Пруст анкетаси. 13-жуфтлик

1
1145

Лойиҳамизнинг галдаги иштирокчилари ёзувчи Холиёр Сафаров ҳамда шоира Ирода Умарова бўлди. Марҳамат, Пруст анкетасидаги саволларга берилган жавобларни ўқишингиз мумкин.

Анкета саволлари:

1. Сизни энг кўп нима хафа қилади?

Х.С: Таниш-билишчилик…

И.У: Жоҳиллик. Кўп, балки барча иллатлар шунинг замирида ётади менимча.

2. Қаерда яшашни истардингиз?

Х.С: Оилам билан ота-онам ёнида.

И.У: Гарашада (ота, она қишлоғим).

3. Ҳаётингиздаги энг бахтли лаҳзани айта оласизми?

Х.С: Ота-онам ҳаёт бўлган дамлар…

И.У: Она бўлишимни билган куним. Кўп бахтли кунлар бўлган (бўлаверсин, илоҳим), айнан биттасини айтиш керак бўлса, деб, шу жавобни бердим.

4. Қандай хатоларни иккиланмай кечириб юбора оласиз?

Х.С: Хиёнатдан бошқа ҳар қандай хатони…

И.У: Ўзи кечиримлиман, айнан иккиланмай кечириб юборганим хатоларни эслолмадим, иккиланганмидим ўзи ёки йўқ?

5. Сиз яхши кўрган аёл персонаж.

Х.С: Кумушбиби.

И.У: Асарни яхши кўриб ўқишим мумкин, лекин айнан бирон образ учун эмас. Мени персонажлардан кўра асарнинг тили, сюжети тортади. Бирон аёл персонажни яхши кўришим учун у идеал аёл бўлиши керак, ҳали бунақасини учратмадим. Бу даъвойим ғалати туйилиши мумкин. Ўзимизнинг асарларда аёллар тор доирада тасвирланади деярли, чет эл адабиётида эса эркинликнинг ақлим ва гоҳ тарбиям бовар қилмас чегарасида…

6. Сиз яхши кўрган эркак персонаж.

Х.С: Мартин Иден.

И.У: Бу саволга ҳам аёл персонаж ҳақидаги жавобим.

7. Тарихдаги сиз яхши кўрган қаҳрамонларни айта оласизми?

Х.С: Пайғамбар алайҳиссалом, Амир Темур.

И.У: Ҳеч бир тарихий қаҳрамонни яхши кўрмайман, танийман холос, билмайман у шахсларни. Қайсидир жиҳатдан ҳурмат қиладиганларим кўп.

8. Реал ҳаётда сиз энг ҳурмат қилган аёл.

Х.С: Шубҳасиз, раҳматлик онам…  

И.У: Реал ҳаётда танишларим унча кўп эмас, яқиндан танийдиганларим эса жигарларим холос. Онамни бир қараганда оддий, ҳамма қатори ўтган ҳаётларида у ҳаётнинг оддий кўринишига сабаб бўлган сабр-у қаноатлари учун ҳам, опаларимни ҳам шу жиҳатдан ҳурмат қиламан. Танишлардан ҳурмат қиладиганларим кўп, лекин баъзида бу туйғу дарз еб қолавергач, шунчаки ҳурматга ўтдим, шунчаки, сохта ҳам эмас, чуқур ҳам эмас. Баъзи жавобларимга қараб, бу меҳрга хасис экан деб ўйламанг, ёмон дейилган одамнинг ҳам яхши томонини кўришга ҳаракат қиламан. Кўр-кўрона яхши кўролмайман холос, илло Аллоҳнинг яратиғи деб яхши кўраман, самимийси шу.

9. Сиз ижодини севган рассом ким?

Х.С: Камолиддин Беҳзод.

И.У: Бу борада танловим ўзгарувчан. Айни пайтда Адольф Гитлернинг картиналарини кузатяпман.

10. Сиз ижодини севган мусиқачи ё бастакор ким?

Х.С: Янни (Хрисомаллис)

И.У: Бетховен, Ванесса Мэй.

11. Бир эркак сизнингча қандай бўлиши керак?

Х.С: Аввало инсон бўлиши керак.

И.У:  Иймонли, масъулиятли, тадбиркор, ўқимишли, ҳунарли.

12. Бир аёл сизнингча қандай бўлиши керак?

Х.С: Она тимсолида бўлиши керак…

И.У:  Аёл ҳам. Ва яхши маънода айёр.

13. Сиз энг севган ҳислат.

Х.С: Яхшилик ва кечиримлилик.

И.У: Фаросатлилик.

14. Қайси ишни бажараётганда ўзингизни бахтли ҳис қиласиз?

Х.С: Ижод вақтида.

И.У:  Ҳовли супураётганимда. Тўғриси. Хаёл сури-и-иб.

15. Айни дам кимнинг ўрнида бўлиб қолишни  истардингиз?

Х.С: Ўз ўрнимда… Чунки бу илоҳий битик.

И.У: Ҳеч кимнинг. Биз ҳавас қилган кимнингдир ҳам ўзига яраша кишибилмас оғриқлари бўлиши мумкин.

16. Дўстларингизда қандай ҳислат ва фазилатлар бўлишини хоҳлардингиз?

Х.С: Оқибатни ва охиратни унутмасликларини истардим…

И.У:  Ҳеч қандай, уларни шундайликларича қабул қилганим учун ҳам дўстларим-да.

17. Энг катта нуқсонингизни айта оласизми?

Х.С: Дангаса ва ишонувчанман.

И.У:  Ўтган йиллар характеримни анча ўзгартирди, ўзимни-ю ўзгаларни ўтмиш-у бугун-у келажакда ўйлайвериш одатим қолиб кетса яхши бўларди, одамови одамнинг хаёллари кўп ҳам ёқимли бўлавермас экан.

18. Яхши кўрган рангингиз қайси?

Х.С: Оқ.

И.У:  Кўк

19. Сиз севган гул тури.

Х.С: Райҳон… Чунки унда онамни эслайман.

И.У:  Мойчечак ва қоқигулни «кулиб» туришлари учун, атиргулни ифори учун яхши кўраман.

20. Сиз севган қуш тури.

Х.С: Қалдирғоч.

И.У: Товус, чиройли патларига доим маҳлиё бўламан.

21. Қайси ёзувчининг ижодини яхши кўриб ўқийсиз?

Х.С: Тоғай Мурод (Жаҳон адабиётидан Чингиз Айтматов).

И.У: Нодар Думбадзе, Эркин Аъзам. Ўзларига хос услублари бор.

22. Қайси шоирнинг ижодини яхши кўриб ўқийсиз?

Х.С: Абдулла Орипов (Ҳозир Шодмонқул Салом).

И.У:  Лойиқ Шерали, Андрей Вознесенский кайфиятидаман шу кунларда.

23. Ўзингизда бўлиб қолишини орзу қилган ғайритабиий истеъдод тури борми?

Х.С: Бахши (достон айтувчи)

И.У:  Иккита бор. Бири ошкор – дардмандларга Аллоҳдан шифо сабабчиси бўлишни истардим.

24. Қандай ўлишни истаган бўлардингиз?

Х.С: Жойнамоз устида…

И.У: Жудаям қариб-чуримай, оғримай-ётиб қолмай, қарз-у юклардан фориғ, осон ва гўзал, калима келтириб, рўзада, саждада.

25. Ҳаётдаги шиорингиз.

Х.С: “Ҳаммаси яхши бўлади…”

И.У: «Ўтган вақтга ачиниб ўтиришга вақт сарфлама».

26. Айни ҳозир руҳий ҳолатингиз қандай?

Х.С: Кўтаринки.

И.У:  Соғинч ва хавотирдаман.

Нодирабегим ёзиб олди

1 izoh

  1. Ўзига хос савол-жавоб бўлибди. Икки ижодкорни ҳам ҳурмат қиламан.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting