DAYDREAM

1
985

эссе

Баъзан туни билан ухламасдан нималардир қилиб чиқаман. Кун оқара бошлагач эса уйқу истаги томирларимга қадар ёйилади. Ишонасанми, бу истак ҳатто бармоқларимни ҳам жимирлатиб юборади. Шу пайт чироқни ўчираман.
Қачонлардир, ҳа ўша, ёлғиз яшаб юрган кунларим кўзим беихтиёр кўзгуга тушиб қолганида бирдан шу сатрларни айтиб юборгандим:
“Тонг отгач ўчган шамлар тутунида адашдим…”
Кейинчалик бу сатрни ҳеч бир шеъримга қўшмадим. Бирда бўғини, бирда маъноси қовушмади. Қолсин дедим. Шу туриши яхши.
Тунларни уйқусиз ўтказаман. Ухламасам, қароғим салтанатини уйқу лашкари истило этмаса дейман. Бироқ, истак вужуддан устун бўлолмайди. Яхшики, ишга боришим керак деб кўчага чиқаман. Яхшики кўча бор, мусиқа бор.
Тарковскийнинг “Ностальгия” си эсингда, тўғрими? Аёл ибодатхонадаги бошқа аёлларнинг Оналик рамзи бўлмиш Мадоннага сиғинишаётганини жим кузатади. У аёлларнинг дуолари ҳамон ёдимда:
Эй оналарнинг онаси,
Оналикнинг бутун машаққатларидан бахт,
Бутун бахтларидан маъно топа олган зот…
Эй оғриқлшар маъбудаси,
Эй бахт малаги…
Сўнгра аёллардан бири Мадоннанинг этагини очиб юборадию у ердан бир гала қуш учиб чиқади.
Тарковский шу жойида камерани ўчириб, фильм тугади дейиши ҳам мумкин эди. Ёки уни Шоир Таржимон аёлга бу ерларда италянча гапир деганида тугатганидачи? У Тарковский бўлмай қолармиди?
– Сени мен каби аёллар қизиқтирмайди. Сенга фақат Мадонналар керак!
Қанчалар алам бор бу ерда. Аёлни кўкракларини очиш даражасига етгунга қадар мажбур қила олиш бор.
Биз ҳали мишиқи болалигимизда аям қўшнилар билан кўп гаплашиб қоларди. Шундай гурунглардан бирида ўша ердаги кеннойини эри чақириб қолди:
– Шоҳииии…
– Майли, мен мўйловли боламга қарай. Кейин чиқарман.
Ҳавога аёлларнинг кулгуси ёйилади. Мен ҳам, бошқа болалар ҳам куламиз.
Балки, ўша кеннойи рост гапиргандир? Аёл Шоирга кўкрагини шу сабаб кўрсатгандир? Аёлнинг оналик муҳаббати аёллик муҳаббати билан бир бўлган лаҳзада, у севган эркагига ҳам боласидек қарай бошлар?
Бироқ, энг алам қиладигани нима, биласанми? Бу пайт эркак унинг кўкракларига на боладек тириклик манбайи, на бошқалардек ҳирс ўчоғи деб қарайди.
Шоир шундай кетади…

***

Тарковскийга ўтлаб кетдим.
Мен сенга хотираларим ҳақида гапирмоқчи эдим, а?
Охирги пайтлар… Йўқ, сўнги бир ярим йилдан бери ўзимга ўзим Йўқолган болакай ҳақида эртаклар айтиб беришни одат қилганман. Ўзига ўзи алла айтиб ухлаган жиянчамдек.
“… ва унинг лабларидаги бўса излари мангуга ўчиб, кўзларига ўйиб ёзилган тавқи лаънат янада чуқурлашиб кетибди…”
Бу эртакларда воқеалар қандай кечишини мен ҳал қилмайман. Воқеалар мени айтиб беради. Сомеънинг кимлиги номаълум.
Ўзим эслолмаган хотиралар ўзим бехабар тирилиб кетади баъзан. Лицей пайти соат тонги олтида, ҳали ҳеч ким йўқ пайт рассомлик корпусидаги галереяни айланиб юришларимни эслайман фақат. Деворга илинган расмлардаги чизиқлар эса хотирамнинг ич-ичга тушиб, туздек эриб кетган. Бироқ, тузнинг бир кун таъми чиқиши бор гап. Чиқяпти ҳам. Шу таъм тилимнинг учида сўзга айланади лаҳза-лаҳза:
– Мовийни унутма…
– Худо қадар ёлғиз,
Худо қадар жим…
Боя айтганимдек, ҳеч бирини шеърга қўшмайман. Ҳаммаси… Ҳаммаси хотирамда сузиб юради.
Мен шууримни Орол денгизи янглиғ қуриган деб юрардим. Бироқ, яқинда кимдандир эшитдимки, кун келиб ерости сувлари ҳисобига Орол яна тўлиб оқиши мумкин экан. Хўш, ўша оқадиган кунлари бугун эмасми? Шууримни айтяпман. Ёки тирилган хотиралар оғриғи шу қадар тотлими?

***

Кўп мусиқа эшитишимни биласан. Кўчага қулоқчинсиз чиқмайман. Борадиган манзилимни қўшиқларнинг сони билан ўлчайман. Ҳар бир қўшиқ – бир ҳолат тасвири. Эҳтимол, плейлистимни анчадан бери янгиламаганим учун носталгияга берилгандирман?
Нега тилимдан Тарковский тушмай қолди? Ундан унчалик ҳайратланмагандим-ку? Ёки баъзи санъат асарлари ҳайрат, бошқалари хотиралар туҳфа қилади деган фикрим ростмикан?
Тушлар кўрмай қўйганимга анча бўлди дейман аямга. Ухласанг кўрасанда дейди. Рост, тузук ухламайман. Мен бутун тушларимни уйғоқликда кўраман.
Буни инглизчада daydream дейишади. Ушбу сўзнинг бошқа маънолари ҳам бор-ку, лекин таржимонлик қилавериш чарчатди.
Ўтган сафар хонадошларим билан “Ностальгия” ни кўрдик. Бечоралар тил билишмасди. Дубляж италянча, остёзув инглизча эди. Мен кўриб, диалогларни оғзаки таржима қилиб беравераман, улар эшитаверишади. Баъзан таржимага ўзимдан қўшиб ҳам юбораман. Масалан, Аёл Арсений Тарковскийнинг шеърини ўқиётганда… Тўғрисиям-да, у шеър ўқиди, мен тушунмай қолдим ва… Ўзимдан қўшиб шундай импровизация қилдим:
Хаёл сиртмоғида ўзин ўлдирган
Кунлар кечар бунда
Сокин ва тинмай.
Фақат, хотиротнинг нафис оғриғин
қаҳвадек симирар кимдир эринмай…
Шу пайт Эркак кайфиятни бузади:
– Сен Тарковскийни италянчада ўқияпсан, лекин шеър таржима қилинмайди.
Шуям ишми дегин. Мен энди шеър кайфиятига кираётгандим. Майли, ҳархолда шеърни ўзим тўқидим-ку.
Оғзаки таржимада эркак бўлиб маст ҳолимда қизчага Рахманинов ҳақида гапириб бердим, аёл бўлиб зинага югуриб чиқишга уриндиму баланд пошнада йиқилиб кулиб юбордим.
Хонадошим мендан қаҳрамонларнинг арзимас шивирларигача таржима қилиб беришимни сўрарди…
У билан яна бошқа ўнлаб фильмлар кўрдик: Киесловскийнинг “Уч ранг” трилогиясида Жулъет, “Исо таваллоси” да Исо, Иуда, Понтий Пилат, “Ўн икки йил қулликда” Соломон, “Китоб ўқиб берувчи” да Болакай бўлдим. Мен жинс, ёш, ирқ танламасдим. Ахир, таржимон эдим. Суҳбатлар таржимони… Сен ҳеч фильм кўра туриб бировга таржима қилиб берганмисан? Бу актёрлик эмас. Актёр нари борса иккита одамни жонлантиради. Энг қийини барибир “Носталгия” эди, чунки Эркак шоир, Аёл эса Таржимон. Бу иккисини, менинг икки оламимни бирдек чиқариш жаҳаннамнинг ўзи. Дунёда ўзинг бўлишдан оғирроқ иш йўқ.
Шу оғирликни соғинасан. Соғинасану, ўзинг бўлишга бир қадам қолганида ортга тисланасан. Руҳингдаги қадим соғинчлар кутилмаганда гуллаб юборади. Ва, бу гулларнинг мева тугишини истамайсан. Қолсин дейсан. Бояги сатр шеърга қўшилмай якка қолганидек.

***

Бир ёзувчининг ҳаётини ўргана туриб, унинг ўз жонига қасд қилганини ўқиб қолдим. Сабаб – унутилишдан қўрқиш. Қизиғ-а? Уринма, ёзувчи унча машҳурмас. У машҳурликка эришолмадим деб ҳам бу гуноҳга қўл урмаган. У ҳар лаҳза узоқларда кимдир мени унутяпти деб васвасага тушаверган, тушаверган. Охири ўлиб қолган. Унинг қисқагина ҳикояси шу.
Мен эса аксинча истайман. Ҳеч ким менга тегишмаса. Жимгина ўзимга кўмилсам. Яна мени бу гапларимдан дарвеш экан деб ўйлама. Мен таржимонман ва таржимонлар ўз жонларининг қадрини билишади. Зотан, буюк асарларнинг жуда озчилиги кулбаларда таржима қилинган. Ҳеч йўқ ўзим истаган қаҳва бўлсин кафтим остида. Бошқа ҳеч ким.
Таржимадан тўхтаган вақтим кимдир келиб кино кўрайлик деса, майли. Мазохистдек кўриняпман-а? Ҳа, ўз хотираларидан кечишни истамаган, камига Ўзбекистонда туриб бадиий таржимон бўламан деган одам қарийб мазоҳистдек гап. Ўзни қийнаб роҳат оласан. Ўгирганларингни халқ тугул манаман деган қаламкаши ҳам узлуксиз ўқимаслигини биласан-да.
Совудим. Ҳамма нарса, ҳар ким, ҳатто ўзимдан ҳам. Кўзгуларни кўришга кўзим йўқ. Дунёдаги бутун кўзгулар мен очгану калитини йўқотиб қўйган эшикларга ўхшайди. Бу эшиклар баъзан мени бўшлиққа олиб кириб кетади. Дарвоқе, кино кўраётган ёки китоб ўқиётганимда ҳам, ҳатто таржима қилаётган пайтим ноутбукнинг монитори ҳам ўша бўшлиқ эшигига айланиши мумкин. Клавиатуралар пианино клавишларига айланади. Бўшлиқда бўшлиққа қараб, Бўшлиқ симфониясини чалиб, айланиб-қалқиниб юраверасан.

***

Мен эртага тонг отмасачи деб эмас, хотираларим тугаб қолсачи деб қўрқаман. Қўрқаман, Худо ҳаққи, қўрқаман. Қўрққанимдан кўрпанинг ичига чуқурроқ шўнғийману қулоғимга қулоқчинни тақиб қунушиб оламан:
Orlinski “Vedro con mio diletto”;
Lil Peep “Crybaby”.
Идораларга кирганимда, биров билан соҳам бўйича суҳбатлашаётганимда кўп асабийлашганим боис бундай жой ва одамлардан қочишга уринаман.
Улар менга хотира бермайди. Яшасанг кўравераркансан дейишади. Ҳа, кўрасану унутасан. Буюмлар ҳам унутилишдан қўрқармикан?

Чиноздаман. Хонамга қамалиб “Ностальгия” кўряпман. Ҳовлининг пастида Чирчиқ шовуллайди. Бобомни кўмиб келганимизга бир ойдан ошди. Нариги хонада синглим “Уста ва Маргарита” ўқияпти. Баъзан эшигимнинг ёнига келиб бироз турадию яна хонасига кириб кетади. Сезаман, тушунмаган жойларини сўрамоқчи: Пилат қаердан пайдо бўлиб қолди? Нима бўляпти ўзи? Маргарита дегани қани?
Чунки бундай ҳолатлар менда ҳам бўлган. Айниқса, Фолкнерни ўқиётган пайт:
Асар бошидаги қария плантатор асар охиридаги болакайга айланиб қолдими шунда? Қора танли қул қаерга йўқолди? У бормиди ўзи ё мен уни ўзим ўйлаб топдимми? Балки плантация хўжайини ўша қулнинг ўзидир?
Лекин, менинг сўраб боргич эшигим бўлмаган.
Синглим кириб ҳам барака топмаслигини билади. Боиси, унинг кириши менда ҳеч қандай хотира қолдирмайди. Унинг шу, китоб ўқиб ўтиришининг ўзи хотира. Ҳар лаҳзаси онгимда полароиддек муҳрланяпти. Кун келиб, бу полароидлар ҳам галерея деворларидан пастга сизиб тушади.

***

Исмингни унутдим. Ер юзидаги бутун исмларни унутдим. Фақат бобом қўйган, бугун елкамга юк ташлаб турган ўз исмимгина қаршимда турибди. Унинг соясида хотиралардан маст бўлиб тебранаман. Тиз чўкиб, исмимнинг этагини очаман:
Бир гала қуш учиб чиқади.
Қушларку ўлади, бироқ мен парвозни эслаб қоламан. Фурўғ айтганидек…
Мен пайғамбарлар, қироллар, роҳибалар, фоҳишаларни унутаман. Уларнинг носталгияси менга завқ бермайди.
“Одиссея” ни ўқигансан-а? Унда Одиссей Худолар заминида, мен исмини унутган маъбуданинг қасрида анча йил яшайди ва бир кун уйига қайтиш истагини баён қилади. Шунда маъбуда буни истамасада, бориб Зевсдан унга руҳсат беришини, Посейдоннинг кетгани ва ҳозир уни жўнатиб юборишнинг айни вақтилигини айтади. Зевсдан руҳсат олгач, Одиссей билан таҳминан шундай суҳбат қуради:
– Мен билан қолсанг, худди биз каби мангу ҳаётга ноил бўласан. Умрбод роҳат-фароғатда яшайсан. Уйинга қайтганингда эса оддий одамдек кундан кунга қариб бораверасан.
– Фарқи йўқ. Мен қайтмоқчиман.
Одиссей уйга қайтиш учун муқаррар, бироқ табиий ўлимни танлади. Зотан, у севгилиси Пенелопанинг ўтган йигирма йил ичида қариганини билмасмиди? Биларди, бироқ барибир қайтишни – ўлимни танлади.
У уйига қария қиёфасида қайтади ва уни Пенелопа таниб қолади. Малика уни ётоққа таклиф қилганида ҳайратини яширолмаган Одиссей хотинига шундай дейди:
– Эй аёл, бизнинг ётоғимизни ким бошқа жойга кўчирди?
Ётоқни Одиссейнинг ўзи зайтун дарахтидан ўйиб ясаган, у бир жойда тураверганидан ерга илдиз отганди. Одамлар ётоқни эмпедокл деб аташарди. Эмпедоклнинг луғавий маъноси ерга кирган, ерга боғлиқ дегани. Бу фақат жисман эмас, балки руҳан боғлиқликни ҳам билдиради.
Айни шу саволдан сўнг Пенелопанинг ишончи комиллашади. Ҳа, шу савол носталгиянинг асл қиёфасидир. Уйга қайтиш – ўлимга қайтиш. Заминнинг ўзгариши – аччиқ ҳайрат нишонаси. Буларнинг иккови ҳам аслида чинакам ностальгия.
Фильмдаги Шоир Италияга нима учун борганининг сабабини айтиб ўтирмайман…
Соғинч бу келсайди демоқ аслида. Қўмсаш эса қанийди боролсам деганидир. Носталгия – ё у келади ё мен бораман… Орадаги масофалар моддий эмас, руҳий бўлганидан сўнг, албатта боролмайсан ва бу оғриқ, бу изтироб сенга хотиралар тўлқинини туҳфа қилади. Бувим ўлгач, аммам бувимнинг рўмолини ҳидлаб йиғлаши, дод дейиши носталгия эди… Ҳа, биз одамларни бизнинг хотираларимизни безагани, бизга энг дилбар кечмиш туҳфа қилганликлари учунгина севамиз. Бу севги баъзан Тарковскийдек даҳоларни дунёга келтиради.

***

Биласан, ёлғиз яшайвериб ичим тўлиб қолган. Ахир, бу орада бир ёз кечди. Биронта хотирасиз, севгисиз ўтказдик… Мен ҳеч кимни севолмадим, севолмаганман. Фақат севилардим, бироқ бу йилги ёз севилишларсиз ўтди. Ўзимни шу қадар, ҳа, ҳалиги таржимон аёл қадар хўрлангандек ҳис қиляпман. Руҳимнинг туб-тубларида эса баъзан… Ҳалиги димоғдор шоир Тарковский шевасида шеър ўқиб қолади:
Хаёл сиртмоғида ўзин ўлдирган
Кунлар кечар бунда
Сокин ва тинмай.
Фақат, хотиротнинг нафис оғриғин
қаҳвадек симирар кимдир эринмай…

29.08.2020

Мирзоҳид Музаффар

1 izoh

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting