АННА БИЛАН БИР ФИНЖОН ҚАҲВА

1
648
ko'rishlar soni

ЭССЕ

Гоҳида тушларимга Толстойнинг қаҳрамони Анна Каренина киради. Рус актрисаси Елизавета Боярская қиёфасида. Бундай бўлиши табиий, чунки ўша актриса бош ролни ижро этган Анна ҳақидаги кинофильмни кўп томоша қилганман. Шунга қарамай, тушларимда бу кинофильмдаги кадрлардан бирортасини кўрмайман. Шунчаки оддий, кўримсиз бир бекатнинг қаҳвахонасида, ташқарида қор гупиллаб ёғаётган пайти, Аннани дераза ёнидаги столда ташқарини кузатиб ўтиргани кўз олдимда гавдаланади. Баъзида аниқ-тиниқ, баъзида хира ҳолда. Лекин доим битта жойда, яъни ўша тасаввурим маҳсули бўлган бекат қаҳвахонасида.

Бекат қаҳвахоналари одатда йигирма-ўттиз чоғлик одам сиғимидаги, шинамликдан асар ҳам йўқ, ёруғлиги суст бўлиб, шундай кўринишда бўлган ҳар доим. Қайси замон ёки маконда бўлишидан қатъий назар. Тушимдаги бекат қаҳвахонаси эса аксинча, ўн тўққизинчи асрдаги баллар ўтказиладиган, шифтга ўрнатилган биллур қандиллардаги сон-саноқсиз шамлар ёрдамида ёритиладиган, кенг ва муҳташам залларга ўхшаб кетади. Боз устига атрофдаги думалоқ столларда киборларнинг виқорли ва мамнун чеҳраси кўриниш бериб, бекат қаҳвахонаси номига тамомила зид бўлган бу маскан тушимда бошимни роса қотириб, алалхусус гангитади. Қаҳвахонадаманми ё залдами, деб иккиланишим етаклаб келган ўйларим сарҳад билмайди.

Стол устига ёзилиб, дид билан ясатилган дастурхонларга гап йўқ. Уларда балиқ икрасидан тортиб дудланган чўчқа гўштигача, олий нав узумлардан тайёрланган шароблардан тортиб рюмкада ёғду таратаётган ликёрларгача, Венеция шоколадларидан тортиб шарқона бисквитларгача мўл-кўл ва муҳайё, атрофдаги киборлар бир-бирлари билан назокатли тарзда, ўз она тилларидан ирганган ҳолда француз тилида суҳбатлашиб, вақтни ўлдиришади.

Остона ҳатлаб, ичкарилашим билан ҳеч ким мени пайқамайди. Негадир доим шундай бўлади. Тушимда бўлаётгани учун шундай деб ўйлайман (ўнгимда бўлганида ҳаммаси бақрайиб қарашарди). Шундоқ  ёнимдан патнис кўтарган икки-учта официант йигитлар ҳам индамай ўтиб кетишади. Мен бир хўрсиниб қўйиб, тўғри Анна ўтирган стол томон юраман. Нозу-неъматга тўла столларга суқланиб қараб, уларда ўтирган киборларни оралаб. Шундай пайтда Уэлсснинг вақт машинаси бўлса-ю, бу худонинг анқо ва ўзига бино қўйган бандаларни турган ерида қотириб, юз-кўзига тарсаки тортиб юборсам, зўр бўларди-да деб хаёлдан ўтказаман ва болаларча бу хаёлимга тушимда ҳам  жилмайиб қўяман.

Анна дераза олдидаги столда бир ўзи ўтиради. Стол усти бир финжон қаҳвани ҳисобга олмаса деярли бўм-бўш, ҳеч қандай дастурхон-пастурхон  ёзилмаган. У бунга эътибор қилмайди, атрофидаги одамларга ҳам. Паришон, маъюс ва ўйчан ҳолда, шляпасини бир томонга сал энгаштириб, деразадан ташқаридаги тиним билмай ёғаётган қорнинг оппоқ манзарасига тикилиб, хаёл сурганча бир текисда нафас олади. Нозиккина чап қўлини жағига тираб, ўнг қўли билан бўйнига қадар ёпилган қора кўйлагининг енгини узун бармоқлари билан  эрмак қилганча чимчилаб-чимчилаб қўяди. Қаҳвага ҳали қўл теккизилмаган, ундан тинмай чиқаётган ҳовур финжон устида тобора кўринмай боради.

Перрондаги одамлар шошганча у ёқдан бу ёққа ўтишаркан, Анна улардан кўзини узмас, йўқсиллар, тиланчилик қилиб ёки газета сотиб юрган болакайлар, бош кийимини қошигача тушириб, гандираклаб кетаётган пиёнисталар, итини етаклаб олган рамақижон кампирлар, ҳуштагини тинмай чалиб юрган семиз ва бадқовоқ милиционерлар унинг назаридан четда қолмас, атрофида гурунглашиб ўтирган -ўзи мансуб бўлган оқсуяклар давраси вакиллари аксинча, диққатини ҳечам тортишмасди.

-Ташқарида қор,- дейди гўё рўпарасида мени пайқаган одамдек бир маҳал.- Бунча оппоқ бўлмаса.

Ростдан мени пайқадимикин деб унинг қаршисидаги стулга чўкаман. Аммо, у мени пайқамайди, пайқади деб қилган фаразим саробга айланади. У шунчаки мен турган ерга қараб гапирган бўлади, холос.

-Каренинлар уйи остин-устун бўлиб кетди,- давом этади пича ўтиб кесатиб кулганча.-Худди Облонскийлар уйидек. У ерда энди ҳеч ким ва ҳеч нима йўқ. На муҳаббат, на ҳурмат, на одам. Каренин деган ҳайкалдан бўлак, албатта. Бу ерда ҳам шундай. Бир финжон қаҳвадан бўлак ҳеч ким ва ҳеч нима йўқ. Кўрқоқ ва маъсулиятсиз Вронский узоқда, на у ерда ва на бу ерда.

Уни хахолаб, кўзлари ёшланиб кетар даражада кулаётганини кўриб,  “Анна” дейман ачиниб ва овозимни борича. Бироқ, овозим қурғур чиқмайди. Томоғимни қириб, йўталиб-йўталиб, уни созлагандек бўлиб, яна унинг исмини айтиб чақираман. Унга бирорта сўз айтгим келади. Таскин бергимми ё шунчаки бирор гапми, ишқилиб нимадир дейишга интиламан. Овозим яна чиқмайди. Пешонамни тириштириб турганимда перрон бағрида бир пайтнинг ўзида ҳам поезд, ҳам кучук овози эшитилади. Бири гулдурайди, иккинчиси ғингшиб акиллайди. Бу икки овозни эшитиб, Анна кулишдан тўхтайди-да, бир сесканиб тушади. Мен ҳам унга қараб, юз ифодаси бирдан ўзгарганини кўриб, ногоҳ сесканаман. Назорат қилиб бўлмас хавотир ичимни тирнашни бошлайди.

-Қор одамлардан тоза ва мусаффороқ,- дейди у ўзгарган юз ифодасини яширмай.-Лекин ерга тушгач, уни ҳам улардан қилчалик фарқи қолмайди.

 У ўрнидан турганида баттар хавотирга тушаман. Қўлидан тутмоқчи бўламан. Афсуски унга қўлим етмайди. Нега доим тушда шунақа бўлади- а? На овозинг чиқади, на қўлинг бирор нарсага етади, на оёқларинг ўзингга бўйсунади. Унинг ортидан эргашишга шайланаман. Жойимдан жилмайман дастлаб. Оёқларим ўзимга бўйсунмай тураверади. Кейин ит азобида иродамни ишга соламан. Бир оз ўтиб, ҳайрият улар қимирлайди. Анна билан орқама-олди ташқарига йўл оламан. Киборлар аччиқ киноя, масхараомуз қилиқлар ва пичинг гаплар билан уни ташқарига қадар кузатиб қўйишади. Атрофдаги столларни тўлдириб, бефарқ ва лоқайд ўтириб, Анна улар сафини тарк этаётганида кетидан тош отган ёки мағзава ағдарган бу киборлардан нафратлансам-да, ўзимни қўлга олиб, унга раҳм қилишларини, чинакам инсоний ҳамдардлик билдиришларини, уни дилига туккан шум ниятидан қайтаришларини жон ҳолатда сўрагим келади. Овозим чиқмагани учун ҳириллаб ва имо-ишоралар қилиб, уларга буни тушунтиргандек бўламан. Бахтга қарши бирортаси мени тушунмайди. Чунки кўришмайди. Бояги официантлар ҳам.

Ташқарига чиққач,  Аннанинг изидан қолмайман. Перронда у шошилмай, пўстинига маҳкам ўраниб,  худди сайр қилиб юргандек секин одимлайди. Шундагина унинг қўлидаги финжонни кўзларим илғайди. Уни ўзи билан олиб чиққан бўлади. Финжон ичидаги қаҳва совуб улгурган, ҳовури тепага кўтарилмас, бу туришда сал ўтиб муз қотиши аниққа ўхшайди. Кафтига уни қаттиқ сиққанча секин юришда давом этади. Перронда ҳам одамларни олдиларига бориб, имо- ишоралар билан(ҳа,  худди шундай), соқов каби йўл тутганча Аннага уларнинг эътиборини тортмоқчи, ҳайрихохлик уйғотмоқчи, уни жар ёқасидан қайтаришларига эришмоқчи бўламан. Итини етаклаб кетаётган кампир, ҳуштак чалаётган милиционер ва газета сотаётган болакайнинг рўпарасидан чиқиб, уларга бетиним равишда қўлларимни қимирлатиб Анна кетаётган томонни кўрсатаман.

Бекатни бошимга кўтариб,  “ҳозир у поезд остига ўзини ташлайди” деб бақиргим келади, бақириш учун оғиз жуфтлайман ҳам, негадир ихтиёрим ўзимга бўйсунмайди, лаънати овозим чиқмайди. Бунга чидолмай, тушимни лаънатлайман, “минг лаънат” деб унга қарғишларни қалаштириб ташлайман. Бу вақтда эса Анна тобора перрон бўйлаб бекатнинг шимолий томонига қараб кетиб боради. Унинг лаблари пичирлайди, пичирлаган кўйи қадам ташлайди. Нима деятганини унга яқин боргач англайман.

-Оломонни бунча шод этар,- дейди у ҳар қадам ташлаганида фарёд ургандек.- Бир аёлнинг шармисорлиги!

Ниҳоят унга етиб олганимда, худонинг раҳми келиб овозим чиқади. Бундан хурсанд бўлиб, бисотимдаги барча сўз бойлигимни ишга солганча яратганга шукрона-ю истиғвор айтаман ва Аннага шитоб яқинлашиб, унинг қаршисида  турганча шоша-пиша бақираман.

-Ундай қилма, Анна! Илтимос сендан. Ахир, бу иродасизлик эмасми?! Инсон ҳаёти шахси ҳақидаги у мансуб бўлган жамият ёки давраларнинг хулоса-ю фикрларидан устун туради. Унинг ҳаёти- бу энг азиз нарсаси. Зеро,бу ҳаётга ҳеч ким икки марта ташриф буюрмайди. Ҳали бу дунёга яна ўнлаб, юзлаб, минглаб, балки миллионлаб Анналар келар. Уларни ўйла, ахир улар ҳам куни келиб ишқ ва одамлардан куйишса, то қиёматгача сендек йўл тутмасликларига ким кафолат беради?!

Анна мени эшитмайди. Бир туки ҳам қилт эмай, юришда давом этади. Шу ерда болалигимдан тортиб шу кунгача газета ва журналларда ўқиган, одамлардан эшитган, телевизорда кўрган бир йўналишдаги-  муҳаббат туфайли ўзини беихтиёр арқонга осган, баланд қаватлардан пастга сакраган,  меъёридан ортиқ даражада уйқу дори ичиб жонига қасд қилган, билагидаги томирларини кесган, устидан бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборган юзлаб қиз ва аёллар кўз ўнгимдан ўтишади. Сал ўтиб, улар ва Аннанинг бўлажак қисматдошлари узун оқ ҳарир кўйлакда, сочлари ёзилган ҳолда, қўлларига  катта ҳарфлар билан “суицид” деб ёзилган қоғозни ушлаганча тасаввурим кенгликларида тартиб билан саф тортишади. Уларнинг сон-саноқсиз эканликларини кўриб, “бунча кўп булар” деганча юрагим така-пука бўлади, асабийлашиб тилим танглайига ёпишади. Бу даҳшатдан талмовсираб, Аннани қўлидан тутмоқчи, қўлидан тутиб, ўзимга қаратмоқчи бўламан. Овозим чиққач, энди қўлларим ҳам ҳаракатланар деб тахмин қиламан. Янглиш тахмин. Бундай бўлмайди. Қандай ожизлик! Улар тош қотганча тураверишади. Анна бўлса номаълум ер сари қадам ташлаб кетаверади.

Бир маҳал тўхтайди. Мен томонга қарайди. Тантанали равишда финжонни баланд кўтариб, ичидаги қаҳвани симириб, охиригача ичади. Роҳатлангандек, лаблари тамшаниб қўяди. Чуқур-чуқур нафас олади. Шундан сўнг, финжонни алам билан ерга ташлаб, чил-чил синдиради. Унинг бўлакларини бир муддат берилиб томоша қилиб тургач, бехос ерга энгашиб, уларни бирма-бир йиғиштиради. Бир уюм бўлакни кафтида тутганча, чўк тушади. Уларни поезд рельслари устига сочиб ташлаб, релсьлар четини бармоқлари билан силаб-сийпалаб чиқади. Жилмайиб қилади бу ишни. Ёш боладек қиқир-қиқир кулиб. Ўрнидан тургач, олис ерга тикилиб мулзам қотади. У ердан бир маҳал поезд кўринади. Бекат томон чопиб келаётган поезд. Пишқираб келаётган поезд. Юрагимга шунда тийиқсиз ғулғула дўнади. Унда кучли бесаранжомлик ва қўрқувни ҳис қила бошлайман. Мана поезд юз қадамча нарида. Анна ундан кўзини узмайди.

-Ундай қилма,- дейман унга ялиниб-ёлвориб.- Келажакдаги Анналар қисмати ҳаққи ундай қилма!

У индамайди. Эътироз ҳам билдирмайди, олдинга ҳам интилмайди. Поезд важоҳат билан бекат томон ошиқади. Аннага етгунча эллик қадам қолади. Мен гапиришдан тўхтамайман. Қор гупиллаб ёғишдан.

-Қисматинг оммавий кўриниш олади, ахир!

Бекатга тобора яқинлашаётган поезд Аннага яқин келгач, ростакамига ақлдан озаман. Нима қилишимни билмай турганимда, Анна тўсатдан мен томонга ўгирилади.

-Кечир,- дейди ҳазин табассум қилган кўйи.- Ўзимни атайин сени пайқамаганликка олганим учун.

Шу сўзларни айтиб, у поезд остига шитоб ўзини ташлайди. Ён- атрофга зумда таралган унинг чинқирган товуши ва аламли нидоси билан бирга юзимга қон сачрагандек бўлади. Буёгига барча нарса Толстой тасвирлагандек кўриниш касб этади: поезд аранг, чийиллаб тўхтайди. Лекин, кеч. Унинг ичидан кўзлари ола-кула бўлиб, машинист пастга ирғиб тушади. Кетидан пассажирлар. Бекатдаги ивирсиб юрган одамлар ҳам бу ерга шошишади. Қаердандир милиционер пайдо бўлади. Бир пасда оломон Аннани ўраб олади… Фақат рельслар устида жасади чавақланиб кетган Аннанинг очиқ  кўзларида “ оломонни бунча шод этар, бир аёлнинг шармисорлиги” деган ифода гўё қотиб қолгандек бўлади. Мен унга карахт аҳволда қараб, гўё нафас олмай, ичим ағдарилиб, рангим оқарганча, сукут сақлаб тураман. Лабларим “Анна” деб тинмай пичирлайди. Қулоғим остидан машинистнинг ўзини оқлаб ғўлдирашлари, оломоннинг бошини сарак-сарак қилиб, бепарво минғирлашлари кетмайди. Фурсат ўтиб, бу ғўлдираш ва минғирлашларни кутилмаганда азон чақираётган муазиннинг овози бўлади:

…Аллоҳу акбар!

Аллоҳу акбар!

Ашҳаду алла илаҳа иллалоҳ…

Кўзларимни очганимда ўзимни шинам ётоқхонамда кўраман. Тунги кўйлагим жиққа ҳўл, аъзойи баданим терга пишиб кетган, қўлларим ёстиқни ғижимлаган ҳолда, лабларим титраётган бўлади. Суғур кунини ёдга солувчи ва мавриди келганда тағин такрорланувчи туш шу тариқа ниҳоясига етади.

-Бомдодга муаззин азон чақиряпти,- дейди ҳовлида куймаланиб юрган отам, уйғонганимни сезгандек деразам тагига келиб, уни оҳиста чертаркан.- Таҳорат олгани тур!

2020 йил, август. Фарғона

Шерзод Ортиқов

1 ta izoh

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting