Лойиҳамизнинг галдаги иштирокчилари ёш ёзувчи Байрам Али ҳамда ёш адиба Манзура Абдуллаева бўлди. Марҳамат, Пруст анкетасидаги саволларга берилган жавобларни ўқишингиз мумкин.
Анкета саволлари:
1. Сизни энг кўп нима хафа қилади?
Байрам Али: Хиёнат. Ўзимга нисбатан бўладими, бошқа бир инсон ёки бошқа бирор нарсага нисбатан бўладими, фарқи йўқ. Умуман, мен хиёнатга гувоҳ бўлганимда жуда хафа бўламан.
Манзура: Одамларни бахт қидириши. Ахир уни излаш шарт эмас.
2. Қаерда яшашни истардингиз?
Байрам Али: Тошкентда. У ерда соғлиғимни тиклашим, нашриёт ва адабий нашрлар билан боғланишим учун кўпроқ имкониятлар бор деб ўйлайман.
Манзура: Намангонда, Тўрақўрғонда, яъни туғилиб ўсиб яшаётган мана шу жойимда.
3. Ҳаётингиздаги энг бахтли лаҳзани айта оласизми?
Байрам Али: Ота бўлган куним!
Манзура: «Хонзодабегим»ни ёзаётган лаҳзам (боиси у вақтлар орзумдаги Манзура Абдуллаевани намоён этмоқ бахтини туярдим ва кейинроқ фарзандим Хонзодабегим туғилганда, менимча қолган бахтиёрлик лаҳзаларим шу иккисига етмаса керак.
4. Қандай хатоларни иккиланмай кечириб юбора оласиз?
Байрам Али: Аслида мен деярли ҳар қандай хатони ҳам кечира оламан. Фақат аввалига сал асабийлашаман, отга ўхшаб бироз депсинаман, дегандай… Совушим учун эса кўп эмас, атиги ярим соат, узоғи бир соатча вақт керак бўлади, холос. Лекин агар сиз ҳозир қандай хатони кечира оласиз, демасдан қандай хатони кечира олмайсиз, деб сўраганингизда, балки мен кечириб бўлмайдиган хатоларни кечира олмайман, деб жавоб берган бўлардим.
Манзура: Яқин инсонларимни қалбига озор, ҳаёти, соғлигига зиён-заҳмат етказмаган хатоларни кечира олсам керак, хатто ўзимга нисбатан содир этилганларини ҳам…
5. Сиз яхши кўрган аёл персонаж.
Байрам Али: Сония.
Манзура: «Хонзодабегим» қиссамдаги Хонзодабегим.
6. Сиз яхши кўрган эркак персонаж.
Байрам Али: Расколников.
Манзура: Тоғай Муроднинг «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасидаги Бўри полвон.
7. Тарихдаги сиз яхши кўрган қаҳрамонларни айта оласизми?
Байрам Али: Наполеон. Жасур, ақлли, кулгили бўлганлиги учун. Алишер Навоий. Истеъдодли, эътиқодли, инсонпарвар бўлганлиги учун.
Манзура: Муҳаммад (с.а.в), Увайс Қараний, Шамс Табризий, Машраб.
8. Реал ҳаётда сиз энг ҳурмат қилган аёл.
Байрам Али: Опам.
Манзура: Раҳматли биринчи онамнинг оналари — бувижоним сўнгра дунёдаги жамийки она мақомига эришган аёллар.
9. Сиз ижодини севган рассом ким?
Байрам Али: Ҳамма таниган рассомларни мен ҳам танийман, уларнинг ижодини мен ҳам қадрлайман. Лекин рости, бирортасининг ижодини севаман дея олмайман.
Манзура: Поль Гоген.
10. Сиз ижодини севган мусиқачи ё бастакор ким?
Байрам Али: Шопен, албатта.
Манзура: Бетховен
11. Бир эркак сизнингча қандай бўлиши керак?
Байрам Али: Ростгўй, ҳалол, самимий, меҳнатсевар ва ғурурли.
Манзура: Ориятли, виждонли, жасур.
12. Бир аёл сизнингча қандай бўлиши керак?
Байрам Али: Биринчи навбатда ғурурли, сир сақлай олувчи ва албатта камтарин.
Манзура: Қалби гўзал.
13. Сиз энг севган ҳислат.
Байрам Али: Садоқат.
Манзура: Ҳақпарварлик
14. Қайси ишни бажараётганда ўзингизни бахтли ҳис қиласиз?
Байрам Али: Уйдаги қушларимга дон бераётганда, жониворлар билан ўйнаганимда. Бир неча кун уйда бўлмаган кунларим ҳовлида кўриниш берсам, мени кўрган тўтиларим дунёни бошига кўтариб шовқин солади. Ана ўшанда айниқса ўзимни жуда бахтли ҳис этаман!
Манзура: Фарзандим жилмайганда, ўз тилида гапираётганда, бағримга босганда, эркалаётганда умуман у билан биргаликдаги бари лаҳзаларим.
15. Айни дам кимнинг ўрнида бўлиб қолишни истардингиз?
Байрам Али: Соғлиқни сақлаш вазирининг ўрнида… Ҳазил эмас, жиддий гапиряпман.
Манзура: Ўзимни.
16. Дўстларингизда қандай ҳислат ва фазилатлар бўлишини хоҳлардингиз?
Байрам Али: Биродарлик, ҳалоллик, самимийлик… Ва уларнинг жониворларни яхши кўришларини ҳам истаган бўлардим.
Манзура: Кўнгли поклик
17. Энг катта нуқсонингизни айта оласизми?
Байрам Али: Жаҳлим жуда тез чиқади.
Манзура: Беҳад ишонувчанлик.
18. Яхши кўрган рангингиз қайси?
Байрам Али: Сиёҳранг.
Манзура: Сиёҳранг
19. Сиз севган гул тури.
Байрам Али: Ёввойи гулларни кўпроқ яхши кўраман. Одатий гуллардан – Атиргулни.
Манзура: Лолақизғалдоқ
20. Сиз севган қуш тури.
Байрам Али: Опам болалигимда сассиқпопушакни сеҳрли қуш деб айтганди. Ўша пайтлари узун тумшуқли, тождор бу ола-чипор қушни мен гоҳ том устида, гоҳ бирор тепаликда кўриб қолар, назаримда у атайлаб мени кузатиб юргандай бўлаверарди. Ҳар замонда ва доим ёлғиз учратганим учун, унинг сеҳрли қуш эканига, агар дўстлашиб олсам, кўнглимдаги ҳамма тилакларимни бажара олишига қаттиқ ишонардим… Сассиқпопушакларни яқин ўртада кўрмадим. Аммо унинг сеҳрли қуш эканига ҳали ҳам ишонгим келади ва у мен учун дунёдаги энг ажойиб қуш.
Манзура: Турна
21. Қайси ёзувчининг ижодини яхши кўриб ўқийсиз?
Байрам Али: Ўзбек адабиётидан Луқмон Бўрихон, Темирпўлат Тиллаев, Назар Эшонқул. Жаҳон адабиётидан Достоевский, Маркес, Хулио Кортасар, Акутагава…
Манзура: Тоғай Мурод, Мурод Муҳаммад Дўст.
22. Қайси шоирнинг ижодини яхши кўриб ўқийсиз?
Байрам Али: Абулла Орипов, Усмон Азим, Хосият Рустамова, ёшлардан Шаҳриёр Шавкат.
Манзура: Усмон Азимни.
23. Ўзингизда бўлиб қолишини орзу қилган ғайритабиий истеъдод тури борми?
Байрам Али: Бор, табиблик.
Манзура: Рассомлик.
24. Қандай ўлишни истаган бўлардингиз?
Байрам Али: Тинчгина… Олдимда эса албатта аёлим бўлишини истардим. Чунки кутилмаганда менга нимадир керак бўлиб қолиши мумкин, эҳтимол унга тайинлайдиган бирор гаплар чиқиб қолар.
Манзура: Руҳан покланиб, Ҳақни ёд этиб.
25. Ҳаётдаги шиорингиз.
Байрам Али: Шиорларсиз яшаш.
Манзура: Ҳеч қачон тушкунликка тушмаслик керак.
26. Айни ҳозир руҳий ҳолатингиз қандай?
Байрам Али: Толиққанман. Чунки янги қисса қоралаяпман. Ёзиш мен учун доимо жуда оғир бўлган.
Манзура: Сирли кўприкдан кўзларим боғлиқ ўтиб бораётгандек.