Ватан ҳақида шеърлар

0
122
кўришлар сони

УЙҒОН

Уйғон эй она юрт, уйғон эй Турон,
Кимлигингни айтсин бу кўҳна тупроқ.
Уйғонсин номусинг, кўксингдаги шон,
Ва ишон,
Ва ишон!
Ҳақлилар ичинда ҳақлисан кўпроқ.

Эртак айтмаяпман, сўзларим чиндир,
Гувоҳим шу замин, шу чексиз осмон.
Сени қўл учида кўрсатса кимдир,
Бармоғини қайир, қўлини синдир!

Сенинг бобонг тоғни титратган ботир,
Айт, нега мудрайсан, уйғонгин, ўғлон.
Сен ҳам улар каби мардсан, баҳодир,
Уйғонсин номусинг, кўксингдаги шон.

Отларнинг дупури тушингни бузсин,
Орингни ўртага қўйиб жилов тут.
Болангнинг бўйи ҳам ғурури ўссин,
Мардларни эслаб қол, номардни унут.

Йигитлар эр бўлиб сўрайди элни,
Хилватда юрмайди қилиб кўзёши.
Агар сен номусдан боғласанг белни,
Қўллаб турар Шермуҳаммад қўрбоши.

Муродга етгунча изингга қайтма,
Бир ўзинг минг чоғлик қўшиндек тизил.
Жон берсанг шу Ватан номини айт ва
Йиқилма,
Йиқилма!
Тик туриб узил!

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

ҚАТОҒОН ЙИЛЛАРИНИ ЁД ЭТИБ…

Узун тунлар, узун унлар, изғиринлар,
Қаро кунда кўнглим бузиб, ким минғирлар?
Ана Чўлпон отулдуки етмаймикан —
Яна увлаб чанг солади вой олғирлар.

Додлаб-додлаб фарёд урар замин бунда,
Ўз ўғлини қора қилиб кўмар бунда.
Эй ғофил эл, ўйғон энди, она йиғлар
Жон ва танга қўшилишиб, Ватан йиғлар.

Нолаларининг, сенинг гулдай болаларининг,
Бағирларининг, яшнатган дил лолаларинг.
Кетмиш улар кечмишига тошлар отиб,
Ўз дўстлари душманларга арзон сотиб

Бунда ҳеч ким аямайди, эгик бошлар,
Алам қилар дардин билмай тўкар ёшлар.
Усмон Носир йиғлаб-йиғлаб кетмиш қаён?
Кимга аён, бунда кимки кезар гирён.

Асрлар ҳам йилларгада тошлар отар,
Бу ўтмишнинг ғавғолар кўнглим ботар.
Отилган ким, сотилгани пайлоқчилар,
Бунда борки, бари унда алдоқчилар.

У кун йиғлаб, сўроқладим кимнинг иши,
Қор келмасдан қиров бўлган ўзбек иши.
Яна қандай балоларинг бор эй фалак,
Алп ўғлонлар қатор кетмиш жони ҳалак.

Замин бунда айланади чархи даввор,
Шарқдан зиё таралгайдир яна такрор.
Балолардан, оловлардан омон элим,
Истиқлолим, тоъле баланд жоним элим.

Хайрулла ХОЛТЎРАЕВ

Қон ва Сиёҳ

Қон:
—пақ этди, отилди ўқ.
ҳақ, деган ул ўғлоннинг
тешилган кўкрагидан
бўй чўздим гул мисоли.

Сиёҳ:
—пақ этди, отилди ўқ.
зирхланган қўналғада
қондан қўрққан қўлни ва
кўрдим қоғоз висолин.

Қон:
—авлодим, эгилмагин,
бошингни тик тут, дея
жондан кечган ўғлоннинг
исён тўла кўксидан
Ватан дея тўкилдим.

Сиёҳ:
—келажакка солдим изимни:
“Бош эгмади исёнчи,
Хоин эди, отилди”.
Йиллар ўтиб авлодинг
Бошин эгиб ўқийди.

Қон:
—Ватан дея тўкилдим.

Сиёҳ:
—хоин дея ўқилгай.

Нажмиддин Эрматов

Энди ўзим менмасман,
Энди тамом бошқаман.
Мен телбаман
Дайдиман.
Мен ўт — ўлан
Майсаман.
Чўпонлар таёғини
Чертиб шеърлар айтаман.
Энди елкам тоғ менинг
Қуёшни елкалайман.
Майли деманг соғ мени
Тупроқни эркалайман.
Япроқни эркалайман,
Қийноқни эркалайман.
Ичимдаги ул оташ
Титроқни эркалайман.
Энди ўзим йўлман-у,
Энди ўзим йўлчиман.
Энди ўзим ёвман-у,
Энди ўзим элчиман.
Энди мени изласанг,
Энди мени сўрасанг,
Энди мени Алпомиш
Тушларида кўради.
Адо бўлган, қулаган,
Юраккинам нураган.
Энди менга қалдирғоч
Юрак қуриб беради.
Ўшангача дайдисам,
Ўшангача қайтмасам,
Ўшангача ранжима,
Гар номингни айтмасам.
Чунки сенга сўйлаш чун
Чунки сени куйлаш чун,
Юрагиму иймоним
Бўлиши керак бутун.
Унгача куйлолмайман,
Унгача сўйлолмайман,
Унгача номингниям
Хотиржам ўйлолмайман.
Мен унгача телбаман,
Мен унгача дайдиман.
Мен унгача ўт-ўлан,
Мен унгача майсаман.
Юрагим бут бўлган кун
Онам дея айтаман.
Отам дея айтаман.
Юрагим бут бўлган кун
Ватан дея айтаман!
Ватан дея айтаман!

Гулрух Худоёрова

МЕНГА БИР ТИЛ ЕТАР,
сўнг битта ёзув –
қисмат битигидан кўра қадимроқ,
сизга кимлигимни айтмоғим учун.

Майли Турон атанг,
Туркистон атанг,
озод Ўзбекистон қолсин абадий –

ўлсам қучоғига олгувчи ватан!

Насрулло Эргаш

Оловтўш совутим совимай туриб,
Қайта кирмоқдаман муҳорабага.
Ёлворар ёвзада, қонталаш ғуруб,
Забаржад булутлар тушар орага…

Дунёни кечириб бораётирман,
Бетизгин йилларнинг қонидан кечиб,
Ўв, қайтмас бекларим эгарда турган,
Қўзғолинг, Ватан деб қуюқ онд ичиб!

Яшаманг жўмардлик жомидан айро,
Маст бўлинг музаффар қадаҳлар тутиб.
То улус солмасин дод-у вовайло,
Ётмасин тупроқда изтироб ютиб.

Муқаддас Туроннинг қашқирларисиз!
Ғашининг димиққан тоғларга қараб.
Магар сиз минбар-у, нурдан нарисиз,
У ерда албатта кўппаклар ҳурар.

Писинманг тўралар, отилинг олға,
Сиздаги жасорат яшиндайди-ку?!
Ғанимлар бостириб келганда дарға
Кеманинг остига яшринмайди-ку?!

Ўв, маним бекларим, бекинмоқ нечун,
Нечун эй, тўшларни ботириш ерга?!
Ёқадан олганда келажак бир кун,
Кимларни сўкасиз, кимларни тергаб…

Шаҳид шерикларни икки ён суриб,
Тулпорга юклайсиз ё аробага.
Унгача совутлар совимай туриб,
Қайтинг!
Қайтиб киринг
Муҳорабага!

Шаҳриёр Шавкат

ВАТАН ТУЙҒУСИ

Оёғим чалишди ғаним ортимдан,
Мен эса шунда ҳам олдга йиқилдим.
Ҳатто ер силкинди менинг зарбимдан,
Тупроққа бир ҳовуч тутдай тўкилдим.

Ота, сенда ҳам саволлар бир талай,
Она, дейсанми – «Не эди гуноҳинг?»
Гуноҳим шуки – ҳайқириб жар солмай,
Ватанни жимгина севмоқчи эдим.

Ака, қўрқма ҳали таслим эмасман,
Курагим ер кўргай фақат қабрда.
Нима бўпди, кўксим ёрса ёрибди,
Фақат ачинаман шўрлик қадрга.

Атрофга қўл чўзиб йиғлаганим йўқ,
Бошим ерга тираб, учдим самога.
Бандага сиғиниб яшаганим йўқ,
Мен фақат бўйсиндим ёлғиз Худога.

Ахир билмайсанми асл туйғулар,
Диллардан тилларга кўчмоғи душвор.
Айтиш ҳан шарт эмас, англамоқ лозим,
Кўксимда Ватанда шундай севгим бор,

Ахир ВАТАН сўз шунчалар буюк,
Уни тарифлашга ожиздир тилим.
Билиб қўй, унвонсираб қолганим йўқ,
Тилдамас дилимда ВАТАН севдим.

Бекзод САЛОМ

Ватанни таниш
Чинорингни ўпгим келди,
Япроғини кафан дедим.
Тупроғингни тумор қилиб,
Ватан дедим,
Ватан дедим.

Суронларга синголмадим,
Юрагимга қайтгим келди.
Энг қизғанган шеърларимни
Қоровулга айтгим келди.

У билмайди эрмакларни,
Унга ётдир олифталик.
Наҳот, бизга ёқар шунча
Қолипалик,
Қолипдалик.

Билиб қўйинг, у турган жой
Заминнинг энг баланд ери.
У — дунёда энг катта бой,
У — ҳақиқий ер шоири.

Эй дўстларим,
Бари бекор
Биз ҳаммамиз — маҳмадона.
Бир пул бизнинг ёзганимиз,
Ватан ана,
Ватан ана…

Суҳроб ЗИЁ

ШАРАФНОМА

Яхши от олдинми-кейинми чопган,
Донғи чиққан тулпор бериб қўймас панд.
Ботирлар зафарнинг сирини топган,
Гарчи шоҳсупага элтар йўл тирбанд.

Йиқилмай ўтказди кўп курашларни,
(Қайдадир бузилди ари уяси…)
Бирдан босиб кетди ғўнғиллашларни
Оламга таралган эрк мадҳияси.

Байроқдай ҳилпираб юксалар кўнгил,
Чуқурроқ борасан она заминга.
Аё дўст, бу қандай ёруғ иқболдир –
Ватан шарафланса сенинг номингга!

Она сути каби ҳалол, муҳтарам –
Юзларни порлатган ғурур кўзёши!..
Довруғи дунёга достон бўлса ҳам,
Эл билан баланддир йигитнинг боши.

Буюклик меросдир Соҳибқирондан,
Навқирон нигоҳ-ла боқар жаҳонга.
Олқиш келар етти иқлим томондан:
Ғалаба ярашар Ўзбекистонга!

Беҳзод Фазлиддин

Аввалги саҳифаDAYDREAM
Кейинги саҳифаКуз
УЛАШИШ

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг