ДРАБЛЛАР

0
387
ko'rishlar soni

ГОНОРАР

Унга газетадан қўнғироқ қилишди.

-Ҳикоянгиз учун гонорар чиқди. Лекин, уни олиш учун паспорт ва СТИР нусхаси, пластик карта рақами керак бўлади.

У паспортидан нусха кўчирди, солиқ инспекциясига бориб тўрт соат кутиб СТИР рақами олди, банкка бориб, пул тўлаб номига пластик карта расмийлаштирди. Кейин буларни  газета электрон почтасига  юборди. Эртасига пластик картасига гонорар тушди. Ўттиз минг сўм.

ИМОМ

-Қўшниси оч туриб, ўзи тўқ бўлган мусулмон асло мўмин эмас,- деди имом масжидга йиғилган одамларга қарата.

Пешин намози ўқилиб бўлингач эса, ҳайдовчисини юборган корчалоннинг машинасига ўтириб, у ташкил қилган издиҳомга йўл олди.

ДЕПУТАТ

Мажлисда қандай кўзи кетиб қолганини ўзи ҳам билмай қолди. Бир лаҳзада туш кўришга-да улгурди. Тушида ўзи сайланган ҳудуддаги одамларни, айниқса сигирини етаклаб юрадиган Сора холани кўрди. У қошларини чимириб, унга қарата “ Ҳа, яшшамагур” деб дағдаға қилди.

-Қачон асфальт ётқизасан йўлимизга. Сайловдан олдин берган ваъдангни устидан чиқасанми?- деди кейин қўлларини пахса қилиб.

Шунда қўққис унинг кўзлари очилиб кетди. Кўрганлари шунчаки туш эканлигини ҳис қилгач, ирим қилиб, кўйлагининг ичига туфлаб қўйди. Атрофидагилари қўлларини кўтариб, ниманидир маъқуллашаётганини кўргач эса шоша-пиша у ҳам қўлларини баланд кўтарди.

ЭРКАК

Сарвар гурунгни роса қизитди. Ўзининг гапга чечанлиги билан ҳаммани оғзига қаратди, давра етакчилигини бировга бермади.

-Ҳарбий хизматга бормаган эркак-эркак эмас,- деди оғзини кўпиртириб.- Мен ҳарбий хизматга борганман. У ерда чинакам эркак бўлиб шаклланади одам.

Гурунгдан сўнг, уйига кечаси бир аҳволда келди. Ётишдан олдин хотинига ўсмоқчилаб қаради.

-Иш жойингдан аванс олдингми? Адашмасам сана ўн бешинчи бугун.

-Олдим,- деди хотини жой солаётиб хўрсинганча.- Эрталаб қўлингизга бераман.

НАСИБАНИНГ ИДЕАЛИ

Насиба дугонасининг туғилган кунида қизлар билан ўзининг идеалидаги эркак қандай бўлишини ўртоқлашди.

-Идеалимдаги эркак хипчабел, замонавий кийинадиган, кўркам, соқол қўйган, турк актёрларига ўхшаган ёқимтой, боулинг ва бильярд ўйнашни биладиган, саёҳатларни ёқтирадиган бўлиши лозим. 

-Қалби-чи?- деди шунда кимдир.- Қалби ҳақида ҳам бирор нарса дейсанми?  

ЁЗУВЧИ

Жалолиддин Мангуберди ҳақида кўпчилик ҳикоя, сценарий ва роман ёзаётганини эшитиб, у ҳам қўлига қалам олиб, барча ишини йиғиштириб қўйди-да, ўтириб роман ёзишга тушди.

-Роман ажойиб чиқяпти,- деди у қўққис қўнғироқ қилиб қолган танишига.- Жалолиддин Мангуберди ҳақида.

-Уруш ҳақида бошлаган романинг-чи?- деди шунда таниши ҳайрон бўлиб. — У нима бўлади?

Ёзувчи бошини қашлаб, нима дейишини билмай, бир оз каловланиб турди.

-Тўққизинчи майгача салкам бир йил бор,- деди  ниҳоят.- Ўшанда ёзаман.

ШОИР БУВА

Бу истеъдодли шоир менинг ўз фарзандимдек,- деди шоир бува адабий тадбирда бўйи паст, нимжонгина, қорачадан келган болани елкасига қоқиб қўйиб ва бошини меҳр билан силаб.- Жигаргўшамни адабиётимизнинг келажаги деб ҳисоблайман. Бу йигит ўттиз ёшгача бўлган шоирларнинг энг зўри. Зеро, унда оташин қалб, оловли нафас, шеърни ҳис қилиш қобилияти бор. Оқ йўл сенга, эй Алпомишнинг авлоди!

Бир неча кундан сўнг эса уюшма томонидан ўша йигитга берилаётган имтиёзли уйни адабиётга умуман алоқаси бўлмаган набираси учун у тортиб олди.

РЕЖИССЁР

-Бас қилинг,- деди у репетиция жараёнини тўхтатиб асабий равишда.- Малика, сиз қаҳрамонингизни ички дунёсини очиб бера олмаяпсиз. Унинг соф қалбини сизда кўрмаяпман. Офелия асрлар давомида ўз қисмати билан минглаб одамларни йиғлатган, қалби гўзаллиги билан ҳайратда қолдирган, покиза бир ҳилқат эканлигини унутманг. Уни сизнинг ижронгизда кўрмаяпман, ҳечам кўрмаяпман. Менга қалб гўзаллигини кўрсатинг, тамом вассалом.

У шундай деб стол устига бир мушт тушириб қўйди. Репетиция давом этди. Шу пайт унинг қўл телефони жиринглади. Рақамни кўриб, юзига табассум югурди.

-Азизам, кафеда ўтириб тур,- деди телефонни қулоғига олиб келгач, секин пичирлаб.- Репетиция ярим соатда тугайди. Кейин олдингга учиб бораман. Бирга тушлик қиламиз-у, доимгидек ўша квартирага борамиз. 

ҚАҲРАМОНЛАР ЗАМОНИ

-Сиз асарларингизда замон қаҳрамонларини гавдалантиришга ҳаракат қилинг,- деди журнал бош муҳаррири олдига ҳикоялари қўлёзмасини олиб кирган ёш ёзувчига.- Спортчилар, темирйўлчилар, тадбиркорлар ва ҳоказоларни. Қўлёзмангиз нуқул йўқсил ва нотавонлар ҳақидаги ҳикоялардан иборат экан.

Ёзувчи йигит бу гапга жавобан мийиғида кулиб қўйди. Хонадан чиқиб кетаётиб эса унга ўгирилди-да,  кинояли нигоҳ ташлади.

-Замонамиз фақат қаҳрамонлардан иборат деб ўйлайсизми?

ҒАРБ БАЛОСИ

Равшан Икромович талабаларидан бири Мопассанни ўқиётгани ҳақида эшитиб, уни ўз олдига чақирди.

-Ундан кўра Ўткир Хошимов ва Тоғай Муродни ўқисанг бўлмайдими?- деди унга норози бир алфозда.- Ўзбек тили ва адабиёти талабасисан, ахир! Миллий колорит устун бўлган асарларни ўқигин-да.

Талаба йигит  Мопассанга қизиқиб қолганини, унинг асарларидаги реалистик руҳдан ҳайратда эканлигини яшириб ўтирмади.

-Менга қара,- деди  шунда у тутоқиб.- Мопассан қандай ўлганини биласанми? Сифилисдан ўлган, сифилисдан. У Ғарб балоси бўлган.

2020 йил, август. Марғилон

Шерзод Ортиқов

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting