнинг шаънига иснод!

Онамга

Кечагина бир бувак эдим,
О, митти жон, ўралган йўргак,
Мана, йигит ёшига етдим,
Она, сизга бўлолмай тиргак.

Танти эдим, шўх эдим бироз,
Кези келса қайсар ва олов.
Бирор жойим оғриса бехос,
Ёнингизга чопардим дарров.

Нафсим қурсин, сира тўймадим,
Оз меҳримга дилингиз маҳтал…
Елкангиздан уриб қўймадим,
Томоғингиз тутганда йўтал.

Ишлаб, санғиб шаҳарда баъзан,
Ҳолингиздан бўлдим бехабар.
Билмам, мени нимаси билан,
Мафтун этди қиз янлиғ шаҳар.

Алҳол уйга қайтсам, ҳансираб,
Толиқишдан қуриса силлам.
Дердингиз-а таъбимни сўраб:
«Нима овқат қилай, жон болам?»

Ғингшинардим, ҳайҳот, ўшанда,
«Ҳали овқат тайёрмасми?»- деб.
Ғамхўрлигим айлардим канда,
Ютган эдим виждонимни еб.

Ўғлингизга не керак яна,
Мансаб, шуҳрат, маккор санамми?
Нечун мени туғдингиз, она,
Бу дунёда аблаҳлар камми?

Онамга мактуб

Мен кераксиз ташвишлар учун,
Ичимни еб битирдим, она.
Ҳисларимни йўқотиб бугун,
Уни роса қидирдим, она.

Йиллар ўтиб, кетмаган ҳамон,
Қайсарлигим, шўхлигим, она.
Бу дунёда борлигим ёлғон,
Ҳақиқатдир — йўқлигим, она.

Эскирган бир рангпар суратман…
Ҳеч ким юрмас йўлдайман гўё.
Дил ғафлатда, тирик жасадман,
Нафас олиб турибман аммо…

Дардим ортиб борар яна-да,
Аламларга учрадим, она
Жон кирмас бу жонсиз танада,
Яшайвериб чарчадим, она!

Қайдан излай — кўксимда қалб йўқ,
Қай бир ишни қилдим ножўя?!.
Ҳис-туйғусиз, дилсиз яшамоқ,
Шоир учун катта фожиа!

Ҳақиқат ва ёлғон

Адоват измида ғариб чин калом,
Иғвогар оғзида бўхтон ин қурар.
Баралла айтмасак ҳақ сўзни мудом
Қодирий, Чўлпонлар руҳи чинқирар.

Ростгўйга насибдир яшамоқ ҳалол
Ноҳақнинг зарбига адолат- қалқон.
Сохта суҳбатларда ёлғондир даллол
Ҳақиқат- томоққа тиқилган талқон.

Шайтон кўчасида кезмайлик сира
Ростлик олиб боргай толега фақат.
Бу дунйода ширин ёлғондан кўра
Абадий тирикдир аччиқ ҳақиқат

Иблис қармоғида хўракдир алдов
Содда балиқлардай илинмайлик ҳеч
Биз ахир ёлғонга беражакмиз дов
Агар бўла олсак ҳақиқатга ўч.

Бир кун ноҳақларнинг синиши тайин
Улар учун бундан бошқа йўл йўқдир.
Билингки: шайтонга эгмоқлик бўйин
Виждонга қарата отилган ўқдир.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг