Лойиҳамизнинг галдаги иштирокчилари оилавий жуфтлик — журналист Абдукарим Мирзаев ҳамда шоира Нафиса Омон бўлди. Марҳамат, Пруст анкетасидаги саволларга берилган жавобларни ўқишингиз мумкин.
Анкета саволлари:
1. Сизни энг кўп нима хафа қилади?
А: Англата олмаётганларим ёки англай олмаётганларим.
Н: Аросатдаги (нима исташини билмайдиган) одамлар.
2. Қаерда яшашни истардингиз?
А: Ёмонликлардан узоқ ҳар ерда.
Н: Мен керак, менга керак бўлган одамлар орасида.
3. Ҳаётингиздаги энг бахтли лаҳзани айта оласизми?
А: Кетиш оним энг бахтлиси бўлилишини истайман.
Н: Улар жуда кўп. “Бир кунда энг бахтли, энг бахтсиз аёл” деган шеър бор эди-ку!
4. Қандай хатоларни иккиланмай кечириб юбора оласиз?
А: Надомат ва тавбаси борларини. Лекин унутолмайман.Чунки унутиш менинг қўлимда эмас.
Н: Билмайман. Авваллари менимча кечиримлироқ эдим. Билиб қилинган хатолар кечирилмаса керак.
5. Сиз яхши кўрган аёл персонаж.
А: Ҳалол аёл.
Н: …ақлимга келмаяпти…
6. Сиз яхши кўрган эркак персонаж.
А: Ҳалол эркак.
Н: «Қиёмат қарз»даги Сарсонбой ота. Бу ҳам онлик фикр. Аслида асарлардан қаҳрамон излаш менингча ақлли фикр эмасдек. Чунки ижодкор ўзи истаган инсонни ёзади, чизади. Ҳаётдан қидириш керак. Масалан, менинг бобом энг яхши кўрган қаҳрамоним, десам сизга мавҳум бўлади. Аммо ростдан ҳам шундай.
7. Тарихдаги сиз яхши кўрган қаҳрамонларни айта оласизми?
А: Пайғамбарлар.
Н: Ҳамма қаҳрамонларни ҳурмат қиламан. Қаҳрамон бўлиш осон эмас. Ростдан ҳам ҳеч осон бўлмаса керак.
8. Реал ҳаётда сиз энг ҳурмат қилган аёл.
А: Онам.
Н: Аямни ҳурмат қиламан. Борган сари қаттиқроқ, борган сари кўпроқ. Қайнонамни! Самимий айтаяпман. Ва яна мен ҳурмат қиладиган аёллар жуда кўп. Фитнаси оз, кучли, тўғри аёлларни ҳаммасини ҳурмат қиламан.
9. Сиз ижодини севган рассом ким?
А: Винцент Ван Гог.
Н: Мен илюстриядан кўпроқ мазза қиламан. Перро, Уонтер… кўп жуда.
10. Сиз ижодини севган мусиқачи ё бастакор ким?
А: Муҳаммад Отажонов.
Н: Ҳозир ўйлаб қолдим. Мен бирор шахсга буткул тўхталиб, мутлоқлаштириб қолмас эканман. Шунинг учун алоҳида ажратиб айтишга қийналаяпман. Битта ижодкорнинг ҳамма асарини мукаммал бўлмаслиги мумкин. Шундай бўлганида ҳам ҳаммага бирдай таъсир қилмаслиги мумкин.
11. Бир эркак сизнингча қандай бўлиши керак?
А: Сотилмайдиган. Сабрли.
Н: Аллоҳ қандай яратган бўлса шундай бўлади. Мен ундай бўлсин, бундай бўлмасин деб гапиролмайман. Бўлганича бўлади.
12. Бир аёл сизнингча қандай бўлиши керак?
А: Билимли, жасур ва ҳалол.
Н: Аёл киши ҳам! Кийим тиктираётган бўлсангиз агар тикувчига айтасиз, ёқаси бундай бўлсин, енги бундай бўлсин деб. Яратилган мавжудотларнинг ҳеч бирининг қандай бўлиши Сиз билан менинг истагимизга ва ёки тасаввурларимизга боғлиқ эмас.
13. Сиз энг севган ҳислат.
А: Ризо.
Н: Азмлилик.
14. Қайси ишни бажараётганда ўзингизни бахтли ҳис қиласиз?
А: Намоз ўқиётганда.
Н: Ўзим истаган ишимни қилаётганимда.
15. Айни дам кимнинг ўрнида бўлиб қолишни истардингиз?
А: Чўпоннинг.
Н: Ҳеч кимни ўрнида бўлишни истамайман.
16. Дўстларингизда қандай ҳислат ва фазилатлар бўлишини хоҳлардингиз?
А: Ўзларини ва бошқаларни алдамасликларини истардим.
Н: Дўстлик фазилати бўлсин.
17. Энг катта нуқсонингизни айта оласизми?
А: Учолмаганим.
Н: Нуқсонларим кўп жуда. Менимча, хавфли жиҳатим кўп ва хўп аяйман ҳаммани. Ичıмда бўлади жанглар. Аммо бир пайти келадики қўл силтайман ҳаммасига.
18. Яхши кўрган рангингиз қайси?
А: Шаффоф.
Н: Ҳамма ранг ёқади. Ҳаётдаги барча ранглар!
19. Сиз севган гул тури.
А: Қуримаганлари.
Н: Гулларни ҳам ажратмайман. Янтоқ гуллаганини кўрганмисиз? Жуда чиройли бўлади, масалан.
20. Сиз севган қуш тури.
А: Оқ чорлоқ Жонатан Лвингстон.
Н: Қушларниям ажратмайман. Аммо мусичани овози ёқади.
21. Қайси ёзувчининг ижодини яхши кўриб ўқийсиз?
А: Саъдий Шерозий.
Н: Чингиз Айтматовни.
22. Қайси шоирнинг ижодини яхши кўриб ўқийсиз?
А: Маддоҳ бўлмаганларини.
Н: Ўзлиги бўлган ҳамма шоирларни.
23. Ўзингизда бўлиб қолишини орзу қилган ғайритабиий истеъдод тури борми?
А: Тушда узоқроқ қолиш.
Н: Ундай орзуйим йўқ.
24. Қандай ўлишни истаган бўлардингиз?
А: Иймонда.
Н: Калимамни келтириб.
25. Ҳаётдаги шиорингиз.
А: Шиорим йўқ.
Н: Шиорим ҳам йўқ.
26. Айни ҳозир руҳий ҳолатингиз қандай?
А: Сокин.
Н: Жуда яхши.
Нодирабегим оққа кўчирди