Лойиҳамизнинг галдаги иштирокчилари ёш ижодкорлар Муҳаммадхон Юсупов ҳамда Юлдуз Ўрмонова бўлди. Марҳамат, Пруст анкетасидаги саволларга берилган жавобларни ўқишингиз мумкин.
Анкета саволлари:
1. Сизни энг кўп нима хафа қилади?
Муҳаммадхон: Бизга боғлиқ бўлган ҳамма нарсанинг ҳам тизгини ўзимизнинг қўлимизда эмаслиги.
Юлдуз: Бепарволик.
2. Қаерда яшашни истардингиз?
Муҳаммадхон: Исландияда. Бетакрор табиати, юқори ҳаёт даражаси ва ярим миллионга ҳам етмаган аҳолиси учун.
Юлдуз: Денгизга яқин жойда.
3. Ҳаётингиздаги энг бахтли лаҳзани айта оласизми?
Муҳаммадхон: Ҳамма “биринчи марта”лар: мактабга биринчи марта чиққаним, биринчи дўстим, биринчи муҳаббатим, биринчи марта отамннинг кўзида фахр кўз ёшларини кўрганим… Ҳамма-ҳамма “биринчи марта”лар. Умид қиламан-ки, олдинда улардан ҳали кўплари кутиб турибди.
Юлдуз: Соғинганларимни кўрганимда.
4. Қандай хатоларни иккиланмай кечириб юбора оласиз?
Муҳаммадхон: Ўйламай қилинганларини. Чунки узоқ ўйлаб қилинган хатолар жуда ёмон.
Юлдуз: Деярли ҳамма хатоларни кечира оламан. Фақат эътиборсизликни ҳазм қилолмайман.
5. Сиз яхши кўрган аёл персонаж.
Муҳаммадхон: Девид Уорк Гриффит томонида 1916-йилда суратга олинган “Тоқатсизлик” филмида “тоғлик қиз” лақабли персонаж. Унинг ҳатто исми ҳам йўқ, шунчаки, “тоғлик қиз” деб аталади. Аммо шу персонаж орқали кинога биринчи марта эркин, мустақил, мағрур аёл образи кириб келган. Бу персонаж кинода, умуман, санъатда аёлларга бўлган бирёқлама муносабатга умуман тескари эди, балки, шунинг учун ҳам менга ёққандир…
Юлдуз: Жейн Эйр.
6. Сиз яхши кўрган эркак персонаж.
Муҳаммадхон: Ноланнинг “Қора рицар”идаги Жокер.
Юлдуз: Чингиз Айтматов асарларидаги ҳамма қаҳрамонлар.
7. Тарихдаги сиз яхши кўрган қаҳрамонларни айта оласизми?
Муҳаммадхон: Ҳа, бир талай: Спарта подшоси Леонид, Чаплин, Оскар Шиндлер, Дезмонд Дос, Ганди ва барча Улуғ ватан уруши қатнашчилари. Ўзимиздан Биби Хоним ва барча жадидлар.
Юлдуз: Мусо алайҳиссалом.
8. Реал ҳаётда сиз энг ҳурмат қилган аёл.
Муҳаммадхон: Биринчи навбатда – онам. Онам менга она бўлмаган тақдирда ҳам, агар уларни таниганимда бундан кам ҳурмат қилмаган бўлардим. Агар онани, бунақанги саволда шубҳасиз тилга олинишини инобатга олиб, қўшмасак, унда, Меҳриноз Аббосова ва яна бошқа бир қатор менинг ҳаётимда чуқур из қолдирган хонимлар.
Юлдуз: Аям.
9. Сиз ижодини севган рассом ким?
Муҳаммадхон: Салвадор Дали.
Юлдуз: Мен кўпроқ фотографияга қизиқаман. Фотокўргазмаларга қолдирмай бораман. Айниқса, Зафар Рўзиқулов, Ҳасан Пайдо, Муҳиддин Али ижодларини кузатиб бораман.
10. Сиз ижодини севган мусиқачи ё бастакор ким?
Муҳаммадхон: Маршал Метерс (Эминем), бастакорлардан эса, шубҳасиз Ҳанс Зиммер.
Юлдуз: Скрипачлар ёқади кўпроқ. Моцарт, Антонио Вивалди, Ванесса Мей…
11. Бир эркак сизнингча қандай бўлиши керак?
Муҳаммадхон: Эркак тўхтамаслиги керак. Энг муҳими шу.
Юлдуз: Юраги ҳам, билаги ҳам бирдай кучли бўлиши керак.
12. Бир аёл сизнингча қандай бўлиши керак?
Муҳаммадхон: Мустақил.
Юлдуз: Тадбирли, хушфеъл ва сирли.
13. Сиз энг севган ҳислат.
Муҳаммадхон: Бошқача фикрлаш. Инглизча таърифи аниқроқ: “Thinking out of the box”.
Юлдуз: Мардлик.
14. Қайси ишни бажараётганда ўзингизни бахтли ҳис қиласиз?
Муҳаммадхон: Бу ишимнинг маҳсулидан одамларга фойда тегишини билсам, бахтли ҳис қиламан.
Юлдуз: Кимгадир ёрдам бера олганимда.
15. Айни дам кимнинг ўрнида бўлиб қолишни истардингиз?
Муҳаммадхон: Ўзимнинг, фақат тўққиз йил олдинги.
Юлдуз: Болаликдаги Юлдузнинг ўрнида…
16. Дўстларингизда қандай ҳислат ва фазилатлар бўлишини хоҳлардингиз?
Муҳаммадхон: Ўзларидаги мавжуд ҳислатларни борича, яширмасдан кўрсатишса, бўрттиришга интилишмаса, шу кифоя.
Юлдуз: Садоқат йўқолса бошқа туйғулар ҳам ўлади. Шунинг учун вафода ҳамиша собит бўлишларини хоҳлайман.
17. Энг катта нуқсонингизни айта оласизми?
Муҳаммадхон: Яқинларим билан тез-тез дийдорлашиб турмасам, улардан узоқлашиб кетаман. Бу жуда ёмон.
Юлдуз: Кимдандир ранжисам, кўпинча тортишмай, олишмай, индамай воз кечиб кетаман. Буни мен камчилик деб биламан. Баъзан ранжларнинг ё сабабини ва ё ҳисобини сўраш ҳам керак.
18. Яхши кўрган рангингиз қайси?
Муҳаммадхон: Оқ.
Юлдуз: Қора.
19. Сиз севган гул тури.
Муҳаммадхон: Нилуфар.
Юлдуз: Пушти атиргул.
20. Сиз севган қуш тури.
Муҳаммадхон: Бойқуш.
Юлдуз: Оққушлар.
21. Қайси ёзувчининг ижодини яхши кўриб ўқийсиз?
Муҳаммадхон: Чехов.
Юлдуз: Чингиз Айтматов, Азиз Несин, Чехов. Ўзимиздан Саид Аҳмад, Шойим Бўтаев. Ёш ижодкорлар ичида ҳам доим кузатиб, ўқиб юргичларим бор.
22. Қайси шоирнинг ижодини яхши кўриб ўқийсиз?
Муҳаммадхон: С.Есенин.
Юлдуз: Умар Хайёмни.
23. Ўзингизда бўлиб қолишини орзу қилган ғайритабиий истеъдод тури борми?
Муҳаммадхон: Ухламасдан ҳам яшай олсам эди, дейман. Шунда, балки, ҳамма нарсага улгурардим.
Юлдуз: Скрипка чалиш орзуим…
24. Қандай ўлишни истаган бўлардингиз?
Муҳаммадхон: Фақат жисман…
Юлдуз: Шараф билан.
25. Ҳаётдаги шиорингиз.
Муҳаммадхон: Биз бошқа бировдан эмас, кечаги ўзимиздан яхшироқ бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим.
Юлдуз: Нақшбандийнинг ўша машхур ҳикмати шиорим: Дил ба ёру, даст ба кор (Кўнглинг Худода, қўлинг меҳнатда бўлсин).
26. Айни ҳозир руҳий ҳолатингиз қандай?
Муҳаммадхон: Ҳаловатни ҳис қиляпман. Пруст саволларига жавоб ёзишни анча чўзиб юрдим, бу, албатта ўзимнинг айбим. Ва ниҳоят, бугун, жавобларни ёзиб, якунладим. Бундан ҳаловатни ҳис қиляпман.
Юлдуз: Ўйчан.
Нодирабегим оққа кўчирди.
Гриффит, Нолан, Чаплин, Шиндлер, Дос, Ганди, Эминем, Зиммер, Моцарт, Вивальди, Мэй, Айтматов, Несин, Чехов, Есенин, Хайём, …
Навоийни танишмайди, танимагани учун ўқимайди, ўқимагани учун билмайди, билмагани учун эсламайди. Севиш қаёқда. Ўзбек ёш ижодкорларининг фожеаси. Умуман ёшларининг эмас, ёш ижодкорларининг !!! Додингни кимга айтасан?
Balandparvozlikdan holi, samimiy toza fikrlar… Suhbatni tashkil qilgan Nodira Ibrohimovaga ham ikki ijodkorga ham raxmat.
Ғарбга интилиш… Мени ранжитди.